Тавсия қиламиз

ЭР ВА АЁЛ КИШИ ОРАСИДАГИ ФАРҚ НИМАДА? 

Мақолалар access_time12-декабр 2017, 12:39

«Эркак ва аёл кишилар фикрлаши орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги…

Вабода сабр қилиш ажри

Мақолалар access_time27-феврал, 09:53

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар…

Уруғ

Мақолалар access_time26-сентябр 2019, 15:42

Бир кун ўқувчилар кекса устоз олдига келиб, ундан сўрадилар: нега ёмон одатлар…

САБАБЛАР ҚАЗОНИНГ ДАРАКЧИЛАРИ ЭКАНИ

access_time7-май, 18:39 visibility483

САБАБЛАР ҚАЗОНИНГ ДАРАКЧИЛАРИ ЭКАНИ

  Ҳар бир ишга сабаблар тайин қилинган бўлиб, ўша сабаблар юзага чиқарилган пайтда унга боғланган ишлар ҳам юзага чиқаверади. Масалан, чанқаган киши сув ичса, сув ичишга боғланган чонқоқнинг қониши юзага чиқади. Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошлик алоқаларини боғлашга тарғиб қилиб, бу ишга қандай натижалар боғлангани ҳақида шундай хабар берганлар:

  Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, менга Анас ибн Молик хабар берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқи кенг бўлишини ва ажали кечиктирилишини (умри узун бўлишини) яхши кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин”, – дедилар”.
(Бухорий  ривоят қилган).

Шарҳ: Дунёда ҳар бир вужудга келадиган нарса учун унинг сабаблари ва йўл йўриқлари Аллоҳ таоло томонидан тайин қилиб қўйилган бўлади. Бирор нарсанинг сабаби рўёбга чиқарилмас экан, ўша сабабга боғланган нарсалар ҳам рўёбга чиқмай қолиши сабабият қонуни сифатида жорий қилинган. Шу маънода кишининг бирор манфаатли ишни қилиши, бошқаларнинг уни яхши кўришларига сабаб қилиб қўйилганидек, қариндошлик алоқаларини боғлаши умрининг зиёда бўлишига ва ризқининг кенг қилинишига сабаб қилиб қўйилган. Уламолар сабаблар ҳақида қуйидаги ажойиб гапларни айтганлар:

Дунёда бирор нарса вужудга келиши учун қўйилган сабаблар иккитадир:
1. Ҳис этиладиган;
2. Ҳис этилмайдиган.

  Ҳис этиладиган сабаблар – ақл билан билинадиган, ҳис қилиш аъзолари орқали идрок этиладиган нарсалардир. Ҳис этилмайдиган сабаблар эса ақл билан билиб бўлмайдиган, ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарсалардир. Ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйгандир.
  Яъни инсон тоза ҳавода юриши аъзоларининг соғлом бўлиши учун зарур эканини ҳамда бу нарса аъзоларининг узоқ муддат ишлашига сабаб эканлигини ҳис эта олади. Аммо қариндошчилик алоқаларини боғлашнинг соғлом бўлишга ва аъзоларнинг узоқ муддат ишлашига нима алоқаси борлигини ҳис эта олмайди. Охиратга аниқ ишонган мўмин банда ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйган ва бу бўлиши аниқ, аммо инсоннинг ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарсалардандир, деган тушунчада бўлади.
  Ушбу ҳадисда ҳам қариндошлик алоқаларини боғлаш, ризқнинг кенг қилинишини ва ажалнинг кечиктирилишини юзага чиқарувчи сабабларидан бири экани баён қилинган. Аллоҳ таоло барча нарсаларни билгувчи Зотдир, шунга кўра дуо қилувчини ҳам, исён қилувчини ҳам, итоат қилувчини ҳам, яхши амал қилиб бахтли бўлувчини ҳам – барча-барчасини азалдан битиб қўйгандир.

Аллома Тафтазонийнинг сўзлари бу тушунчани янада ёрқин ифодалаб беради:
“Аллоҳ таоло банда бу тоатни қилмаганда унинг умри қирқ йил бўлишини, лекин тоатни қилиб умри етмиш йил бўлишини олдиндан билган. Аллоҳ таолонинг илмига кўра бу тоат бўлмаганида мазкур зиёдалик ҳам рўёбга ошмаслиги эътиборидан бу зиёдалик ўша тоатга нисбат берилган”.
  Шу маънода ҳамма нарса олдиндан ҳал бўлган экан, тақдиримда борини кўраман, дея қўлидан келадиган ишни тарк қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки ҳеч ким ўз тақдирига нима ёзиб қўйилганини билмайди, билиш имкони ҳам йўқ. Унинг биладигани, билишга имкони бор нарсаси Аллоҳ таолонинг яхши ишларни қилишга буюриб, ёмон ишлардан қайтарганидир.
  Шунга кўра у бор имкониятидан фойдаланиб буйруқни бажариш ҳаракатини қилиши лозим. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг: “Амални қўйиб, тақдиримиз ёзувига суянмайликми”, – деган саволларига: “Амал қилинглар...”, – деб жавоб берганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада эдилар, бир нарсани олдилар-да, у билан ерга чиза бошладилар ва: “Сизлардан бирор кимса йўқки, унинг дўзахдаги ва жаннатдаги жойи тақдирига ёзилмаган бўлса”, – дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Амал қилишни қўйиб, тақдиримиз ёзувига суянмайликми?”– дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амал қилинглар, ҳар ким ўзи учун яратилган нарсага мослаштирилгандир, ким саодат аҳлидан бўлса, албатта, саодат аҳли амалига муваффақ қилинади, ким бахтсизлик аҳлидан бўлса, албатта, бахтсизлик аҳли амалига муваффақ қилинади”, – дедилар. Сўнгра: (Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса)” , – оятини ўқидилар”.
(Бухорий ривоят қилган).

  Яъни банда “тақдиримда битилгани бўлади”, дея амални ташлаб қўймаслиги, балки “тақдиримнинг белгилаб қўйилгани маълум, аммо қандай белгилангани номаълум, менга юклатилган вазифа эса тақдирга суяниб ўтириш эмас, шариат кўрсатмаларига риоя қилишдир”, деган тушунчада бўлиши ва бунинг тақозосига кўра ҳаракат қилиб бориши лозим.


“Эътиқод дурдоналари” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР