Тавсия қиламиз

Уломоларнинг фазли

Мақолалар access_time9-ноябрь, 12:07

Пайғамбарлар туфайли одамлар тўғри йўлни топдилар. Уларнинг шарофати ила…

ҲАҚИҚИЙ САБР

Мақолалар access_time18-июль 2017, 14:07

 Ҳазрати Анас ҳикоя қилади:  "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи…

Моҳир табиб қандай бўлиши керак?

Мақолалар access_time2-июль 2018, 11:39

Ислом динида ҳар бир инсон ўз саломатлигини сақлаши вожиб ҳисобланади. Худди…

Бирор узр туфайли намозни ўз вақтидан кечиктириш мумкинми?

access_time25-октябрь, 15:08 visibility939

Савол: Бирор узр туфайли намозни ўз вақтидан кечиктириш мумкинми?
Жавоб:
Ҳа, намозни ўз вақтида адо этишга имкон қолдирмайдиган бирор узр туфайли кечиктириш мумкин. Яъни, бу ушбу кечиктириш туфайли гуноҳкор бўлмайди деганидир, асло қазоси вожиб бўлмайди, деган маънода эмасдир.
Аҳмад Румий раҳматуллоҳи алайҳ «Мажолисул аброр»да бундай деган: «Намозни кечиктиришни мубоҳ қилувчи узрлар олтитадир.
1. Ҳушдан кетиш;
2. Унутиш;
3. Ухлаб қолиш;
4. Жиннилик;
5. Ҳайз;
6. Нифос.
Булардан бошқа узрларда намозни кечиктириш жоиз бўлмайди».

Мен айтаманки, узрларни чегаралаб қўйиш ботилдир. Чунки ёзилганлардан бошқа ҳам узрлар бор. Жумладан: Имо-ишора билан ўқишга ҳам қодир бўлмаслик. Агар бемор имо-ишора билан ҳам намоз ўқишга қодир бўлмаса унга намозни вақтидан ортга суриш жоиз бўлади. «Виқоя»да шундай келган. Ундан намоз соқит бўлмайди. Аммо бу масалада турлича ҳукмлар айтилган. Баъзи уламолар: «Имо-ишора билан ўқишга қодир бўлолмаган вақти бир кеча-кундуздан кам бўлмайди. Мана шу тўғри ҳукмдир», дейишган. «Жомеул музмарот»да шундай келган. Баъзи уламолар эса: «Агарчи бир кеча-кундуздан кўп вақт узрли бўлса ҳам қазосини ўқийди. Мана шу тўғри ҳукмдир», дейишган. «Жомеур-румуз» ва «Ҳидоя»да шундай келган. Аввалги ҳукм Фахрул Ислом1, Шайхул Ислом ва Қозихонларнинг ҳукмларидир.
Имом Моликнинг ҳукми ҳам шудир.
«Фатавои зоҳирия»да шунга фатво берилган, деган. «Биноя»да ҳам шундай келган. «Танвирул абсор» соҳиби ҳам шуни ихтиёр қилган. «Хулоса»да ҳам шу ҳукм ихтиёр қилинган. «Янабиъ»да шу ҳукм тўғри саналган. «Тажнис» соҳиби Валвалижий «Ҳидоя»даги ҳукмга мухолиф бўлиб, шу ҳукмга жазм қилган. «Канз» соҳиби «Кофий»да шунга жазм қилган. «Баҳрур-роиқ»да ҳам шундай келган. Ибн Ҳумом «Фатҳул қадир»да ҳушдан кетган кишига қиёс қилиб, шу ҳукмни афзал ҳисоблаган. Қозихон ўзининг фатволарида: «Чунки ақлнинг ўзи шаръий хитоб юзланишига кифоя қилмайди», деган. Муҳаммад «Наводир»да: «Кимнинг икки қўли тирсагидан кесилган бўлса, икки оёғи болдиридан кесилган бўлса, унинг зиммасида намоз йўкдир», деган. Шундан билинадики, ақлнинг ўзи кифоя қилмайди», деган.

Мен айтаманки, бу гап «Дуррул мухтор»даги: «Энг тўғри ҳукмга кўра, у таҳоратсиз ва таяммумсиз намоз ўқийди, намозни кайта ўқимайди», деган гапга зиддир». Аллоҳ билувчидир.

Юқорида биз зикр қилган нарсалардан шуни ҳам билиб куйиш лозимки, ушбу масала тўғрисидаги икки ҳукмда ҳам намознинг мутлақ соқит бўлиши йўкдир. Агарчи қазо намозлар кўпайиб кетиб камлигида соқит бўлмасдан, кўплигида соқит бўлиши бор бўлса-да, мана шу энг тўғри ҳукмдир. Бу масала баъзи китоблардан тушунилгани каби эмас. Уларга кўра, бу масала ҳақида уч хил ҳукм бор:
1. Мутлақ соқит бўлади;
2. Мутлақ соқит бўлмайди;
3. Тафсилотига қаралади.
Буни Ибн Нужайм Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ «Баҳрур-роиқ»да очиқ айтган.

Намозни кечиктиришни мубоҳ қилувчи узрлардан яна бири, гўдакка тегишли муаммо бўлишидир. «Мужтабо» китобида: Энг тўғри ҳукмга кўра, гўдакка тегишли муаммо сабабли намозни кечиктириш жоизлигидир.
Шунга кўра, бир аёл агар намоз билан машғул бўлиши сабабли боласи очликдан қаттиқ йиғлаб қоладиган ва болага зарар етиш эҳтимоли кўп бўлса, агар болани эмизса намоз вақти чиқиб кетадиган бўлса, бу аёлга боласини эмизиши ва намозни кечиктириши жоиз бўлади. Сайфу Соилийдан ва Шарофул аимма Маккийдан «Қуня»нинг «Икки ишга дучор бўлган кимсанинг енгилроғини ихтиёр қилиши» бобида келтирилган. Шунингдек, доя аёл ҳам агар намоз билан машғул бўлса, боланинг ўлиб қолишидан хавфсираса, намозни кечиктириб болага қарашининг зарари йўқ. «Баҳрур-роиқ»да Валволижийдан шундай ривоят қилинган.

Намозни кечиктиришни мубоҳ қилувчи узрлардан яна бири, молига ё ўзига талафот етишидан хавфсирашдир.
Мусофир киши агар намоз билан машғул бўлса шерикларининг кетиб қолишидан ва ўғри-йўлтўсарларнинг қўлига тушиб қолишидан хавфсираса, унга намозини кечиктириши жоиз бўлади. «Хизонатур ривоят»да шундай келган.

Намозни кечиктиришни мубоҳ қилувчи узрлардан яна бири, бировнинг ёрдамга чақиришидир. Яъни, ёрдам бермаса ҳалок бўладиган даражада бўлса, унга ёрдамга отилиши лозимдир.

Шунга кўра, ёнаётган ё чўкаётган кишига, ё ёрдам сўраб бақираётган кишига ёрдам берса намоз вақти чиқиб кетадиган бўлса ҳам ёрдамга шошилиши афзалдир. Чунки намознинг ўринбосари бор, яъни, унинг қазоси ўқилади. Аммо ҳалок бўлган киши дунёда қайта тирилмайди. Бундай ҳолатларда агар намоз ўқиётган бўлса ҳам, намозини тўхтатиб ёрдамга борилади. «Матолибул муъминин»да шундай келган.

Намозни кечиктиришни мубоҳ қилувчи узрлардан яна бири жанг майдонида душман билан сафлар бир-бирига йўлиқиб қиличлар ярқираб тўқнашган вақтидир. Эътибор бериладиган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ жангида душман билан тўқнаш келинган вақтда баъзи намозларини кечиктирганлар. Бунинг тафсилоти саҳиҳ ҳадис тўпламларида баён қилинган.

1Олдинги замонларда мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, «Шамсул аимма», «Шайхул Ислом», «Фахрул Ислом», «Ҳужжатул Ислом», «Нажмул уламо», «Муфтий сақолайн», «Лисонул мутакаллимийн» каби унвонлар ва атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. У муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан «Шамсул аимма» унвони берилган имом Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ 12 минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.

"Нодир фатволар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР