Тавсия қиламиз

ЯРИМТА ОЛМА ҲАҚИ

Мақолалар access_time6-сентябр 2017, 13:20

Собит деган солиҳ йигит таҳорат олаётганида ариқда бир қизил олма оқиб келади.…

Келинга_мактуб 

Мақолалар access_time19-январ 2018, 18:46

Эрингиз яхши кўрадиган таомларни ширин  қилиб пиширингки, у уйини соғинсин.…

Расуллик мартабаси набийлик мартабасидан баланд ҳисобланади.  

Мақолалар access_time15-май 2017, 12:50

«Пайғамбар» сўзи форсий тилдан олинган бўлиб, пайғом етказувчи,…

Фарз намозлардан олдин ва кейин ўқиладиган равотиб суннат намозлар ҳақида

access_time21-декабр 2019, 15:10 visibility1910

Фарз намозлардан олдин ва кейин ўқиладиган равотиб суннат намозлари. Нима учун бу намозлар мавъизага илова қилиняпти? Чунки уларнинг аҳамиятини эслатма қилиб турмасак, дин душманлари бизни ана шу мўътабар суннатдан ҳам узоқлаштиришга ҳаракат қилишяпти. Сохта салафийлар, бемазҳаблар кўпайган сари масжидларда суннат намозларни ўқимаслик ҳолатлари, жамоатдан узоқлашиш, масжидда фарз намоз ўқилгач, суннат намозини ўқимасдан намойишкорона чиқиб кетиш ҳолатлари кўпайиб қоляпти. Шунингдек, сафарда суннат намозлар ўқиладими-йўқми деган саволлар ҳам кўпайиб қолди. Биз бугун ҳанафий мазҳаби бўйича беш маҳал намознинг суннатларига муносабатимиз қандай бўлиши кераклиги ҳақида гаплашиб ўтамиз. Биз бу намозларни ўқишни суннати муаккада, яъни таъкидланган суннатлар деймиз. Уларнинг ҳукми вожиб ўрнида бўлади. Беш маҳал намознинг суннатларнинг нақадар муҳимлигига имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган, «Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари 12 ракат суннат намози ўқиса, унга жаннатдан уй қурилади», деган ҳадисни далил қилиб келтирадилар. Равотиб суннат намозлар пешиндан олдинги 4 ракъат, пешиндан кейинги 2 ракъат, шомдан кейинги 2 ракъат, хуфтондан кейинги 2 ракъат ва бомдоддан олдинги 2 ракъат – жами 12 ракъат бўлади. Уларни тарк этган киши маломат қилинади, ўқиган одам савоб олади. Агар тарк қилишда бардавом бўлса, гуноҳкор бўлади. Юқоридаги биз ўқиган ҳадисни эшитган Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳо онамиз «Шу ҳадисни эшитганимдан кейин уларни бирор марта қолдирмай ўқиб келяпан» деган эканлар. 
Бомдоднинг фарз намозидан олдинги икки ракъат суннат намоз даражаси шу қадарки, имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом «Бомдоднинг икки ракъат суннати дунё ва унинг ичидаги ҳамма нарсадан афзалдир», деганлар.  
Шунинг учун бомдоднинг фарзига ухлаб қолган одам уни қазосини ўқимоқчи бўлса, пешингача суннати билан қўшиб адо қилади. ваҳоланки бошқа суннат намозларнинг қазоси ўқилмайди. Шунинг учун бошқа суннат намозларни узрсиз ўтириб ўқишда кароҳият йўқ, лекин бомдод намозининг икки ракъат суннатини узрсиз ўтириб ўқиш макруҳ бўлади. 
Сафарда суннат намозларни ўқиш масаласига келсак, биз уларни ўқиймиз, биродарлар. Устозимиз айтардиларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳатто нафл намозларни ҳам ўқир эдилар. Нафл намози ўқилгандан кейин, ундан юқори турадиган суннати муаккада намозлар албатта ўқилади. Тўғри, шароитга қаралади, уловнинг устида кетаётган маҳалда тўхташнинг имкони йўқ бўлса, улов бировники бўлса, жамоат транспорти бўлса, яъни уни тўхтатиш сизнинг ихтиёрингизда бўлмаса, шундай ҳолатлардагина қолдириш мумкин. Лекин бошқа барча ҳолатларда суннат намозлар сафарда ҳам ўқилади. «Аллоҳ таоло сафарда фарзни қисқартириб берган бўлса, суннатга не ҳожат?» дейиш инсоннинг ноқис ақлидан келиб чиққан гапдир. Биз бу каби муҳим масалаларда, ибодатларга оид ҳукмларда ақлга эмас, нақлга суянамиз. Нақлда эса Пайғамбар алайҳиссалом сафарда нафл намозларни ҳам ўқиганлар.  
Яна бир масала шуки, ҳанафий мазҳабида фарз билан суннат намознинг орасини ажратувчи фосила бор. Пайғамбар алайҳиссалом фарз намозлардан кейин тасбеҳ, такбир, таҳмид айтар эдилар деган ҳадиси шариф бор. Бошқа мазҳабларда, масалан шофеъий мазҳабида фарз намозни ўқиб бўлгандан кейин дарҳол тасбеҳларга ўтирилади. Мисол учун, пешин намозининг фарзини ўқиб бўлиб, салом берилгач, дарҳол тасбеҳ айтадилар, сўнг туриб, суннат намозларни ўқийдилар. Ҳанафий мазҳабида эса фарз намозидан кейин деганда улардан сўнг ўқиладиган суннат намозлардан ҳам кейинги пайт тушунилади ва тасбеҳлар равотиб суннатлардан кейин айтилади. Фарз билан суннатнинг фосиласи эса, имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзга салом берганларидан кейин уч марта «Астағфируллоҳ» деб, сўнг «Аллоҳумма, антас-салам ва минкас-салам, таборакта йаа зал жалаали вал-икром» дер эдилар. Бизнинг фарз ва суннат намозлар ўртасидаги фосиламиз мана шу. Масалан, жуманинг фарзига салом берганимиздан сўнг уч марта «Астағфируллоҳ» деб, «Аллоҳумма, антас-салам ва минкас-салам, таборакта йаа зал жалалу вал-икром» деймиз-да, суннат намозини ўқишга турамиз.  
Юқоридаги ҳадисда айтилганидек, суннат намозларни ўқиган одамга жаннатдан уй қурилади. Шундай экан, биз фарз намозини ўқиб, қаёққа шошамиз? Уйга бориб ўқиймиз дейишимиз мумкин. Тўғри, суннатларни ҳам уйда ўқиш мумкин, аммо уйда ўқиладиган нафл намозлар ҳам бор. Лекин равотиб суннатларни иложи борича масжидларда ўқишимиз керак, биродарлар. Уйда ўқиладиган нафл намозлар ўзи кўп. Қолаверса, бизда равотиб суннатларни масжидларда ўқиш урф бўлган. Шунинг учун кимдир фарздан кейин суннатни ўқимай чиқиб кетишни одат қилса, бошқалар кўзига кариҳ кўринади. Бу иш мақбул эмас, чунки фитнага сабаб бўлади. Бизнинг диёрларда неча асрлардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиб келиняптими, шунга амал қилайлик, биродарлар. Ўзимизни бошқача кўрсатамиз, бошқача бўламиз деб, намозларимиз ҳам бошқача бўлиб қолишидан Аллоҳ Ўзи сақлаган бўлсин. Бизнинг тажрибамизга кўра, шу ҳолатимизда бардавом бўлиш энг маъқул ва мақбул йўл бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барча амалларда Қуръон ва Суннатга мувофиқ, мазҳабимизга мувофиқ боамал бўлишни сўраб қоламиз. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР