Тавсия қиламиз

АЛЛОҲИМ КЕЧИР ДУНЁ УЧУН ЙИҒЛАСАМ

Мақолалар access_time3-август 2020, 05:01

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи…

РАСУЛУЛЛОҲ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)НИНГ ШАКЛУ ШАМОЙИЛЛАРИ ва (саловат)

Мақолалар access_time24-октябрь 2020, 13:00

Ташқи кўринишлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломга…

«РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ 9 ВАСИЯТЛАРИ...»

Мақолалар access_time19-феврал 2020, 16:18

   Абу Дардо(р.а)дан ривоят қилинади:        …

Намозни фосид қилувчи (бузувчи) амаллар қайсилар?

access_time5-июль, 11:53 visibility720

  1. Намоз ичида таҳоратни қасддан синдириш намозни бузади. Таҳоратни бузадиган барча нарса намозни бузади. Лекин намоз ўқувчига кутилмаганда тўсатдан бетаҳоратлик етса, мисол учун, қайт қилса ёки бурни қонаса, ёки қасдсиз ел чиқиб кетса, намозидан чиқиб, янги таҳорат қилиб келиб, олдинги намозининг келган жойидан давом эттиради. Лекин шу аснода гапирмаган ва эҳтиёжидан ташқари бирор иш қилмаган бўлиши шарт. Лекин таҳоратдан кейин намозини янгидан бошлаб қайтадан ўқиш афзалдир.

  2. Нажосат пайдо бўлиши.
Намозхоннинг бадани ёки кийимига суюқ ёки бадан ва кийимни ҳўл қиладиган кўп нажосат тушса, унинг намози фосид бўлади. Агар нажосат қаттиқ бўлиб, намоз ўқувчи зудлик билан уни олиб ташласа, намози дуруст бўлади. Агар кўп миқдордаги нажосат намоз ўқувчининг бадани ёки кийимида бир рукн миқдоричалик вақт қолиб кетса, унинг намози фосид бўлади. Бир рукн миқдоричалик вақт уч тасбиҳ айтгунчалик вақт билан белгиланган.
  Бир киши намоз ўқиётганда ёш фарзанди бағрида бўлса, унинг зарари йўқ. Гарчи унинг кийими нажас бўлса ҳам. Чунки болалар кўпинча нажосатли бўлади.
  Бир киши намоз ўқиб бўлганидан кейин кийим ёки баданида кўп миқдордаги нажосат борлигини билса ва у қачон пайдо бўлганини билмаса гумонининг ғолибига амал қилади. Агар гумонида нажосат билан намоз ўқиганлиги ғолиб келса, намози фосид бўлади. Агар нажосат намоздан кейин пайдо бўлгани гумонига ғолиб келса, намози дуруст бўлади ва намозни қайта ўқиш зиммасига лозим бўлмайди.
  Бир киши бошқа бир киши намозини ўқиб бўлганидан кейин унинг кийими ёки баданида намозни ман қиладиган даражада нажосат борлигини кўрса, агар у намозни албатта қайта ўқийди деб гумон қилса, уни хабардор қилади. Агар у намозни албатта қайта ўқийди деб гумон қилмаса, уни хабардор қилмайди. У одамнинг намози ўзига нисбатан дуруст бўлади.

  3. Аврат аъзонинг бир қисми очилиши намозни фосид қилади. Эркак ва аёлнинг аврати юқорида зикр қилинди. Намоз асносида кийимда йиртиқ бўлганлиги сабабли унутиб ёки хато билан аврат аъзонинг бир қисми очилса, қаралади:
  а) Агар очилган қисм аврат аъзонинг тўртдан биридан оз қисмини ташкил қилса, намоз бузилмайди.
  б) Агар очилган қисм аврат аъзонинг тўртдан бирини ёки ундан кўпроғини ташкил қилса-ю намоз ўқувчи уни тезда беркитса, унинг намози дуруст бўлади. Агар бир рукнни адо қилгунчалик (уч тасбиҳ айтгунчалик) вақтгача кечикса, унинг намози фосид бўлади. Мазкур масала аврат аъзонинг тўртдан бири ёки ундан кўпроғи саҳван ёки хатодан очилганда.
  Агар намоз ўқувчи бир аврат аъзосининг бир қисмини қасддан очса, шу заҳоти намози фосид бўлади.
  Эркакнинг аврат аъзолари: жинсий аъзоси ва унинг атирофи бир аъзо. Икки тухум ва уларнинг атрофи, ҳар бири атирофи билан бир аъзо. Бир думба бир аъзо. Сон тизза билан бирга бир аъзо. Киндик билан қовуқнинг остигача бўлган жой бир аъзо. Орқа томондан, икки ёндан ва қориндан ҳам шунга баробар келадиган жой бир аъзодир. Аёлнинг аврат аъзолари ҳам худди шундай. Аёлнинг болдири ошиғи билан қўшилиб бир аврат аъзодир. Аёлнинг сийнаси думалоқ диркиллаган бўлса, кўкраги билан бирга бир аъзо, агар осилиб тушган бўлса, сийнанинг ўзи бир аъзодир. Аёлнинг битта қулоғининг ўзи бир аъзодир. Аёл қўлининг тирсакдан юқори қисми тирсаги билан бирга бир аъзо. Аёл қўлининг билагидан юқори қисми билак чиғаноғи билан бирга бир аъзо. Аёлнинг бўйни бир аъзо. Унинг боши бир аъзо. Бошидан осилиб тушган сочи бир аъзо.

  4. Кўкрак билан қибладан бошқа томонга ўгирилиш намозни фосид қилади, агар намоз ўқувчи юзи билан ўгирилса, макруҳ бўлиб, намози бузилмайди.

5. Намознинг ичида айтиладиган сўзлардан ташқари сўзларни гапириш намозни фосид қилади. Гарчи унутган ҳолда ёки хатодан «ҳа», «йўқ» деганга ўхшаш бир калима гапирса, шунингдек, «ах», «уф» деганга ўхшаш икки ҳарфли калима сўзласа ҳам намоз фосид бўлади. Намоз ўқувчи Аллоҳдан қўрққанидан, сўзлашни қасд қилмаган ҳолда бир гуноҳ учун «ух» деб оғриқ калимасини сўзласа, намози дуруст бўлаверади.
  Шунингдек, узрсиз йўталиш ҳам намозни фосид қилади. Агар овоз чиқмай буғилиб қолган бўлса, овозни тўғрилаш учун йўталишнинг зарари йўқ.
  Шунингдек, мақсади бир кишига хитоб қилиш бўлиб Қуръон тиловат қилса, у ҳам намозни фосид қилади. Мисол учун, Қуръондаги:
ادْخُلُوهَا بِسَلَامٍ آمِنِينَ
«Унга тинчлик, омонлик ила киринглар» оятини фарзандига меҳмонларни киргизишни билдириб қўйишни қасд қилиб қироат қилса, намози фосид бўлади.
  Агар намоз ўқувчи намозда эканлигини билдириш учун овозини баландроқ кўтарса, намози фосид бўлмайди.

6. Намоз ичида емоқ ва ичмоқ намозни фосид қилади. Агар намоз ўқувчи тишлари орасидаги таомни ёки оғзида қолган таом қолдиғини еса ва у нўхат катталигича ёки ундан катта бўлса, унинг намози фосид бўлади. Агар ундан кичик бўлса, макруҳ бўлади. Лекин намози дуруст бўлади. Шунингдек, намоз ўқувчининг томоғига бир нарса тиқилиб, намознинг ичида сув ёки бирор ичимлик ичса, намози бузилади.

7. Намознинг амалларидан ташқари бўлган амали касир (кўп амал) намозни бузади. Бир киши намознинг ичида баданини кетма-кет уч ҳаракат билан қашиса ёки сафни тўлдириш учун кетма-кет уч қадам юрса, намози фосид бўлади. Агар қадамларини узиб-узиб юрса ёки ҳаракатлари орасини ажратса намози фосид бўлмайди.

8. Қуръон тиловатидаги қўпол (катта) хато намозни фосид қилади: мисол учун,

ان المتقين
нинг ўрнига
ان الكافرين في جنات ونعيم
ўзгартирса маънони қилиб, қироат )ни ва азобни савобга алиштирса ёки аксини қилса, унинг намози фосид бўлади.

9. Бир киши бомдод намозида турган ҳолида қуёш чиқиши билан намози фосид бўлади, мисол учун: бомдод намозини ўқувчи киши ҳали ташаҳҳудни ўқишни охирига етказмасдан ёки уни ўқиш миқдорича ўтирмасдан қуёш чиқса, бомдод вақти чиқиб, намоз ўқиш ҳаром бўлган вақт кирганлиги учун унинг намози фосид бўлади.

10. Намозда ўзи эшитадиган даражадаги кулги намозни фосид қилади.
  Табассум —  оғиз очилиб, юзда хурсандчилик аломатлари ҳосил бўлиши. Унда овоз чиқмайди. У намозни фосид қилмайди.
  Қаҳқаҳа — ўша мажлисда бўлган қўшнилар (ёнидагилар)и эшитадиган даражадаги кулги бўлиб, у балоғатга етган кишининг намозини фосид қилиши билан бирга таҳоратини ҳам бузади. Балоғатга етмаганнинг фақат намозини фосид қилади.

11. Намознинг ичида мусҳафга қараб қироат қилиш намозни фосид қилади. Чунки у таъаллум (ўрганиш) бўлиб қолади. Намоз ўрганадиган ўрин эмас, у ибодат, хузуъ ва хушуъ ўрнидир. Агар намоз ўқувчи фақат кўзи билан олдидаги ёзувга қараб уни фаҳмласа, лекин ўқимаса, намози фосид бўлмайди. Чунки у назар солиш ва фаҳмлашдир. Лекин у макруҳ.

12. Агар охирги қаъдада ўтирмаган бўлса, фарз намозида бир ракъат зиёда қилиш намозни фосид қилади. Агар намоз ўқувчи бомдод намозида унутиб, учинчи ракъатга туриб кетиб, эсига келмай, учинчи ракъатнинг саждасини қилса, фарз намози фосид бўлиб, нафл намозга айланади. Тўртинчи ракъатни ўқиб қўйиш суннат бўлади. Агар учинчи ракъатнинг рукуъсида бўлса ҳам учинчи ракъатга туриб кетгани эсига тушса, дарҳол ўтириб намозини тугатади ва охирида саҳв саждасини қилади. Қайси бир ракъатнинг саждасини қилмаган бўлса, шу ракъатни тугатмаган бўлади. Агар дарҳол қаъдага ўтирса, олдинги ракъатдан кейинги қаъдага ўтирган ҳисобланади. Шунингдек, шом намозида тўртинчи ракъатга, аср ва хуфтон намозида бешинчи ракъатга туриб кетса ҳам худди юқоридагидек бўлади.
  Агар охирги қаъдада ўтириб, кейин унутган ҳолда кейинги ошиқча ракъатни ўқиш учун турса, фарз намози дуруст бўлади. Чунки у намоз ўтириш фарз бўлган қаъда билан тугал бўлди. Ошиқча ўқиган бир ракъати нафл бўлади. Нафл намози икки ракъат билан тугал бўлиши учун унга яна бир ракъат қўшиб қўйиш яхшидир.

13. Намозда эркак киши ўспирин ёки истак пайдо бўладиган даражадаги ёш қиз ёки аёл билан тўпиғи тўпиғига баробар туриб қолиши намозни бузади. Гарчи у аёл ўз хотини ёки онаси бўлса ҳам. У аёл шу эркакка ёки иккиси ҳам бир имомга иқтидо қилиб, эркак билан аёл ўртасида тўсиқ ёки бир киши сиғадиган бўш жой бўлмаса ҳамда эркак киши аёлга орқага ўтишига ишора қилмаса, бу тенг туришлик фақат эркакнинг намозини бузади. Агар эркак аёлга орқага ўтишга ишора қилиб, аёл орқага ўтмаган бўлса, унда фақат аёлнинг намози фосид бўлади. Агар аёл иқтидо қилмасдан ўзи танҳо намоз ўқиётган бўлса, эркак кишига аёл билан тенг туриб қолиши зарар қилмайди. Гарчи тенг туришлик намознинг бир мукаммал рукнида тўлиқ давом этса ҳам зарар қилмайди. Мисол учун, бир қиём ёки бир рукуъ вақтида давом этса ҳам.

14. Намоз жоиз бўлмаган уч вақтда фарз намозининг қазоларини ўқиш дуруст бўлмайди.

а) Қуёш чиқиш вақтидан то бир ёки икки найза бўйи кўтарилгунча.

б) Куннинг қоқ ярмида қуёш тиккага келгандан то қуёш оғиб, пешин вақти киргунча.

в) Қуёш сарғайиб, нури йўқолиб, кўз унга қарашга қодир бўлган вақтдан бошлаб, қуёш ботиб шом вақти киргунича. Фақат шу куннинг аср намозини ўқиш дуруст бўлади.

15. Намознинг ичида таҳоратим синди деган гумон намозни намозни бузмайди. Орқа чиқариш йўлининг мушаги ҳаракатга келса ёки қорни қуриллаган овозни эшитиб уни ел деб гумон қилса, токи очиқ овоз ёки нохуш ҳид билан аниқ бўлмагунича унинг намози фосид бўлмайди. Чунки «Ал-Яқиину лаа язуулу биш-шакки» (Аниқ ишончли нарса шак билан кетмайди) деган қоида бор.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР