Тавсия қиламиз

Шайтон ўзининг ёрдамчилари билан бир гўзал макондан ўтиб борарди

Мақолалар access_time6-июнь 2019, 15:26

- Бу жойлар жуда гўзал-а! – деди ёрдамчи шайтонлардан бири атрофга…

НАМОЗДАН КЕЙИН ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР

Мақолалар access_time27-апрел 2017, 13:31

 "Аллоҳумма, антас-салом ва минкас-салом, табарокта йа залжалоли…

2018 йилнинг 28 апрел шанба куни Косонсой қурилиш ва уй жой коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежида

Мақолалар access_time28-апрел 2018, 22:45

2018 йилнинг 28 апрел шанба куни Косонсой қурилиш ва уй жой коммунал хўжалик…

Биродарлар, мусулмон одам бу каби ваболарга нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак?

access_time16-март, 10:25 visibility607

     Ҳаммамизга маълум, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус эпидемиясидан пандемия деб расман эълон қилинди. Эпидемия бир мамлакат миқёсида касаллик тарқалиши бўлса, бир неча мамлакатларда, катта ҳудудларга касаллик тарқалиши пандемия деб аталар экан. Ўйлайманки, энди бунинг давоси топилади, иншааллоҳ. Аммо пандемия дейилмасидан олдиноқ унинг ваҳимаси кўтарилди, энди дориси ҳам қиммат бўлади.

Биродарлар, мусулмон одам бу каби ваболарга нисбатан қандай муносабатда бўлиши керак? Биз мана шу нарсани яхшилаб тушуниб олайлик. Аслида, мусулмон одам вабо каби офатлардан ваҳимага тушмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни батафсил баён қилиб берганлар. Қазои қадарга иймон келтирган одам ҳар қандай вазиятга тайёр туради, пешонасига ёзилганини кўради. Бунинг ҳар хил мисолини кўряпмиз. Масалан, тожсимон вирусдан қочиб келиб, бошқа сабабдан вафот қилганлар ҳам бўлди мамлакатимизда.

Ўтган жумада Каъбанинг атрофида тарихда биринчи марта тавоф тўхтаб қолди деган эдик. Лекин маълумотларни ўргансак, тарихда бунга ўхшаш воқеа жуда кўп бўлган экан. Уларнинг энг машҳурларини айтиб ўтсак, ҳижрий 1317 йилда қарматийлар Маккани эгаллаб олган. Қаромита, яъни қарматийлар кўп сонли адашган оқим бўлган, улар Маккани эгаллаб, ҳажга келган ҳожиларни сўйган, ўлдирган. Улар ҳатто ҳажарул асвадни ўғирлаб кетишган. Ҳажарул асвад йигирма йил давомида уларнинг қўлида турган. Уларга катта миқдорда олтин беришгач, бир қисмини қайтаришган. Ўша қисмлари ҳозир Каъбанинг бурчагига маҳкамлаб, ўрнатиб қўйилган. Ана шу бадбахт қарматийлар Маккани эгаллаб олган пайтда ўн йилдан ортиқ вақт давомида тавоф у ёқда турсин, ҳаж ҳам ман қилинган экан. Ҳаж ва умра ўн йилдан ортиқ муддат тўхтаб қолган, чунки қарматийларнинг эътиқодида ҳаж амали жоҳилият ишларидан деган тушунча бор эди. Шунинг учун улар ҳажни бекор қилишган, ҳаж қилдиришмаган, тавоф ҳам қилдиришмаган.

Ундан кейин, мелодий 1814 йилда ҳам ўлат туфайли ҳаж тўхтаган экан. 1883 йилда яна бир юқумли касаллик – вабо туфайли ҳаж тўхтатилган. 1979 йилда Жуҳайман Утайбий каби бир тўда жангарилар Каъбатуллоҳни эгаллаб олиб, икки ҳафта давомида Каъбада тавоф тўхтаб турган. Саудиянинг кучи етмагач, французларни ёллашган экан. Бу жангарилар Каъбанинг ичига тобут олиб кириб, жаноза олиб киряпмиз деб, аслида қуроллар олиб кириб, ичкарида анчагина ҳожиларни ўлдириб, ҳарамни ўзларига қўрғон қилиб олишган экан. Кейин ичкарига кирганни отаверган, охири сув қуйиб, сув тўлдириб ушлаб олишган экан. Жуҳайминнинг ўзи тириклайин қўлга тушган, кейин қатл қилинган. Ана шу воқеа сабабли ҳам икки ҳафта давомида Каъба тавоф қилинмай турган экан.

2017 йилда ҳам шундай воқеа бўлган. Ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз, қаттиқ тиқилинч юзага келиб, одам ниҳоятда кўпайиб кетиб, Каъбанинг атрофида бир неча дақиқа ҳаракат тўхтаб қолган. Одамлар шу қадар кўпайдики, юра олмай қолдик. Анча вақт, бир неча дақиқалар давомида ҳамма турган жойида тўхтади, айланмади. Тарихда Каъбатуллоҳни сел босган ҳолатлар ҳам кўп бўлган экан. Ўша сел келган пайтларда ҳам Каъбани тавоф қилиш тўхтаб турган.

Хуллас, кечаги ҳолат тарихдаги биринчи ҳолат эмас экан. Лекин мусулмон одамнинг кўзи, қалби ҳар доим Каъбага, Маккага, Мадинага тикилган бўлади. Шунинг учун Макка ва Мадинанинг йўллари ёпилганда ҳаммамиз маҳзун бўлдик. Ҳатто ҳарамнинг имомлари қироатларида ҳам мунг бор. Каъба ҳақидаги оятларни тиловат қилишяпти, Каъба муаззинлари азон айтяпти, ҳожилар, зиёратчилар эса йиғлашяпти. Ҳаммаёқда маҳзунлик ҳукмрон, худди онадан ажралиб қолган етим боладай азон айтишяпти. Бу нарса бутун дунё мусулмонларининг кайфиятига ёмон таъсир қилди.

Биродарлар, вабога қандай муносабатда бўлиш ҳам фиқҳда баён қилиб берилган. Юқумли касаллик пайдо бўлган бўлса, унинг бутун жамоатга тарқаб кетиш хавфи бор бўлса, нима қилиш керак? Ахир намозни жамоат билан ўқиш суннати муаккада бўлиб, вожиб ҳисобланади. Бироқ, мана шундай жиддий хавф-хатар пайтида ана шу ҳукм ҳам тўхтаб туради. Жамоат тўпланганда касаллик тарқалишининг эҳтимоли юқори бўлса, жамоатга чиқилмайди. Эшитаётган бўлсангиз, шунинг учун баъзи давлатларда жума намози вақтинча тўхтатиляпти. Саудиянинг ўзида ҳам Маккада умра қилиш тўхтатилди. Эҳром боғлаб кирса, қўймайдилар. Хожилар умра қила олмай, эҳромни боғлаб, бир қўй сўйиб, эҳромдан чиқишяпти.

Шунинг учун мана шу вабо сабабидан кимдир ўзини ёмон ҳис қилаётгани сезилса, масалан, гумони ўша оти ўчгур вирусга кетадиган бўлса, ёки оддий грипп бўлиб қолса ҳам, то соғайгунча жамоат намозига чиқмасдан, уйида ўқигани афзал бўлади.

Бунга далил шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Саримсоқ еган одам масжидга келмай турсин», деганлар. Нима учун? Бадбўй ҳиди билан бошқаларга озор бермаслик учун. Юқумли касаллик ҳам озор беради. Унинг озори пиёзникидан минг чандон каттароқ бўлади. Шунинг учун қўйилаётган талабларга риоя қилайлик, биродарлар. Қўлимизни ювиш керакми, совунлаб ювайлик, неча сония ювинг дейилган бўлса, тиббиёт ходимлари қандай талаблар бўлаётган бўлса, шунга амал қилайлик. Лекин ваҳимага тушмайлик. Биз мусулмонлар сабабларни жойига қўямиз-да, кейин Аллоҳга таваккул қиламиз. Чунки олдин сабабларни таъминлаб қўйиб, кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилинади. Ниқоб тақ деса, ниқоб тақасиз, жамоатга аралашма деса, аралашмай турилади ва ҳоказо.

Бу борада буюк уламоларимизнинг ҳам тажрибалари бор экан. Ана шундай тажрибалардан бири шуки, ҳофиз, муфассир Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Ал-васоил фий шарҳиш-шамоил» деган асарларида шундай келтирибдилар: «Қайси уйда, қайси масжидда, қайси бир маҳаллада Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидлари ўқилса, ўша маконни фаришталар ўраб олади, Аллоҳ таоло у ерга раҳматини ёғдиради». Малоикалар у ерни ўраб олиб, нима қиладилар? Уларнинг ҳаққига дуои хайр қиладилар. Қайси бир мусулмоннинг уйида мавлид ўқилса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидлари ўқилса, Аллоҳ таоло ўша юрт аҳлидан қаҳатчиликни, вабони, очарчиликни, қимматчиликни, вабони, ўт кетишни каби бало-офатларни, ёмонликларни, адоват-ҳасадларни, ёмон кўзларни ва ҳатто ўғриларни даф қилади. Агар ўша одам вафот қилса, мункар ва накирнинг савол-жавоби осон қилинади. Нима учун шундай? Нима учун мавлид ўқиган одамдан вабони кўтаради дейиляпти? Жавоб шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ва хурсандчилик изҳор қилаётгани учун. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш балоларни кўтариши маълум ва машҳур нарса. Шу боис, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини ўқиш, у зотнинг сийратларини ўрганиш ҳам вабо-балоларни кўтарар экан.

Биродарлар, келинг, бутун дунёга хавф солаётган, эпидемиядан пандемияга айланган бу вабога қарши туриш учун ҳеч бўлмаса дуо қилайлик, ҳеч бўлмаса салавотни кўп айтайлик. Имкон топганларимиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини ўқишни йўлга қўяйлик, ўзимиз оиламиз билан ўқийлик. Бунинг ҳеч бир зарари йўқ, аммо фойдаси жуда кўп. Бунда Пайғамбар алайҳиссаломни таниш бор, у зотга муҳаббат изҳор қилиш бор. Баъзи одамлар мавлидни бидъат дейишади. Лекин бу ерда банда Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббат изҳор қиляпти, хурсандчилик изҳор қиляпти.

Салавотни кўп айтайлик, шояд Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бошимиздан ҳар хил балоларни кўтарсин. Бу балога йўлиқиб вафот қилган мусулмонлар шаҳид ўрнида бўлади, уларни Аллоҳ раҳмат айласин, бизга Макка ва Мадинанинг йўлларини очсин! 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳу

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР