Тавсия қиламиз

КИТОБ – ИЛМ ВА ҲИКМАТ МАНБАИ

Мақолалар access_time10-март 2017, 17:20

Бугунги кунда кўпчилигимиз мақтаниб: “Ёшларимиз компьютерни яхши билишади,…

Шукр қилиб яшаш

Мақолалар access_time10-май 2018, 19:12

Шукр қилиб яшаш (ҳаётий воқеа) Бир одам дуоси мустажоб улуғ бир зотнинг…

Ҳалол касб

Мақолалар access_time20-сентябр 2017, 13:59

Ислом ақийдасига кўра ризқ ҳалол ва ҳаромга бўлинади, биродарлар. Инсон…

НАМОЗДА УНУТМОҚ 

access_time22-март, 15:20 visibility594

– Бир киши тўрт ракатли намозда аввалги қаъдада ўтирмай, қиёмга тура бошласа, шу орада хато қилганлиги хотирага келса, нима қилади? 
– Aгар тиззаларини тўғрилаб қиём ҳолига яқинлашмаган бўлса, яъни тиззалари букилган ҳолича турган бўлса, қайтиб қаъдага ўтиради. Намоз охирида саждаи саҳв қилиши вожиб бўлмайди. Aгар тиззалари тўғриланиб қиёмга яқинлашган бўлса, қайтиб қаъдага ўтирмайди. Балки қиёмга туриб кетади ва бу ҳолда саждаи саҳв вожиб бўлади. 

– Бир киши охирги қаъдага ўтирмай, қиёмга туриб кетса, ундан сўнг хато қилганлиги хотирасига келса, нима қилади? 
– Хато қилгани хатога йўл қўйган ракатда сажда қилишдан олдин хотирасига келиб қолса, тезлик билан қайтиб қаъдага ўтириб ташаҳҳуд ўқиб, салом бериб, саждаи саҳв қилади. Aгар хато қилинган ракатнинг саждасини қилса, намози фарзликдан чиқиб, нафл ҳисобига ўтади. Хоҳласа, бир ракатига яна бир ракат қўшиб икки ракат қилади, хоҳласа, салом бериб ўша намоздан чиқиб, фарзни бошқатдан ўқийди. 

– Бир киши охирги қаъдани аввалги қаъда, деб гумон қилиб, ташаҳҳуд ўқиб қиёмга туриб кетса, нима қилади? 
– Қолган ракатнинг саждасини қилмасдан хато қилганини билиб қолса, тезлик билан қайтиб қаъдага ўтириб, салом бериб, саждаи саҳв қилиб, намозни тамом қилади. Aгар хато қилган ракатнинг саждасини қилиб қўйса, у вақт аввал бошлаган фарз намози тамом бўлади, хато билан бошлаган бир ракатга яна бир ракат қўшиб, намоз охирида саждаи саҳв қилади.
 
– Хато қилиниб ўқилгандан сўнгги икки ракат қанақа намоз бўлади? 
– Нафл намоз бўлади. 

– Уч ракатли ёки тўрт ракатли намозларда унутиб намоз тамом бўлди, деб икки тарафга салом бериб қўйса, нима бўлади? 
– Салом бергандан сўнг намозни бузадиган бирор иш қилмаган бўлса, тезлик ила қиёмга туриб қолган ракатни ўқиб, намозни тамом қилади, лекин намоз охирида саждаи саҳв қилади. Aммо салом бергандан сўнг намозни бузадиган бирор иш қилиб қўйган бўлса, ўқиган намози нафл бўлади, фарзни бошқатдан ўқимоғи лозим. 

– Бир киши намозда неча ракат ўқиганини унутса, ҳозир неча ракат бўлганини ҳам билмаса, у киши нима қилади? 
– Aгар умрида биринчи унутиши бўлса, ўқиб турган намоздан чиқиб, намозни бошқатдан ўқийди. 

– Намоздан қай тариқа чиқади? 
– Қиёмда бўлса, қиёмда бўлган ҳолича, қаъдада бўлса, қаъдада бўлган ҳолича икки тарафга салом бериб намоздан чиқади. 

– Aгар бир киши кўп намозда шу тариқа неча ракат ўқиганини унутган бўлса ва намози неча ракат бўлганини яна унутса, нима бўлади? 
– Дилида неча ракат ўқигани яқинроқ бўлса, шуни эътиборга олиб, ушбу ҳисоб ила намозни тамом қилади. 

– Дилига ҳеч бир тарафи яқинроқ бўлмаса, балки бир тарафга эҳтимол бўлса, нима қилади? 
– Ўзини оз ракат ўқиган ҳисоб қилиб намозини тамом қилади. Масалан, ўқиб турган ракатнинг биринчи ракатми ёки иккинчи ракатми, деб шубҳага тушса, аввалги ракат ҳисоб қилиб намозини давом эттиради. Иккинчи ракатми ёки учинчи ракатми, деб шубҳага тушса, иккинчи ракат ҳисоб қилиб намозини давом эттиради. Учинчи ракатми ёки тўртинчи ракатми, деб шубҳага тушса, учинчи ракат ҳисоб қилиб намозини давом эттиради. 

– Ушбу тариқа шубҳа қилган намозда охирги ракатга тургунча нима қилмоқ лозим? 
– Ташаҳҳудни ўқиш миқдорича қаъдада ўтириб турмоқ лозимдир. 

– Нима учун бундай қилмоқ лозим? 
– Чунки ўша ракатнинг фақат охирги ракат бўлмоғининг эҳтимоли бор. Aгар воқеан у ракат охирги ракат бўлса, унда қаъдага ўтирмоқ фарздир. Шу фарзни тарк қилмаслик учун у ракатда ҳам қаъдага ўтириб туриш лозим. 

– Шу тариқа ўқилган намознинг охирида саждаи саҳв қилиш лозим бўладими? 
– Лозим бўлади, чунки бунда саломни таъхир қилган эҳтимоли бордир.

"Ибодати исломия"дан.

Mehrob.uz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР