Тавсия қиламиз

БИЛИШ НЕЪМАТИ

Мақолалар access_time23-январ 2018, 11:45

"Билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир"…

ЖУМА ХУТБАСИ

Мақолалар access_time10-ноябрь 2017, 14:01

Умуман, жума хутбаси ҳақида билиш лозим бўлган маълумотлар билан батафсилроқ…

ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ЗУҲДЛАРИ

Мақолалар access_time12-декабр 2018, 12:32

     Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари…

МИСВОК ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

access_time25-феврал, 16:23 visibility223

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим”, дедилар”. Молик ва Бухорий ривоят қилишган.

 

      Шарҳ: Бизда мисвок қилиш, деб ишлатиладиган истилоҳ, тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олса бўлади. Ғарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканини билмасидан аввал мусулмонларни тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди. Уламоларимиз таҳорат олган одам мисвок қилмоғи суннати муаккада, деганлар. Баъзилар бу ишни мустаҳаб, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам уни қилишга ундаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотлари олдидан ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур. Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинади. Олимлар ўша дарахт шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлик учун фойдалироқ экан, деган хулосага келинди. Ҳозир баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади.

 

     Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: ”Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир”, дедилар”. Бухорий, Шофеъий ва Насаий ривоят қилишган.

 

    Шарҳ: Мисвок ҳадисда айтилганидек, оғизни покловчидир. Оғизни пок тутиш инсон соғлиги учун қанчалик зарур эканини ғайримусулмонлар эндигина тушунишди. Таом еган, турли ичимликлар ичган одамнинг оғзида, тишларида қолган чиқиндилар ўз вақтида тозалаб турилмаса, беморлик ва зарарга сабаб бўлиши энди ҳаммага маълум. Шу билан бирга мисвок: “Роббни рози қилувчидир”.

    Яъни, ким мисвок қилса, тозаликка риоя қилгани, дин шариатнинг амрини амалга оширгани, мисвок қилиш ибодатини адо этгани учун Аллоҳ таоло ундан рози бўлар экан.

    Ислом дини афзаллигини қаранг, инсоннинг ўзи учун ўта фойдали ишни, соғлиги учун керакли ва ҳусни-жамоли учун зарур нарсани бир йўла Аллоҳ таолони рози қиладиган иш қилиб қўйибди. Шариатнинг амрини бажарадиган мусулмонни ҳам соғлик-саломатлигини яхшилаб, ҳам ажру савоб оладиган қилиб қўйибди. Бу ҳолат дунёдаги ҳеч бир тузумда ёки динда йўқ.☝️

     Энди бу нарсага ҳаётимизда қандай муносабатда эканимизга бир назар солайлик. Ҳамма мусулмон ҳам ўз вақтида таҳорат қиладими? Ҳамма таҳорат қилганлар ҳам мисвок қиладиларми? Қилишса, мисвок оғизни покловчи, Роббни рози қилувчи эканини англаб етадиларми? Афсуски, йўқ. Мисвокнинг ҳақиқатини, ҳадиси шарифдаги руҳини тўла ва тўғри тушуниб, унга амал қилаётганларимиз жуда оздир. Баъзиларимиз арокдан ёки бошқа дарахтдан мисвок қилиб, уни ёнимиздан қўймай олиб ҳам юрамиз. Ҳар таҳоратда мисвок ҳам қиламиз. Лекин мисвок, деганда ўша чўпни тишга тегизиб қўйиш, деб тушунамиз. Шунинг учун ҳам ҳар таҳоратда мисвок қилсак ҳам тишларимиз сарғайиб юради. Мисвокимиздан ҳадисда кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Баъзи бирларимиз мисвок қиламиз, қилганда ҳам яхшилаб, замонавий воситаларни ишга солиб қиламиз. Тишларимизни иложи борича ялтиратишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу ишни фақат урфни деб, чиройли бўлишни кўзлабгина қиламиз. Мисвокни ибодат учун қилмаймиз, Роббни рози қилиш учун қилмаймиз. Ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, биз мусулмонлар дунёда энг оғзи пок, тиши энг тоза ва чиройли, ўзи энг соғ ва бу ишлари учун Аллоҳ таолонинг розилигини олган кишилар бўламиз. Шунинг учун ҳаракат қилайлик.

     Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб, у зотга берар эдим”. Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мисвок борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир одатларини баён қилмоқдалар. Бу кўпроқ оилавий шароитдаги ҳолат бўлиб, уни айнан Оиша онамиз ривоят қилишлари жуда ҳам табиийдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оғиз ва тишларини тозалаб бўлганларидан кейин, тиш тозалагич(мисвок)ни ювиб қўйишни йўлга қўйган эканлар. Бу ҳам шахсий покизалик ишларида ўта муҳим. Инсон тишини ва оғзини тозалаганида унга оғиздаги нарсалар илашади. Ана ўша нарсалардан мисвокни тозалаб қўйиш керак. Чунки улар мисвокда қолмагани маъқул.

 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвок қилиб юрганлари.

2. Эр ўз хотинига шахсий тозаликка доир ишларни буюриши.

3. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурматлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан мисвокни олиб, дарҳол ўзлари мисвок қилгач, сўнгра ювишлари шунга далил.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли нарсани табаррук билиш.

5. Эгаси рози бўлса, бировнинг мисвоги ила мисвок қилиш мумкинлиги.

6. Мисвок қилгандан кейин уни ювиб қўйиш. Шунингдек, мисвокни ишлатишдан олдин ҳам бир ювиб олиш. Биз мусулмонлар бу таълимотларга оғишмай амал қилмоғимиз, болаларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур.

 

ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

      Мисвок ишлатишда аввал юқори тишлар ўнг тарафдан бошлайди, сўнг чап тарафини қилади. Кейин эса пастки тишларнинг ўнги, сўнг чапи қилинади. Учта сув дегани ҳар сафар мисвокни ҳўллаб, намлаб олади, деганидир. Мисвокни ўнг қўл билан тутмоқ мустаҳаб бўлади.  Мисвокни ушлашдаги суннат шулки, жимжилоқ бармоқни унинг остидан, бош бармоқни ҳам бош тарафидан остидан, қолган бармоқларни эса устидан тутади. Чунончи, буни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Унинг юмшоқ бўлмоғи ҳам мустаҳаб бўлади. мисвок эгилувчан ҳўл бўлмаслиги керак. Зеро, у тишнинг кирларини (сариқ тошларини) кетказа олмайди. Яна милкларни жароҳатлайдиган ҳолатда қуруқ бўлмаслиги даркор. Демак, мисвокни ишлатадиган боши – ўрни юмшоқ бўлиши лозим, яъни ўта даражада қаттиқ ёки юмшоқ бўлмасин.

      Букмасдан тўғри тутмоқ, жимжилоқ бармоқ йўғонлигида, бир қарич узунликда бўлиши мустаҳабдир. Зоҳири шулки, мисвокнинг узунлиги ишлатишнинг бошланишида бир қарич бўлмоғи керак. Кейинчалик калта бўлиб қолиши зарар қилмайди. Бўйига эмас, эни (ёни) тарафи билан мисвокни  ишлатади. Чунки, узунасига мисвок ишлатиш тиш милкларига жароҳат етказади. Бир қаричдан зиёда узун қилмагай. Агар шундай қилса, шайтон унга миниб ўтиргай. Уни ётқизиб қўймагай, балки, тикка қилиб қўйгай.

     Ётиб олиб мисвок ишлатмайди. Зеро, у талоқнинг катталашиб кетишига олиб келади. Уни кафти билан ҳовучлаб ҳам тутмайди. Чунки, у бавосир касаллигини пайдо қилади. Зеро, булар суннат ҳайъатига хилофдир.

      Мисвок қилишнинг энг ози юқоридан учта, тишнинг пастида учта бўлиб, учта сув биландир. Мисвок қилишнинг аниқ адади йўқ, балки, қалби таскин топгунча, бадбўйлик ва тишнинг сариғи кетгунча мисвок ишлатади.

"Ҳадис ва Ҳаёт, 4-жуз" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР