Тавсия қиламиз

Мени йиғлатган иборалар...Ота ким?

Мақолалар access_time22-июнь 2019, 11:06

Магистр  талабаларига бир савол  берилди. "Ота ким?"…

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИДИР

Мақолалар access_time16-ноябрь 2017, 19:28

«Мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва динлараро тотувликни,…

Ҳаётий қисса 

Мақолалар access_time9-сентябр 2017, 17:03

Бир камбағал, фақир кишининг бошига оғир ташвиш тушди, қарзлари кўпайиб…

Билингки, тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор

access_time29-январ, 18:17 visibility598

     Мазҳаб борасида шайхул Ҳинд (Ҳинд диёрининг шайхи), «Ҳужжатуллоҳул-болиға» китобининг муаллифи Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавийнинг иккита гапларини айтиб ўтамиз. Иккита китобдан келтириляпти, «Ақдул жаййид» деган китобнинг 36-саҳифасида шундай дебдилар: «Ушбу тўрт мазҳабни тутишда, улардан бирини ушлашда буюк фойда бор. Мазҳабларнинг биронтасидан юз ўгиришда эса катта бузуқлик бор». Кейинги сўзари «Инсоф» деган китобнинг 70-саҳифасидан олиняпти: «Масалан, Ҳинд диёрида бир инсон авом бўлса, илмсиз бўлса, унга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилиш вожиб бўлади, ўша мазҳабдан чиқиш унга ҳаром бўлади». Ҳинд диёрида ҳам, бизнинг диёрда ҳам ҳанафий мазҳаби тарқалган. Бу улуғ уламоларнинг гаплари. Бугун нафақат мен, балки ҳар бир аҳли илм ҳам бунга ҳайрон: «Шунчалик илмлари кучлимики, бу улуғларнинг сўзини олмай, ўзбошимчалик қилишяпти?»

Кўпчилик биродарларимиз орасида ҳам намозни бошқалардан фарқли равишда ўқиш ҳолати кузатиляпти. Бунинг кўпчиликка эриш туюлаётган бир кўриниши – оёқни кериб олиш. Ўзини аҳли ҳадислар деб атаётганлар уларга шундай қилиш керак деб айтишган эмиш. Тўртта мўътабар фиқҳий мазҳабда ҳам оёқнинг орасини ҳаддан ташқари кенг қилиб бўлса ҳам, иккинчи одамнинг оёғига теккизиш керак деган гапнинг ўзи йўқ. Бизнинг мазҳабда иккита оёқнинг ораси камида тўрт энли бўлади, бўлмаса гавдага қараб турилаверади, дейилган. Шофеъий мазҳабида бир қарич бўлсин дейилган. Моликий ва ҳанбалий мазҳабида эса гавдасига қараб, елкасига қараб тураверади, лекин оёқларининг орасини ҳаддан зиёд кенг қилмайди дейилган. Бугун оёқни кериб олиб, қўлини кўкрагига қўйиб, оминни жаҳрий айтиб ўқиётган йигитлар бу гапни қаердан оляпти? Ҳадисдан ўқиб оляпти.

Бир фараз қилайлик. Агар шариатда ҳар бир одам фиқҳни ҳадисдан ўзи олаверсин дейилган бўлса, 14 асрдан бери намоз ибодати неча минг хил, неча миллион хил бўлиб кетган бўлар эди.

Энди бир мисол келтирайлик. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом Хайбарга кетаётганларида саҳобаларга: «Бирор киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!» деб тайинлайдилар. Ҳамма Хайбар жангига кетяпти, у ерда Бану Қурайза яҳудийлари яшайди. Ўша жойга боргунча ҳеч ким асрни ўқимасин деган буйруқ бўлди. Улар йўлда кетишаётганда аср намозининг вақти кирди. Шунда бир гуруҳ саҳобалар «Росулуллоҳ бизга тайинладилар, Бану Қурайзага етиб бормагунимизча асрни ўқимаймиз», дейишди ва ўқишмади. Бир гуруҳ саҳобалар эса ижтиҳод қилишди, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу гапларидан тез юриш назарда тутилди, бизга тез юринглар деганлари бўлди, шунинг учун тезгина аср намозини ўқиб, йўлга тушаверамиз» деб, аср намозини ўқиб олишди. Икковлари ҳам бориб, бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломга айтганларида ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Икковингиз ҳам тўғри қилибсиз», дедилар. Кўряпмизки, саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик вақтларидаёқ ижтиҳод қилишган. Ҳадис айтиляпти, ўша ҳадисдан ижтиҳод қилиб, маъно олиняпти. Имом Абу Ҳанифа, имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Шофеъийлар ижтиҳод қилишган. Оят ва ҳадислардан, ижмоъ ва қиёсдан масаланинг енгилини олиб, инсонларга ҳавола қилганлар.

Бунга иккинчи далил – Набий алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий ҳамда устоз қилиб юбордилар. Ана шу пайтда, ҳазрати Муозни юбораётганларида Пайғамбар алайҳиссалом Муозга: «У ерда сизга бирор масала дуч келиб қолса, қандай ҳукм чиқарасиз?» савол берганлар савол берганлар. Ҳамма саҳобалар эшитиб туришибди. Муоз: «Аллоҳнинг Китоби билан», дедилар. У зот: «Агар Аллоҳнинг китобидан тополмасангизчи, эй Муоз?» дедилар. «Унда Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадислари билан», деб жавоб берди Муоз. «Ҳадислардан ҳам тополмасангизчи», деган эдилар, Муоз: «Қараб турмасдан, фикрим билан ижтиҳод қиламан», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом хурсанд бўлиб кетдилар, Муознинг кўксига енгилгина, эркалаш маъносида бир уриб қўйиб, «Росулуллоҳнинг элчисини Росулуллоҳни рози қиладиган ишга муваффақ қиладиган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!» деган эканлар. Буни имом Абу Довуд ва имом Термизийлар ривоят қилишган.

Саҳобалар бир масаланинг ечимини оят ва ҳадисдан топа олишмаса, ижтиҳод қилишга ҳақлари бор эди. Имом Абу Ҳанифадек олимлар ҳам, яъни мазҳаббоши имомлар ҳам худди шундай ижтиҳод қилганлар. Барчамизга маълумки, одамлар Ислом арконларини адо этиш борасида икки тоифага бўлинади: мужтаҳидлар ва муқаллидлар. Муқаллид дегани тақлид қилувчи дегани, етарлича илми йўқ, авом кишилар муайян бир мазҳабга эргашадилар. Сизу биз – ҳаммамиз муқаллидмиз, ҳанафий мазҳабига эргашамиз. Мужтаҳидлар эса илмда юксак бир даражага эришган, оят, ҳадис, ижмо ва қиёсдан ўзи мустақил равишда ечим топа оладиган буюк олимдир. Мужтаҳидлар ҳам ўз навбатида икки хил бўлади – «мужтаҳид биш-шаръ» ва «мужтаҳид бил мазҳаб». Биринчиси – имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъийларга ўхшаб, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм истинбот қилиб, ўзи мазҳаб туза олган буюк уламолар. Иккинчиси эса имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфарга ўхшаб, бир мазҳаб доирасида ижтиҳод қила олувчи олимлар. Аслида улар ҳам мужтаҳид мутлақ бўлган, лекин мужтаҳид бил мазҳаб.

Сизу биз эса муқаллид ҳисобланамиз, яъни ўша буюк уламоларнинг мазҳабига эргашувчилармиз. Мужтаҳид бўлишнинг қатъий белгиланган шартлари бор. Уларнинг баъзиларини, энг муҳимларини санаб ўтайлик.

Биринчиси – Қуръони Каримни ёддан билиш, тафсирлари билан билиш, оятларнинг қироатини барча лаҳжалари билан билиш, Қуръони Каримни мўътараф қироатлари билан билиш. Масалан, имом Осим қироатини билиш, умуман, қироатдаги мазҳабларни ҳам билиш керак.

Иккинчиси –  ҳадисларнинг ҳаммасини билиш, «сиҳоҳи тисъа» (тўққизта машҳур ҳадис жамланмаси) ва ундан бошқа ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни билиш. Ҳадисларни билиш деганда қайси ҳадис қачон айтилган, қандай ҳолатда айтилган, бу ҳадис айтилганда Пайғамбар алайҳиссаломни ёнларида кимлар бўлган – ҳаммасини билиш назарда тутилади. Мужтаҳид одам ўша оят-ҳадисларнинг носих-мансухини, яъни қайси бирининг ҳукми қолган, қайси ҳукм бекор бўлганини ҳам билиши керак.

Учинчиси – араб тилини барча лаҳжалари билан билиш. Уламоларимиз «Араб тилини билмаган одам туя игнанинг тешигидан ўтганда ҳам мужтаҳид бўлмайди», деганлар. Араб тилини билмай туриб мужтаҳидликни даъво қилиб бўлмайди. Араб тилини билганда ҳам фақат муҳовара (сўзлашув) эмас, балки бу тилни мукаммал билиш, барча лаҳжалари билан билиш керак. Миср араблари қандай гаплашади, Лубнон араблари қандай гаплашади, Тунис қандай гаплашади, саудияликлар қандай гаплашади, Яманнинг лаҳжаси қандай – ҳаммасини ажрата билиши керак.

 

Мана шу учта асосий шарт, қолганларини айтмай қўяверайлик. Ҳозир кимда шу учта шарт топилади? Борми шундай даражадаги одам? Йўқ бўлса, бир одамда бу шартлар топилмаса, муқаллид бўлади, мазҳабга эргашади. Ўн тўрт асрдан бери яшаб ўтган шунча улуғ, буюк зотлар адашиб юрган экан, саҳобаларни кўрганлар, саҳобалардан дарс олганлар адашган экан-да, шу асрда яшаган одамлар ҳақ йўлда экан.

Албоний, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, ибн Боз, ибн Усайминларгина тўғри, лекин бошқалар адашган дейиш, булардан ўн уч аср аввал яшаган тобеъинлар адашган дейиш қандай гап? Ҳар бир хом сут эмган банда каби, бу аҳли илмларнинг ҳам ақлида бирозгина ноқислик бўлса керак? Тобеъинларчалик эмасдир даражалари?

Бу қизиқ ва кенг мавзу. Динимизда илм мааласи шу қадар муҳим, шу қадар чуқурки, бу диний илмлар шундай нозикки, шундай масъулиятлики, дуч келган одам хоҳлаган нарсани гапираверишга мутлақо ҳаққи йўқ.

 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР