МУДРИК ВА МАСБУҚ
– Имомга аввалги ракатда эргашган (иқтидо қилган) киши нима дейилади?
– «Мудрик» дейилади.
– Имомга аввалги ракатда эргашолмай, сўнгги ракатларда эргашган киши нима дейилади?
– «Масбуқ» дейилади.
– Ракатнинг қайси ерига етиб эргашган бўлса ўша ракат топганга ҳисоб қилинади?
– Рукуъга етиб эргашса, ўша ракат ҳам ҳисобга ўтади.
– Биринчи ракатнинг рукуъсига етиб эргашса, мудрик бўладими ёки масбуқ бўладими?
– Мудрик бўлади.
– Aгар бир киши тўрт ракатли намознинг охиридаги тўртинчи ракатни топса, имомдан кейин неча ракат қазо қилади?
– Уч ракат қазо қилади. Қолган уч ракат намоздан бир ракат ўқиб, қаъдага ўтириб ташаҳҳуд айтиб, ташаҳҳуддан кейин яна қиёмга туриб, икки ракат ўқиб тамом қилади.
– Шу уч ракатнинг қайсиларида Фотиҳа сурасидан сўнг сура қўшилади?
– Ўша уч ракатнинг аввалги икки ракатида зам сура қилади, сўнггидаги бир ракатда зам сура қилмайди.
– Бир киши охирги ракатнинг рукуъсига етишмаса, имомга эргашадими ёки йўқми?
– Aлбатта, имомга эргашади. Хоҳ охирги саждаси бўлсин, хоҳ қаъдасида бўлсин, тезлик билан имомга эргашиб, жамоат савобини топишга ҳаракат қилиши лозим.
– Бундай ҳолда у одам имомдан кейин неча ракат қазо ўқийди?
– Неча ракатли намоз бўлса, шунча ракатни ёлғиз намоз ўқиган кишидек қазо қилиб ўқийди.
– Шом намозига ўхшаш уч ракатли намознинг охирги ракатини топса, имомдан сўнгра неча ракатни қазо қилиб ўқийди?
– Икки ракатни.
– Шу икки ракатнинг аввалги ракатида саждадан кейин қаъда қиладими ёки қиёмга турадими?
– Қаъдага ўтириб ташаҳҳуд ўқиб, кейин қиёмга туради ва охирги ракатни ўқиб, намозни тамом қилади.
– Бир киши икки ракатли намознинг аввалги ракатига улгурмаса, балки имом сажда қилган вақтда етишса, нима қилади?
– Тезлик билан имомга эргашади ва имом қайси амални қилса, у ҳам ўша амални қила бошлайди. Масалан, сажда қилган замонда етишса, тезлик билан сажда қила бошлайди.
– Шу киши мудрик бўладими, масбуқ бўладими?
– Мудрик бўлмайди, масбуқ бўлади.
– Энди у киши қолган бир ракатни нима қилади?
– Имом охирги қаъдага ўтирганда у киши ҳам ўтиради. «Aт-таҳийят»ни ўқиб, аммо саловот ва дуони ўқимасдан сукут сақлаб, имом салом бергунича қараб туради. Имом салом берганидан сўнгра туриб қолган бир ракатни ўқийди.