Тавсия қиламиз

ҲАСАДГЎЙ 

Мақолалар access_time7-сентябр 2017, 15:45

Танловимизнинг якунловчи босқичи

Янгиликлар access_time12-декабр 2017, 12:41

Азизлар!  Танловимизнинг якунловчи босқичи – нашида йўналиши…

Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари

Мақолалар access_time5-июль 2019, 17:15

 Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид…

Авом одамнинг шариат иши билан, дин иши билан шуғулланиши ўғрилик ва зинодан ҳам хатарлироқдир

access_time22-январ, 13:24 visibility803

      Аллоҳдан ҳаё қилиш жуда кенг мавзу, биродарлар. Аллоҳдан ҳаё қилиш – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг белгилаб қўйган чегараларига ҳурматсизлик қилмаслик, бу чегарадан ҳатлаб, бир қадам ҳам босмаслик деганидир. Аллоҳ таолонинг чегараси – шариатнинг чегарасидир. Шундай экан, шариат чегараси билан асло ўйнашиб бўлмайди, биродарлар.

Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Авом одамнинг шариат иши билан, дин иши билан шуғулланиши ўғрилик ва зинодан ҳам хатарлироқдир».

Авом одамнинг диндан гапиришининг оқибати зино ва ўғриликдан ҳам хатарлироқдир. Авомлар дин ишини аҳли илмга қўйиб берсинлар. Дин борасида фақат аҳли илмлар гапирсин, чунки авом дин ишини гапирса, куфрга кетиб қолиш эҳтимоли каттадир. Бугун авомлигини тан ола туриб, яна диндан дарс бераётган, бу масъулиятли ишдан тап тортмаётганлар бизни жуда ҳам хавотирга солади. Авратини очиб, диндан дарс беряпман деб ҳадис ўқиётганлар бизни хавотирга солади. Бу жуда катта масала. Аммо энг ёмони – кўпчилик одамлар, жамият вакиллари шунинг фарқига бормаслиги, унинг тарафини олувчилар борлигидир. Ўзи эътироф қилиб турибди кимлигини, лекин шу ҳолда ҳеч тап тортмасдан ҳадис ўқиши, авом бўла туриб, ҳадисга шарҳ бериши, агар менинг гапим нотўғри бўлса, демак, ҳадис нотўғри дейишгача бориш – бу энг ёмонидир, биродарлар. Биз диндан узоқлашсак, мана шундай нарсалар пайдо бўлаверади. Биз буни аввалдан айтиб келамиз. Диндан узоқлашаверсак, булар ҳам ҳолва бўлиб қолади. Аллоҳ асрасин, қайнотасидан ҳомиладор бўлиб турган келин масаласи нима дегани? Отасидан ҳомиладор бўлиб турган қиз масаласи нима дегани? Диндан яна ҳам узоқлашаверсак, бундан баттар ҳолатлар ҳам чиқади. Афсуслар бўлсинки, аллақачон чиқяпти ҳам. Шундай масалалар борки, одам айтишга ҳазар қилади, лекин воқеликда бўлиб турибди. Бу ниманинг касофати? Бу ниманинг оқибати? Албатта, диндан узоқлашишнинг касофати. Ижтимоий тармоқлар «15 яшар қиз туғиб қўйди» деб ваҳима қиляпти. Туғиб қўяди-да, шунга шароит қилиб бергандан кейин! Аллоҳдан ҳаё қилиш ана шундай ўта кенг мавзудир.

Иккинчиси – малоикалардан ҳаё қилиш. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Инфитор сурасида «Ҳолбуки, барча сўз ва амалларингизни ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар номаи аъмолга ёзувчи улуғ зотлардир, улар нима қилаётганингизни билурлар», деган маънода марҳамат қилган. Инсоннинг икки елкасида ўтирадиган фаришталар ҳар доим сизу бизга ҳамроҳдир. Улар фақат халода ва жимода нари кетиб турадилар. Демак, улардан ҳам ҳаё қилишимиз керак. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу кечаси қоронғида ғусл қилаётганларида ёлғиз бўлсалар ҳам, баданларини очмаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса буни мақтаганлари ва бутун умматга тавсия қилганлар. Шунинг учун мусулмон маданиятида инсон ёлғиз қолганда ҳам бемалол, яланғоч бўлиб чўмилмайди ёки яланғоч бўлиб ётиб олмайди. Бизни асл маданиятимизда инсон эгнида доим либос бўлиши одобдир. Чунки ёнимизда фаришталар бор. Улар кўзимизга кўринмаса-да, ҳозиру нозирдир. Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифларида «Огоҳ бўлинглар, хало ва жимодан бошқа вақтда сизлардан айрилмай, доимо бирга юрадиган зотлар бор. Шундай экан, улардан ҳаё қилинг, уларни ҳурмат қилинг», деганлар.

Бир воқеани айтиб беришди: Хоразмнинг катта йўлида машина ўқдек учиб боряпти. Машинада бир гуруҳ домлалар бор, ораларида катта устоз ҳам ўтирибдилар, қаергадир бир таъзияга шошишяпти. Рулдаги киши – ёшроқ домлалардан бири. У машинани ниҳоятда тез ҳайдаб кетяпти, чунки йўл текис, радар йўқ. ДАН ходимлари йўқ, машина ҳам кам. Шунақанги тез ҳайдаяптики, спидометр 180 га чиқяпти. Орқада катта домла «Ҳай-ҳай-ҳай, Фалончижон, тўғри, бу йўлда радар йўқ, лекин Азроил бор» деб, бир амаллаб уни секинлаштирибдилар.

Учинчиси – одамлардан ҳаё қилиш. Бу ҳам жамиятнинг маънавий ҳолатига доир кенг масала. Одамлардан ҳаё қилиш – ўзгалар ҳузурида уятли саналадиган ишларни қилишдан ҳаё қилишдир. Масалан, авратни беркитиш, уни бегона кўзлардан яшириш, кишиларга тили ёки қўли билан озор бермаслик, ёмон сўзлар билан бировнинг дилини ранжитмаслик, таҳқирлаб, хўрламаслик ҳам одамлардан ҳаё қилишдир.

Бизнинг маданиятимизда ҳаммомга кирганда ҳам бемалол яланғоч бўлиб олмайди. Нафақат аёлнинг эркакка нисбатан, балки эркакнинг ҳам эркакка нисбатан аврати бор. Эркакнинг аврати киндигидан тиззасигачадир, бу авратни бошқа эркакнинг олдида очиш ҳаромдир. Худди шунингдек, аёлнинг аёлга нисбатан ҳам аврати бор. Аёллар ҳаммомида ҳам аёллар яланғоч бўлиб чўмилиши мусулмончиликка тўғри келмайди.

Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом ёнбошлаб ётган эдилар, Усмон розияллоҳу анҳу кириш учун изн сўраганларида ўтириб олганлар, чунки оёқлари бироз очилиб қолган эди. Бунинг сабаби эса Усмон розияллоҳу анҳу ниҳоятда уятчан инсон бўлганлари учун уялганидан сўрамоқчи бўлган нарсасини сўрай олмай, қайтиб кетмасин деб шундай қилганлар.

Шунинг учун Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом «Бир ишни одамлар кўришини истамасангиз, ўша ишни хилватда қолганингизда ҳам қилманг», деганлар.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу «Одамлардан уялмайдиган кишида хайр йўқ», деганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Одамлардан ҳаё қилмаган кимса Аллоҳ таолодан ҳам ҳаё қилмайди», деганлар. Умар розияллоҳу анҳу «Кимнинг ҳаёси оз бўлса, парҳезкорлиги, тақвоси озаяди. Кимнинг тақвоси оз бўлса, қалби ўлади», деганлар.

Бизнинг исломий маданиятимиз ана шундай эди, биродарлар. Энди ҳам ана шундай бўлиши керак. Аммо ҳозирчи? Одамлар орасида ҳеч уялмайдиган сўконғичлар бор, оғзи шалоқ фосиқлар бор. Ўзларича аёллар бор бўлса, «Ҳой, аёллар бор!» деб қўйишади. Ваҳоланки аслида эркаклар олдида ҳам сўкиш мумкин эмас, умуман, фаҳш сўзлар билан сўкиш мутлақо қабиҳ ишдир, ниҳоятда ёмон одатдир.

Тўртинчиси – ўзидан ҳаё қилиш. Ҳакимлардан бири айтадилар: «Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим. Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўз нафсини ўзининг олдида қадрсиз қилибди».

Азизлар, биз ҳаё ҳақидаги оят-ҳадислардан гапиряпмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятларни ҳадислар билан шарҳлаб берар эканлар, ўзларининг хулқларида, гўзал ахлоқларида барчамизга, бутун дунёга, бутун инсониятга ўрнак бўлганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломни тавсифлаб, шундай дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинчакнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ эди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик». Чимилдиқдаги келинчакнинг ҳаёси деганда эндигина балоғатга етиб, никоҳи ўқилиб, чимилдиққа кирган, ҳаё ва ибодан юзлари қизариб, ерга кириб кетгудек қимтиниб турган ҳақиқий муслима келинчакларни, ҳақиқий ўзбек келинчакларини, қалби ҳаё ва иффатга тўла келинчакни тушунамиз. Аммо ҳозирги вақтдаги чимилдиқдаги келинларни эмас. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаёлари ана шу ота-боболаримиз, момо-бувиларимиз давридаги чимилдиққа кирган келинчакнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ бўлган экан. Пайғамбар алайҳиссалом хижолат бўлсалар ёки жаҳллари чиқса, ой юзларидан шундоққина билиниб турар эди.

Имом Термизий Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда у зот шундай дедилар: «Фаҳш нимада бор бўлса, уни албатта шарманда қилади. Ҳаё нимада бор бўлса, уни албатта зийнатлайди. Ҳаё иймондандир. Иймон эса жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодандир, жафо эса дўзахдадир».

Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда «Уялмасанг, билганингни қил», деган машҳур ибора айтилган. Бу ибора бутун Ислом оламида машҳур бўлиб, шиор даражасига кўтарилган. Шу боис беҳаёлик қилишга, бир инсоннинг, бир мўминнинг обрўсини тўкишга, уни хижолат қилишга, уни одамлар олдида изза қилишга асло ҳаққимиз йўқ. Биз буни асло унутмаслигимиз керак.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ҳумаза сурасининг дастлабки оятида «Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин!» деб қаттиқ огоҳлантирган. Бугунги кунда бу оятнинг тафсирини қаерда кўрамиз? Албатта, энг аввало интернетда кўрамиз. Бирорта гап, фикр, овоз ёки тасвирнинг тагига ёзилган изоҳларни кўрсангиз, ўзбек, мусулмон одамларнинг ёзаётган «коммент»ларига кўз ташласангиз, уят ва аламдан ёқа ушлайсиз. Бир-бирини айблаган, бир-бирини сўккан, бир-бирини ҳақорат қилган, бир-бирининг обрўсини тўккан одамларнинг сон-саноғи йўқ. Бировни маломат қилиш, ҳақорат қилиш оддий нарса бўлиб қолдими? Шундайлар борки, ўзича Исломда ўта тақводорман деб иддао қилади, «Ҳақни гапирмаяпсизлар, сизлар сарой муллаларисиз» деб, бизни тақвосизликда айблашади. Лекин ўзларининг гапи фақат сўкиш, ҳақорат. Соқоли киндигига тушади, лекин тилидан чиқаётган фаҳш сўзларни биз ёлғиз ўзимиз ўтирган ҳолатда ҳам айтишга тилимиз бормайди. У эса бу ифлос сўзларни бутун жамиятга гапиряпти, ваҳоланки орқасида Ислом деган шиори турибди. Ҳар бир сўзи бир мусулмоннинг обрўсини тўкиш, айблашдан иборат. Ваҳоланки Аллоҳ таоло «Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин!» деб огоҳлантириб турибди. Бизга ҳар қанча таъна, маломат ва туҳмат тошлари отилмасин, туҳматлар қилинмасин, ўз вазифамизда, динни ёйиш, Исломни тарқатиш борасида Аллоҳ таоло битта йўл кўрсатиб қўйган, бу йўлдан чиқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аллоҳ таоло ояти каримада: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг, улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг», деб марҳамат қилган. Бизнинг манҳажимиз, усулимиз, қоидамиз, қолипимиз шу, шундан ҳеч қачон чиқмаймиз. Даъват иши доим шундай бўлади, биродарлар. Дин фақат ҳикмат билан, гўзал панду насиҳатлар билан етказилади. Тортишувда, баҳс-мунозарада ҳаддан ошиш мумкин эмас, «Энг гўзал услубда мунозара қилинг», дейилдими, энди нафақат сўкиниш ёки ҳақорат қилиш, балки ҳатто овозни ортиқча кўтариш мумкин эмас. Ҳақорат қилмасдан, шахсиятга ўтмасдан, гўзал услубда мунозара қилишга буюрилганмиз. Алломаларимиз, устозларимиз ўз тавсияларида ортиқча тортишишдан қайтарганлар. Ортиқча тортишиш, баҳс-мунозара қилиш бефойда нарса. Сиз фақат ҳақни гапиринг, қабул қилмаяптими? Яна гапиринг, яна гапиринг. Ўша одам бегона бўлса, уч мартадан кейин бу даъват сиздан соқит бўлади. Лекин қариндошингиз бўлса, аҳлингиз бўлса, бир умр соқит бўлмайди. Сиз ҳақни гапиринг, аммо ҳақ одам хотиржам бўлади, оғир-босиқ бўлади. Сиз ҳақмисиз? Тортишманг, қизишманг. Ноҳақ одам қизишади, ноҳақ одамнинг жазаваси тутади. Қизишиб, асабийлашиб, охири сўкишишга, ҳақорат қилишгача бориб ўтирманг. Бизнинг вазифамиз – етказиб қўйиш, холос. Аммо ҳидоятни унинг қалбига соладиган Зот – фақат ва фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Агар бировнинг қалбига ҳидоят солиш банданинг қўлида бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибни мусулмон қилган бўлардилар. Аммо ундай қила олмадилар. Шу боис, у зот ҳам фақат етказдилар. Қалбга ҳидоят солишни эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳавола қилдилар. Шунинг учун бизнинг вазифамиз – мана шу манҳаждан чиқмаслик, доим хушмуомала билан, ширинсўзлик билан Исломни етказишдир. Кимдир тортишиб, гезариб, сизни ҳақорат қиляптими, парво қилманг, ўтиб кетаверинг. Уни ўз ҳолига қўйинг, сўкаверсин, хоҳлаганича ҳақорат қилаверсин. Чунки у бу амалларни, сўкишларни, ҳақоратларни ўзининг саҳифасига ёзяпти, сизнинг саҳифангизга эмас. Майли, хоҳлаганича сизни таҳлил қилиб, айблайверсин, қайтага сизга фойда беряпти, даражангизни оширяпти, гуноҳингизни тўкиб беряпти.  Демак йўлимиз услубимиз мана шундай бўлади. 

 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР