Тавсия қиламиз

АРАФОТДА 

Мақолалар access_time31-август 2017, 11:52

Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арафотда туриш ҳажнинг асосий…

Тафаккур_вақти

Мақолалар access_time9-октябрь 2018, 11:37

Кичик бир сичқон катта туянинг тизгинидан маҳкам ушлаган ҳолда, мағрурланиб…

«РОВАИУЛ БАЁН ТАФСИРУ АЯТИЛ АҲКАМ МИНАЛ ҚУРЪАН» КИТОБИНИНГ ХАТМОНАСИ

Янгиликлар access_time18-июнь 2017, 20:00

Жорий йилнинг 18 июнь, 23 Рамазон якшанба куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси…

Қуръони карим таърифи

access_time26-апрел 2017, 16:14 visibility1166


  Буйруқ майлидаги, «Иқраъ» - «Ўқи» - «Қироат қил» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий дастурнинг номи, «ўқимоқ», «қироат қилмоқ» маъносини англатувчи масдар-«Қуръон» бўлиб қолди. Луғат илми мутахасислари «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан бошқа, «жамлаш» маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишорат бордир.
Мана ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, унинг мусулмонларнинг му- қаддас китоби эканлигини билиб келмоқда.
Лекин Қуръони Каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки кимларнинг муқаддас китоби эканини билиш билангина бўлмайди. Фақатгина ул муқаддас китобни қандоқ китоб эканлигини билиш учун ҳам, махсус илм эгалари таърифига мурожат қилишга тўғри келади. 
«Улумул Қуръон» илми соҳиблари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар: «Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган, ожиз қолдирувчи каломидир».
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.
Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган, Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади. 
Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлмаганлари учун Қуръони Карим бўла олмайдилар.
«Тавотир ила нақл қилинган», деган иборадан, тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса, каломни ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сондаги кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан худди ана шу тариқада нақл қилингандир. Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амийни-ишончли соҳиби бўлмиш, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар. 
Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, менга мирзаларни чақиринглар, деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар шундоқ қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса, ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар. 
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар. 
Аллоҳ таоло эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ осишни амр этган. 
Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ўз шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача Қуръони Карим сонсиз саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб қелинмоқда. 
«Ибодатда ўқиладиган, деган қайддан, намозда ўқиладиган, маъно келиб чиқади. 
Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудусийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам Ул илоҳий китобнинг ўзини алоҳида ажратиб турувчи сифатларидан биридир.
«Ожиз қолдирувчи калом», деган сифат ҳам фақатгина Қуръони Каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир. 
@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР