Тавсия қиламиз

МЕҲМОНДОРЧИЛИК ОДОБЛАРИ

Мақолалар access_time6-ноябрь 2017, 13:57

Меҳмонга зиёфат бериш макоримул ахлоқ, Иброҳим алайҳиссалом ва барча анбиёланинг…

САМИМИЯТ БАҲОСИ

Мақолалар access_time30-январ 2019, 12:29

 Ҳаётда ҳақиқий дўст ўз дўстига ҳар доим ҳам ёқиб ёқавермайди, бу бор…

АСАЛ

Мақолалар access_time23-феврал, 13:00

    Пайғамбар алайҳиссалом асални яхши кўрганлари ва жуда маъқул…

Суннат намозининг фазилати

access_time4-март, 17:21 visibility677

 

      Нима учун ҳақиқий намозхонни ҳамма ҳурмат қилади? Ёмонликдан тийилгани учун, ножўя ишлардан тийилгани учун ҳамма уни ҳурмат қилади.

Намознинг кейинги ҳикмати шуки, намоз банданинг гуноҳ ва хатолари ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадис бор. Ушбу муттафақун алайҳ ҳадиси шариф Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

«Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Биронтангизнинг эшиги олдида ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, унда кир қоладими?» деб сўрадилар. Саҳобалар «Йўқ, асло кир қолмайди», дейишди. Шунда у зот «Беш маҳал намоз ҳам шундай. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади», дедилар.

Бошқа ҳадисларда эса «Бир жума намози кейинги жумагача, Рамазон ойи кейинги Рамазонгача, бир намоз ўзидан кейинги намозгача содир бўлган кичик гуноҳларга каффоротдир, агар кабира улкан гуноҳлардан сақланган бўлса», дейилган. Бу ҳадисни имом Муслим ривоят қилганлар.

Намознинг яна бир ҳикмати шуки, намоз бандага дунё ва охиратда нур бўлади. Биродарлар, имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Ким намозини ўз вақтида ўқиса, Қиёмат куни намоз унинг учун нур, ҳужжат ва нажот бўлади». Демак, Аллоҳ асрасин, ким намозини ўқимаса, Қиёмат куни унинг учун нур, ҳужжат ва нажот бўлмайди. Юқорида беш маҳал намоз учун эллик маҳал намознинг савоби берилади дейилди.

Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: «Аллоҳ таолога бир неча марта дуо қилиб, намозлар қисқартирилишини сўраб, охири беш маҳалга туширилганда Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй Муҳаммад, ҳар кечаю кундузда беш маҳал намоз бор, ҳар бир намоз учун ўнта намознинг савоби берилади, шунда гўё эллик маҳал намоз ўқилгандек бўлади». Аллоҳ таоло эллик маҳал деган эди, барибир Аллоҳнинг айтгани бўлади, яъъни шу беш маҳал намознинг савоби эллик маҳалнинг савобига тенглаштириб қўйилди.

Худди шунингдек, жамоат билан ўқилган намозга йигирма етти баравар кўп савоб берилиши ҳақида ҳам ҳадис бор. Имом Термизий Усмон ибн Аффондан келтирган ҳадиси шарифда эса «Кимки хуфтон намозини жамоат билан адо этса, гўё туннинг ярмини намозда ўтказган бўлади, ким бомдодни ҳам жамоатда ўқиса, туни билан намоз ўқиб чиққаннинг савобини олади», дейилган. Аллоҳ таолонинг раҳматини кўринг, хуфтонни жамоат билан ўқиб, уйига бориб, туни билан ухласа ҳам, кейин туриб, бомдодни жамоат билан ўқиса, туни билан намозда турган одамнинг савоби ёзилар экан. Шунингдек, ким уйида таҳорат қилиб, сўнг Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо қилиш ниятида Аллоҳнинг уйларидан бирига, яъни масжидга қараб юрса, ҳар бир ташлаган қадамига савоб ёзилади, ҳар бир қадами учун хатолари ўчирилади. Буларнинг барчаси фарз қилинган беш маҳал намозга оид эди.

Ҳар бир намозни ўз вақтида ўқилганига шунча ажру савоблар ёзилиб турганда. Бу ёқда икки маҳал намозни жамлаб ўқиса бўлади деб юрганлар бор. Намозни жамлаб ўқиса бўлади деб, пешиннинг вақтида асрни қўшиб ўқиётганлар бор. Биродарлар, билиб қўяйликки, намозни жамлаш фақат битта жойда, йилнинг бир мавсумида жоиз бўлади – ҳаж кунлари Арофотда ва Муздалифада. Буни жамъу тақдим ва жамъу таъхир дейилади. Арофотда пешиннинг вақтида асрни қўшиб ўқилади, орада пешиннинг суннати ўқилмайди, чунки асрдан кейин суннат (нафл) намоз ўқилмайди. Ўша жамланган намозга суннат намоз қўшилмайди. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам, умуман тўрт мазҳаб уламолари ҳам мана шу энг саҳиҳ қавлни айтишган. Бу нарсани жамъ тақдим дейилади. Жамъу таъхирда эса Муздалифада хуфтон вақтида шом билан хуфтон қўшиб ўқилади. Лекин шом билан хуфтоннинг фарзини ўқигандан кейин иккала намознинг суннати ва витри ундан кейин қўшиб ўқиб қўйилади. Шундан бошқа пайтда намоз жамланмайди, биродарлар. Қандай қилиб пешинни ўқиб, унинг орқасидан ҳали аср вақти кирмай туриб, асрни ўқиш мумкин? Ахир Аллоҳ таоло Қуръонда «намоз ўз вақтида фарз қилинган» деган-ку! Фақатгина шундай табиий ҳолат бўлиши мумкинки, кимдир бир узрли сабаб билан намознинг охирги вақтига сурилиб бориб, пешинни ўқиган эди, ўқиб бўлиши биланоқ аср вақти кириб қолди. Аср намозини кирган заҳоти, яъни аввалги вақтbда ўқиди. Ташқаридан қараган одамга худди икки намозни жамлагандек бўлиб кўринади, лекин аслида жамламаяпти, аввалгисини охирги вақтида ўқиб, кейингисини аввалги вақтда ўқиди, холос.

Энди азизлар, бундан ташқари мана шу беш маҳал фарздан ташқари унинг равотиб суннатлари ҳам бор, нафл намозлар бор. Нафл ибодатлар Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридаги мартабамиз кўтарилишига ҳамда фарз намозларнинг камчилигини тўлдириш учун ўқилади. Демак, суннат намозлар, яъни равотиб суннатлар фарздаги камчиликларимизни ёпиш учун мўлжалланган экан.

Минг афсуслар бўлсинки, динни, суннатни, фиқҳни яхши тушунмаганлар, сийратни билмайдиганлар сафарда суннат намозларни ўқиса гуноҳкор бўлар экан дейишяпти. Ўзлари адашгани етмагандек, бу гаплари билан бошқаларни, масалан, диний илми йўқ қанчадан қанча юртдошларимизни чалғитишяпти. Масалан, ўтган сафар умра зиёратига борганимизда мухлис йигитлар, шогирд йигитлар келиб, мендан сўрашяпти: «Тақсир, бизнинг шериклар суннат намозларни ўқитишмаяпти, «Сафарда юрибсизлар, суннат ўқисаларинг, гуноҳ бўлади», деяпти, шунинг учун ўқимаяпмиз». Мен «Сизлар  ҳарамда юрибсизлар, хўп, суннат ўқилмаса, нима ўқияпсизлар?» десам, «Ўзимизча нафл ўқияпмиз», дейишди. «Ўзингизча суннат ўқисангиз нима бўлади? Гуноҳкор бўласизми? Ахир суннат намоз нафлдан устун-ку?» дедим. «Уларнинг далиллари бор экан», дейишди. «Далиллари нима экан?» десам, далиллари Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадис экан. «Ибн Умардан шундай ҳадис бор, маъқул гап. Аммо улар Ибн Умарнинг айнан шу суннат намози ҳақидаги бошқа ҳадислариниям билармикан? Қолган ҳадисларни ҳам тан оладимикан улар?» дедим. Кейин тушунтириб беришга тўғри келди.

Бу масаланинг кечаги имом Термизий масжидидаги ўша фитнага ҳам бироз боғлиқлик томони бор. Домла ҳанафий мазҳабида равотиб суннат намозлари фарзга қўшиб ўқилиши ҳақида маъруза қилаётган маҳалда шу нарса содир бўляпти. Бир воқеанинг тепасида турмаганимиздан кейин, у ердаги вазиятни аниқ билишимиз қийин бўлади. Шунинг учун то уни ўрганмагунимизча дарров хулоса чиқаришга шошилмаймиз, биродарлар. Ўрганганимиздан кейин, сўраб-суриштирганимиздан кейингина баҳо беришимиз мумкин бўлади. Шунда ҳам агар баҳо беришга мутасадди бўлсак, бўлмаса «Маъаазаллоҳ, солли ъала Набий» деб кетаверамиз.

Хуллас, суннат намози ҳақида бироз гаплашсак, озгина вақтимиз бор. Бу гуруҳлар сафарда суннат намозни ўқимаймиз, ҳатто ҳарамда ҳам буни ўқиган одам гуноҳкор бўлади, дейишяпти. Шунинг учун бу ерда – муқим ҳолатда ҳам, ўз уйларида юрган маҳалда ҳам жамоат билан фарзни ўқишяпти-да, суннатларни ўқимай чиқиб кетишяпти. Ҳатто шунга ҳам журъат қилишяпти. Ҳолбуки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз билан суннатнинг орасини нима билан ажратардилар? Фосила билан ажратар эдилар. Фарз билан суннатнинг ўртасидаги фосиласи нима? Худди эшикнинг ромини «ошиқ-мошиқ» ушлаб турганидек, фарз билан суннатнинг ҳам кичкинагина фосиласи бор. «Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма, антас-салом ва минкас-салом, таборакта Роббанаа, йаа зал жалаали вал икром», дейиш фосиладир. Буни имом Муслим ривоят қилганлар. Набий алайҳиссалом фарз билан суннат намоз ўртасида шу билан фосила қилардилар. Дарров орқасидан суннат намозлар ўқилган. Пайғамбар алайҳиссалом суннатни уйларида ўқиган бўлсалар, у зотнинг уйлари – ҳужраи саодатлари масжиднинг ичида эди. Энди бир ўйлаб кўрайлик, суннат намоз фарз намознинг кам-кўстини тўлдириш учун келдими? Сафардаги одам фарзни қисқартириб ўқияптими? Оддий ақл билан қараганда ҳам, сафардаги одам фарзни тўлдиришга муқим одамга қараганда кўпроқ муҳтожроқ бўлмайдими? У сафарда бўлгани учун тўрт ракъатлик фарз намозни қисқартириб, икки ракъат ўқияпти. Шу қисқартиришнинг ўзини тўлдириш учун ҳам суннат намоз ўқиш мусофирга кўпроқ керак эмасми?

Келинг, Ибн Умарнинг ўша машҳур ҳадисини ҳам, у зотдан келтирилган бошқа ҳадисларни ҳам ўқиб кўрайлик, шунда бу масала янада маълум ва машҳур бўлади.

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни ўзлари ривоят қилиб, «ҳасанул ғорийб» деяптилар. Бунинг маъноси – ҳадиснинг даражаси ҳасан, лекин уни танимаймиз дегани. Бу ҳадисни ривоят қилган зот Имом Термизий уни ҳасан ғориб деяптилар, аммо ХХ асрнинг муфассири деб ном олган Албоний бу ҳадисни заиф деяпти. Энди буёғини ўзингиз фарқлаб олаверинг.

Абдуллоҳ ибн Умар нима деяптилар? «Аллоҳнинг Набийси билан бирга, у зотнинг саҳобалари Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан бирга сафар қилдим. Улар зуҳр ва аср намозини икки ракъат-икки ракъатдан ўқишар эди. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам бошқа намоз ўқишмади». Ҳадиснинг охирида Абдуллоҳ ибн Умар шундай сўзларни айтяптилар: «Агар мен ўша икки ракъат фарз пешин ёки фарз асрдан кейин ёки олдин суннат намоз ўқийдиган бўлсам, унда ҳалиги икки ракъатларни ҳам тўлиқ ўқиб қўйган бўлар эдим». Демак, Ибн Умар сафарда суннат намоз ўқимайман деб, сафарда суннат намоз ўқишни инкор қиляптилар. Бу ҳадисни имом Термизий ва имом Муслим ривоят қилганлар.

Биродарлар, муҳаддислар бу ҳадисни жуда кўп таъвили бор дейишган. Жумладан, имом Термизий роҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни ҳасан ғориб деяптилар. «Фатҳул Борий»нинг соҳиблари ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний (ҳофиз дегани юз минглаб ҳадисни ёддан билган зот дегани): «Биз Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг бу гапини шошилинч вақт, тиқилинч вақт ҳақида айтган деб оламиз. Сафарда шошилинч бўлган пайтда, суннат намозига қаралмаган вақтда деб таъвил қиламиз», деганлар.

Энди айнан Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўзларидан ривоят қилинган яна бир ҳадисни ҳам ўқийлик. Бу ҳадисни ҳам имом Термизий ривоят қилганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга муқимлик ҳолатида пешинни тўрт ракъат ўқиб, пешиндан кейин икки ракъат суннатни ўқидим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда бўлганимда пешинни икки ракъат ўқиб, ундан кейин икки ракъат суннат ўқидим. Асрни икки ракъат қилиб ўқидим, асрдан кейин бошқа намоз ўқилмади. Шом эса сафарда ҳам, муқимликда ҳам уч ракъат ўқилади. Шомнинг фарз намози қаср қилинмайди, чунки у кундузнинг витридир, ундан кейин эса икки ракъат бор». Аввалги ҳадисда Ибн Умар суннат ўқилмайди деяптилар, бу ҳадисда эса суннат ўқилди деяптилар, сафарда ҳам, муқимликда ҳам шомдан кейин икки ракъат ўқилди, деяптилар.

Бу ҳадисни ҳам ўргансак, тўққизинчи аср муҳаддиси, ҳанафий мазҳабининг энг улуғ уламоларидан бўлмиш имом Таҳовий мазкур ҳадисни ҳасан деб ривоят қилганлар ва «сафарда хуфтонни икки ракъат қилиб, ундан сўнг икки ракъат ўқидилар» деган жумлани қўшимча қилганлар.

Имом Термизий бу ҳадисни ҳасан ҳадис деганлар, лекин ХХ асрнинг муҳаддиси деб ном олган аллома Албоний эса мазкур ҳадиснинг санадини заиф деган.

Эътибор берайлик, бу ҳадиснинг ровийси имом Термизий ўша дарвда яшаб ўтганлар, ҳадисни ўзлари ривоят қиляптилар, ҳасан ҳадис дейиляпти. Барча муҳаддисларнинг иттифоқи билан маълумки, имом Термизий ҳасан ҳадис деган ҳадис ҳужжатга ярайдиган ҳадисдир. Энди барча муҳаддисларнинг иттифоқи билан маълумки, имом Албоний уни заиф деган бўлса ҳам, зарари йўқ, чунки заиф ҳадис бошқа жиҳат билан қўллаб юборилса, фазоилул аъмолда у ҳам ҳужжатга ярайди. Буни имом Нававий «Арбаъин»нинг муқаддимасида ҳам келтирганлар. Заиф ҳадислар агар бир жиҳат билан қўлланса ёки бир қанча заиф ҳадислар жамланса, бир-бирини қувватлайди ва хусусан фазоилул аъмол борасида ҳужжатга айланадиган бир ҳукмга айланади. Ҳадис илмида мана шундай қоидалар бор.

Энди энг қизиғи шуки, сафарда суннат намозлар ўқилмайди деяётганлар бу ҳадисни келтириб, «имом Термизий ривоят қилган, Албоний заиф деган» деб қўяди. Имом Термизий ривоят қилган эканлар, Албоний уни заиф деган экан. Албоний кеча яшаб ўтган одам, Аллоҳ раҳмат қилсин. Имом Албонийнинг ўзлари буни даъво қилмаган эдилар, лекин издошлари бу нарсаларни кўтаришяпти.

Яна бир жиҳатига эътибор берсак, суннат намозларини ҳам ўз даражалари бор. Масалан, бомдод намозининг суннати бошқа суннат намозларининг даражасидан фарқ қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини имом Абу Довуд ривоят қилганлар, имом Аҳмад ҳам ўзларининг «Муснад»ларида келтирганлар: «Бомдод намозининг суннатини тарк этманглар, гарчи сизларни отлиқлар қувиб келаётган бўлса ҳам». Отлиқлар қувиб келиши ҳолати одатда сафарда бўлади. Лекин отлиқлар қувиб келаётган бўлса ҳам бомдоднинг суннатини тарк қилманглар дейиляпти. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозининг суннатини ҳеч қачон, ҳатто сафарда ҳам тарк қилмаганлар. Буни ҳамма тасдиқлайди, биродарлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозининг суннатини ҳеч қачон, ҳатто сафарда ҳам тарк қилмаганлар. Бомдоднинг икки ракъат суннати шундай алоҳида намозки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу икки ракъат суннат намоз дунё ва унинг ичидаги ҳамма нарсадан яхшироқ», деганлар. Шунинг учун бомдод намозининг суннати равотиб суннатлар ичида энг авлосидир. Ундан кейин эса шом намозининг икки ракъат суннати иккинчи даражадаги муҳим равотиб суннатга киради, биродарлар.

Вақтимиз жуда ҳам тор бўлгани сабабли тафсилотни имкон қадар қисқартирамиз. Бугунги жума намозига тайёргарлик кўриш жараёнида ўша фақиҳларнинг фатволарини кўриб қўйиш учун фиқҳ китобларига мурожаат қилганимизда кўрдикки, бу борадаги ҳукмларнинг барчаси асослаб келтирилган. Хусусан, Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ўзларидан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улов устида кетаётганларида кетаётган томонларига қараб нафл намозларни ўқиб кетаверганлар. «Ибн Умардан ривоят бор, сафарда суннат намоз ўқиб бўлмайди, гуноҳкор бўлади» деганлар айнан у зотдан ривоят қилинган қолган ҳадисларни ҳам ўқиса экан, ҳаммасини ўқиб, булардан бир илмий хулоса чиқара олса экан, бу гапларни айтишга сал ўйланиб қолишарди балки. Йўқ, улар бу борада ҳам, бошқа масалада ҳам ҳеч қандай ҳукм чиқара олмайди. Мужтаҳид уламоларимизнинг хизмати мана шу ерда, биродарлар.

Яна битта далил: имом Термизий ривоят қилган яна бир ҳадис бор, имом Термизий бу ҳадисни ҳам ҳасанул ғариб деб баҳолаганлар. Буюк саҳобий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўн саккиз марта сафар қилдим, бирон марта қуёш оққандан кейин пешиндан олдинги икки ракъатни тарк қилганларини кўрмадим», деяптилар. Бизда пешиндан олдин тўрт ракъат намоз ўқиш суннат, бошқа ривоятда эса икки ракъат деб ҳам айтилган. Ўша тўрт ракъатни икки ракъат ҳам дейилади. Саҳоба Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу «Пайғамбар алайҳиссалом билан ўн саккиз марта сафарда бирга бўлиб, бирон марта пешиндан олдинги ўша икки ракъат суннат намозни тарк қилганларини кўрмадим», деяптилар. Демак, Пайғамбар алайҳиссалом сафарда доим суннат намозларни ўқиганлар. Мулла Али Қори «Мирқотул мафотиҳ» асарида Ибн Умарнинг юқоридаги ҳадисини шундай шарҳ қилганлар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг сафарда суннатни инкор қилишининг сабаби шуки, бунда вақт зиқлигида нафл, яъни суннат намозларни ўқишга ёпишиб олиш ва йўл юришда суннат вазифаларини лозим, вожиб деб гумон қилишни ёқтирмаганлар».

Хулоса шуки, сафарда суннат намозлар мутлақ ўқилади. Тўғри, сафарда ихтиёр берилган, рухсат бўлгани учун тарк қилиниши мумкин, лекин тақорруб бўлгани учун, яъни Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш воситаси бўлгани учун адо қилинади. Демак, сафарда суннат намозлар ўқилади, рухсат бўлгани учун зарурат юзасидан тарк қилинади. Бу ерда «рухсат» деган сўзни фарқлаб олиш керак. Бу ердаги ўқимасликка рухсат дегани ўқимаслик шарт дегани эмас. Рухсат дегани – сенинг имтиёзинг, фойдалансанг бўлади, сафарда юрибсан, масалан, вақт тиғиз бўлиб қолди, шунда фарзнинг ўзини ўқиб кетаверасан, лекин шароитинг яхши бўлса, албатта суннатни ўқийсан, деганидир.

Имом Бухорий ўзларининг «Жомеус-саҳиҳ»ларида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилган кунлари Умму Ҳонийнинг уйларида саккиз ракъат зуҳо намозини ўқиганлар. Макка фатҳ бўлган пайтда у зот мусофир эдилар, Маккада уйлари йўқ эди, оилалари қолмаган эди. Ҳижратдан сўнг бутунлай мадиналик бўлиб кетган эдилар, шунинг учун Маккада мусофир бўлиб турибдилар. Лекин мусофир бўлсалар ҳам, Умму Ҳонийнинг уйларида саккиз ракъат зуҳо намози ўқиганлар. Буни имом Бухорий ривоят қиляптилар. Зуҳо намози – нафл намоз, равотиб суннатларнинг даражаси эса зуҳо намозидан анчагина баланд туради. «Фиқҳус-сунна»нинг соҳиблари бир қанча далиллардан сўнг Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзларини келтирганлар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари сафар қилишса, беш маҳал фарз намозлардан олдин ҳам, кейин ҳам нафл ўқийверардилар». Ҳасан Басрийнинг – саҳобаларни кўрган, саҳобаларнинг орасида катта бўлган зотнинг гувоҳликлари бу. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари сафарда юрганларида беш маҳал фарз намозни ўқиганларида улардан олдин ҳам, кейин ҳам суннат намозларини ўқийверган эканлар.

Бундай далиллар жуда кўп. «Эълоус-сунан»нинг соҳиблари Зафар Аҳмад Усмоний ҳам бу масалани жуда чиройли шарҳлаб берибдилар. Ўзи равотиб суннатларнинг ҳукми нима? Суннати муаккада. Суннати муаккада дегани деярли вожиб ўрнида дегани. Лекин сафарга чиққандан кейин фақат бомдод намозининг суннатигина суннати муаккада ҳукмида қолади. Энди мусофир одам учун бошқа суннатлар эса суннати завоид ҳукмига айланади. Лекин ҳеч қачон мусофир одамга суннат намозлар ўқиса савоб бўладиган, ўқимаса гуноҳ бўлмайдиган нафл намоз ҳукмига тушмайди.

Демак, биродарлар, бизнинг суннат намозларимиз шундай равотиб намозларки, уларнинг даражаси сафарда ҳам нафл даражасига тушмайди. Ҳолбуки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда суннатлар тугул, зуҳо намозига ўхшаган нафл намозларни ҳам ўқиган эканлар.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термзий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР