Тавсия қиламиз

Абдуллоҳ ибн Зубайр

Мақолалар access_time27-ноябрь 2017, 13:22

Абдуллоҳ ибн Зубайр 622 йилда Мадина яқинидаги Қубо қишлоғида туғилган.…

ЖАННАТДАГИ ҚЎШНИ

Мақолалар access_time8-октябрь 2018, 11:35

Мусо алайҳиссалом ўзига жаннатда ким қўшни бўлишни билдиришини сўраб, Аллоҳ…

ОҚ БЎЛИШ ЖАЗОСИ... (ибратли ҳикоя)

Мақолалар access_time27-октябрь 2018, 14:16

Бир кекса аёл ўғли ва келини билан бир ҳовлида яшар эди. Бир куни ўғил ишдан…

МАСЖИД МИНБАРИ ТАРИХИ

access_time12-март, 19:09 visibility126

   Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида ўз кўзи билан кўриб гувоҳи бўлган ғаройиб ҳодисани ҳикоя қилади:
  Ансор аёллардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата: Ё Расулуллоҳ, сизга масжидда ўтиргани бирор нарса ясаб берайинми? Менинг дурадгор уста ғуломим бор, – деди. Хоҳишинг, – дедилар. Аёл масжидга минбар ясаб олиб келди. Жума куни бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга ўтирдилар. Шунда, илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнида туриб хутба ўқийдиган хурмо дарахти ҳўнграб юборди. У шунчалик қаттиқ ҳўнграганидан ёрилиб кетай деди. Набий алайҳиссалом ўша заҳоти минбардан тушиб, дарахт ёнига келдилар. Уни ушлаб бағриларига босдилар. Дарахт юпанчиққа муҳтож ёш боладай инграй бошлади. Сўнг юпаниб йиғидан тўхтади.
 (Ғаройиб бу ҳодисани масжиддагиларнинг бари кузатаётган эди. Шунинг учун жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни изоҳсиз қолдирмай):
– У эшитиб турган зикрдан айрилгани учун йиғлаб юборди, – дедилар.
(Қиссанинг асли "Саҳиҳ"да).
  Ушбу ҳадис баҳонасида асл мавзудан бироз четланиб, аёл кишининг жамиятдаги ўрни ҳақида қисқа сўзлашга эҳтиёж сездик. Набототнинг ғам чекишига далил ўлароқ келтирилган бу ҳадис мадлули кенг бўлгани боис, уни шундай, беизоҳ ташлаб кетгимиз келмади. Чунки аёл ҳуқуқи, жамиятдаги ўрни ҳақида ҳар ким оғзига келганини гапириб ташлаяпти. Кундай равшан ҳақиқат баъзиларга хира кўринмоқда. Қўлимиздаги шу қисқа бир ҳадиснинг ўзиёқ кимлар учундир чигал туюлган кўп тугунларни ечиб бериб, масалага ойдинлик киритади.
  Кимдир: "Ислом аёлни тутқунликда сақлайди, кўчага чиқармайди, жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни йўқ" деб туҳмат тошини отса, кимдир: "Уйда ўтириш ҳақидаги оят Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаларига хос, қолган мўминаларга фарз эмас, аёл хоҳлаганда кўчага чиқиб, хоҳлаганда уйга киради", деб ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам жаҳолат ботқоғига ботиради. Яна кимдир (булар жуда озчиликни ташкил қилади) қизғанибми, ё бошқа сабабми рафиқасининг остона ҳатлаб ташқарига чиқишига, ҳатто яқинлар зиёратига боришга мутлоқ рухсат бермайди. Ҳар учала нотўғри тушунчада тафрит-ифрот зоҳир. Жабру жафо ва жаҳолат яққол кўриниб турибди.
Келинглар, ушбу тарихий ҳақиқат орқали диний ҳақиқатга етишишга ҳаракат қилайлик. Ровий дейди: Ансор аёллардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата:
– Ё Расулаллоҳ, сизга масжидда ўтиргани бирор нарса ясаб берайинми? Менинг дурадгор уста ғуломим бор, – деди.
– Хоҳишинг, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Ровий: "Ансор эркаклардан бири, машҳур саҳоба, бир нечта ҳунармандлар: дурадгор, темирчи йигитлар ва катта-кичик савдогарлар", демади, балки Ансор аёллардан бири деб сўз бошлади. Бу ибтидо диққатга моликдир. Тааммул ва тафаккурга лойиқдир.
Ҳадисни ҳаммамиз биргаликда тааммул қилиб кўрайлик.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлари намоз ўқиладиган ибодатхона, илм олинадиган илмгоҳ, маънавият манбаи, ҳикмат хазинаси, билим булоғи ҳамда муаммолар ҳал қилинадиган адлия маҳкамаси эди. Аёллар эркаклар каби бу қутлуғ даргоҳга келиб, ибодат қилишар, ваъз, хутба тинглашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турли-туман саволлар билан мурожаат қилишар эди. Мусулмонлар сафи кун сайин эмас, соат сайин ошиб боради. Иймонлиларнинг тобора кўпайиши боис масжидга келадиганлар сони ортади. Башарият муаллими хурмо дарахтига суяниб ваъз айтишда давом этадилар. Шунда ансор (мадиналик) аёллардан бири Аллоҳнинг элчисига фикр билдиради. Аёл асосан кўпчилигини эркаклар ташкил қиладиган масжид учун минбар лойиҳасини ўртага ташлайди. Ва буни ўз ҳисобидан ясаб беришни бўйнига олади. Ожиза бу ишдан ожиз эмаслигини исботи ўлароқ: "Менинг дурадгор уста ғуломим бор", деб қўшиб қўяди. Жаноби мустафо соллалллоҳу алайҳи васаллам аёл таклифини рад этмай, жуда ажойиб услуб билан қабул қиладилар. "Хоҳишинг", дейдилар, яъни сен бунга мажбур эмассан, истасанг, бирор нарса ясатиб кел, истамасанг, йўқ, деб ихтиёрни аёлнинг ўзига топширадилар.
Диққат қилинг! "Масжидда ўтиргани бирор нарса", Набий алайҳиссалом уйларига эмас, балки жамоат йиғиладиган ва боя айтилганидек ибодат, таълим-тарбия билан бирга жамият мушкулотлари ҳал қилинадиган жамоат жойи учун ясаб бермоқчи.
Нега айнан аёл киши бу таклиф билан чиқди?
Бунинг бир неча сабаби бор:
1-Саф кенгайгач, орқа сафда турадиган аёлларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироъатларини ва дарсларини тинглаш бир оз қийинлашган. Минбар бу муаммо учун энг қулай ечим эди.
2-Аёлларнинг билимга чанқоқлиги бунга асосий сабаблардан деб кўрсатиш мумкин.
3-Саҳобиялар жамият ишида фаол эдилар. Улар ўз фикрларини қўрқмай баён қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар. "Менинг дурадгор уста ғуломим бор".
Бундан иккита нарсани тушуниш мумкин.
1.Аёл қўл остида ишчилар ишлайди. Замона таъбири билан айтганда: у – тадбиркор аёл.
2. Ваъда берилган нарса кўрпача эмас, дурадгор ясайдиган минбар.
Бир ривоятда "Минбар ясаб берайинми?" деган лафз очиқ айтилган.
Бундай ғамхўрликни жамият ғамини ейиш, жамият ишига фаоллик
дейилмайдими?!..
Шу ҳадисга асосланиб айтиш мумкинки, Исломда биринчи бўлиб минбар фикрини олға сурган таклиф қилган ва уни ясатган меъмор аёл кишидир.
(Минбар тарихи ҳақида турли маълумотлар келган, лекин уларнинг Бирортаси "Саҳиҳ"да келган мазкур ҳадисдек кучга эга эмас). Мадина минбаридан тарқаган нур яшин тезликда оламга таралиб, курраи заминнинг катта қисмини ёрита бошлайди. Бугунги кунда ер юзида масжиди йўқ мамлакатнинг ўзи йўқ. Ҳар бир Жомеъ масжидида албатта минбар бўлиши шарт.
  Минбар эса бир муслима ташаббуси билан ўрнатилган. Бу – тарихий ҳақиқат.
Агар ҳақиқатда Ислом аёлни тутқунликда сақлаганида, мутлақо  чиқармаганида, аёллар жамият ишига умуман аралашмаганида, чинданам жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни, вазни бўлмаганида, бу аёлнинг фикри умуман олинмас эди. Аслида аёл киши жамоат жойига келмаганида минбар ясаб, мусулмонларга қулайлик яратиш фикри унинг хаёлига умуман келмас эди...
Шундан кейин ким, қайси юз, қандай тил билан: "Ислом аёлни тутқунликда сақлайди, кўчага чиқармайди, жамиятда аёлнинг ҳеч қандай ўрни йўқ" дея олади?!..

“Қайғудош” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР