Тавсия қиламиз

20.03.2018 «Сунний маданият маркази» вакиллари кўхна ва қадимий Сурхон воҳасида

Мақолалар access_time21-март 2018, 17:12

20.03.2018 «Сунний маданият маркази» вакиллари кўхна ва қадимий…

АҲЛОҚ ГЎЗАЛЛИГИ

Мақолалар access_time4-октябрь 2018, 15:03

Ҳазрат Мусо (а.с) чўпонлик қилаётганида сурувдан бир қўй қочди. Ҳазрат Мусо…

Фаҳш ишни бутун бошли саҳнага чиқариб...

Мақолалар access_time27-сентябр 2017, 15:24

Фаҳш ишни бутун бошли саҳнага чиқариб, халққа ҳавола қилиб, дискларга кўчириб,…

НАМОЗНИНГ РУКНЛАРИ

access_time13-июнь, 15:22 visibility1373

 

29) Намознинг рукнлари нечта?
Намознинг рукнлари олтита.

1. Такбири таҳрима.
Такбири таҳрима дегани ҳаром қилиш такбири деганидир. Чунки бу такбир ўзидан кейин то намоз тугагунча намоз ўқувчига намозга тегишли бўлмаган ишлар билан машғул бўлишни ҳаром қилади.
Такбири таҳриманинг шартлари:

А) Такбири таҳрима Аллоҳни улуғлашга далолат қиладиган холис зикр билан бўлмоғи. Мисол учун, Аллоҳу акбар деган лафз. Истиғфор ва бисмиллаҳ Аллоҳни улуғлашга далолат қиладиган холис зикр ҳисобланмайди. Шунинг учун у иккиси билан намозга киришиш дуруст бўлмайди. Чунки истиғфор дуодир, бисмиллаҳ дейиш Аллоҳдан ёрдам сўрашдир.

Б) Такбири таҳрима тўлиқ қиём (тик) ҳолда айтилиши. Агар такбири таҳриманинг бирор ҳарфи рукуъ ҳолатида айтилса ҳам, у такбири таҳримага ўтмайди. Унинг намози боғланмайди.

В) Такбири таҳримани ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилиб айтади. Баъзи ҳарфларини эшитмай қолса, зарар қилмайди. Бир киши соқов ёки талаффуз қила олмайдиган даражада касал бўлса, тилини ҳаракатлантиради ёки намозни ният қилиш билан кифояланади.

2. Қиём.
Фарз ва вожиб намозларда қиём (тик туриш)га қодир бўлса, туриб намоз ўқийди. Бир киши бемор бўлса, ўтириб ёки ёнбошлаб намоз ўқийди. Агар намозни туриб ўқиш асносида боши айланиб тик туришга қодир бўлмайдиган даражада боши айланса, намозини ўтирган ҳолда давом эттиради. Агар намозхоннинг бош айланиши кетса-ю, намознинг бир неча ракъати қолган бўлса, у намозини тик турган ҳолда тугатади. Намоз ўқувчи учун суннат ва нафл намозларини узрсиз ҳам ўтирган ҳолда ўқиш жоиз. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, унга тик туриб намоз ўқувчи савобининг ярми берилади. Вожиб намозлари, яъни назр ва витр намозлари бу борада фарз намози кабидир.

3. Қироат.
Фарз намозларининг аввалги икки ракъатида, витр ва нафл намозларининг барча ракъатида Қуръондан қироат қилиш фарз. Фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракъатларида қироат қилиш фарз эмас.
Намозда фарзга кифоя қиладиган қироатнинг энг ози Қуръондан бироз бўлса ҳам ўқиш. Лекин унинг ўзи билан чекланиб Фотиҳа сурасини қироат қилмаслик ёки Фотиҳани қироат қилиб Қуръоннинг бошқа жойидан бироз қироат қилмаслик макруҳи таҳримийдир. Чунки Фотиҳани қироат қилиш ва Қуръондан бир узун ёки уч қисқа оят қироат қилишнинг ҳар иккиси намознинг вожибларидандир. Бир киши соқов ёки талаффуз қила олмайдиган даражада бемор бўлса, Қуръонни қалбидан ўтказади. Имомга иқтидо қилган киши қироат қилмайди, чунки имомнинг қироати унга кифоя қилади.

4. Рукуъ.
Ҳар бир ракъатда рукуъ қилиш. Рукуъ энгашиб икки кафтини икки тиззаси устига қўйиш. Рукуъ ҳолатида энг камида икки қўлини чўзганда тиззасига етадиган бўлиши лозим. Кимнинг орқасида эгиклик ёки букрилик бўлиб, икки қўли тиззасига етадиган даражада бўлса, у кўпроқ энгашиб рукуъ қилади ёки боши билан имо қилиб рукуъ қилади.

5. Сажда.
Ҳар бир ракъатда икки марта сажда қилмоқ. Сажда собит бўладиган ҳолатнинг энг ози пешонасини ерга қўймоқ. Агар бир киши бир ракъатда бир марта сажда қилиб, иккинчи саждани тарк қилса, кейинги ракъатда уни ҳам қўшиб қилиб қўяди. Агар кейинги ракъатлардан бирида ҳам уни қилиб қўймаса, намози ўтмайди. Қайта ўқиш лозим бўлади.

6. Қаъда.
Намознинг охирида ташаҳҳуд миқдорича ўтириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга ташаҳҳудни таълим берган вақтда: «Агар буни қилсанг ёки ўқисанг, намозинг тугал бўлган бўлади», деганлар.
  Биз зикр қилган бу рукнлар намоз дуруст бўлишининг асосий рукнларидир. У рукнлар намознинг ичида бўлиб, намоз ўқувчи улардан бирини узрсиз тарк қилса, намози фосид бўлади.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР