Тавсия қиламиз

Бир фоиз муҳаббат бўлса ҳам оилани сақлаб қолинг

Мақолалар access_time18-март, 17:24

Оилавий масалалар жуда кўп муҳокама қилиняпти. Ана шундай муҳокамаларда…

Ҳадисларнинг табиби

Мақолалар access_time24-апрел 2017, 19:56

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ташаббуси билан 2017 йилнинг…

 "ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ" КЎРИК- ТАНЛОВИНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИДАН БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Янгиликлар access_time12-декабр 2019, 10:25

ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ "ШАЙХ   МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ"  НОМИДАГИ…

ОЧЛИК ЙИЛИ

access_time20-апрел, 00:23 visibility465

  Ўн еттинчи ҳижрий сана Ислом тарихида рамода, яъни, “очлик йили” номи ила машҳурдир. Ўша йили қаттиқ қаҳатчилик, очлик ҳукм сурган. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аҳолини ҳалокатдан сақлаб қолиш учун катта тадбиркорлик ва фидокорлик кўрсатганлар.

  Ибн Саъд Асламдан қуйидагиларни ривоят қилади: "Рамода (очлик) йили бўлганда араблар ҳар томондан Мадинага ёпирилиб келдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамларни тайинлаб, уларга қараб туришни, таом ва хўрак тақсимлаб беришни буюрган эдилар.
  Язийд ибн Ухти ан-Нимр, ал-Мисвор ибн Макрама, Абдурраҳмон ибн Абдул Қори, Абдуллоҳ ибн Атоба, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлар ҳар кеча Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўпланиб, қилган ишлари ҳақида хабар берар эдилар.
  Улардан ҳар бирлари Мадинанинг бир ноҳиясига қарар эди. Аъробийлар Раъсус Сания, Ромиж, Бани Ҳориса, Бани Абдул Ашҳал, Бақийъ, Бани Қурайза, бир қисмлари Бани Салама ноҳиясига тушган эдилар. Улар Мадинага тўлиб кетишган эди. Бир неча одамлар овқат қилиб бўлганларидан кейин Умарнинг: "Бизнинг олдимизда кечки таом еганларни ҳисоблаб чиқинглар", деганини эшитдим. Ҳисоблашган эди, етти минг киши чиқди. "Бу ерга келмаган аҳли аёл, бемор ва болаларни ҳам ҳисоблаб чиқинглар", деди у. Ҳисоблашган эди, қирқ минг киши чиқди.
  Сўнг бир неча кеча ўтди. Одамлар зиёда бўлди. У яна амр қилди. Ҳисоблашган эди, унинг ҳузурида кечки таом еганлар ўн мингта, бошқалар эса, эллик мингта чиқди.
Кўп ўтмай, Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдирди. Шунда Умар ҳалигиларнинг ҳар бир ноҳиясига бир вакил тайин қилиб, одамларни чўлга чиқаришини буюрди. Уларга таом ва чўлга олиб кетиш учун юк ҳам беришар эди. Умарнинг ўзи ҳам уларни ташиётганини ўз кўзим билан кўрдим.

  Аслам айтадики: "Уларнинг ичида ўлим тарқалган эди. Менимча, учдан иккилари ўлиб, учдан бирлари қолди. Умарнинг қозонлари устида одамлар тик туриб, тонг отгунча каркур пишириб чиқар эдилар. Сўнгра беморларга берар эдилар. Асоид (ун билан ёғ) ҳам пишириб берар эдилар. Умарнинг буйруғи ила катта қозонларга ўт ёқилиб, ёғ қайнатилар, совиганидан кейин нонга булаб, сарийд қилинар ва ҳалиги ёғга қўшиб ейилар эди. Араблар ёғ есалар, иситмалари чиқар эди. Умар Рамода замонида ўз болаларининг бирортасининг уйида ҳам, хотинларининг бирортасининг уйида ҳам таом емади. Аллоҳ одамларга то жон киргизгунича фақат улар билан кечки таом ер эди, холос".

  Ибн Саъд Фирос ад-Дайламийдан ривоят қилади: "Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар кеча дастурхони учун Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Мисрдан юборган туялардан йигирматасини сўяр эдилар".
  Шу билан бирга, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳдан эл-юрт бошидан бу балони кўтаришини сўраб, суннатга мувофиқ оммавий ибодатни ҳам ташкил қилганлар.

  Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмуттолиб ила истисқо қилди: "Эй бор Худоё Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз сенга Пайғамбаримизнинг амакиси ила тавассул қиламиз. Бизни сероб қилгин", деди. Яна: "Сероб қилинурлар", деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу одамларни тўплаб, ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чопонларини кийиб олиб, кишиларни намозгоҳга бошлаб чиққанлар ва Ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилиб, истисқо қилганлар.
Ривоят қилинишича, ўша куни Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога тазарру қилиб: "Эй бор Худоё! Албатта, гуноҳ бўлмаса, бало тушмас. Тавба бўлмаса, бу кўтарилмас. Мана биз қўлларимизни ўзингга очиб, гуноҳларимизни эътироф қиламиз. Бошларимизни Сенга эгиб, тавба қиламиз. Бизни нажот ёмғири ила сероб қилгин", деганлар. Шунда ёмғир қуйиб ёққан. Ер тўйиб, одамларга жон кирган.

  Кўпчилик уламоларимизнинг таъкидлашларича, ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғрининг қўлини кесиш ҳукмини ҳам вақтинча тўхтатганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига Музайна қабиласидан бировнинг туясини ўғирлаганликлари учун бир неча йигитни ушлаб, олиб келдилар. Ҳазрати Умар уларнинг қўлларини кесишга амр қилдилар. Шунда баъзилар бу йигитлар Ибн Ҳотиб ибн Балтаъа исмли кишининг йигитлари эканлигини, хўжайинлари уларга овқат бермаганлигидан туя ўғирлаб, сўйиб ейишга мажбур бўлганликларини айтдилар. Ҳазрати Умар ҳукмни дарҳол бекор қилдилар. Хўжайинни чақириб келиб, койидилар ва уни ўғирланган туянинг баҳосини икки баробар тўлашга амр қилдилар. Шундан кейин ҳозирча ўғрининг қўлини кесмай туриш ҳақида фармон чиқардилар. Баъзи кишилар бу ишни, шариатнинг ҳукмини вақтинча бекор қилиш, деб атайдилар. Аслида эса, бу иш шариатнинг ҳукмини ўз ўрнида ишлатишдир.

  Ислом жамияти ўз аъзоларининг ижтимоий таъминотларини яхшилаб йўлга қўяди. Аввало ночор кишиларнинг нафақасини яқин қариндошларига Аллоҳнинг олдидаги диний бурч сифатида вожиб қилади. Ота фарзандларига, эр хотинига, ака укаларига, фарзанд ота-онасига ва ҳоказо, нафақа бериши шарт. Яъни, бой қариндошлар ночорларига нафақа беришлари вожиб. Ўз ихтиёрлари билан беришмаса, қози ҳукм чиқариб, мажбур қилади. Ночор инсоннинг яқин қариндоши бўлмаса, унга жамият ёрдам беради, бой мусулмонлар нафақа берадилар. Иш берувчи ишчига нафақа беради ва ҳоказо. Агар бу чоралар қўлланмаган бўлса, ўғрилик содир этилса, жамият унинг қўлини кесишга ҳукм чиқаришга ҳақли бўла олмайди.

  Худди шунинг учун очлик йилида, жамият одамларни таъминлай олмай қолганида шариат руҳини дақиқ нуқталаригача тушунган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шариатнинг ҳукмига биноан, вақтинча ўғрининг қўлини кесмай туришни жорий қилдилар.


"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан.
mehrob.uz

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР