Тавсия қиламиз

“Мирза Юсуф” (бодомзор) жоме масжидида умумҳалқ хайрия ҳашари ўтказилди

Масжид access_time12-март, 18:03

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши…

«Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар» 

Мақолалар access_time12-июль, 11:01

Ислом уммати Аллоҳнинг амру фармонларига, жумладан, соғлиқни сақлаш борасидаги…

Жума кунининг фазилати ҳақида

Мақолалар access_time21-апрел, 14:10

1) Кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. 2) Жума куни Одам яратилган ва жаннатга…

МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

access_time27-апрел, 17:03 visibility809

 

Йигирманчи аср бутун дунё ҳар томонлама тараққиётга юз тутди, ҳар соҳада тубдан ўзгариш ва ислоҳотларга, мукаммалликка эришди. Жумладан, китоб таълиф этиш ҳамда уларни нашриёт-матбааларда чоп этиш соҳасида ҳам имкониятлар кенгайди. Бу соҳанинг янги атамаси сифатида "Муаллифлик ҳақи" деган сўз ҳам пайдо бўлди. Биз қуйидаги жажжи тадқиқотимизда, бу атаманинг луғавий ва истилоҳий маънолари, шаръий эътибордан у маънавий ёки молиявий ҳақ экани, уни шаръан ҳимоя қилинадими ёки ҳар ким қайсидир муаллифнинг китоби ёки дискини сотиб олиб, муаллиф рухсатисиз хоҳлаганича нусха олиб, сотса, тарқатса жоизми? Уни муаллифнинг маънавий ва молиявий жиҳатдан шахсий ҳақи дейиш илмни тўсиш ва беркитиш эмасми? Муаллифлик ҳақи бу қурбат-ибодатга ҳақ олиш эмасми? Нега аввалги фақиҳлар бу мавзуда бирор сўз айтмаганлар? Бу ҳақдан закот бериладими? Муаллиф рухсатисиз иқтибос олиш нодурустми? Келтирилган иқтибоснинг асл манбасини ёзмаслик хиёнатми? каби бир қанча қизиқарли саволларга замонамиз олимларининг илмий хулоса ва жавоблари қандай эканини ўрганамиз. Сўзимиз хулосаси ўрнида замондош олимларнинг фикрлари ҳамда Ислом Фиқҳи Академиясининг Қувайт давлатидаги "Маънавий ҳақлар" мавзусига бағишланган бешинчи сонли Илмий Конференциясининг якуний хулоса ва қарорини тақдим этамиз:

 

Луғавий маъноси:

Таълиф сўзи луғатда ўзаро мунаносиб нарсаларни жамлаш маъносини билдиради. Бирор баҳс-тадқиқотни ёзиш ёки китоб ёзишга ҳам таълиф сўзи қўлланади. Чунки котиб ҳам ўз тадқиқоти ёки китобига ўзаро мутаносиб, бир бирига узвий боғлиқ маълумотларни киритади.

Истилоҳий маъноси:

Унинг истилоҳий маъноси ҳам луғавий маъносидан узоқ эмас. Истелоҳда таълиф деб, йўқ нарсани ихтиро қилиш, тарқоқ маълумотни бир жойга йиғиш, номукаммал материални мукаммал ва тўлиқ қилиб қўйиш, мужмал ва тушунарсиз нарсани батафсил ёритиб бериш, ўта узун ёзилган маълумотни яхлитлаш, чалкаш нарсани тартиблаш, ноаниқ-мубҳам нарсани аниқлаш, хатони баён қилиш маъноларини билдиради.

Ҳақларнинг маънавий ва молиявийга бўлиниши:

Мол-мулк ёки унинг манфаатларига боғлиқ бўлган ҳақ молиявий ҳақ бўлади: А) Сотувчининг сотган нарсаси эвазига оладиган пул унинг молиявий ҳақидир.

Б) Ижара тўловии эвазига бир уйда яшовчи киши қанча муддатга  пул тўлаган бўлса, шу муддат ичида уйда яшаб, ундан фойдаланиши унинг молиявий ҳақидир.

Муайян бир мол-мулк ёки унинг манфаатларига боғлиқ бўлмаган ҳақ маънавий ҳақдир:

А)Унинг аввалги даврлардаги суратига қасос олиш ҳақи, эри нафақа яъни уй-жой, егулик-ичгулик ҳамда кийим-кечак билан таъминлай олмаётган аёлнинг талоғини сўраш ҳақи ва бошқалар мисол бўлади.   

 Б) Бугунги кундаги кўринишига эса муаллифлик ҳуқуқи, ихтирочилик ҳуқуқи ва бошқалар мисол бўлади.

 

Унинг маънавий ёки молиявий ҳақ экани тўғрисида:

Муаллифлик ҳақи маънавий ҳақлар сирасига кирувчи ҳақдир. Унга кўра, муаллиф икки ҳақга эга бўлади:  

  1. Адабий ҳақ. Бу ҳақ муаллифнинг шахсига доимий шаклда боғлиқ бўлган ҳақдир. Унинг бу меҳнати – таълиф қилган китоби – орадан қанча вақт ўтишига қарамай, ҳатто вафотидан сўнг ҳам ўз шахсига нисбат берилади. Бошқа бирор кишига уни ўзлаштириш, муаллифнинг номини тушириб қолдириб, уни ўзига нисбат бериши мумкин эмас.
  2. Молиявий ҳақ. Бу эса китобни нашр қилишда муаллифга қалам ҳақи тўлови сифатида тўланадиган бадал пулидир. Бу ҳақ муаллиф ҳаётлик чоғида ўзига, вафотидан сўнг эса маълум вақт – баъзи давлатларнинг дунёвий қонунчилигида бунга белгиланган вақт муаллиф вафотидан то элиик йил муддат – ўтгунга қадар унинг ворисларига ҳам бериладиган молиявий ҳақдир.

Бу ҳақнинг урфдан далили:

Бу нарсанинг одамлар орасида учраши, уларнинг шунга иттифоқ қилишлари одамларнинг шу ишнинг жоиз дейишлари урфга кирганига далилдир. Шаръий ҳукмда оят ёки ҳадисга зид бўлмаган урфнинг ўзига яраша таъсири бор.

Фиқҳий қоидалар:

Инсон ҳар доим ўз иши ва гапига жавобгар бўлади. Шунга биноан, ўзи қилган яхши ишларида ҳақи ҳам бўлиши керак. Бу эса "الغنم بالغرم" яъни "Кирим харажатга қараб бўлади" ва "الخراج بالضمان" яъни "Фойда зоминлик-масъулиянинг эвазига бўлади" деган қоидаларга мувофиқ.

Масолиҳи мурсала:

Масолиҳи мурсала юзасидан қаралганда ҳам таълиф ҳақини молиявий ҳақ деб айтиш умумий манфаат келтиради. Умумий манфаатлиги шуки, унда илмий баҳс-тадқиқотларнинг давомийлигини таъминлаш, олимлар ва тадқиқотчиларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг таълиф этган нарсалари ҳуқуқларини поймол бўлишдан сақлаш маънолари бордир.

Қиёс юзасидан:

Қиёс юзасидан қаралса ҳам жоиздир. Зеро, ишлаб чиқарувчи уста-ҳунарманд ясаган ва ишлаб чиқарган нарсасига эгалик қилиш ҳуқуқидан фойдаланади, шу нарсани бошқа шахсга фойдаланишга бериш ёки бермаслик ўз ихтиёрида бўлади. Муаллиф ҳам шу кабидир. Иккисининг бир бирига ўхшашлик нуқтаси шуки, ҳар иккиси: ҳунарманд ва муаллиф ҳам шу нарса ва китобни тайёрлашга ўзларини бағишлаб, қимматли вақтини, куч-қудрати ва меҳнати ва мол-давлатини сарф қилганлар.

Муаллифлик ҳақи илмни беркитиш эмасми?

Китобни нашр қилиш ҳақини фақат муаллифга хослаб қўйиш, уни рухсатисиз чоп этилишини таъқиқлаш бу илмни одамлардан яшириш, одамлар орасида шу китобнинг кенг тарқалиб, китобхонлар оммаси орасида қўлма-қўл бўлишдан тўсишдир, деган гап ҳам тўғри эмас. Чунки воқеъликда ундай эмас. Воқеъликка қаралса, бу ҳақ туфайли муаллифларнинг китоби кенг тарқалмоқда. Чунки муҳтарам муаллифлар шу қалам ҳақи тўловлари сабаб моддий эҳтиёжлари бир мунча қондирилаётгани эътиборидан, бошқа молиявий ишларга чалғимай, кўнгиллари хотиржам бўлиб, бор вақтларини китоб таълифига бағишламоқдалар. Китоб фақат муаллиф рухсати билан маълум нашриётлардангина чоп этилган тақдирда ҳам, китобхонларнинг талабига етарли миқдорда нашр қилиниб, уларнинг қўлларига етиб бормоқда. Бу илмдан тўсиш эмас, балки илмни ёйиш, уни кенг тарқатишдир. Чунки бир китобнинг дунёга келиши учун бир неча ой ва йиллар сарфланади. Ўзидан кечиб, тунни кунга улаб, қанча-қанча машаққатлар, айниқса, чоп этишга қилинадиган сарф-харажатлар анча миқдорни ташкил этади. Китоб чоп этилиб чиққач, унга сарфланган маблағларни ҳисоблаб, бироз фойда қоладиган ҳолда баҳоланиб, бозорга чиқарилади. Муаллиф уни бу ҳолга келтириб олгунга қадар қанча тер тўкиб, меҳнат қилиб, кўз нури ва маблағини сарфлаган ахир?! Унга ҳеч қандай меҳнат ёки маблағ сарфламаган кимсалар томонидан муаллифлик ҳуқуқи поймол этилса, унинг рухсатисиз, унга қалам ҳақи бадалини тўламасдан, тайёр китобни чоп этиб, нархни сохта тушириш бу ҳеч қачон илмни тарқатиш ёки динга хизмат бўлмайди. Балки халқнинг илмий саводхонлигининг келажагига болта уриш бўлади. Чунки бир қанча меҳнат ва маблағини қурбон қилган бечора муаллифга ёзган китобидан бироз бўлсада даромад қолмаса, балки, фақатгина қоғознинг ўзига пул сарфлаган баъзи динга хизмат қиламан деган "Холис хизматчи хайриҳоҳлар" томонидан нархни сохта тушириб юборилгани сабаб, муаллиф ҳатто сарфлаган маблағига ҳам куйиб қолгудек бўлса, бу муаллифнинг қайта китоб ёзишга қўл уради деб, ким кафолат беради?! Ахир бу илм тарқатиш эмас, илм кушандаси-ку!

Афсуски, ҳаётда косаси оқармаётган муаллифлар ва уларнинг меҳнати эвазига кун кўрувчи баъзи бой китобфуруш ва нашриёт эгалари учраб туради...

Мулоҳаза:

Муаллифлик ҳақи дегани бу якка ҳукмронлик, нимани хоҳласа шуни қилади, қанча нарх хоҳласа шунчага сотади дегани ҳам эмас. Зеро, муаллифнинг қалбига бу омонатни солган Зот уни савдогарнинг даромадини ошириш учун эмас, балки, бандаларининг маърифати зиёда бўлсин учун солган. Бу ҳуқуқни суистемол қилиб, баъзи муаллиф ҳам, китобхон ҳам эмас, лекин Худо буюк муаллифга ворис бўлиш неъматини насиб қилганига қарамай, иши китоб савдоси бўлиб қолган кишиларнинг сохта нарх ошириш учун бу ҳуқуқни дастак қилиб олишлари ҳам инсоф мезонига асло тўғри келмайди.

Муаллифлик ҳақи илм ва ибодатга пул олиш эмасми?

"Муаллифлик ҳақи, қалам ҳақи деб бериладиган тўловлар бу илм ва ибодатга, Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи амалнинг эвазига пул олиш эмасми?", деган саволнинг жавоби қуйидагича:

Йўқ. Ундай эмас. Бу эътироз тўғри эмас. Чунки мутааххир фақиҳлар тоат амалларга ҳам, хусусан, имомлик қилиш, азон айтиш, Қуръон таълими каби тоат-ибодат маъносидаги амалларга ҳам ҳақ олиш жоизлигини айтиб, фатво берганлар. Мазкур ишларга ҳақ олишни ҳам мутақаддим фақиҳлар қаттиқ таъқиқлаганлар. Вақт ўтиши, замон аввалгидан буткул ўзгаргани сабабли кейинги давр фақиҳлари, жумладан, ҳанафий мазҳаби фақиҳлари мусулмонларнинг манфаатларини кўзлаб, бу ишларга ҳақ олишга рухсат берганлар.

Имом Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд Қайравоний уйларига бир қўриқчи ит олиб, боқаётганларини кўрган кишилар унга: "Ия, сиз ҳам ит боқаяпсизми? Имом Молик буни макруҳ деганлар-ку!", деганлар. У киши уларга жавобан: "Агар Имом Молик бизнинг замонимизда яшаганида эди, йиртқич шер боққан бўлар эди", деган эканлар. Ҳанафий мазҳабига оид машҳур ва мўътабар матнлардан бири "Мухтасарул Виқоя"да мутақаддим фақиҳлар томонидан масжиднинг эшигини намоз вақтидан ташқари вақтларда қулфлаб қўйиш макруҳлиги айтилади. Мутааххир фақиҳлардан Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ айнан шу матннинг шарҳида: "Ҳозирги замонимизда масжид анжомларини сақлаш мақсадида эшикни қулфлаб қўйишнинг зарари йўқ. Чунки ҳозирги одамларининг хулқи фасод бўлиб кетган. Масжид анжомларини ўғирлашдан ҳам тоймайдилар", деган маънодаги фикрни айтганлар.

Муаллифлик ҳақи ҳам шу каби амаллар сирасига киради.

Кеча ва бугун...

Бу ҳақдан закот бериладими?

Муаллифлик ва ихтиро ҳақларининг ўзларида закотга қўйилган шартлар топилмагани учун улардан закот берилмайди. Лекин улардан фойдаланилса, ишлатилса, масалан шу ҳуқуқни маълум миқдор пул эвазига сотилса, шу пулни ҳам даромадлар қаторига қўшилиб, нисоб(закот бериш фарз бўлиши учун шариат томонидан белгиланган маълум миқдор)га етса, бошқа нақд-пул ва мол-мулклари қаторида унга ҳам закот берилади. Фаразан, камбағал одам муаллифлик ҳуқуқини сотса ва шу пулдан унинг зарурий эҳтиёжлари қондирилганидан ортган қисми шаръий нисобга етиб, шариат назарида бой деб эътиборга олинадиган бойлар қаторига кириб қоладиган бўлса, шу пул қўлига тўлиқ етиб келган кундан тўлиқ бир йил ўтиб, унинг қирқдан бир қисмини закот тарзида фақирларга беради.

Нега аввалги фақиҳлар бунинг моливийлиги борасида бир сўз айтмаганлар?

Таълиф ҳақи маънавий ҳақларнинг энг ёрқинларидан биридир. Ислом тарихининг илк даврларида ҳам таълиф ва муаллифлар бўлганку! Нега аввалги фақиҳлар унинг молиявийлиги борасида бир оғиз ҳам сўз айтмаганлар?

Тўғри. Аввалгилар илмни тарқатиш ва ажр олишга ҳозирги кундагидан кўра иштиёқманд бўлганлар. Қолаверса, муаллифнинг биргина қўлёзма китобидан бир неча нусха олиш учун бир неча котиб ва хаттотларни пулга ёнлаб, сўнг улар кўчириб, нусха олиб берганлар. Нусха олувчиларнинг иши ва уларга бериладиган тўловнинг олдида муаллифнинг меҳнати кўзга кўринмай, эътибордан четлашган. Иккинчи томондан эса бу нусха олиш аксар ҳолларда саройларда давлат ҳисобидан амалга оширилар ва кўчирилган китоблар бепул тарқатилар эди.

Бугунги кунда эса бир китобга ҳам муаллиф ҳам, муҳаррир ҳам, нашриёт ва бошқалар бирга ишлайди. Лекин китобнинг ва мазкурларнинг барчасининг сарф-харажат эса фақат муаллифнинг ҳисобидан бўлади.

Учинчи томондан "Авваллари нега муаллифлик ҳуқуқи ҳақида гап-сўз бўлмаган?, дейилса, тўғри, муаллифлик ҳуқуқи бўлмагани каби ундан нусха олиб, қиммат нархда сотиш ҳам бўлмаган. Бугунги кунда ҳам шундайми? Ноширлар ва нашриётлар бепул тарқатсинлар, марҳамат! Шунда муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида ҳозир ҳам гап-сўз бўлмас эди. Юқорида айтилганидек, бугун, муаллиф қашшоқ, ноширлар бой замон бўлиб қолган! Масалан баъзи кишилар Ислом университетларида ишлаб, мусулмонларнинг фарзандларига диний илмларни ўргатадилар. Уларнинг барчалари ойлик ҳақ оладилар. Муаллифлик ҳақи ҳам ойлик ҳақига ўхшаш бир нарсада! Агар фаразан, хайрия жамиятлар чиқиб, китобларни ўз ҳисобларидан чоп эттириб, бепул тарқатсалар, унда муаллифлик ҳақи талаб қилиш ҳақида салбий фикр айтса жоиз бўлар эди. Ҳозирда бу ҳам тижорий ишга айланиб қолди. Ҳамма ўз улушини олади: Ношир ҳам, сотувчи ҳам... Жумладан, асосий қаҳрамон муаллиф ҳам... нега иккинчи даражали одамлар қолиб, бош қаҳрамонга таъна-дашном қилиш керак?! Ҳозирда муаллифларга "Қандай қилиб диний илмлар эвазига ҳақ оласизлар", деган танқид билан китобларини бепул олиб кетиб, уни нашр қилиб, хоҳлаган нархларида сотиб, фойдаланмоқдалар! Бепул тарқатганларида эди, тушунарли бўлар эди!..        

Тўртинчидан эса авваллари қайсидир муаллифнинг бирор қўлёзма китобини бир нечтагина ададда кўпайтириш ёки нусха олиш учун бир неча хаттотларни жалб этиш, уларга бир қанча ҳақ тўлаб, то улар қўлда нусха олиб чиққунларигача кутиш эвазига ос сонли китоб нусхасини қўлга киритилар эди. Нусха олишдан илгари, ўша замоннинг одатига кўра, қариб барча муаллифлар китобларини подшоҳнинг ёки унинг ўғлини номига бағишлаб ёҳуд китобида подшоҳга ёки унинг оила-аъзоларининг мадҳ-мақтовига алоҳида бир бўлимни ажратиб, ёзиб битказгач подшоҳларга тортиқ қилар эди. Ва ўз навбатида подшоҳлар ҳам ўзига муносиб мукофотлаб, китобнинг вазнича тилла ҳамда сарпо ва турли совға-саломлар бериб, рағбатлантирар эди. Гўёки бу йўл билан муаллифдан китобни нашр этиш ҳуқуқини сотиб олинар эди. Шу билан муаллифларнинг дунёвий эҳтиёжлари ҳам дурустгина қондирилар эди. Сўнг у китобни сарой котибларига давлат ҳисобидан маош тўланиб, нусха кўчиртирилар ва халққа бепул тарқатилар эди. Бунга эса буюк имомлар ҳаёти ва фаолиятида сон-саноқсиз тарихий мисоллар топилади...

Замонамиз олимларининг фикрлари:

Йигирманчи аср охири ва йигирма биринчи асрнинг кўплаб замондош олимлари, жумладан, Мустафо Зарқо, Доктор Муҳаммад Дариний, Доктор Муҳаммад Саид ибн Мулла Рамазон ал-Бутий, Доктор Ваҳба Зуҳайлий каби олимлар таълиф ҳақини эътиборга молик ҳақ деган фикрни олға сурганлар. Таълиф ҳақининг эвазига бериладиган бадал-тўловнинг ҳалол эканини таъкидлаганлар. Улар мазкур фикрларини Моликий, Шофиъий, Ҳанбалий мазҳабига мансуб аксар фақиҳларнинг "Манфаатлар ҳам мол деб ҳисобланади" деган фикрларига асосланиб: "Булар ҳам маънавий ҳақлардандир. Зеро, инсон зеҳнининг маҳсули ҳам унинг манфаатларидан биридир. Шундай экан, у ҳам шаръан мол ҳисобланади ва унинг ўрнига эваз олиш жоиз бўлади", дейдилар.

 

Омонатдорлик, аҳдга вафо қилиш ва бировнинг ҳақини ноҳақдан ейиш тўғрисидаги оят ва ҳадислар:

 

Ислом шариати жамиятнинг ҳар бир аъзосини ўз ризқини ҳалол ва покиза йўл ила қидиришига буюради. Нопок йўлларга: бировнинг ҳақини ейиш, омонатга хиёнат қилиш, ўғирлик каби иллатли ишларни қаттиқ қоралайди ва ўз тарафдорларини бу каби ишлардан сақланишга чақиради. Ҳар ким бировнинг молига кўз тикиш ўрнига гарчи оғирроқ бўлсада, меҳнатдан қочмай, ўз қўл меҳнати, пешона-тери ила покиза, гўзал ва намунали ҳаёт кечиришга ундайди. Шу маънода бир қанча ояти карима ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча муҳим кўрсатмалари бор. Аллоҳ таоло бундай дейди:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا

Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир.

 

Бошқа бир ояти каримада:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ...

Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!

 

Яна бир ояти каримада эса:

 

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ.

Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!

 

Аллоҳ таоло бундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَخُونُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُوا أَمَانَاتِكُمْ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ.

Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!

Миқдом разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: "Ҳеч бир киши ўз қўл меҳнати самарасидан кўра яхшироқ(ҳалол, покиза, шубҳасиз) таом еган эмасдир. Аллоҳнинг Набийси Довуд ҳам ўз қўл меҳнати самарасидан озиқланар эди".

Имом Бухорий ривояти.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Омонат(дорлиг)и йўқ кишининг имони йўқдир. Аҳд(ига вафос)Имом йўқ кишининг дини йўқдир", деганлар.

Имом Мусаддад, Абу Яъло ва Табаронийлар ривоят қилган.

 

Яна бир ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мунофиқнинг белгиси учтадир: (Улар):

  1. Гапирса, ёлғон гапиради.
  2. Ваъда қилса, ваъдасига хилоф иш қилади.
  3. Унга омонат топширилса, хиёнат қилади.

Муттафақун алайҳ.

Муаллиф рухсатисиз иқтибос олиш ножоизми?

Ҳозирда чоп этилаётган баъзи китобларнинг сўнги саҳифасига "Муаллиф рухсатисиз нусха кўчиришнинг барча турлари, иқтибос олиш ва сотиш шаръан ҳаром, қонунан ман қилинади" деган сатрлар ёзилган ва ёзилмоқда. Бу жуладаги "Муаллиф рухсатисиз нусха кўчириш ва сотиш" деган қисмининг маъноси шуки, бирор киши муаллиф рухсатисиз, ўзбошимчалик билан нусха олиб, шу нусхасини туну-кун не-не машаққатлар билан меҳнат қилган ҳамда барча моддий тўловларни ҳам ўз шахсий маблағидан сарфлаб китоб чоп эттирган муаллифларнинг китобларига қўйган нархларини сохта арзонлаштириб юбориши шаръан ҳаром, қонунан ман этилади, деган маънода экани маълум. "Иқтибос олиш" деган қисмини баъзи кишилар нотўғри тушуниб, "Иқтибос олиш учун ҳам рухсат сўраш керакми?" деган саволлар беришади. Бу жумлани бироз шарҳлаш керак: Иқтибос олувчи шахс иқтибос келтирган қисмини қайси муаллифнинг, қайси китобининг қаеридан олганини аниқ кўрсатмай, иқтибос олинган сатр ё саҳифани ўзлаштириб олиши, асл муаллифнинг номи ва китобини қасдан тушириб қолдириши шаръан ҳаром, қонунан ман этилади, деганидир. Китобларига юқоридаги жумлалар ёзилган замондош устоз муаллифларнинг ўзларидан сўралганда ҳам олинган иқтибоснинг асл манбаси кўрсатилса жоиз, асл манбасини аниқ кўрсатмай, ўзлаштириб олиш ножоизлигини таъкидлаганлар. Зеро, Ислом умматининг барча буюк олимлари қадимда ҳам, ҳозирда ҳам асл манбасини кўрсатиб иқтибос олишган. Буни ҳеч ким таъқиқламаган. Чунки ҳар қандай иқтибос учун муаллифдан шахсан рухсат олиш мушкулдир. Бундай қилиш китоб таълиф қилишдан кўзланган асосий мақсад – одамларга илм олишга енгиллик яратиш – га зид иш бўлиб қолади. Машққат ва қийинчилик туғдириш бўлади. Барча диний китобларда кейинги аср олимлари аввалги аср олимларининг исмлари ҳамда китобларининг номини айтган ҳолда улардан кўп нарсаларни нақл қилиб, кўчириб, иқтибос шаклида ўз китобларига киритадилар. Ҳеч бирлари аввалги муаллифлардан рухсат олмаганлар. Уларни кўрмаганликлари ҳам аниқ. Чунки орадан бир неча юз йиллар ўтган.

Келтирилган иқтибоснинг асл манбасини ёзмаслик хиёнатми?

Йигирманчи асрнинг буюк муҳаддис ҳамда фақиҳ олими Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда "Қийматуз замани индал уламаи" номли китобида қуйидагича сатрларни келтирган:

"Олимлар: "Илмий жумла ва сўзларни ўз айтувчиси ёки нақл қилувчисига нисбат бериш – омонатдир", деганлар.

... Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ эса: "Ҳақиқий ҳур-мард киши – бир лаҳзалик муҳаббатнинг ҳам риояси-эҳтиромини қилиб, ўзига биргина лафз-сўз бўлса-да фойда етказган кишига ўша сўзни нисбат бериб: "Менга бу сўзни фалончи олим айтганлар" деб, айтувчисини аниқ шаклда гапирган кишидир", деганлар.

Алломанинг бу сатрларидан юқоридаги саволнинг жавоби маълум бўлмоқда. Демак, келтирилган иқтибосни асл манбасига нисбат бермаслик алдов ва хиёнат экан.

Хулоса ўрнида бизга қуйидагилар маълум бўлмоқда:   

  1. Муаллифлик ҳуқуқи ҳам маънавий, ҳам молиявий ҳақ экани.
  2.  Уни шаръан ва қонунан ҳимоя қилиниши.
  3. Ҳар ким қайсидир муаллифнинг китоби ёки дискини сотиб олиб, муаллифнинг рухсатисиз нусха олиб, сотиши ва тарқатиши ножоизлиги.
  4. Муаллифга нисбат бериш шарти билан муаллифдан рухсат сўрамасдан ҳам иқтибос олиш дуруст экани.
  5. Олинган иқтибоснинг асл манбасини ёзмаслик хиёнат экани...

Ислом Фиқҳи Академиясининг Қувайт давлатида ҳижрий 1409-йил, Жумодул аввал ойининг 1/6-кунлари, мелодий 1988-йил,10/15-декабрь кунларида ўтказилган бешинчи давра Конферанциясининг "Маънавий ҳақлар тўғрисидаги" қарори:

Аъзо ва экспертларнинг "Маънавий ҳақлар" борасидаги баҳсларини ўрганиб ҳамда у ҳақдаги баҳс-мунозараларни эшитгандан сўнг Мажлис қуйидагича қарор қабул қилади:

Учинчи банд: Таълиф-муаллифлик, кашфиётчилик ва ихтиро ҳақи шаръий ҳимояланган бўлиб, эгалари (хоҳлаганларидек) тасарруф қилиш ҳақига эга. У ҳақларга тажовуз қилиш жоиз эмасдир! Валлоҳу аълам...

 

Манбалар асосида Баҳодир Баҳромжон ўғли тайёрлади

@mehrobuz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР