Тавсия қиламиз

Устозлар ҳурмати - аждодларимиз мероси.

Мақолалар access_time30-сентябр 2017, 13:30

­­Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг …

Биласизми?

Биласизми access_time8-август 2017, 13:49

"Фотиха" сураси -> АЛЛОҲнинг қаҳридан сақлайди ...  "Ясин"…

БИЛАСИЗМИ:РЎЗАДОР УЧУН МУБОҲ (ЖОИЗ) БЎЛГАН ИШЛАР

Биласизми access_time7-июнь 2017, 00:00

  РЎЗАДОР УЧУН МУБОҲ (ЖОИЗ) БЎЛГАН ИШЛАР   1. Мисвок тутиш. Мисвок…

ТААССУБ ВА УНДАН ХАЛОС БЎЛИШ АСОСЛАРИ

access_time16-апрел, 14:19 visibility319

Ҳозирги араблар таассуб сўзини фанатизм сўзига муқобил ўлароқ истеъмол қиладилар. Таассуб диний, қавмий, ирқий, ватаний, сиёсий, мафкуравий ва бошқа кўринишларда бўлади. Шу маънода, мана шу саналганларнинг бирортасини ўзингиз учун бирламчи қадрият билиб, ўша нарсага мухолиф бўлган ҳар қандай бошқа тушунчаларни ёмон кўрсангиз ёки қабул қилмайдиган бўлсангиз, умумий луғавий маънода сиз мутаассиб (таассуб қилувчи) дейилаверасиз. 

Бироқ бизнинг мақоладан мақсадимиз бу кўринишлардаги таассубни баён қилиб бериш эмас. Мақоланинг мақсади сизга шариатга оид, диний мазҳаблар ва оқимларга оид таассуб асослари ва ҳукмини изоҳлаб бериш. Шариат мутахассислари, фуқаҳо устозларимиз таассуб сўзига турлича таърифлар берганлар, мен ана ўша таърифлардан воқеъликка энг яқин иккитаси мазмунини келтираман:

Биринчи таъриф:

  Таассуб - ҳақ аён бўлгач, бирор оқим, мазҳаб ёки шахсга боғланиш сабабидан ҳақни қабул қилмай, ҳақнинг акси бўлган томонда туриб олиш. Бу таърифни таассуб масаласида изланиш олиб борган кўплаб мутахассислар китоблари ва дарсларида келтирганлар, мен бу машҳур таърифни сўзма-сўз бўлмаса ҳам умумий мазмунини ва рукнларини сақлаган ҳолда келтирдим. 

Иккинчи таъриф:

Таассуб - бу бирор тоифа, оқим, мазҳаб ёки шахсга шундай боғланишки, киши ўша мазҳаб, оқим ёки шахсга эргашишни дўстликнинг шарти ва унга хилоф қилишни душманлигу хусуматнинг сабаби қилиб олади. Бу мазмундаги таърифни Саудиянинг машҳур ҳанбалий фақиҳи шайх Омир Баҳжат ва ҳанафий фақиҳларидан шайх Салоҳ Абул Ҳажж ҳамда бошқа аҳли илмлар зикр қилганлар. 

Энди иккала таърифнинг асосларини ўрганиб, татбиқ қилиб чиқсак. Биринчи таъриф икки асосий нуқтадан иборат: 1 - ҳақни билиш, 2 – уни ўзи эргашаётган шахс, оқим ёки мазҳаб сабабидан қабул қилмаслик. Ислом фиқҳидан озроқ хабари бор ҳар қандай мусулмон биладики, 4 мазҳаб уламолари қатъиётларда ихтилоф қилмаганлар. Аллоҳ бирлиги, борлиги, Кааба қибла экани, намоз 5 маҳаллиги, фажр 2 ракаатлигида ҳеч ким ихтилоф қилмаган. 

Ихтилоф ижтиҳодий масалаларда бўлган. Бундай масалаларда эса бир томонни аниқ ҳақ деб айтиб бўлмайди. Айниқса, муқаллид ким ҳақ эканини, қайси ҳукм ҳақ эканини биламан деёлмайди, балки бирор мужтаҳидга эгашади. 

Шундай экани ижтиҳодий масалаларда бу таъриф билан бирор муқаллидни мутаассиб дейиш фиқҳ асосларини тушунмаслик бўлади. Масалан, ҳанбалий муқаллид шофеий муқаллидга бошнинг барчасига масҳ тортмасанг, намозингиз саҳиҳ эмас, дейди. Шофеий муқаллид эса, оз қисмига масҳ тортсанг ҳам масҳ сўзи маъносини адо қилган бўласан, намоз тўғри бўлади, дейди. Бундай масалада ҳанбалий шофеийни, шофеий ҳанбалийни сен мутаассибсан, сабаби ҳақни олмадинг, деёлмайди. Зеро, масала ижтиҳодий. Ёки, шофеий 6-7 ёшли болани фарз намозига имомликка ўтказиб қўйса, ҳанбалий бу намоз саҳиҳмас, дейди. Шофеий Амр ибн Салама ҳадиси бор, намоз саҳиҳ деса, ҳанбалий бу ҳадисни менинг имомим ҳужжат деб билмаган дейди. Шунда шофеий бу ҳанбалийга; “сен ҳадисга қарши чиқяпсан, мутаассибсан” деёлмайди, сабаби, бу ҳанбалий аслида муқаллид. У ушбу ҳадиснинг далолати, Амрнинг саҳоба экани ёки эмаслиги, ҳадиснинг санади ва бошқаларни таҳлил қилиш даражасида эмас, у биладики унинг имоми ушбу асарни олмаган. Имомига тақлид қилади. Уни “ҳақ келгач, уни олмаган” дея оламизми? Асло йўқ!

Шунинг учун биринчи таъриф кўпроқ мужтаҳидлик даражасига етган, ижтиҳод қилиб, ҳақни топа оладиган кишилар учун муносиброқ бўлади. Агар шундай олим ижтиҳоди билан унга ҳақ деб кўрилган қавлни топиб, шунга қалби таскин топса, энди бошқа мужтаҳиднинг ўша қавлга хилоф ижтиҳодига эргашиши ҳалол бўлмайди, бу масалада деярли хилоф йўқ. 

Юқоридаги асосга кўра, бизнинг замонамизда учрайдиган таассубга иккинчи таъриф кўпроқ тўғри келади. Унинг мазмуни шуки, агар сиз ҳанафий бўлсангиз ва фақат ҳанафий билан дўст бўламан, фақат ҳанафий билан ўтираман, фақат ҳанафийга қиз бераман, десангиз, мутаассиб бўласиз. Агар мен шофеийман, демак ҳанбалийни ёмон кўраман, мен салафийман, демак, моликий билан дўст бўлмайман, десангиз, сиз шубҳасиз мутаассибсиз. Демак, таассуб бўлиши учун киши 4 мазҳабдан бирига эргашиши шартмас. Балки, ҳеч бир мазҳабга эргашмай ҳам мутаассиб бўлиш мумкин. Ҳарамда дарс берувчи ҳанбалий фақиҳлардан шайх Омир Баҳжат айтадиларки, бизнинг асримизда мазҳабга таассубдан кўра мазҳабларга қарши таассуб кўпроқ учрайдиган бўлди. (Уларнинг бу гапларини ютубдаги Фиқҳ илмига кириш силсилаларидан топишингиз мумкин).

Бироқ мен ҳанафийман ё ҳанбалийман ёки мен шофеий мазҳабига асосан ибодат қиламан, ёки Имом Моликка эргашаман, дейиш асло таассуб дейилмайди. Бу масалада ислом умматида асрлар давомида деярли ҳеч ким хилоф қилмаган. Бундай қилиш жумладан, салафий олимлар дейиладиган шайх Ибн Таймийя, шайх Муҳаммад ибн Абдилваҳҳоб ва шайх Ибн Бозлар наздида ҳам жоиз. Бунга фақат Муҳаммад Абду, у зотнинг издошларидан Рашид Ризо, шайх Албоний ва шайх Муқбил каби баъзи замонамиз олимлари хилоф қилган бўлсалар ҳам, умматнинг юз минглаб олимлари олдида уларнинг хилофлари мўтабар бўлмаган. 

Шунга кўра, энди ўзингизга мана шу саволни бериб кўрсангиз бўлади: сиз мутаассибмисиз? 

Сиз ўз мазҳабингиз, оқимингиз ёки шайхингизга эргашишни дўстлик ва душманлик мезони қилиб олганмисиз? Ўша йўлга хилоф қилган бошқа мусулмонларни ёмон кўриб юрасизми? 

Агар шундай бўлса, билингки, таассубдан халос бўлиш ечими жуда оддий:

1. Ижтиҳодий масалаларда қалбингизни кенгроқ қилинг. Модомики, бошқа томон ҳам бир мужтаҳид олимга тақлид қилаётган экан, унга душманлик қилманг. Ижтиҳодий, фаръий масалаларда сизнинг йўлингизга эргашишни дўстликнинг шарт ёки эргашмасликни душманликнинг сабабига айлантириб олманг.

2. Бошқа томон билан илмий мунозарага қодир бўлсангиз, илмий мунозара қилинг, бўлмаса, ўзингиз қодир бўлган иш билан шуғулланинг. Кимнидир уриб, сўкиб, ҳақорат қилиб, масхара қилиб, унга озор бериб ўз мазҳабим ёки йўлимга нусрат бераман, десангиз, ғирт мутаассибсиз, бундай қилишдан узоқ бўлинг. 

Билингки, қадимдан уламолар ижтиҳодий масалаларда ихтилофларга оддий қараганлар. Хилофларга қарамай, бир-бирларидан манфаат олганлар. Ҳанафий мазҳаби имомларидан Муҳаммад аш Шайбоний Имом Моликка шогирд бўлиб, у зотдан Муваттоларини олганлар. Имом Шофеий эса Имом Муҳаммадга шогирд бўлганлар. Имом Муҳаммаддан бир туяга юк бўладиган илм ёзиб олганларини айтганлар. Имом Моликка ҳам шогирд бўлиб, у зотдан Муваттоларини ривоят қилганлар. Имом Аҳмад имом Абу Юсуфга шогирд бўлганлар. “Сизда бундай дақиқ масалалар қаердан?” деб сўралганида, Имом Муҳаммаднинг китобларидан эканини айтганлар. Бу нарса асрлар оша шу кунгача давом этиб келган. Шофеийлар ҳанафийлардан, ҳанафийлар шофеийлардан, иккалалари моликийлар ва ҳанбалийлардан ва моликий ва ҳанбалийлар булардан илм олаверган. Заҳабийнинг “Сияр”ларини ўқинг. Сиз мутаассиб ёки бидъатчи деб бемалол ғийбат қилаётган уламолар ҳақида қандай гўзал сўзлар айтганларига эътибор беринг. 

Мақола якунида таассуб бобида шайтоннинг энг ёмон 3 васвасасини эслатиб ўтмоқчиман. Мана шу 3 васваса аксар мутаассибларнинг Охиратларини куйдириб юборишлари учун иблиснинг энг кўп фойдаланадиган қопқони бўлиб қолди, афсуски:

1. Иблис васваса қилиб айтади: “Нариги томон бидъатчи. Салафлар бидъатчини ғийбат қилса бўлади деган, демак, сен уни ғийбат қилишинг ҳалол. Бу ишинг асли ғийбат эмас!”

Ўзингиз ўйлаб кўринг, сиз уни бидъатчи дейсиз, у сизни шундай дейди. Яна бошқа тоифа иккалангизниям шундай дейди. Ҳамма ғийбатни ҳалол қилиб олаверса, мусулмонлар бир-бирининг гўштини ейишдан бўшамай қолади-ку?! Шундай бўляптиям. Бу шубҳасиз шайтоннинг макридир. Салафлар ғийбати ҳалол деб мўтазилийлар, жаҳмийлар каби қатъиётларда умматга хилоф қилганларни назарда тутганлар. Энди сиз каломчи, бидъатчи деяётган имом Ғаззолийни имом Заҳабий ҳужжатул ислом деб атаган. Сиз бидъатчи деяётган шайх Ибн Таймийяни имом Айний, Мулла Али ал Қорий каби буюк ҳанафий уламолари имом, аллома дея эҳтиром билан тилга олган. Сиз – қайси томонда бўлсангиз ҳам, ҳозир мухолиф бўлган томоннинг обрўсини биров ҳалол қилиб бермаган сизга!

2. Иблиснинг яна бир васвасаси, у сизга салафлар ва бошқа буюк уламоларнинг бир – бирлари ҳақларида айтган салбий гаплари ва улар ўрталарида бўлган ҳунук ҳодисаларни эслатиб, сен ҳам шундай қилсанг, уларга эргашган бўласан, дейди. Мен бу васвасага қаршиалоҳида мақола ёзгандим. У ерда бу ҳақда батафсил тўхталганман. Унинг боғичини қуйида келтираман: https://t.me/MahmudUsmon/179

3. Иблис сизга “Сен ҳаққа эргашяпсан, ҳаққа таассуб қилса бўлаверади” дейди. Афсуски, бу макрга алданганлар ҳам бизнинг даврда кўпайиб кетди. Мен суннатга эргашяпман, суннатга таассуб мадҳ этилган таассуб дейди. Албатта, нариги томон ҳам суннатга эргашяпман дейди, у ҳам шу билан ўзининг таассубини ҳалол дейди. Қарабсизки, ҳаромлигида уммат хилоф қилмаган таассуб икка томон нафс-ҳавоси билан “ҳалол” нарсага айлантирилади. Албатта, ҳар бир томон ўзини ҳақ деб ишониб юради. Агар ҳамма таассубини тўғри деб билса, биз таассубдан, тоифаларнинг душманлиги ва адоватидан бўшамай қолишимиз турган гап эмасми?! 

Алида эса, модомики, масала ижтиҳодий экан, унда кибор уламолар, уммат имомлари ихтилоф қилган эканлар, унда бир томонниг мен ҳақман, деб қатъий ишонч билан айтиши асло тўғри бўлмайди. 

Шундай экан, азиз биродарлар, Аллоҳдан илтижо этиб сўрайлик, Роббимиз бизни таассубдан асрасин. Бизни мўминларга муҳаббатли қилсин! Умматни парчаловчи эмас, бирлаштирувчи қилсин. Бир-биримизга хусумат билан овора бўлиб, асосий ишлардан чалғиб қолишимиздан Ўзи паноҳ берсин. 

Зеро, инсоният тарихини ўрганган ҳар қандай оқил киши биладики, ислом уммати ва бошқа барча умматлар-қавмлар ҳар қайси асрда бўлсин парчаланиш сабабидангина мағлубият ва хорликка юз тутганлар!

Маҳмуд Абу Дауд Усмон

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР