Тавсия қиламиз

Зийраклик соддаликни инкор қилмайди, балки ғафлатда қолмасликни англатади. 

Мақолалар access_time7-феврал 2018, 15:22

Абу Бакр Боқилоний роҳимаҳуллоҳ билан Рум подшосининг музокараси. (Таъсирли…

ГУНОҲНИ БЕРКИТИШГА РУХСАТ

Мақолалар access_time2-август 2017, 13:43

 Баъзи кишилар гуноҳни беркитишни риё деб ўйлайдилар. Аслида эса ундай…

Ота-онани дуо қилиш намознинг ичида бўлди

access_time13-март, 19:56 visibility852

     Аёлнинг энг улуғ мақоми – бу оналикдир. Барча қадри баланд нарсаларга «она» сўзи қўшиб айтилади. Она Ватан, она тили, она тупроқ, она юрт ва ҳоказо мисолларни келтирибдилар. Пайғамбар алайҳиссалом «Ота-онаси ҳаёт бўла туриб, жаннатни қўлга кирита олмаган одам хор бўлсин!» деганлар. Бу ҳазрати Жаброилнинг дуоси бўлган,  ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга «омин» деганлар.

Дарҳақиқат, кимнинг ота-онаси ҳаёт бўла туриб, жаннатий бўла олмаса, хор бўлсин. Ҳақиқатда шундай.

Яна «Ромузил аҳодис» китобида «Ота боласига пайғамбар ўрнидадир» дейилган экан. Буни ҳадис дейишибди, мен бунинг санадини била олмадим. Ота бола учун авлиё бўлсин деб юрар эдим, бу китобда эса мана шу ҳадисни кўриб қолдим. Ота ўтиб кетгандан кейин унинг пайғамбар ёки авлиё ўрнида бўлганлигини инсон кейин ҳис қиларкан, биродарлар. Шунинг учун, ота-онани ҳаётлигида ғанимат билинг.

Уламоларимиздан бирлари айтяптиларки, бир аёл топган ойлигини тақсимлаяпти: 400ни ижарага бераман, 100 ни тўловларга ажратаман, 100 озиқ-овқатга кириб кетади, 100 отамга, 100 онамга деяпти. «Отанг оламдан ўтганига неча йил бўлди-ку?» дейишса, «Биламан, отам неча йилдан бери тупроқда ётибдилар, лекин ота-онани рози қилиш фақат уларнинг ҳаётлигида эмас-ку, ота-она ўтиб кетгандан кейин ҳам уларни рози қилиш бор», дебдилар.

Эътибор қилинг, ота-она оламдан ўтиб кетгандан кейин ҳам уларни рози қилиш бор. Отам ўтди, онам ўтди, қутулдим деб ўйламанг. Ҳар бир ишингиздан ўтган отангизга, ўтган онангизга ё яхши, ё ёмон насиба бориб туради. Яхши бўлсангиз, яхшилик боради, ёмон бўлсангиз, ёмон нарса бориб туради. Шуни ҳис қилайлик, биродарлар. Бояги аёл ўтган отасига ҳам 100 деб ажратяпти, яъни отасининг номидан ёки савобини отасига бағишлаб, хайр-садақалар қилмоқчи. Демак, ота-она ўтиб кетгандан кейин ҳам уларни рози қилиш бор. Модомики ҳаёт эканмиз, доим ота-онамизни рози қилиш имкониятида бўламиз, биродарлар.

Сўзимнинг охирида айтмоқчиманки, ота-онанинг даражаси шундай улуғки, инсон бу даражани топганидан кейин, яъни ота-она бўлганидан кейин ҳеч нарса уни бу даражадан тушира олмайди. Ўша ота-она кофир бўлса ҳам, мушрик бўлса ҳам, ота-она даражасидан тушмайди, биродарлар. Уларни Аллоҳ берган бу мақомдан ҳеч нарса тушира олмайди. Ота-она кофир бўлса ҳам, бола мусулмон бўлса, ота-онасига қарашга мажбур бўлади.

Қуръонимиз, динимиз шунга буюради. Шу боис, ота-онани дуо қилиш намознинг ичида бўлди, банда намоздан чиқмай туриб, намозни тугатмай туриб, салом бермай туриб, мўминнинг меърожи бўлган намознинг ичида «Аллоҳуммағфирлий, ва ливалидайя» деб, ота-онани дуо қилишимизга имкон берилди. Шундан кейин салом бериб, намоздан чиқамиз, азизлар.

Ота-она учун намознинг ичида дуога жой берилишидан ортиқ даража бўлмаса керак, биродарлар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан вафот қилган ота-оналаримизни раҳмат қилишини сўраймиз, ҳаётлари бўлса, умрларини узоқ қилишини сўраймиз.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР