Тавсия қиламиз

Ҳазрат Фотиманинг вафоти

Мақолалар access_time9-июль 2017, 21:24

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди. Ҳазрат…

БУЛАРНИ БИЛИШИМИЗ ЛОЗИМ!

Мақолалар access_time18-июль 2019, 12:19

ЁМОН БЎЛМАЙДИ... Супургини тик қилиб қўйса, қиблага қаратса; Меҳмон кетгандан…

БИЛИШ НЕЪМАТИ

Мақолалар access_time23-январ 2018, 11:45

"Билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир"…

Суннат намозини қасддан ўқимасликнинг оқибати

access_time5-март, 15:39 visibility579

Ҳанафий мазҳабининг энг машҳур асарларидан бири бўлмиш «Ҳидояи шариф»ни ўқимаган мулла бўлмаса керак. Бу китобнинг соҳиблари имом Марғилоний бу масаланинг хулосасида шундай деяптилар «Энди энг авлоси – сафардаги одам ҳар қандай ҳолатда ҳам суннат намозларни тарк қилмаслигидир. Чунки суннат намозлар фарз намозларни тўлдирувчидир. Бу намозлар фақатгина фарзнинг вақти ўтиб кетадиган бўлсагина тарк қилинади».

Энди умумий хулоса қилиб, суннатга муносабатимиз қандай бўлади деган гапга далил келтириб, сўзимизга якун ясаймиз.

Фақиҳларимиз ушбу қоидани ёзадилар: «Бир киши намознинг суннатларини тарк қилса, намознинг суннатларини ҳақ деб билмаса, у аниқ кофир бўлади».

Биздаги ўша суннат намозни ўқимаётганлар айнан ҳақ деб билмагани учун тарк қиляпти. Суннат намозини инкор қилиб, уларни ўқимаган одам кофир бўлади дейиляпти. Нима учун? Бу нарсани енгил санаб, тарк қилди. Шунинг учун кофир бўлади дейиляпти. Агар суннат намозини ҳақ деб билса, лекин дангасалик қилиб ўқимаса, гуноҳкор бўлади. Суннатни тан олади, лекин дангасалик қилиб ўқимади. Бундай одам гуноҳкор бўлади, кофир бўлмайди. Равотиб суннатни ўқимаган одамга қаттиқ ваъид келган, азоб бўлиши ҳақида огоҳлантирилган. Бу гап имом Сарахсийнинг «Муҳид» китобида ҳам келтирилган. Хулоса шуки, суннат намозга бизнинг муносабатимиз ана шундай бўлиши керак, суннатга нисбатан ўта эҳтиёт бўлишимиз керак экан. Улуғ уламолар шундай деб турган пайтда ҳарамга бориб, суннат намоз ўқиганларни гуноҳкор деб юрганларни нима деб аташ мумкин?

Бизнинг умумий хулосамиз шу: сафардаги одам шошилиб турган бўлса, вақт тиғиз бўлса, бомдод намозининг суннатдан бошқа суннатларни тарк қилиши жоиз. Лекин шароит бемалол бўлса, ўқигани афзал.

Энди ҳажга борган одам ҳақида эса, гапнинг очиғини айтиб қўяй: у ердаги шароит баъзи одамларнинг уйида йўқ. Макка ва Мадинадаги, ҳарамдаги шароит кўпчилигимизнинг ўз уйида ҳам бўлмайди, ҳамма шароит муҳайё, уч маҳал иссиқ овқат,  доктор, автобус – хуллас, ҳамма нарса муҳайё. Унинг саломатлиги, эминлиги, омонлиги тўлиқ назорат остида. Ана шундай шароитда мен мусофирман деб, суннат ўқимай юрибди бу бечоралар. Буни нима деб тушуниш мумкин? Сафарда суннат намоз ўқиш гуноҳ деганлар кимлар ўзи? Биз буларни янги пайдо бўлган бидъатчилар деймиз. Чунки ўтган жамики уламолар, хусусан, тўрт мазҳаб уламолари ҳам сафарда суннат намоз ўқишга буюради. Имом Шофеъий мазҳабларида эса ҳатто «суннат намозни тарк қилганларнинг гувоҳлиги ўтмайди» дейилади. Имом Молик мазҳабларида сафарда суннат намозини ўқиш мустаҳаб даражасига кўтарилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабларида ҳам худди шундай. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳаби шофеъий ва моликий мазҳабларига қараганда сафарда суннат намоз ўқиш бўйича ҳанафий мазҳабига энг яқин мазҳабдир.

Демак, тўрт мазҳабда ҳам ҳукм худди шундай экан. Энди бу нарсани тушуниб олдикми, амал қилайлик, биродарлар. Бориб, кўпроқ намоз ўқийлик ахир, у ердаги ҳар бир ракъатга юз минг савоб ваъда қилиняпти. Бу бечоралар қандай қилиб «Мен ҳарамда суннат ўқимаяпман» деб юрипти, қандай қилиб «Ҳарамда суннат ўқисанг, гуноҳкор бўласан» деяпти – мен ҳайронман.

Имом Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий роҳимаҳуллоҳ улуғ олимлардан бўлганлар, авлиё одам, тирикликларида ҳам авлиёликлари машҳур бўлган зот Маккада дарс бериб юрган пайтларида бир қариндошлари келиб, «Ҳазрат бизнинг бошимизга кўп синовлар тушди. Биз билан Мадинаи Мунавварага бориб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаи мубораклари олдида бир дуо қилиб беринг, қарзларимиздан қутулайлик, бошимиздан балолар арисин», дебди. Шунда у зот «Шошмай туринглар, мен декандан рухсат сўрай», дебдилар. Деканга «Мен жаноби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи шарифлари зиёратига бормоқчиман» деб хат ёзибдилар. Шунда декан у кишини ҳузурига чақириб, «Тақсир, нега ундай деб ёзасиз, ундан кўра Мадинаи Мунавварани зиёрат қиламан» деб ёзсангиз бўлмайдими?» дебдилар. Шунда имом «Ундай деб ёзсам, ютқизган бўламан. Маккада бир ракъатга юз минг, Мадинада эса минг савоб ваъда қилинган. Юз мингни тарк қилиб, мингга борсам, ютқизган бўламан. Минг ҳам, юз минг ҳам, яъни Мадинанинг, Макканинг ҳарами ҳам у зотнинг шарафидан пайдо бўлган. Шунинг учун мен ана шу зотнинг ҳузурларига боряпман деб ёздим», деган эканлар. Шунда ўша декан «Бораверинг, сизга битта гапни ҳам айтиб бўлмайди», деган эканлар. У зот бориб, ўша равзаи шарифда қариндошларининг муаммоларини сўраб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида у зотни васила қилиб, дуо қилиб, қайтиб келганларида ўша қариндошларининг муаммолари ҳал бўлди деб ўзлари айтганлар.

Аллоҳ таоло барчамизга динимизни тўғри ўрганиб, унга тўғри амал қилиш бахтини, икки ҳарамга бориб, у ердаги ибодатлар учун ваъда қилинган барча ажру мукофотларга сазовор бўлиш бахтини насиби рўз айласин!

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР