Тавсия қиламиз

МУЛОЙИМЛИК ҲАҚИДА

Мақолалар access_time20-октябрь 2018, 16:58

МУЛОЙИМЛИК ҲАҚИДА      Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг…

Ўзгаларни камситманг

Мақолалар access_time30-апрел 2019, 12:21

 Қуръони каримда олдинга сурилган асосий ғоялардан бири – ўзгаларни…

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИСМЛАРИ, НАСАБЛАРИ ВА ТУҒИЛИШЛАРИ

Мақолалар access_time1-август 2017, 21:39

Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари - Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил…

БАЛАНД БЎЛМАГАН ОВОЗ, ТАНҲО ВА ҚАЛБАН ДУО ҚИЛИШ

access_time8-май, 04:21 visibility280

БАЛАНД БЎЛМАГАН ОВОЗ, ТАНҲО ВА ҚАЛБАН ДУО ҚИЛИШ

  Ҳаётингиздаги энг қийин ва машаққатли онларда, Аллоҳга дуо қилиш эҳтиёжи янада кучайганда, дуо қилиш учун қандай шароит ихтиёр қилганингизни эслай оласизми?
Хойнаҳой оқшом бошингизни ёстиққа қўйиб юлдузли осмонга тикилган куйи унинг чексиз-чегарасиз эканлигини тафаккур қилган ҳолда, ёки Аллоҳ билан юзма-юз қолиш имкони бўлган сокин, кимсасиз бир жойни танлаган бўлсангиз керак. Ибодат асносида маънавий ҳузур асосан ёлғиз қолганда, ҳеч ким билмаган вақтда, Аллоҳ билан танҳо, юзма-юз бўлганда сезилади. Хато ва гуноҳлари учун мағфират, эҳтиёжларининг қондирилиши учун дуо қилаётган инсон албатта, ёлғиз ҳолда дуо қилишни танлайди.

Бунга бир мисол Закариё алайҳиссаломнинг дуосидир.
Қуръонда унинг Аллоҳдан наслини давом эттирадиган ворис истаб яширинча қилган дуоси шундай баён қилинган: "У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла. У: "Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман" (Марям сураси, 3-4—оятлар).

Дуонинг қабул бўлиш сабабларидан бири Аллоҳга юзланувчининг кучли, ҳамма нарсага қодир, ҳамма нарсадан огоҳ Зот қаршисида ўзини паст тутиб, илтижо қилишдир. Зотан самимий мўмин хоҳ дуо, хоҳ намоз, хоҳ рўза, хоҳ бошқа ибодат бўлсин ўзини Аллоҳнинг олдида ожиз, ҳақир санаб У Зотга қўрқув ва умид билан дуо қилади.

Қуръонда мўминларга дуо қилиш одоби тўғрисида қуйидаги тарзда таълим берилган: "Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошгувчиларни севмас" (Аъроф сураси, 55-оят).

"Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъ-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма. Роббинг ҳузуридагилар, албатта, Унинг ибодатидан мутакаббирлик қилмаслар…" (Аъроф сураси, 205-206—оятлар).

Қуръонда дуони ёлғиз, махфий ва тазарруъ билан қилишга эътибор қаратилган. Шу сабабли дуо қилувчи овозини баланд қилиши, атрофида кўп одамларни жамлаши муҳим эмас. Шуни унутмаслик керакки дуода овозни баландлаштириш унинг қабулини осонлаштирмайди. Биз дуо қилаётган Роббимиз қалбимиздан ўтган туйғуларни билган, ҳамма нарсадан огоҳ ва бизга жон томирларимиздан ҳам яқиндир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз" (Қоф сураси, 16-оят).

Яратувчимизнинг бизларга шунчалик яқинлигини билиб туриб овозимизни беҳуда баландлатишнинг ҳожати йўқ. Инсон қалбан дуо қилиш билан бирга фақат ўзи эшитадиган овоз билан ҳам дуо қилиши мумкин.

Қуръонда хоҳ ибодат чоғида, хоҳ ҳаётининг ҳар онида овозини меъёрда қилиш лозимлиги оятларда қуйидагича билдирилган: "Юришда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир" (Луқмон сураси, 19-оят).

"Сен: "Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир", деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут" (Исро сураси,110-оят).

Кўриб турганимиздек Қуръонда таълим берилган ибодат намунаси кўз-кўз қилишдан узоқ. Бошқалар кўрсин ёки эшитсин деб қилинмайди. Фақат Аллоҳ олдидаги бурчини гўзал ҳолда бажариш мақсад қилинади. Қуръонда бунга жуда катта аҳамият берилган. Дуо билан боғлиқ оятларда қайта-қайта "Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг" каломи зикр этилган.

"Сен "Роббим адолатга амр қилади. Ҳар бир ибодатхонада юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввал қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтасизлар", деб айт" (Аъроф сураси, 29-оят)

"Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг" (Ғофир сураси, 14-оят).

"У зот тирикдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин" (Ғофир сураси, 65-оят).

Ушбу оятларда зикр этилган "Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг" каломидан мурод Аллоҳга динни холис тутган ҳолда дуо-ибодат қилиш, Аллоҳга холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, иймон-эътиқодга ёлғону риёни аралаштирмай дуо-ибодат қилишга чақиришдир.

Дин фақат Аллоҳникидир. Ибодатлар ҳам фақат Унинг розилигини кўзлаб қилинади.

Дуо-ибодатларини бошқаларга кўрсатиш учун қилганлар ҳақида шундай дейилган: "Бир "намозхонлар"га вайл бўлсинки. Улар намозларини унутувчилардир. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир" (Мааъун сураси, 4-6—оятлар).

"Қуръони каримга кўра дуо" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР