Тавсия қиламиз

ОИЛА - АЪЗОЛАРГА ТАЪРИФ...

Мақолалар access_time13-декабр 2018, 11:51

 Ота...  Ундан пайдо бўлдингиз.  Сизнинг аслингиз. …

Бу дунё – синов майдони.

Мақолалар access_time5-июль 2018, 11:25

Ҳар бир инсон, ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолога  комил ихлосли бўлса,…

Ҳис қилиш доирасидан ташқари илм

Мақолалар access_time29-июнь 2019, 17:18

 Модомики, ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша…

Гуноҳ қилган мусулмон кофирга чиқарилмайди

access_time17-феврал, 11:36 visibility786

      Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур-Росулуллоҳ»ни айтса, зоҳиран мусулмон ҳисобаланади. Ботинан эса унинг қалбини билиш бизга эмас. Биз қалбни билолмаймиз, биродарлар. Шунинг учун бу масала ҳамиша, ҳамма вақт зоҳирга қараб ҳукм қилинади. Биров уялса ёки жаҳли чиқса, ранги қизаради, тўғрими? Биз зоҳирига қараб, унинг жаҳли чиқди ёки уялди, деймиз. Инсон танасида тахминан беш литр қон оқади. Бу қон инсон терисининг остида, томирларида оқади. Лекин игнанинг тешигидай жойдан қон чиқиб, ёнига оқса таҳорат бузилди, деймиз. Енгил ёки оғир нажосат чиқса, ел чиқса ҳам таҳорат бузилди деймиз. Лекин токи шу қон ёки нажосат чиқмас экан, ичида қони ёки нажосати борлиги учун таҳорати йўқ дея олмаймиз. Демак, ботиндаги зоҳирга чиқмагунча, унга ҳукм берилмайди. Эътиқодда ҳам худди шундай. «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Росулуллоҳ»ни айтган одам мусулмон ҳисобланади.

     Пайғамбар алайҳиссаломнинг севиклилари, энг яхши кўрган саҳобаларининг ўғли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Бизни бир ғазотга юбордилар. Кўп душманларни яксон қилдик, ҳатто бир ансорий икковимиз бир душманни қуршаб олдик. У иккаламизнинг ўртамизда қолганда «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Росулуллоҳ» дея бошлади. Лекин ансорий уни тутиб турди, мен эса найза санчиб, уни ўлдирдим. Кейин келиб, бўлган воқеани Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эдим, «Эй Усома! Ла илаҳа иллаллоҳни айтса ҳам ўлдирдингми?» дедилар. Мен ҳарчанд «У бу гапни қўрққанидан, жонини қутқариш учунгина айтди, холос» деб неча марта айтсам ҳам, у зот ўша саволни такрорлайвердилар. Бу гапни шунчалик кўп такрорладиларки, ўзимга ўзим «Қанийди шу бугунги кунгача мусулмон бўлмаган бўлсаму, бугундан кейин мусулмон бўлсам эди», яъни ўшани ўлдириб қўймасам эди, деб юбордим. Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Ла илаҳа иллаллоҳни айтгандан кейин ҳам уни ўлдирдингми, эй Усома?» деяверганлари «Сен унинг қалбини очиб кўрдингми? «Ла илаҳа иллаллоҳ» дедими, уни ўлдириш керак эмас эди», деганлари эди.

      Мана ўзингиз ҳам кўп марта гувоҳ бўласиз, Исломни қабул қиламан деб келган турли миллатдаги инсонлар келишади, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Росулуллоҳ», дейишади. Шу заҳоти биз уни биродар деб қучоқлаб, бағримизга босамиз, табриклаймиз, чунки шу биргина калимани айтиши билан энди у бизнинг ака-укамизга айланади. Лекин унинг ичида қандай фикрлар ўтаётганини, кўнглидан нималар кечаётганини билмаймиз. Шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқларни мунофиқ деб айтмаганлар. У зот мунофиқлар кимлигини фақатгина Ҳузайфа Яманий розияллоҳу анҳуга омонат сифатида, махфий равишда айтганлар, лекин бу сирни ҳеч ким айтмайсан, ўзинг билан қабрга кетади деганлар. Ўша пайтда Мадинада тахминан 300 та атрофида мунофиқлар бор эди. Нима учун Набий алайҳиссалом уларни мунофиқ деб эълон қилмадилар? Чунки улар зоҳиран «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишарди, намоз ўқишарди, рўза тутишарди, мусулмонман дейишарди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг мунофиқлигини билиб, қатлга ҳукм қилсалар нима бўлар эди? Фитна-фасод бўларди, душманлар «Муҳаммад асҳобларини ўлдиряпти» деган гап-сўз чиқаришарди.

     Шунинг учун биз ҳам иймон деганда тилда иқрор бўлиш, қалбдан тасдиқ қилиш билан кифояланамиз, лекин амални иймоннинг шартига қўшмаймиз. Амални иймонга қўшмасликка имомларимизнинг оят-ҳадислардан бир қанча далиллари бор. Ана шундай далиллардан бирини айтиб ўтайлик: Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Иймон келтирганлар ва солиҳ амал қилганлар» деб, уларни иккига ажратиб зикр қилган, солиҳ амал қилганларни иймон келтирганларга қўшиб зикр қилмаган. Яна бир мисол: Аллоҳ таоло «Иймон келтирган, солиҳ амал қилган, намозни барпо қилган, закот берганлар учун Роббининг ҳузурида махсус мукофотлар бордир», деган оятда намозни ҳам, закотни ҳам, рўзани ҳам иймонга қўшмай, алоҳида зикр қилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириб ўтишимиз мумкин.

      Шунинг учун биз тилда иқрор бўлиб, қалбда тасдиқ қилган одамни мусулмон деймиз. Лекин амал қилмагани учун гуноҳкор деймиз, кофир демаймиз. Агар амални иймоннинг шартлари таркибига қўшсак, намоз ўқимаганларни, рўза тутмаганларни ҳам мусулмон демасак, дунёда 1,5 млрд дан ошиқ, 1 млрд 700 млндан ошиқ мусулмон яшаётган бўлса, уларнинг сонини неча фоизга қисқартириб юборамиз экан, валлоҳу аълам. Уларни мусулмон демасак, бугун айнан ана шу нуқтага ёпишиб олиб, амал қилмаган мусулмонларни кофир деб, уларнинг қонини ҳалол санаш жуда осон бўлиб қоляпти. Масалан, Таҳрим сурасининг 8-оятида «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга чин тавба қилингиз, шояд Роббингиз гуноҳларингизни ўчириб, тагидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритса», дейиляпти. Аллоҳ таоло гуноҳкорларни, гуноҳ қилганларни зикр қиляпти, гуноҳкорларни тавбага чақиряпти, лекин уларга нима деб мурожаат қиляпти? «Эй иймон келтирганлар!» деяпти. Гуноҳ қилган одам диндан чиқади дейдиганларга қарши энг кучли раддия, энг кучли ҳужжат бу. Биз гуноҳ қилган мусулмонни кофирга чиқармаймиз, бизнинг эътиқодимиз мана шу. Мўминни гуноҳи кабира туфайли иймондан ташқарида деб ҳисобламаймиз, балки гуноҳкор мўмин деймиз. Агар гуноҳ қилган одам иймондан чиқиб қоладиган бўлса, Аллоҳ таоло бу оятни келтирмас эди, гуноҳкорларга қарата «Эй иймон келтирганлар!» демас эди. Ваҳоланки «Эй мўминлар, гуноҳларингга тавба қилинглар», деяпти. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР