Тавсия қиламиз

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙХИССАЛОМНИНГ МИНБАРЛАРИ

Мақолалар access_time25-ноябрь, 11:18

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида устун вазифасини…

АЛЛОҲ ТАОЛО ЙЎЛИДА  ХАЙР-ЭҲСОН 

Мақолалар access_time2-август, 15:27

«Эҳсон» сўзи луғатда яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш маъноларини…

АЙТИБ БЎЛМАЙДИГАН СЎЗЛАР

Мақолалар access_time20-май 2019, 12:48

1. “Уф” деманг... Аллоҳ таоло ота-онага “Уф” дейишдан…

ПОКЛИК ВА НАЖОСАТ ҲАҚИДА 6

access_time2-ноябрь, 12:18 visibility266

76) Қудуқ суви нажас бўлганда сувининг маълум бир қисмини олиб ташлаш билан пок бўладими?
Қуйидаги ҳолатларда қудуқ сувининг маълум бир қисмини олиб ташлаш билан пок бўлади:
1. Қудуққа сичқон, чумчуқ ва шу катталикдаги ҳайвонларнинг тушиб ўлиши сабабли йигирма челак олиб ташлаш билан покланади. Йигирма челак олиб ташлаш вожиб, бундан кўпроқ олиб ташлаш мустаҳабдир.
2. Товуқ ёки мушук ёки катталиги шуларга ўхшаган ҳайвонларнинг қудуққа тушиб ўлиши сабабли қирқ челак сув олиб ташлаш билан покланади.
Қирқ челак олиб ташлаш вожиб, бундан кўпроқ олиб ташлаш мустаҳабдир.
3. Агар қудуқда сичқон билан бирга мушук ҳам ўлган бўлса, бунинг ҳукми мушук тушгандаги ҳукм бўлади, яъни қирқ челак сув олиб ташлаш билан покланади. Кичик ҳажм (сичқон) катта ҳажмнинг (мушук) ичига кириб кетади. Сувни олишдан олдин қудуқдан ўлик ҳайвонни чиқариб ташлаш вожиб бўлади.

77) Сувни олиб ташлашнинг ҳукмлари қандай?
1. Агар ўлимтикнинг гўшти ва шунга ўхшаш нарсалар қудуқда қолган бўлса, сувни олиб ташлашдан олдин ўлган ҳайвонни ёки нажас моддани қудуқдан чиқариб олиш вожиб бўлади.
2. Қудуқдан бир неча челак сувни олиб ташлаш вожиб бўлганда ўша қудуқнинг ўз челаги эътиборга олинади. Агар қудуқнинг ўз челаги катта бўлса, қудуқларда ишлатиладиган одатий челак эътиборга олинади.
3. Сувни олиб ташлашда қайси челак билан бўлса ҳам белгиланган миқдорни олиб ташлаш муҳимдир.
4. Вожиб бўлган миқдорни олиб ташлашда челакнинг ярмидан кўпининг тўлиши кифоя қилади. Агар челакни тортиш вақтида челак қийшайиб, ундан сувнинг бир қисми тўкилиб кетса ҳам зарар қилмайди.
5. Сувни олиб ташлаш билан қудуқнинг ўзи, унинг қолган суви, арқони, чeлaги ва олувчининг қўли ҳам пок бўлади.

78) Нажосатлар қандай покланади?
Нажосат сув ёки сирка, атиргулнинг суви ва меваларнинг сувига ўхшаш оқувчи, суюқ ва нажосатни кетказувчи барча суюқликлар билан покланади. Сўлак билан ҳам поклаш жоиз. Шунга кўра, ҳайвоннинг боласи онасининг елинини уч марта эмса, пок бўлади.

79) Нажосатни сув билан поклаш қандай бўлади?
1. Агар нажас бўлган нарса чинни ва сирли идишларга ўхшаш нажосатни ўзига сингдирмайдиган нарса бўлса, фақат ювиш билан покланади.
2. Агар нажас бўлган нарса пахта, жун ва кийим каби нажосатни кўп сингдирадиган нарса бўлса, уни ювиш ва сиқиш билан ёки ювиш ва сиқишнинг ўрнига ўтадиган амал билан покланади.

80) Бир киши мева, идиш, тош ва шунга ўхшаш нарсаларни сув билан ювса ёки таҳоратли киши қўлидаги чанг ёки уннинг юқини ювса, ўша сув ишлатилган сув ҳукмида бўладими?
Йўқ, бу ишлатилган сув ҳукмида бўлмайди. Чунки бу сув бетаҳоратликни кетказиш ёки қурбат (савоб) учун ҳам ишлатилмаган. Бетаҳоратликни кетказиш ёки қурбат (савоб умидида таҳорат устига таҳорат) учун фойдаланилган сув «ишлатилган сув» ҳисобланади.

81) Бир киши таомланиш учун ёки таомдан кейин суннатни ният қилиб қўлини ювса, бу сув ишлатилган сувга айланадими?
Ҳа, у ишлатилган сувга айланади. Чунки суннатни бажариш ҳам қурбатдир.

82) Нажосатнинг турлари қайси?
Нажосат икки хил: кўринадиган ва кўринмайдиган турларга бўлинади.

83) Кўринадиган нажосат қандай бўлади?
Бунда нажосатнинг ўзи ёки асари нажосат теккан нарсанинг устида кўриниб туради. Кўринадиган нажосат фақат нажосатнинг ўзи кетиши билангина пок бўлади. Афзали такрор-такрор ювиб сиқишдир. Агар нажосатнинг асари кетмаса, ювилаверади ва тоза сув чиққунича сиқилади.

84) Қонга ўхшаш, кўриниб турган нажосат қандай покланади?
Нажосатнинг айнан ўзи кетиши билан покланади. Неча марта ювишнинг фарқи йўқ. Нажосатнинг асари қолса, қаралади: агар асари (ранги, ҳиди) қоладиган нажосат бўлса, унинг қолишининг зарари йўқ. Агар асари қолмайдиган нажосат бўлса, асари кетгунича ювилади. Агар сиқишнинг имкони бўлса, сиқилади.

85) Кўринмайдиган нажосат қандай нажосат?
У маст қилувчи ичимликлар ва нажас сувга ўхшаш теккан нарсанинг устида нажосатнинг ўзи ёки асари кўринмайдиган нажосатдир.

86) Кўринмайдиган нажосат теккан нарса қандай покланади?
Агар нажосат теккан нарса сиқиладиган нарса бўлса, уч марта ювиб, ҳар ювганда сиқиш билан тозаланади. Кийим билан бирга ювувчининг қўли, обдастанинг тутқичи ва сув тушадиган жўмраги ҳам пок бўлади.

87) Кўринмайдиган нажосат теккан нарса оқувчи сувга ботириш ёки кўп миқдордаги кўлмак сувга ботириб уёқ-буёққа ҳаракатлантириш ёки устидан бир неча маротаба сув қуйиш билан пок бўладими?
Ҳа, гарчи сиқилмаса ҳам пок бўлади. Гилам ва бўйрага ўхшаш кўп сув шимадиган ва сиқилмайдиган нарсалар эса уч маротаба тўлиқ сувга бўктириб, сўнгра сув томчиламай қолгунча ердан кўтариб, қуритиш билан покланади. Агар шу каби нарсаларнинг бир қисмига нажосат теккан бўлса, шу нажосатнинг остига ювинди сув тушадиган тоғора қўйилиб, гиламнинг устидан сув қуйилиб, томчи тугагунича кутилади. Бу иш уч маротаба такрорланиши билан пок бўлади.
Изоҳ: бу ўринда уч мартада нажосат кетсагина пок бўлади. Агар уч мартадан кейин ҳам нажосат қолса, нажосат кетгунича ювилади.

88) Нарсалар сув билан пок бўлади, лекин баъзида сувдан бошқа нарсалар билан ҳам покланади. Бу қандай амалга оширилади?
Муайян ҳолатларда артиш, ишқалаш ва қуритиш билан пок бўлади.

89) Нарсалар артиш билан қандай покланади?
Шиша, мармар, кўзгу, тирноқ, пичоқ ва шунга ўхшаш идишлар ва тешикчалари бўлмаган сайқалланган буюмлар каби силлиқ жисмлар артиш билан пок бўлади.

90) Балғам билан буруннинг суви нажосат ҳисобланадими?
Йўқ, улар нажосат эмас. Улар чиқиши билан таҳорат синмайди ва кийимга тегса, намоз ўқиса бўлаверади. Лекин улар инсон табиати жирканадиган нарсалар бўлгани учун одамларнинг кўзи тушадиган жойларга ташламаслик лозим.

91) Ҳўллаб артишнинг маъноси нима?
Бир кишининг баданидан бир қисми нажосат бўлса-ю ўша жойни ҳўл мато билан уч марта артганда баданидан сув томса, пок бўлади. Шунингдек, ҳўл қўли билан артганда ҳам сув оқса, пок бўлади. Чунки бу амал бундай ҳолатда ювиш ҳукмида бўлади, артиш ҳукмида эмас.

92) Қуритишдан мақсад нима?
Қуритиш билан ер ва ерга туташган ҳар бир дарахт, ўт-ўлан, асфальт, бетон қоплама, кафел, ғишт, бўёқ ва шу каби нарсалар пок бўлади. Улардан нажосатнинг асари кетсагина, қуриши билан пок бўлади. Агар нажосатнинг асари кетмаса, фақат ювиш билан покланади.

93) Ишқалашдан мақсад нима?
Ишқалаш билан кийим ва бадандаги қуруқ маний пок бўлади. Унинг асари (ранги ёки ҳиди) қолишининг зарари йўқ.

94) Суркаб ишқалашдан мақсад нима?
Суркаб ишқалаш билан маҳси ва кавушга теккан жуссали (қуюқ) қуруқ ёки ҳўл нажосатнинг асари ҳам кетса, пок бўлади.

95) Нажосатнинг ён-атрофидан ўйиб олишдан мақсад нима?
Яъни, бу билан нажосат теккан қисм бошқасидан ажратиб олинади. Бу йўл билан нажосат теккан қотган ёғ (сариёғ, шинни ва шу кабилар) покланади.

96) Сув билан аралашмайдиган моддалардан мақсад нима ва у қандай покланади?
Ёғ, суюқ сариёғ ва шу кабиларнинг устига ўз миқдорига тенг даражада қайноқ сув қуйилади ва сув ёғга сунъий равишда аралашиб кетгунча аралаштирилади. Ёғ тепага кўтарилганида ажратиб олинади. Шу иш уч марта такрорлангандан сўнг ўша ёғ пок бўлади.

 

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР