Тавсия қиламиз

Қиёмат кунида сизга шафоат керакми

Мақолалар access_time13-июнь 2018, 14:34

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Охиратда энг биринчи шафоат…

Уйдан чиқиш дуоси:

Мақолалар access_time3-июль 2019, 09:49

1. Умму Салама розияллоҳу анҳа айтадилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи…

ЎЛИМ, ЖАНОЗА, ТАЪЗИЯ ОДОБЛАРИ

Мақолалар access_time14-октябрь 2018, 14:33

Ўлим тирик жонзотнинг албатта йўлиқиши мукаррар бўлган улкан ҳақиқатдир.…

ИСЛОМДА САЛОМАТЛИККА ЭЪТИБОР

access_time27-апрел, 16:13 visibility457

بسم الله الرحمن الرحيم

ИСЛОМДА САЛОМАТЛИК

ИСЛОМДА САЛОМАТЛИККА ЭЪТИБОР

Бандаларини йўқдан бор этиб, энг буюк неъмат иймон ва саломатликни ато қилган ва уларга дунё-юохират саодатига элтувчи ибодатларни буюрган, жонлари ва руҳларига зарар етказувчи иллатлардан қайтарган Аллоҳ таолога чексиз ҳамд ва санолар бўлсин!

Умматларини ҳам жисмоний, ҳам маънавий камолот сари интилишларига ундаган, қалблар ва таналарнинг табиби, кўзларимизнинг нури ва сурури суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога сўнгсиз салавот ва саломлар бўлсин!

Инсоннинг саломатлигини сақлаш ҳар бир замонда ва ҳар бир жамиятда долзарб масала бўлиб, барча самовий динларда унга алоҳида эътибор берилган. Хусусан, муқаддас динимиз Исломда  инсон саломатлигига катта аҳамият қаратилган. Ислом фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган.

Маълумки, шариат бандаларнинг беш зарурат (дин, жон, насл, мол, ақл)ни сақлашлари мақсадида жорий қилинган. Бироз фикр юритилса, ушбу заруратларнинг учтаси: жонни, наслни, ақлни асраш айнан жисмоний саломатлик билан боғлиқлиги ойдинлашади. Зеро, Ислом саломатликни асрашни тананинг ҳаққи деб қарайди ва бу ҳақни Роббининг ҳаққи қаторида санайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сенда Роббингнинг ҳам ҳаққи бор, танангнинг ҳам ҳаққи бор”, деганлари бунга ёрқин далилдир.

Динимизнинг асосий манбаси Қуръонда жуда кўп ўринларда турли ўсимлик ва маҳсулотларниноми зикр қилинган. Уларни истеъмол қилиш танага озуқа бўлиши билан бирга турли дардларга шифо экани кундалик ҳаётда ва турли тадқиқотларда ўз исботини топган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда ҳам наботот олами хусусиятлари, инсонга фойдаси баён қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлиқни сақлашга тарғиб қилиш билан бирга, беморликларни даволаш борасида ҳам ҳеч ким айтмаган гўзал бир ғояни тақдим этганлар. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ дардни ҳам, давони ҳам тушурган ва ҳар бир дардга давосини қилиб қўйган. Шундай экан даволанинглар, дея марҳамат этганлар. Бу ҳадиси шариф мусулмон табибларини замонлар оша ҳар қандай касалликни даволашга қурби етганча урунишга ундаб келган ва янги-янги дориларни кашф этишларида илҳом манбаи бўлган.

Исломда соғликка қаттиқ эътибор берилганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида саломатликка, табобатга доир қимматли маълумотлар шунчалар кўпки, улар “Набавий табобат” деган сарлавҳа остида мустақил мавзу сифатида ўрганилади. Бу борадаги ҳадисларни муҳаддислар ўз асарларида алоҳида бўлимда келтирсалар, мутахассис олимлар бу хусусдаги ҳадислардан алоҳида китоблар ёзганлар.

Ҳукамолардан бири инсон саломатлиги қанчалик муҳим эканини чирой ўхшатиш билан шундай тушунтиради, “Инсоннинг руҳи ва жисми гўё чавандоз билан отга ўхшайди. Агар чавандоз моҳир ва кучли, от заиф бўлса, у ҳарчанд уринмасин кўзлаган маррасига ета олмайди. Аксинча, от бақувват, соғлом, чавандоз эса заиф бўлса, бу ҳолатда ҳам у маррадан бенасиб қолади. Яъни, оти уни бошқа томонларга олиб қочади ёки ерга улоқтириб юборади. Иккиси бир-бирига мос равишда кучли бўлса кўзланган мақсад юзага чиқади”.

Худди шундай инсон ҳам руҳий ҳам жисмонний жиҳатдан соғлом, тетик бўлса, ибодатларини тўла тўкис бажара олади ва атрофдагиларга кўпроқ манфаати етади.

Шунинг учун, динимизда инсоннинг саломатлигига алоҳида эътибор берилган бўлиб, киши соғлигини сақлаши ва касал бўлганда дардига шифо излашига тарғиб қилинади. Бемор дардига шифо топишда албатта, тиббий мутахассис кўмагига муҳтож бўлади. Бу пайтда у моҳир, ўз ишининг билимдони бўлган табиб ёки шифокорга мурожаат этиши лозим.

Аллоҳ таоло айтади:

﴾فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴿

Бас, Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!(Анбиё сураси, 7-оят.)

Муфассир уламолар бу оят маъносини кенг маънода тушуниш яъни, турли соҳа ва илмларда ҳам билимдон, мутхассислардан ёрдам сўраш зарурлигини айтганлар. Бу фақат диний, ақидавий масалалар билангина чегараланиб қолмайди. Инсоннинг жисмоний саломатлигини сақлаши, касалликларга муолажа қилишида ҳам ушбу оятга амал қилиши лозимлиги таъкидланади. Шунингдек, табиб ҳам бировларни даволашлик учун етарли билим ва малакага эга бўлиши, ўз соҳасини яхши билиши ва беморларга керакли ташхисни қўйиб, шариат доирасидан чиқмаган ҳолда даволаши талаб этилади.

 

Муҳаммад Зариф Дадамирзаев

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР