Тавсия қиламиз

ҚУРЪОННИ БИР-ИККИ ОЯТДАН ЎРГАНИШ ФАЗИЛАТИ 

Мақолалар access_time20-феврал 2018, 15:00

Илмни бир деганда мукаммал эгаллаб бўлмайди. “Оз-оздан ўрганиб доно…

Аллоҳнинг исмлари

Мақолалар access_time12-феврал 2019, 09:57

Аъроф сурасининг 180-оятида: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бор, улар билан…

Зийраклик соддаликни инкор қилмайди, балки ғафлатда қолмасликни англатади. 

Мақолалар access_time7-феврал 2018, 15:22

Абу Бакр Боқилоний роҳимаҳуллоҳ билан Рум подшосининг музокараси. (Таъсирли…

Таровеҳ намози йигирма ракъатми? Бировдан Пайғамбаримиз саккиз ракъат ўқиганликларини эшитиб қолдим. Унда саккиз ракъат ўқисак бўлмайдими?

access_time31-март, 16:40 visibility1053

САВОЛ:
Таровеҳ намози йигирма ракъатми? Бировдан Пайғамбаримиз саккиз ракъат ўқиганликларини эшитиб қолдим. Унда саккиз ракъат ўқисак бўлмайдими?
ЖАВОБ:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда саккиз ракъат ва яна уч ракъат витр ўқиганлар. Кейин умматга Фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, узр айтиб, умуман ўқимай қўйганлар.

Таровеҳни жамоат бўлиб йигирма ракъат ўқишликка уммат ижмоъ қилган.
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу бошлиқ саҳобаи киромлар таровеҳни йигирма ракъат ўқишган. Убай ибн Каъб, Тамим ад-Дорий, Зайд ибн Собит, Ҳазрати Усмон ибн Аффон, Ҳазрати Али каби энг улуғ саҳобалар, қорилар таровеҳни масжидда жамоат бўлиб йигирма ракъат қилиб ўқишган.

Тўрт мазҳаб имомлари ҳам шунга иттифоқ қилганлар. Имом Молик бир ривоятида таровеҳни саккиз ракъат ўқиган маъқул, деганлар холос. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:
“Бас, сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлдан боргувчи ва тўғри йўлга солгувчи халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг! Уларни маҳкам ушланг ва уларни озиқ тишларингиз билан тишлаб олинг!”. (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можжа ривоятлари).

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу насиҳат қиладилар:
“Кимки йўл танламоқчи бўлса, иймону илму амал билан вафот этганлар йўлини танласин. Зеро, тирик юрган одам фитнага йўлиқишдан сақлана олмайди. Ана ўшалар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидирлар. Улар бу умматнинг энг афзаллари, қалби энг яхшилари, илми энг чуқурлари, такаллуфи энг озларидирлар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг суҳбати учун, динини қоим қилиши учун уларни ихтиёр қилган. Бас, уларнинг фазлини танинг, илму амалда уларнинг изларидан эргашинг. Қодир бўлгунингизча, уларнинг хулқлари ва сийратларини маҳкам ушланг. Зеро, албатта улар тўғри йўлдадирлар”. (Имом Разин ривояти).

Аслида, таровеҳни саҳобаи киромлар иттифоқ қилиб йигирма ракъат ўқишлари бизга кифоядир. Бироқ, таровеҳни йигирма ракъат ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳам жуда заиф ҳадисда бўлса ҳам ривоят қилинган. Имом Табароний ва Байҳақий ҳамда Ибн Аби Шайбалар ўз ҳадислар тўпламида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда витрдан бошқа йигирма ракъат ўқиган эдилар. “Фатовойи Таторхониййа”да ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан уч кун ўн салом билан йигирма ракъат таровеҳ ўқиганликларини, сўнг таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни фарз бўлиб қолишдан қўрқиб тарк қилганларини қайд қилинган. (Фатовойи Таторхониййа, 1-жилд. 475-бет).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан бери таровеҳ намози ракъатлари ҳар хил бўлганлиги ҳам бор гап:
1) Таровеҳ йигирма ракъат бўлган. Буни Имом Байҳақий саҳиҳ иснод билан ас-Сойиб ибн Язиддан ривоят қилган.
2) Таровеҳ йигирма уч ракъат бўлган. Буни Ибн Аби Шайба Язид ибн Румондан ривоят қилган. Бу витр билан бирга бўлса керак.
3) Таровеҳ ўн бир ракъат бўлган. Буни Имом Молик “Муватто” асарида ас-Сойиб ибн Язиддан нақл қилган. Унинг айтишича, қори икки юз оятни ўқиганда, қиёмнинг узунлигидан одамлар ҳассага суяниб қолар эканлар. Уйларига одамлар саҳардан сал олдин қайтар эканлар. Охирги уч ракъати витр бўлган бўлса керак.
4) Таровеҳ саккиз ракъат бўлган. Пайғамбаримиз одамлар билан биринчи куни ўқиган намозларининг ракъати шундай бўлган. Кейин витр ҳам ўқиганлар.
5) Таровеҳ йигирма олти ракъат бўлган. Бу ривоятларни жамълаб, Имом Моликнинг айтган гапларидан бири. Кечанинг аввалида ҳамма билан масжидда йигирма ракъат ўқийди, кечанинг охирида витрдан бошқа олти ракъат ўқийди.
6) Таровеҳ витрдан ташқари ўттиз олти ракъат бўлган. Ривоятларни жамлаб, Имом Молик таровеҳ ўттиз олти ракъат, дейдилар. Кечанинг аввалида йигирма ракъат ўқилади, кечанинг охирида эса ўн олти ракъат ўқилади. Кўпчилик саҳобалар шу йўлни танлаган эканлар.
7) Таровеҳ қирқ бир ракъат бўлган. Охирги ракъати витрдир. Буни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал маъқул топганлар.

Қироати оз, енгил бўлганда таровеҳ ракъатларини кўпайтиришни барча мазҳаб уламолари таъкидлайдилар. Буни Ибн Таймиййа ҳам тан олган. Юқоридаги ривоятлардан кўриниб турибдики, оз ракъатдан бошланган таровеҳ йигирма ракъатда ўз камолига етди ва бутун мусулмонлар аҳли йигирма ракъатдан ўқий бошладилар. Ибодатга майл қўйганлар эса уйларига келиб, яна ракъатларни қўшиб ўқиганлар.

Мадинаи мунаввара қозиси Муҳаммад Солимнинг “Масжиди набавийда минг йилдан кўпроқ вақтда таровеҳ” номли мақоласи Мадинадаги Олий Маъҳад мажалласининг 1-7 сонларида эълон қилинган. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан бошлаб, то бизнинг давримизгача Пайғамбар алайҳиссалом масжидлари (Масжиди Набавий)да таровеҳ намозини ўқиш тартиботлари, адади ҳақида батафсил, тарихий далиллар асосида тўхталинган. Таровеҳ намозларига имомлик қилган машҳур имомлар ҳақида, хатми Қуръон маросимлари тўғрисида ҳам гапирган. Таровеҳ  намозларига имом бўлган тўрт мазҳаб уламолари ҳақида ҳам тўхталган. Ушбу мақоладан англашилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан бошлаб то бизнинг давримизгача хуфтандан кейин ўқиладиган таровеҳ йигирма ракъатдан ўзгармаган. Фақат кўп даврларда одатда таҳажжуд ўқиладиган вақтда яна қўшимча равишда ўн олти ракъат таровеҳ намози жамоат бўлиб ўқилган. Баъзан тўлиқ юз йилликларда эса таровеҳ шундай қилиб, яъни йигирма ракъат хуфтандан сўнг, таҳажжуд вақтида яна йигирма ракъат қўшимча қилиб қирқ ракъатга етказилган.

Саккиз ракъат ўқиш керак, дейдиганлар ибодатни ёқтирмайдиган, дангаса одамларнинг гапларидир. Зотан, Пайғамбаримиз саккиз ракъат ўқиганликлари умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, заруратан бўлганлиги боисдир. Шунингдек, ул зоти шариф таровеҳдан бошқа, Рамазон ойидан бошқа ойларда кечки намозларини, таҳажжуд намозини саккиз ракъат ва кейин уч ракъат витр қилиб ўқишлари жуда кўп ривоятларда зикр этилади. Хуллас, Расули акрамнинг таҳажжудлари аксар вақтларда ўн бир ракъат бўлган. Рамазон эса қўшимча ибодатлар қиладиган ой, намозларни кўпайтирадиган ой, Рамазонда кечалари ибодат қилиш Аллоҳ ва унинг расули томонидан алоҳида буюрилган ой... Демак, таровеҳ саккиз ракъат эмас, йигирма ракъат ўқилиши энг афзал, энг савобли ва суннатга энг мувофиқ амалдир. Демак, йигирма ракъат ўқиш ижмоъи уммат билан собит бўлган таровеҳ ададидир.

Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам заиф ривоят билан бўлса-да, йигирма ракъат таровеҳ ўқиганликлари Имом Байҳақий томонидан ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умари одилдек халифа бошчилигида саҳобаи киромлар таровеҳни йигирма ракъат ўқидилар. Агар саккиз ракъат ўқиш афзал бўлганида, албатта, шундай қилган бўлардилар.

Демак, бир минг тўрт юз йилдан бери таровеҳ йигирма ракъат қилиб ўқиб келинаётган экан, энди ҳам йигирма ракъат ўқийвериш керак!

Жамоатдан бошқа пайтда, шошилинч вақтда юқорида кўрсатилган ривоятларга биноан таровеҳ ракъатларини озайтириш мумкин. Ибодатга бўйин сунган, майл кўргизган ва намоз ўқишни ёқтирадиганлар эса унинг ракъатларини кўпайтиришлари ҳам мумкин.

Ҳамидуллоҳ Беруний

«Рўзаи Рамазон (савол-жавоблар)» китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР