Тавсия қиламиз

Рўзага оид масалалар 

Мақолалар access_time7-июнь 2017, 15:32

1. Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютиб юборса рўзаси очилмайди. Сўлакни…

Ислом неъмати

Мақолалар access_time21-май 2017, 20:41

Машойихларимиздан Бишр Хофий роҳимаҳуллоҳнинг сингиллари Зудда ривоят қиладилар: …

ЎРТА АСР АКАДЕМИЯСИ

Мақолалар access_time25-декабр 2021, 14:37

  Тарихчи Гюстав Лебон мусулмонларнинг илм-фанга эътиборини олқишлаб…

ЛАЪНАТ АЙТИШНИНГ ХАТАРЛИ ЭКАНИ

access_time8-сентябр 2022, 15:36 visibility2847

Аслида бировга лаънат айтиш деганда, уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаш маъноси тушунилади. Мўмин киши бошқа бир мўмин биродарини Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши оқибати хатарли бўлган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бирбирларига лаънат айтишларидан қайтарганлар: Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга Аллоҳнинг лаънати билан ҳам, Унинг ғазаби билан ҳам, дўзах билан ҳам лаънат айтманглар”, –дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: “Бир-бирларингиз билан лаънатлашманглар” деган сўздан “бирбирларингизнинг исмини айтиб, лаънатламанглар”, маъноси тушунилади. Зеро, лаънат айтиш жоиз бўлган ўринлар ҳам бор:

– Бировни аниқ айтмасдан умумий васф билан, масалан, “кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;

– Алоҳида хос васф билан, масалан, “Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин;

– Кофир ҳолида ўлгани аниқ бўлган кимсаларга, масалан, “Фиръавнга, Абу Жаҳлга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дейиш мумкин.

 Ушбулардан кўриниб турибдики, мўмин киши бошқа бир мўмин кишини қилган гуноҳи учун лаънатлаши, яъни уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаши жоиз эмас. Аммо баъзи тоифалар Язид ибн Муовияга нисбат берилган айрим ишлар сабабли унга лаънат айтишни жоиз санашган. Аҳли сунна вал-жамоанинг ичидаги баъзи аҳли илмлар ҳам айрим далилларни келтиришиб, шу қарашни қувватлашган. Булардан ташқари, авом одамлар орасида ҳам ушбу гаплар тарқалган. Жумҳур уламолар эса уларга қарши кескин раддиялар ёзишган. Шу каби омиллар бу масаланинг ақида китобларига кириб қолишига сабаб бўлган. Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санайдиганлар қуйидаги сабабларни келтирадилар:

1. Язид золим бўлган, золимларга эса лаънат бўлиши Қуръони каримда келган: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур) (Ҳуд сураси, 18-оят).

2. У Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатл этилишига сабаб бўлган, шунинг учун унга лаънат айтиш жоиз бўлади.

3. Язиднинг аскарлари Мадина аҳлига хунрезликлар қилишган, бунга йўл қўйиб бергани учун унга лаънат айтилади. Бунга далил: Соиб ибн Холлад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Мадинада яшовчиларни қўрқитса, албатта буюк Аллоҳ уни қўрқитади, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлади. Аллоҳ қиёмат кунида унинг тавба-тазаррусини ҳам, ростгўйлигини ҳам инобатга олмайди”, – дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.

Юқорида келтирилган учта сабабнинг ҳар бирига уламоларимиз батафсил раддиялар билдиришган. Биринчи сабабда кўрсатилган унинг золим бўлганига кўра “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг лаънати золимларга (бўлур)” маъносидаги оятнинг ҳукмига кириши ҳақидаги даъволарига шундай жавоб берилган: Бу оят умумий маънода бўлиб ким золим бўлса, унга лаънат бўлишини тақозо қилади. Аммо баъзида тавба билан ё қилган гуноҳини ўчирадиган савобли иш билан, ё қилган ишига каффорат бўладиган мусибатга учраш сабабли ё бирор шафоатчининг шафоати билан, энг муҳими меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зотнинг раҳмати туфайли бу ҳукм кўтарилиши ҳам мумкин. Шундай бўлганидан кейин мазкур оятни далил қилишиб, унга лаънат айтаётганлар, Язид ўша гуноҳидан тавба қилмаганини, Аллоҳга истиғфор айтмаганини қаердан биладилар ёки унинг гуноҳларини ўчирадиган савоблари бўлмаган дея оладилар-ми ёки қилган ишларига каффорат бўладиган мусибатларга учрамаганига гувоҳ бўлмаганлар-ку. Ёки Аллоҳ таоло уни кечириш ё кечирмаслигини аниқ билмайдилар-ку, ваҳоланки, Қуръони каримда шундай хабар берилган: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа кечирур” (Нисо сураси, 116-оят).

Шунинг учун агар унга нисбат берилган ишлар аниқ бўлган тақдирда ҳам, Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидаги “агар ҳалол санамаса, гуноҳи кабира мўмин бандани иймондан чиқармайди” ҳукмига кўра у гуноҳкор мўмин бандадир. Гуноҳкор мўмин банданинг кечирилишига шунча эҳтимоллар бўлгандан кейин унга лаънат айтгандан кўра, у тавба қилган дея “ҳусни зон” қилиб, тавбасини меҳрибонларнинг меҳрибони бўлган Зот қабул қилган бўлса ажаб эмас, дейиш афзалдир.

 

Унга лаънат айтадиганларнинг иккинчи далиллари бўлган “у Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатл этилишига сабаб бўлган, шунинг учун унга лаънат айтиш жоиз бўлади” деган сўзларига ҳам батафсил жавоблар берилган. Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг жавоби жавоблар ичидаги ажойибидир: “Агар Язидга лаънат айтиш жоизми ? Чунки у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни қатл қилган ёки қатл қилишга амр қилган кишидир дейилса, айтамизки: “Бу асло аниқлиги собит бўлган хабар эмас, шунинг учун унга лаънат айтиш у ёқда турсин, у Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ўлдирган, ё ўлдиришга амр қилган деб ҳам бўлмайди. Чунки аниқ бўлмасдан туриб, мусулмон кишини гуноҳи кабира қилишда айблаб бўлмайди...”. Агар Ҳусайннинг қотилига Аллоҳнинг лаънати бўлсин, ё уни қатл этишга буюрганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин деса бўладими? дейилса, айтамизки, “Тўғриси шуки, агар Ҳусайннинг қотили тавба қилмасдан ўлган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин дейиш жоиз бўлади, чунки унинг тавба қилгандан сўнг вафот этган бўлиши эҳтимоли бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни Ваҳший кофир ҳолида қатл қилган эди, сўнгра у куфрдан тавба қилди, қатл гуноҳи кабира, аммо куфр даражасига етмайди, шунга кўра ҳамиша ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтиш жоиз бўлавермайди. Тавба билан қайд этилмаган пайтда ҳам бу гуноҳ соҳибига лаънат айтишда хатар бордир, сукут қилишда эса хатар йўқ, шунинг учун сукут қилиш авлодир”. (Абу Ҳомид Ғаззолий. Иҳё улумид-дин, 3-жузи. “Мактабатуш шомила”. –Б 125.)

Язидга лаънат айтишни жоиз ҳисоблаганларнинг учинчи далиллари “Язиднинг аскарлари Мадина аҳлига қанчалар хунрезликлар қилишган, унинг бунга йўл қўйиб берганлиги сабабли унга лаънат айтилади”, деган сўзларидир. Муҳаққиқ уламолар бу даъволарини ҳам батафсил ўрганиб чиққанлар ҳамда қатъи ва собит йўллардан ривоят қилинмаганини ва бирортаси ҳам қабул қилишга яроқли ривоятлар эмаслигини исботлаганлар. Модомики, унга нисбат берилган ишлар исбот этилмай шубҳа остида қолдими, шубҳали далиллар билан мўмин кишига гуноҳи кабира нисбат берилмайди, – дейишган.

Хулоса қилиб айтганда, Аҳли сунна вал-жамоанинг жумҳури Язид ибн Муовияга лаънат айтишни жоиз санамаган. Унинг иши ҳақида ҳаддан ташқари гапни кўпайтирадиган хавориж ва баъзи мўътазилий каби фирқаларгина унга лаънат айтишган.

Эътиқод дурдоналари “Бадъул амолий” шарҳи китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА САВОЛЛАР