Тавсия қиламиз

ЖАННАТ ДАРАЖАЛАРИ ВА УЛАРДАН МЎМИНГА БЕРИЛАДИГАНЛАРИ ҲАҚИДА

Мақолалар access_time6-апрел, 14:53

Термизий раҳимаҳуллоҳ Ато ибн Ясордан, у Муоз ибн Жабалдан ривоят қилади: …

АЛЛОҲНИНГ РОЗИЛИГИ УЧУН ДЎСТЛАШГАН ИНСОНЛАР

Мақолалар access_time10-март 2017, 17:17

Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар эканликлари баён…

Ўқинг, фақат йиғламанг

Долзарб мавзу access_time10-март 2017, 18:25

Бир куни фақирона кийинган, маъюс бир аёл сабзавот дўконига кирди. Дўкон…

Синовлар бизга нима учун берилади?

access_time2-феврал, 22:00 visibility724

     Синовлар бизга улкан тажриба ато қилади. Синовлар бизга одамларни, дўст-душманни ажратиб беради, атрофимизда юрганларнинг қайси бири содиқ, қайсиси сохтакорлигини ажратиб беради. Шунинг учун синовларни Роббул оламиндан келган неъмат деб қабул қилишни ўрганишимиз керак. Охир-оқибат бу синовлардан албатта чиқамиз. Ахир ўзингиз эслаб кўринг, ўйлаб кўринг, кўпчилигингиз оғир-оғир синовларга йўлиққансиз, ҳеч кимдан нажот қолмаган, боши берк кўчага кириб қолгансиз. Ҳамма сиздан ўзини олиб қочди, ҳеч ким ишингизга аралашмади. Вазият олов-аланга бўлиб ёняпти, лекин сиз ёниб кетмадингиз-ку! Тамом бўлдим, ўлдим деган эдингиз, ўлмадингиз. Ҳамма сиздан қочган эди, ёлғиз қолиб кетдингиз, ҳатто аёлингиз ва болаларингиз сизга кераксиздек муомала қилди, лекин сиз бадном бўлмадингиз-ку? Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мушкулингизни осон қилди, ёрдамчиларни берди, ҳаммаси изига тушиб кетди, бугун эсдан ҳам чиқиб кетяпти. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг марҳамати, биродарлар.  
Бугун жумага тайёргарлик кўраман деб, шайх Ҳасан Майданийнинг ҳаётларини ўқидим. У зот ҳақидаги ажойиб бир қисса билан сўзимизни тугатамиз.  
Шайх Майданий раҳматуллоҳи алайҳ аёллари билан мўъжазгина уйда яшаганлар. Уйларида доим талабалар бўлар эди. Аёллари Умму Абдурраҳмон ўша талабаларни боқиш, уларга чопон тикиш билан овора эди, чунки талабаларга онадек меҳр қўйган эди, эрининг шогирдларига меҳрибон аёл эди, усти юпун талабаларга чопон тикиб берар эди. У зот Димашқнинг Майдан деган маҳалласида яшаганлар, шунинг учун Майданий тахаллусини олганлар. Ҳозир Димашқда ўша Майдан маҳалласида Жомеъул Ҳасан деган катта бир масжид бор, у зотнинг номларига қўйилган. Бу масжидни Ҳасан Майданий ўзлари бош-қош бўлиб қурган эканлар, шунинг тарихини ёзибдилар. Маҳалла фаоллари ҳазратни масжид қурилишига бош-қош қилиб қўядилар. Қурилиш учун суриянинг пулида 40 000 керак экан. Бу ўша маҳалда жуда катта пул экан. Ҳазрат маҳалла фаолларини йиғдилар-да, барча савдогарларга, тожирларга одам юбориб, маҳалламизда масжид қуришни бошлаймиз, эҳсон қилишларини сўрадилар. Аммо юборилган одамларнинг ҳаммаси ҳазратнинг уйига ғамгин бўлиб, қуруқ қўл билан қайтиб келишди, «Ҳазрат, бирорта савдогар, бирорта бой марҳамат кўрсатмади, ёрдам қиламиз ҳам дейишмади, пул ҳам беришмади», дейишди. Ҳазрат маҳзун бўлиб қолдилар. Масжидни ишини бошлаш керак, пойдевори бошлаб қўйилган, аммо маблағ йўқ. Шунда у зот ўз уйларининг ҳужжатини олиб чиқиб, шу уйимни сотаман, бошланишига етиб туради, дедилар. Лекин бу уй аёлларининг мулки экан. Аёллари эрининг аҳволини кўриб, «Нима гап, Абу Абдураҳмон?» деб сўрадилар. «Уйнинг ҳужжатини бер, эй Умму Абдураҳмон, уйни сотмасак, савдогару бойлардан марҳамат чиқмади, масжидни бошламасак бўлмайди», дедилар. Аёллари талабаларга узумнинг баргига ўраб пишириладиган дўлма тайёрлаб ўтирган эканлар. «Дарров қўлини артиб, бутун бошли Димашқда масжид қуришга менинг мулкимдан бошқа бировнинг марҳамати йўқмикан? Ахир бу уй мени, сизни, қанча табалангизни сиғдириб турган бўлса, бу ерда илм, дарс бўлаётган бўлса! Йўқ, бермайман», дедилар. Шайх уйдан яна ҳам маҳзун бўлиб чиқдилар. Ҳамма қараб турибди, уларга нима дейишини билмайдилар. Масжид қурилиши эълон қилиб қўйилган, аммо бирон кишидан марҳамат йўқ. Шу пайтда эшик тақиллаб қолди. Қарасалар, нотаниш бир меҳмон экан, Урдундан келган экан. У киши ҳазратни танимас экан, уйларини ҳам билмас экан, сўраб-сўраб келиб, «Шайх Ҳасан ким?» деб сўради. Ҳамма унга ҳазратни кўрсатди. «Мен Урдундан келдим. Акам вафот қилишидан олдин менга васият қилиб қолдирган эди. Мана бу 40 000 суриянинг пули бор, акам Димашққа борасан, шайх Ҳасан деган одамни топиб, шу пулни унга берасан. Ўзлари тасарруф қилиб, бир масжид қурсин, савоби менга келиб турсин деб васият қилган эди, шуни олиб келдим», дебди. Ўша ерда бунга гувоҳ бўлиб турган одамлар «Аллоҳу акбар!» деб осмонни нидоларга тўлдириб юборишди. Ҳазрат меҳмонга қараб, «Пулларни мана бу фаолларга бер, ҳозиргина улар мендан шу пулни сўраб туришган эди», дедилар.  
Аллоҳ таоло мухлис банданинг қўлини қуруқ қайтармайди.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР