Тавсия қиламиз

5-ЗАЙТУН ЁҒИ Муҳаммад алайҳиссалом тановул этган таом турлари ва уларнинг таркиби

Мақолалар access_time28-феврал 2020, 23:03

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида зайтун ёғи ҳақида сўз…

ЖАННАТГА ЭКИН ДАРАХТ ЭКИШ "СУБҲОНАЛЛОҲИ ВАЛ ҲАМДУ ЛИЛЛАҲИ..." КАЛИМАСИ ЭКАНИ ҲАҚИДА

Мақолалар access_time9-август 2020, 14:13

Ибн Масъуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:…

Ҳотамул Асам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари ва насиҳатлари

Мақолалар access_time4-феврал 2018, 17:49

Ҳотамул Асам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари ва насиҳатлари Расулуллох (соллаллоҳу…

ПОКЛИК ВА НАЖОСАТ ҲАҚИДА 5

access_time25-октябрь, 11:19 visibility314

57) Ишлатилган сув нима?
У баданга савоб ниятида (таҳорат устига яна таҳорат қилиш) ёки таҳорат ва ғуслга ишлатилган сувдир. Агар инсон ғусл ёки таҳоратдан сўнг ишлатилган сувни тўплаган бўлса ҳам, у сув таҳорат ёки ғуслга яроқли бўлмай, балки тозалашда ва моддий нажосатни поклашда ва бошқа нарсаларда ишлатишга ярайди. Яъни: ишлатилган сув бадан ёки кийимга теккан тезак, қонга ўхшаш моддий нажосатларни поклайди.
Изоҳ: нажосатлар икки қисмга бўлинади:
1. Ҳақиқий нажосатлар, булар моддий нажосатлардир. Масалан, сийдик, орқа йўлдан келадиган ахлат, маний, мазий, қон, йиринг ва шунга ўхшаш шариат нажосат деб ҳисоблайдиган нарсалар. Бу каби моддий нажосатларни поклаш учун ишлатилган сув нажас ҳисобланади;
2. Ҳукмий нажосатлар: кишининг таҳорати синиб, баданида моддий нажосат бўлмаса, у кишининг таҳоратда ювиши фарз бўлган аъзолари ҳукмий нажосат ҳисобланади. Масалан, бир кишига ғусл вожиб бўлса, баданидаги моддий нажосатлар теккан жойи ҳақиқий нажосат ва моддий нажосатлар тегмаган қисми ҳукмий нажосат ҳисобланади. Таҳорат ёки ғусл қилганда моддий нажосатлар йўқ бўлса ёки олдин ювиб кетказилган бўлса, таҳорат ёки ғусл қилган сувнинг ўзи пок (бадан ёки кийимга тегса, нажас қилмайди), лекин таҳоратга яроқли бўлмайди, балки тозалаш, моддий нажосатни поклаш ва бошқа нарсалар учун ишлатишга ярайди. Агар таҳорат ёки ғусл қилиш асносида бадандаги моддий нажосатлар ҳам ювиб покланган бўлса, у сув нажосат сувга айланиб қолади.

58) Баъзи гул ва мевалар сувининг ҳукми қандай?
Атиргул, тарвуз суви, мева ва шунга ўхшаган нарсаларнинг суви ҳам ишлатилган сувнинг қисмларидандир. Улар таҳорат ёки ғуслга яроқли эмас, лекин тозалаш, моддий нажосатни поклаш ва бошқа нарсаларда ишлатишга яроқлидир.

59) Бошқа нарсанинг сифатлари ғолиб келган сув қайсилар?
Булар ловия, исмалоқ ёки пиёз қайнатилган ёки унга сут ёки сиркага ўхшаш нарса аралаштирилиб, ушбу аралашган нарсаларнинг ранги ва таъми ғолиб келган сувлардир. Масалан, сутнинг ранги ғолиб бўлган ва сутнинг таъми ҳам пайдо бўлган сув. Бундай сувлар билан таҳорат қилинмайди, чунки уларда бошқа нарсаларнинг сифати ғолиб келиб, сувлик табиатидан чиқиб кетгандир.

Аммо оз миқдорда гул суви ёки атир аралаштириб хушбўй қилинган ёки заъфарон ва масхарга ўхшаш ўсимликлар билан рангли қилинган сув бошқа нарсаларга таъсир қилмайдиган хушбўй ва пок сувдир, яъни таҳоратга яроқлидир. Чунки улар оз бўлгани сабабли уларнинг сифати сувнинг сифатидан ғолиб келмайди.

60) Яхшироқ тозалаш учун сувга пок совун, сидр (сидр ўсимлиги барги), ишқорлар қўшилса, ўша сув билан таҳорат қилса бўладими?
Агар сув қуюқлашиб, сувлик сифатидан чиқиб кетмаса, таҳорат қилиш жоиз.

61) Ўзи пок, лекин бошқани покламайдиган сув қандай бўлади?
Бу ўзи пок, лекин таҳорат ва ғусл ёки моддий нажосатларни кетказишга яроқли бўлмаган, тупроқ, цемент ва шунга ўхшаш қаттиқ нарсага аралашиш билан сувлик хусусиятини йўқотган сувлардир, чунки уларнинг суюқлик ва оқувчанлиги кетиб, қуюқлашиб қолган бўлади.

62) Ўзи пок, лекин покловчилигида шак бўлган сув қандай бўлади?
Эшак ёки хачир ичганидан ортиб қолган оз миқдордаги сув. Чунки эшак ва хачирнинг қолдиғи поклигида шак бўлган қолдиқлардандир.

63) Нажас сув қандай сув?
Нажосат тушган оз миқдордаги сув нажас бўлади. Унда нажосат асаридан бирор нарса кўринадими ёки кўринмайдими, бунинг фарқи йўқ.

64) Қолдиқ сув нима?
Одам ёки гўшти ейиладиган ҳайвонлар ва йиртқич бўлмаган қушлар ичгандан қолган оз миқдордаги сув қолдиқ сувдир.

65) Қолдиқ сув неча қисм бўлади?
Тўрт қисмдир:
1. Ўзи пок ва бошқани покловчи қолдиқ.
2. Ишлатиш жоиз бўлмаган нажас қолдиқ.
3. Ишлатиш макруҳи танзиҳий бўлган қолдиқ.
4. Ўзи пок, лекин поклашида шак бўлган қолдиқ.

66) Ўзи пок ва бошқани покловчи қолдиқ сув нима?
Одам ичган сув. Ўша одам мусулмон, кофир, пок ёки жунуб киши бўладими ёки ҳайз, нифос кўрган аёл бўладими, бунинг фарқи йўқ. Қўй, сигирга ўхшаган гўшти ейиладиган ҳайвонлардан ва йиртқич бўлмаган қушлардан қолган сувлар ҳам одамдан қолган сувга ўхшайди.

67) Ишлатиш жоиз бўлмаган нажас қолдиқ сув нима?
Ит ёки тўнғиз ёки қоплон ва бўрига ўхшаш йиртқич ҳайвонлар ичган сувлардан ортгани.

68) Ишлатиш макруҳи танзиҳий бўлган макруҳ қолдиқ сув қандай сув?
Сув ичишидан олдин кўздан ғойиб бўлгани сабабли оғзининг поклиги маълум бўлмаган уй мушугининг, нажас ва пок нарсалар орасида айланиб юрадиган уй товуғининг ва бургут, калхат ва қарғага ўхшаш йиртқич қушларнинг қолдиқ сувлари макруҳи танзиҳийдир.

69) Ўзи пок, лекин покловчилигида шак бўлган қолдиқ сув қандай бўлади?
У таҳоратга яроқлилигида ва моддий нажосатни кетказишида шак бўлган сувдир.
Масалан, эшак ва хачирдан қолган сув. Гўштини ейишнинг мубоҳлигида далиллар қарама-қарши бўлгани учун хачирдан қолган сув ҳам эшакнинг қолдиғи каби шакли саналади.

70) Ҳаммага маълум бўлган ҳовуз нима?
У остидан сув қайнаб чиқадиган ёки жилға ва ёмғир сувлари жамланадиган хос чуқур жой. Шунингдек, қўл билан кавланган эски ва янги ҳовузлар.

71) Сувлар ҳақидаги асосий ҳукмлар нималар?
1. Кабутар, чумчуқ ва шунга ўхшаш гўшти ейиладиган қушларнинг тезаги билан сув бузилмайди ва нажас ҳам бўлмайди.
2. Балиқ, бақа, ари ва чаёнга ўхшаш оқувчи қони бўлмаган жонзотларнинг сувда ўлиши билан сув бузилмайди.
3. Қисқичбақа, қурбақа ва итбалиққа ўхшаш сувда яшайдиган ҳайвоннинг сувда ўлиши билан ҳам сув бузилмайди. Мазкур уч ҳолатда сувнинг кам ёки кўплигининг фарқи йўқ.

72) Катта ҳовуз нима?
У сатҳи ўн газга — ўн газ (10х10) ҳажмдаги ҳовуз бўлиб, бундай ҳовуз кўп сувнинг ҳукмидадир (бир газ – 61, 6 см)

73) Агар катта ҳовузга нажосат тушса ва унда нажосат асари (таъми, ҳиди ёки ранги) пайдо бўлса, унинг суви нажас бўладими?
Ҳа, агар унда нажосат асари пайдо бўлса, нажас бўлади. Агар нажосат асари пайдо бўлмаса, сув пок ва покловчи ҳолида қолади. Агар сув нажас бўлса, қуйидаги усуллар билан сувнинг ҳаммаси чиқариб ташланади:
1. Ҳовуз (ёки қудуқ)дан сув челакнинг ярми тўлмай қолгунча олиб ташланади. Шунда қудуқ ҳам ва унга қўшилиб арқон, ғалтак, челак ва олувчининг қўли ҳам пок бўлади.
2. Агар ҳовуз (ёки қудуқ) сувининг бир қисми олиниб, эртасига ҳовуз (ёки қудуқ)нинг суви сизиб чиқиб кўпайиб қолган бўлса, кечаги олинган сув миқдорича яна сув олиб ташланади. Агар остидан сув сизиб чиқмайдиган ҳовуз бўлса, барча суви чиқариб ташланади.
3. Ҳовуз (ёки қудуқ) остида қайнаб чиқадиган булоқ бўлгани сабабли сувнинг ҳаммасини олиб ташлашнинг имкони бўлмаса, сувни чиқариб ташлаш бошланган вақтдаги миқдорича сув олиб ташланади. Сув кириб турадиган ҳовузнинг суви нажас бўлганда ҳовуздаги сув миқдорича сув кириб, шунча сув бошқа томонидан чиқиб кетиши билан унинг суви пок бўлади.

74) Кичик ҳовуз нима?
Кенглиги ўн газга – ўн газ ҳажмдан кичик бўлган ҳовуздир.

75) Қачон қудуқ суви нажас деб эътибор қилиниб, сувнинг ҳаммасини олиб ташлаш вожиб бўлади?
Қуйидаги ҳолларда:
1. Сийдик ёки маст қилувчи ичимликнинг томчиси каби оз бўлса-да, нажосат тушганда.
2. Тирик бўлса-да, чўчқанинг тушиши билан.
3. Унда ит, қўй ёки одамнинг ўлиши билан.
4. Унда сичқон, қуён ва шу каби кичик ҳайвоннинг ўлиб шишиб кетиши ёки титилиб кетиши сабабли.
5. Унга бўри ва қоплон каби йиртқич ҳайвонлардан бирортасининг тушиб кетиши ёки сўлагининг сувга тушиши билан.
6. Унга баданида нажосат бўлган инсон ёки гўшти ейиладиган ҳайвоннинг тушиши билан.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР