Тавсия қиламиз

ЯХШИЛИК

Мақолалар access_time8-феврал, 10:07

 Бир киши дўконга кириб, бананнинг нархини сўради: — Банан қанча…

ҲАЖНИНГ ФАРЗЛАРИ

Мақолалар access_time10-август 2017, 12:58

Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳажнинг фарзлари учтадир: эҳром, Арафотда туриш…

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

Янгиликлар access_time30-май 2019, 15:14

Бугун 30.05.2019 йил пайшанба куни, таровеҳ намози вақтида Устоз Саййид…

Дуонинг ижобад бўлиши...

access_time15-март, 09:51 visibility648

     Биродарлар, тожсимон вирус деган вабо чиқиб, бутун дунёни шошириб қўйяпти. Мана,  ҳижрий 1441 йил ражаб ойининг 10 куни Каъбатуллоҳ саҳни тавоф қилишдан тўсиб қўйилди, равзайи шариф ёпиб қўйилди, замзам сувлари йиғиштириб олинди. Нима учун? Мана шу касалликнинг олдини олиш учун. Расмий маълумотларда санитария-дезинфекция ишлари учун вақтинча ёпилди дейиляпти, демак, керакли тайёргарликни кўриб олиб, кейин яна очиши мумкин, валлоҳу аълам.

Шу боис, кўпроқ дуо қилайлик, биродарлар, Аллоҳ таоло бу вабони кўтарсин, бизнинг Макка, Мадина йўлларимиз очилсин.

Маккаю Мадинанинг йўли ёпилди, тавофи Каъба тўхтаб қолди. Каъбанинг атрофидаги саҳнда тавоф қилиш тўхтаб қолди. Демак, вабо шунчалик жиддий тус оляпти.

Шу боис, бизда бу вабо йўқ экан деб, хотиржам ўтирмайлик, вабога учраганларнинг ҳаққига дуо қилайликки, Роббул оламийн бизга ҳам вабо юбормасин.

Кўпроқ дуо қилинг ва бу вабо бўйича талаб қилинаётган қонун-қоидаларга риоя қилинг. Мана, ўзим ҳам қоидага риоя қилиб, ниқоб тақиб келдим, сизларга ўрнак бўлмоқчиман. Бу ҳаммамизнинг вазифамиз. Таваккулнинг қоидаси шу, биродарлар. Аввал сабаблари таъминланади, кейин таваккул қилиб, дуо қилинади.

Молик ибн Динор деган зот ўтганлар, бу кишининг оталари Ҳасан Басрийнинг шогирдлари бўлган. Кўфада туғилганлар, милодий 748 йилда Жанубий Ҳиндистонда, биз борган Керала вилоятида вафот қилган эканлар. Тасаввуфнинг энг йирик вакилларидан бири, табаъа тобеъинлардан бир бўлмиш Молик ибн Динор айтадилар: «Басранинг бир масжидига кирсам, одамлар масжидга пешинда кириб, хуфтондан кейин чиқишяпти экан. Пешинни ўқиб, асргача дуо қилишади, асрни ўқиб, шомгача дуо қилишади, шомни ўқиб, хуфтонгача дуо қилишяпти. «Сизларга нима бўлган?» деб сўрасам, «Қурғоқчилик бўляпти, ёмғир ёғмаяпти, қаҳатчилик бошланди. Шунинг учун ёмғир сўраб, дуо қиляпмиз» деб, хуфтонгача дуо қилишди. Хуфтондан кейин чиқсак, ҳалиям ёмғир йўқ, осмонда бирорта булут ҳам йўқ. Дуолари ижобат бўлмади деган гап кўнглимдан ўтди. Мени борадиган жойим йўқ эди, кечаси ўша масжидда қолдим. Бир чеккада тафаккур қилиб, ўйлаб ўтирсам, эшик «ғийқ» этиб очилиб, қоп-қора бир одам кириб келди. Кичкина бурни пачоқ, қорни катта, устида икки бўлак матоси бор, холос. Ниҳоятда камбағаллиги шундоққина билиниб турарди. У келди-да, уёқ-буёққа қаради, масжидда ҳеч ким йўқ эди, мени ҳам кўрмади. У икки ракъат намоз ўқиди, намозни қисқагина қилди, кейин қўлини дуога очди-да, у ёқ-бу ёққа қараб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, «Эй Роббим, бандаларингга одоб бериш учун улардан ёмғирни тўсиб қўйдинг. Эй улуғ Роббим, ёмғир бер!» деди. У дуо қилиб, қўлини пастга туширмасидан осмонда булутлар пайдо бўлиб, шаррос ёмғир қуйиб юборди. Бояги одам чиқиб кетгач, мен унинг орқасидан эргашдим. У маҳалланинг бир кўчасидан бориб, бир эшикка кириб кетди. Белги қўйиш учун ҳеч нарсани тополмай, ердан бир кесак олиб, ҳалиги деворга, эшикка белги қўйиб, қайтиб кетдим. Эртасига эрталаб тонг отгандан кейин ўша уйни излаб бордим. Ўша белгига қараб, унинг уйини топдим. Қарасам, бир қулфурушнинг уйи экан. Кирдим-да, у одамга «Мен қул олмоқчиман, қулларингни кўрсат», дедим. У ҳамма қулларини кўрсатди, лекин уларнинг орасида кечаги одам йўқ эди. Мен ноумид бўлиб, ташқарига чиқсам, қулфурушни эшиги ёнида бир чайлача бор экан. Ичида одам бордек кўринди. Қулфурушдан «Бу ким?» деб сўрасам, «Нима қиласан уни, сенга фойдаси йўқ, бу энг қиймати йўқ қулим бу, бировга фойдаси тегмайди, кучи йўқ, қўлидан иш ҳам келмайди. Қўй, уни олма, мана, бақувват қулларим бор», деди. Мен «Йўқ, мен мана шуни оламан», дедим. Ўзи ҳам безор бўлган экан, арзимаган пулга берди. Қарасам, ўша одам. Уни уйга олиб бордим. У менга қараб, «Хожам, мени нима учун сотиб олдинг? Мендан куч-қувват истасанг, мендан кучли қуллар бор эди, олмадинг. Қўлимдан бирор иш келишини кутсанг, қўлимдан ҳеч иш келмайди. Иш қиладиган қулларни олмадинг. Нима учун айнан мени олдинг?» деди.  Мен унга кечаги воқеани айтиб бердим. «Мен гувоҳ бўлдим, сен дуо қилдинг, қўлинг ерга тушмай туриб, дуоинг ижобат бўлди», дедим. У бўлса: «Йўқ, у мен эмас, адашяпсан», деди. Мен қаттиқ туриб олдим, «Йўқ, ўша сенсан!» дедим. Охири у менга қараб, «Таниб қолган экансан-да?» деди. «Ҳа, танидим», дедим. «Аниқми, ишончинг комилми?» деди. «Ишончим комил», дедим. Шу пайт у бошини эгиб, узоқ сажда қилди. Саждада мунча узоқ турди деб, энгашиб, қулоқ солсам, «Эй сирлар соҳиби бўлган Зот, сир зоҳир бўлди, энди менинг яшаш иштиёқим йўқ», деяётган экан. Бироз ўтмай, у сажда қилган жойида жон таслим қилди».

Молик ибн Динор бу ҳикони ўзларининг китобларида ёзиб қолдирганлар.

Нима учун ўша қул Аллоҳ таолони сир соҳиби деб атади? Биродарлар, Аллоҳ таолонинг бандага берган ихлоси – Аллоҳнинг сири бўлади. Одамлар орасида шундай одамлар борки, қўли ерга тушмасдан дуоси қабул бўлади. Улар зоҳир бўлиб қолса, авлиёнинг каромати ошкор бўлса, ўзига ўлим тилар экан. Шундай қоида бор экан. Чунки дуоси ижобат одамни кўрган авом халқ уларга ихлос қиламан деб, сиғиниб кетади. Одамларнинг табиати мана шундай. Шунинг учун улар ўзини яшириб юради. Аммо орамизда улар бор, фақат қайси биримиз авлиё эканимизни билмаймиз. Шунинг учун мусулмонларда жамоатдан дуо олиш маданияти бор.

Мана, нима учун ҳар жума одамлар дуо сўрайди? Чунки ҳаммамиз бандамиз, Аллоҳдан сўраримиз бор. Шунинг учун дуоталабмиз. Шу боис, жамоат билан дуо қилсак, шоядки, шу жамоатдаги дуоси ижобат инсонлар, Аллоҳ таоло сир берган солиҳ, валий бандалар ҳам омин деб турса, шуларнинг сабабидан дуоимиз тез қабул бўлади.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР