Тавсия қиламиз

Авом одамнинг шариат иши билан, дин иши билан шуғулланиши ўғрилик ва зинодан ҳам хатарлироқдир

Мақолалар access_time22-январ, 13:24

      Аллоҳдан ҳаё қилиш жуда кенг мавзу, биродарлар. Аллоҳдан…

Синовлар бизга нима учун берилади?

Мақолалар access_time2-феврал, 22:00

     Синовлар бизга улкан тажриба ато қилади. Синовлар бизга…

ОЛТИН ЎГИТЛАР

Мақолалар access_time26-март 2018, 22:13

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар:  "Олти…

Ким намозни қоим қилса, динни қоим қилибди.

access_time3-март, 12:48 visibility553

     Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Намоз диннинг устунидир. Ким намозни қоим қилса, динни қоим қилади. Ким намозни бузса, динни бузибди», деганлар.

Дарҳақиқат, намоз – айни ибодатнинг ўзидир, у жуда кўп ухровий, дунёвий, жисмоний, руҳий, маънавий ва тарбиявий фазилатларни ўз ичига олади, унинг беҳисоб фойдалари, ҳикматлари бор. Келинг, улардан баъзиларини бир эслаб ўтайлик.

Қабул бўлган намоз инсонни фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради. Анкабут сурасининг 45 оятида Парвардигор таоло «Намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтаради. Аллоҳнинг зикри барча нарсадан улуғдир. Аллоҳ қилаётган барча ишларингизни билади», деб марҳамат қилади, биродарлар. Қандай қилиб намоз фаҳш ва мункардан, яъни ёмон ишлардан қайтаради? Намоз – Аллоҳнинг зикридир. Фаҳш ва мункар ишларни эса Аллоҳни эсдан чиқарганлар қилади. Намоз – Аллоҳни нафақат онгда, хаёлда, фикрда, балки тилда ҳам зикр қилиш, бутун аъзои бадан билан зикр қилишдир. Ана шундай ҳолатда ўқилган ҳақиқий намоз бандани ҳар қандай маънавий ва моддий жиноятлардан, гуноҳ-маъсиятлардан қайтаради. Устозларимиз айтар эдилар: «Баъзилар: «Қуръонда намоз фаҳш ва мункардан қайтаради дейилган бўлса, нима учун баъзи намоз ўқийдиганлар бундай ёмон ишлардан қайтишмаяпти?» деб сўраб қолишади. Бунинг сабаби, юқорида айтилганидек, намознинг ҳақиқийлигида, қабул бўладиган тарзда, мукаммал, ихлос билан, бекаму кўст ўқилишидадир. Ана шундай намозгина фаҳш ва мункардан қайтаради».

Биргина мисол: икки одам қизишиб, уришиб, жанжаллашиб турган бўлса, салавот айтса, ўша жаҳлидан тушади, ғазаби босилиб, ўзига келиб қолади, жанжални тўхтатади. Арабларда бир яхши одат бор, ўзимизда ҳам шуни жорий қилсак, яхши бўларди деганмиз: биров уришиб қолса, дарров «солли ъалаа Набий» (Пайғамбарга салавот айт»), дейди. Пайғамбарга салавот айтиш нима дегани? Бу – Аллоҳнинг зикри дегани. Аллоҳнинг зикри эса барча нарсадан улуғ дейиляпти оятда.

Кеча яқинда бир нохуш видеолавҳа тарқалди: бир имом масжидда маъруза қилаётган жойида қавмдаги бир кишининг қилган иши туфайли ўртада тортишув чиқибди. Кимдир буни дарров видеога олиб, интернетга тарқатиб, одамлар олдида бу икковини изза қилди. Бу очиқдан-очиқ фитна, биродарлар. Кошки биз бунинг фитнасини билмасак. Ўша пайтда нима қилиш керак эди? Буни суратга олиб, томошабин бўлиш ўрнига, дарров бориб, икки томонга ҳам «Солли ъалан-Набий», тақсирлар, икковингиз ҳам салавот айтинг, бас қилинглар» деб, жанжални бости-бости қилиш керак эди. Нафақат бу ҳолатда, балки ҳамма вақт ҳам шундай бўлиши керак. Ҳар қандай вазиятда ҳам, айниқса масжидда жанжал, тўполон, бақир-чақирга имкон яратиб бермаслик керак. Аллоҳнинг уйида, маъруза вақтида қавм билан имом бир-бири билан тортишиб, баҳс қилиб, бақир-чақир қилиб турса, бу ўта шармандалик-ку! Наҳот шу даражага бориб, шу кунларга келиб қолган бўлсак!

Биродарлар, бундай пайтда дарров салавот айтишга буюриб қўяйлик, кўчада уришиб қолсангиз ҳам, биров билан чиқишмай қолсангиз ҳам, мана шу чора албатта таъсир қилади. У томон нима деса десин, лекин сиз ўзингизни тутинг-да, «Пайғамбарга салавот айтинг» денг-да, аввало ўзингиз салавот айтинг. Иншааллоҳ, мўмин бўлса, у ҳам салавот айтади, жанжални бас қилади, ўзига келади.

Тўғри, юқорида айтилганидек, ҳамма намозхон ҳам ёмонликдан қайтавермайди. Шунинг учун биз бошида қабул бўлган намоз дедик. Минг афсуслар бўлсин, шундай «намозхон»лар бор, биродарлар, бошқа пайт ўзини шунақанги намозхон қилиб кўрсатади, лекин қўйиб берсангиз, шайтонга дарс беради. Бундайлар оятда айтилган ҳукмга кирмайди. Нима учун ҳақиқий намозхонни ҳамма ҳурмат қилади? Ёмонликдан тийилгани учун, ножўя ишлардан тийилгани учун ҳамма уни ҳурмат қилади.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР