Тавсия қиламиз

ДАВЛАТ МУЛКИНИ АСРАШ ҲАМ ОЛИЙ ФАЗИЛАТДИР

Мақолалар access_time14-март 2018, 00:17

ДАВЛАТ МУЛКИНИ АСРАШ ҲАМ ОЛИЙ ФАЗИЛАТДИР Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик…

Аллоҳ таъоло дунёнинг ўзидаёқ жазолаб қўйган зинокорнинг қиссаси

Мақолалар access_time24-март 2020, 00:23

Бу  араб диёриларидаги газеталарда тарқалган қисса, исмини зикр қилмайман,…

БИР ҚАДАМ ОЛДИНГА.....

Мақолалар access_time20-июль 2019, 10:25

1. Юқорига чиқишни астойдил хоҳлаган одам нарвонни ўйлаб топади. 2. Эр ва…

НАМОЗ ЎҚИШ МАКРУҲ БЎЛАДИГАН ЖОЙЛАРГА ТААЛЛУҚЛИ МАСАЛАЛАР

access_time14-октябрь, 14:44 visibility442
  • Бирор инсоннинг юзига қараб намоз ўқиш макруҳ бўлади. Шунингдек, намоз ўқиётганнинг юзига қараб туриш ҳам макруҳдир.
  • Гапириб ўтирган кишининг орқасига қараб намоз ўқишнинг зарари йўқ. «Баҳрур-poиқ»да шундай келган.
  • Имомнинг ёлғиз ўзи баланд жойда туриши ва иқтидо қилганлар унинг пастида туришлари макруҳ бўлади. «Ҳидоя»да шундай келган. Аммо қавмнинг баъзиси имом билан бирга турган бўлса макруҳ бўлмайди. «Фатҳул қадир»да шундай келган. «Китоб»1да имомнинг қанча баландликда турса макруҳ бўлиш миқдори зикр қилинмаган. Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ: «Баландликда туриш деганда ўртача бўйли кишининг бўйи баландлигича юқорида туриш тушунилади», деган. Бу ҳукм Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган.

  Баъзи уламолар: «Баланд жойда туриш деганда бошқалардан ажралиб туриш юзага келадиган даражадаги юқорида туриш тушунилади», деганлар.
  Баъзи уламолар: «Баланд жойда туриш деганда худди сутрада бўлгани сингари бир зиро баландлигича юқорида туриш тушунилади», деганлар. Мана шу ҳукмга эътимод қилинади. Мазкур масалалар бирор зарурат бўлмаган вақтга тегишлидир. Агар бирор зарурат бўлса макруҳ бўлмайди. Масалан, жума ва ийд намозларида макруҳ бўлмайди. «Иноя»да шундай келган.

  Макруҳ бўлишда (ўртача бўйли – 160 см) кишининг бўйи баландлиги ва ундан пастроғи эътиборга олинади, деган ҳукм ушбу ривоятнинг зоҳири ҳисобланади. «Бадоеъ»да шу ҳукм ихтиёр қилинган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам имомнинг ёлғиз ўзи тош супа устида туриб қавм унинг ортида туришидан мутлақ қайтарганлар. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайх ушбу қайтариқда назарда тутилган баландликни ўртача бўйли кишининг бўйи баландлигича юқори жойда туришга қайдлаган.
  Қозихон «Шарҳу жомеис-сағир»да: «Бунда бир зиро миқдори мўътабардир. Мана шу ҳукмга эътимод қилинади», деган. «Ғоятул баён»да: «Мана шу тўғри», дейилган. «Фатҳул қадир»да: «Мана шу ихтиёр қилинган», дейилган.
  Демак, тўғриси қайси экани ҳақида ихтилоф бўлгани сабабли ривоятнинг зоҳирига амал қилиш, қайдламасликни афзал кўриш ва ажралиб туриш юзага келадиган баландликни эътиборли ҳисоблашдир. «Баҳрур-роиқ»да шундай келган.
  Аммо бунинг акси, яъни қавм тош супа устида бўлиб, имомнинг ёлғиз ўзи пастда туриши ҳам ривоят зоҳирига кўра макруҳ бўлади. «Ҳидоя»да шундай келган. Қозихон ўзининг «Фатаво»сида: «Бундай туриш макруҳ бўлмайди. Бу омма машойихларнинг ҳукмидир», деган.
  «Дуррул мухтор»да: «Энг тўғри ҳукмга кўра, бундай туриш макруҳ бўлади», дейилган.

  • Инсонларга имом бўлган кишининг ёлғиз ўзи меҳробда туриши макруҳ бўлади. Машойихлар бунинг сабаби ҳақида ихтилоф қилганлар:
  • Баъзи машойихлар: «Аҳли китобларга2 ўхшатиш бўлгани учун макруҳ бўлади. Чунки улар имомга алоҳида макон тайин қилишади», деганлар.

  Баъзи машойихлар: «Имомнинг ҳолати унинг ўнг ва чап томонларида турганларга ноаниқ бўлиб қолгани учун макруҳ бўлади»3, деганлар.
  Биринчи сабабга кўра, яъни аҳли китобларга ўхшатиш бўлганига кўра бундай қилиш мутлақ макруҳ бўлади. Иккинчи сабабга кўра эса имомнинг ҳолати ноаниқ бўлмаса макруҳ бўлмайди. «Кифоя»да шундай келган.
  Энг тўғри ҳукм иккинчи сабабдир, яъни имомнинг ҳолати ноаниқ бўлиб қолишидир. «Фатҳул қадир» ва бошқа китобларда шундай келган.

  • Сафда бўш жой бўла туриб, саф ортида туриш макруҳ бўлади. Агар сафда бўш жой бўлмаса орқада ёлғиз ўзи туриши макруҳ бўлмайди. «Туҳфа»да шундай келган. Лекин «Хизона»да: «Ёлғиз ўзи туриши ҳам макруҳ бўлади», дейилган. Шунинг учун сафдан бировни ёнига тортса афзал ишни қилган бўлади. «Муҳийт»да шундай келган.

  Энг тўғри ҳукмга кўра, у рукугача кутади, агар бир киши келса яхши, келмаса сафдан бир кишини тортади. Лекин бизнинг замонимизда бу масалаларни билмаслик кўп бўлгани учун кечикиб келган кишининг сафдан бировни тортмагани афзалдир. Чунки у бировни тортса, у намозини бузиб юбориши ва унга ғазаб қилиб қолиши мумкин. «Жомеур-румуз»да шундай келган.

  • Намоз ўқийдиган жойнинг шифтида ёки намоз ўқувчининг рўпарасида суратлар бўлса бундай жойда намоз ўқиш макруҳ бўлади. Агар намоз ўқувчининг орқа томонида ёки оёклари остида бўлса, «Шарҳу аттоб»да макруҳ бўлмайди, дейилган. Лекин уйни суратлар билан безаш макруҳ бўлади. «Фатҳул қадир»да шундай келган.

 

1Муаллиф китоб деганда «Мухтасарул Қудурий»ни назарда тутган. Чунки ҳанафий фикҳида қайдламасдан умум қилиб китоб айтилса, асосан, мазкур китоб кўзда тутилган бўлади. Бу худди усулул фиқҳ илмида китоб деганда Қуръони карим назарда тутилганига ўхшайди. Шунингдек, наҳв китобларида ҳам китоб сўзи кайдламасдан умум ишлатилса, одатда, Сабавайҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг китоблари тушунилади. Аллоҳ билувчидир.

2Аҳли китоблар деганда яҳудийлар, насронийлар ва уларнинг шариатларига эргашадиганлар тушунилади. Шунга кўра Тавротга эътикод қилиб, Мусо алайҳиссаломнинг шариатларига кўра амал қилишларини айтадиган сомирийлар яҳудийлардан ҳисобланади. Шунингдек Инжилга эътиқод қилиб, Ийсо алайҳиссаломнинг шариатларига кўра амал қилишларини иддао қилувчиларнинг барчалари насронийлардан ҳисобланади.

3Яъни, агар имом меҳроб ичида турадиган бўлса, фақат унинг орқасида турганларга, яъни меҳробнинг рўпарасида турганларгагина унинг ҳолати кўриниб туради. Аммо унинг ўнг ва чап томонида турганларга имом кўринмай қолгани учун унинг ҳолати ноаниқ бўлиб қолади. Шунинг учун имом меҳробдан ташқарида туриши лозим бўлади.

"Нодир фатволар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР