Тавсия қиламиз

Ҳадиси шарифдаги яхшилик

Мақолалар access_time7-май 2017, 19:32

Анас ибн Моликдан қилинган яна бир ривоятда айтилишича, бир жаноза олиб…

ЁМҒИРДАН ФОЙДАЛАНИБ ОЛИНГ!

Мақолалар access_time6-май 2017, 21:45

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Биз осмондан барокатли сув (ёмғир)…

Ҳадис шарҳи

Мақолалар access_time19-август 2020, 14:37

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу…

НАМОЗНИНГ СУННАТЛАРИ НИМАЛАР?

access_time17-июнь, 12:18 visibility1406

1. Намоз ўқувчи такбири таҳрима айтиш пайтида икки қўл бармоқларининг орасини ўз ҳолича, одатдагидек бироз очиб қиблага юзлантирган ҳолда икки бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқлари баробарида кўтаради. Қўлни кўтаришнинг миқдори белгиси сифатида икки бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқларига теккизиш мустаҳабдир. Сўнг «Аллоҳу акбар» дейди ва икки қўлини оҳиста туширади.

2. Намоз ўқувчи қиём пайтида ўнг кафтининг ичини чап кафтининг орқасига қўйган ҳолда ўнг қўлни чап қўлининг устига қўяди. Ўнг қўлини бош ва жимжилоқ бармоғи билан чап қўлининг билак чиғаноғини ва бўғимини тутамлаб ушлайди.
Эркак киши икки қўлини киндик остига кўяди. Аёл киши эса ўнг кафтининг ичини чап кафтининг орқасига қўйиб кўкрагининг устига қўяди.

3. Мустаҳкам туриш учун икки оёғининг орасини тўрт бармоқ миқдорича тутади. Агар оёқлари орасини тўрт бармоқ миқдорича тутганда мувозанатни яхши сақлаб турмайдиган бўлса, унда бироз кенгроқ қилиб мўътадил, яъни қийналмасдан турадиган миқдорда тутиб туриши мумкин. Лекин оёқлар орасини жуда катта очиб, тўпиғини ёнидаги кишиларнинг тўпиғига теккизмайди. Чунки намозда елка елкага тегиши зикр қилинган. Агар тўпиқ тўпиққа тегиб турса, елка елкага тегмай қолади.

4. Ҳар бир намознинг бошида ифтитоҳ (бошланиш) дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқиш.
  Жаҳрий намозда имом қироат қилиб турганда бир киши келиб имомга иқтидо қилса, ифтитоҳ (яъни, субҳанакаллоҳумма) дуосини ўқимайди. Имомнинг қироатини тинглаб, жим туради. Чунки қироатни тинглаб, жим туриш вожиб ва ифтитоҳни ўқиш эса суннатдир.

5. Фақат аввалги ракъатда Фотиҳадан олдин тааввуз (Аъузу биллаҳ)ни ва барча ракъатда тасмия (бисмиллаҳир роҳманир роҳим)ни айтиш. Бу иккиси жаҳрий намозда ҳам, махфий намозда ҳам махфий айтилади.
Фотиҳадан кейин зам сурадан олдин тасмия (бисмиллаҳир роҳманир роҳим) айтилмайди. Чунки Фотиҳадан олдинги тасмия (бисмиллаҳир роҳманир роҳим) Фотиҳа ва ундан ундан кейинги Қуръоннинг тасмиясидир.

6. Фотиҳадан кейин имом ҳам, иқтидо қилувчи ҳам аминни махфий айтиши.

7. Рукуъ қилиши билан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиш. Рукуъда икки қўл бармоқларининг орасини кенг очиб икки қўлини икки тиззаси узра қўяди. Икки қўлини тўғри қилади. Яъни, тирсакларини букмайди. Рукуъ ҳолатида боши билан орқасини бир хил текис тутади. Бошини пастлатмайди ва юқори кўтармайди ҳам. Рукуъда «Субҳана Роббиял ъазим»ни камида уч марта айтади. Тоқ қилиб беш ёки етти марта айтса ҳам бўлади.
  Рукуъдан турганда тик туриб бироз ором олиш вожиб бўлади. Рукуъдан туришда «Самиъ Аллоҳу лиман ҳамидаҳ» (Аллоҳ Ўзига ҳамд айтганларни эшитади) «Роббанаа лакал ҳамд» (Роббимиз, Сенга ҳамд бўлсин) дейди. Агар жамоат билан ўқиладиган намоз бўлса имом «Самиъ Аллоҳу лиман ҳамидаҳ», иқтидо қилувчи эса «Роббанаа лакал ҳамд» дейди.

8. Саждага боришни бошлаши билан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиш. Ерга яқин аъзолари узра сажда қилади. Аввал икки тиззаси, сўнг икки қўли, сўнг пешона ва бурни тушади. Етти суяк (аъзо) узра сажда қилади. Улар: юз (пешона ва бурун), икки қўл, икки тизза, икки қадам. Саждада эркак киши икки тирсагини икки биқинидан узоқ тутмоғи, шунингдек, қорнини икки сонидан узоқ тутмоғи. Аёллар эса унинг аксини қилади. Улар икки тирсагини икки биқинига ва қорнини икки сонига ёпиштириб, ерга ёпишиброқ сажда қилади. Саждада «Субҳана Роббиял ъалаа»ни камида уч марта айтади.

9. Биринчи саждадан бошини кўтариб, ўтириш учун такбир айтмоқ. Икки сажда орасида ўтирганда бироз ором олади. У вожибдир. Икки сажда орасида ўтириш ташаҳҳудда ўтириш ҳолати каби бўлади.

10. Иккинчи саждадан қиёмга туриш учун такбир айтиш. Саждадан туришда аввал бошини, кейин икки қўлни, сўнг икки тиззасини кўтариб, оёғининг учлари билан, куч бериб туриш. Агар қувватсиз ёки кекса ёшли бўлса, қўллари билан ерга суяниб туради

11. Иккинчи ракъатнинг иккинчи саждасидан кўтарилиб, биринчи қаъда учун такбир айтиш суннат. Чап оёғини тўшаб, унинг устида ўтириб, ўнг оёғининг бармоқларини қиблага юзлантирган ҳолда тик тутиш суннат. Бу ўтиришни фақиҳлар «ифтирош» деб атайди. Қаъдада намозхон икки қўлини бармоқларининг орасини катта очмасдан ва бир-бирига ёпиштирмасдан одатдагидек тутган ҳолда икки сони устига қўйиши суннат. Қўл бармоқларининг учи соннинг тугаши ва тизза олдида туради. Тизза устига тушмайди. Бу эркакларга хос ўтириш. Аёллар эса думбаси узра ўтириб икки оёғини ўнг томондан чиқаради. Бу ўтиришни фақиҳлар «таваррук» деб атайди.

12. Икки шаҳодат (Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу)ни ўқийдиган пайтда ўнг қўлининг бармоқларини ёпиб, саббоба (кўрсатгич) бармоғини ёйиб, нафий (лаа)ни айтганда кўтариб, исбот (илла)ни айтганда туширади.

13. Охирги қаъдада ўтириш ҳам аввалги қаъдадаги ўтириш каби бўлади. Охирги қаъдада иброҳимия салавотлари қўшиб ўқилади.
  Салавотлар: Аллоҳумма солли аълаа Муҳаммад ва аълаа аали Муҳаммад. Камаа соллайта аълаа Иброҳима ва аълаа аали Иброҳима иннака ҳамидум-мажийд. Аллоҳумма барик аълаа Муҳаммад ва аълаа аали Муҳаммад. Камаа барокта аълаа Иброҳима ва аълаа аали Иброҳима иннака ҳамидум-мажийд.
  Мулоҳаза: баъзи уламолар «саййидина» сўзини ҳам қўшган. Лекин уни қўшмаслик авлодир. Агар қўшса ҳам зарари йўқ.
  Иброҳимия салавотларини ўқигандан сўнг суннатда ривоят қилинган дуолардан ўқиб, сўнг салом бериш. Аввал ўнг, сўнгра чап томонга аниқ ва равшан бурилиб салом бериш лозимдир.


"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар 2" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР