Тавсия қиламиз

ХХVII-Қорилар мусобақаси гўзал Қуръон тиловати билан бошланди.

Янгиликлар access_time26-апрел 2017, 16:24

Озгина муддат Қуръон тинглаш кайфиятингизнинг энг яхши ҳолатга кўтаради.…

УЙҚУДАН ОЛДИН ЎҚИЛАДИГАН СУРАЛАР

Мақолалар access_time21-ноябрь 2018, 18:55

Инсон ҳаётида уйқунинг ўрни беқиёс. Кун бўйи ишлаб чарчаган тана аъзолари…

МАСЖИД МИНБАРИ ТАРИХИ

Мақолалар access_time12-март, 19:09

   Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, Расули Акрам соллаллоҳу…

Ўзингизни Қуръони Карим билан даволанг

access_time8-май, 17:58 visibility948

ИСЛОМДА САЛОМАТЛИК

Ўзингизни Қуръони Карим билан даволанг

Қуръони Карим билан муолажа қилиш – бу замонавий тиббиётдан воз кечиш дегани эмас. Балки, Набий алайҳиссаломнинг “Аллоҳнинг бандалари даволанинглар” дея таъкидлаганларидек, набавий суннатга амал қилишликдир. Ушбу набавий буйруқ бизларни касалликларга даво бўладиган ҳар бир йўлдан тўғри фойдаланишга ундайди.

Ишонч билан айтиш лозимки, Қуръон тиловати мўминлар учун энг яхши муолажадир. Дарҳақиқат, ундан миллионлаб инсонлар истифода қилганлар, яна истифода қиладилар. Муолажада фақат тиббиётгагина суянган киши Қуръонга бепарво бўлиб, кўплаб яхшиликлардан бебаҳра қолади. Агар сиз у билан муолажа қилсангиз ҳеч қачон зарар кўрмайсиз!

Қуръони Карим билан муолажа қилиш - бу беминнат, зиён-заҳматсиз бўлиб, сиздан ҳеч қандай махсус вақт, махсус макон ёки ҳолат талаб қилмайди.

Қуръони Карим билан муолажа қилиш – фақат касалликлардан даволаниш эмас. Балки, унинг тиловати ибодат бўлиб, унда раҳмат, саодат, тарбия, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ва сизнинг дунёю-охиратда нажот бор. У жисмингиз, руҳингизни қайта қувватлантирувчи ва мукаммал ҳаётий дастурдир...

Айтиш лозим бўлган муҳим сўз: Азизларим! Мен турли вақтлар, ҳолатлар, касалликлар, мусибатлар ва қийинчиликларда Қуръони Карим билан муолажа қилишни тажриба қилиб кўрдим ва билдимки, у ҳар қандай касалликлардан даволанишда энг яхши воситадир. Шунинг учун ҳам, Қуръони Карим ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасида ҳамроҳимдир.

Мен касалликка чалинсам янада кўпроқ Қуръон ўқийман, тинглайман. Шунда Аллоҳ таоло қандай касаллик бўлса ҳам, менга тезда шифо сабабларини муҳайё қилади. Кенгчилик, бахт-саодатни тортиқ этади. Ҳеч қандай хафалик, ғам-ташвиш, малолликни ҳис қилмайман.

Ечими жуда қийин бўлган муаммога рўпара бўлсам, Қуръони Карим менда улкан сабр, машаққатни енгиб ўтишда қувват, ишларни ҳал этишда ҳикмат ва хотиржамликни зиёда қилади. Доимо тўғри қарор қабул қилишимга ёрдам беради.

Агар бир ёмонликка йўлиқсам, ўзимда заифликни ҳис қилсам, ёки келажакдан қўрқувга тушсам, Қуръон ғайратимни оширади, қўрқувни кетказади. У ҳар қандай ҳолатда менга куч-қувват бағишлайди.

Сиз ҳам мен билан бирга бу гўзал муолажани тажриба қилиб кўрасизми?!

Инсоният бир неча минг йиллар давомида, ҳар бир замон ва маконда ўзи учун шифо излаб, турли усулларни қўллаб кўрган. Баъзилар турли бут, санамларни ясаб уларга ибодат қилган ёки қуёшга, оловга сиғинган ва ҳоказо... Лекин Набий алайҳиссалом Пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг шифо излашда ҳам барча учун энг тўғри йўлни белгилаб бердилар. Аллоҳ таоло у зотга умматларининг руҳлари ва жисмлари учун шифо ўлароқ Қуръони Каримни нозил қилди.

Ўн тўрт асрдирки, мўминлар Аллоҳ таолонинг ушбу

﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ﴾

"Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), кўксингиздаги нарсага шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди" (Юнус сураси, 57-оят) оятига ишонган ҳолда Қуръни Карим билан ўзларини муолажа қилиб келмоқдалар.

Ҳар жабҳада илғор мусулмонлар тиббиёт ривожида ҳам асосий пойдеворни қўйганлар. Ўрта асрлардан кейин илм-фан, хусусан, тиббиётда ривожланиш Ғарбга кўчди. Тиббиётда кимёвий моддаларга суяниб даволаш кенг ёйилди. Борлиқни Яратгувчи Зотни инкор этувчи, моддапараст ғарблик олимлар бу борада кўплаб ютуқларга эришдилар. Тиббиёт бизга қайта улар орқали кириб келди. Натижада мусулмон табибларнинг аксарияти табобат билан биргаликда Қуръони Карим ва динимиз кўрсатмаларига мувофиқ дуолар билан даволашдан бутунлай йироқлашиб кетди. Биз қуйида Қуръони Карим билан ҳаттоки, тузалмас касаллик бўлган саратонга ҳам баъзи оятларни ўқиб қандай муолажа қилиш мумкинлигини исботловчи илмий далилларни келтириб ўтамиз.

Биз бу изланишимиз орқали хавфли касалликларга ҳам Қуръони Карим билан муолажа қилиш самараларини илмий асослаб барчани хусусан, шифокорларни қаноатлантиришни мақсад қилганмиз. Бунда Қуръони Карим қай тарзда жисмнинг барча аъзоларини хусусан, иммунитет тизимини ошириши, бош мия ва юрак ҳужайралари фаолиятини яхшилашини кўриб чиқамиз.

Нима учун баъзи инсонлар Қуръони Карим билан даволаниш мумкинлигини инкор этадилар?

Қуръони Карим билан даволаниш мумкинлигини инкор этувчилар унинг оятларига тўла имон келтирмаганликлари ва моддий илмий асос топа олмаганлари туфайли рад этадилар.

Шу ўринда яна қуйидагича савол туғилади: Бемор Қуръон тингласа, унда шифо топиши учун сабаб бўладиган қандай ўзгаришлар рўй бериши мумкин? Қуръони Карим билан муолажа қилиш қандай бўлади?

Қуръони Карим билан муолажа қилишда беъморга оятларни ва маъсур дуоларни маълум ададда ўқиб эшиттириб турилади. Шунда у Аллоҳ таолонинг изни билан дардига шифо топади. Демак, Қуръон тиловати касалга таъсир этади. Қуръон тиловати икки нарсадан иборат; биринчиси, муолажа қилувчининг овози (товуши), иккинчиси, ҳолатга мос тарздаги оятларнинг маънолари.

Қуйидаги бобларда овоз ва Аллоҳ таоло Каломининг жисм ҳужайраларига қандай таъсир этишини кўриб чиқамиз.

Товушнинг таъсири: Дастлаб, атрофимиздаги борлиқ ҳақида фикр юритсак, барча нарсалар хоҳ у жисмлар бўлсин, ер остидаги маъдан бўлсин, хоҳ сув, ҳужайра бўлсин маълум доирада тебраниб(ҳаракатланиб) туради. Бу илмий ҳақиқат борасида шубҳа йўқ.

Борлиқдаги ҳар бир мавжуд нарса зарралардан иборат. Бизнинг жисмимиз асоси ҳужайралардан ташкил топган. Ўртача одамда 100 триллион ҳужайра мавжуд. Ҳар бир ҳужайра эса миллионлаб зарралар йиғиндисидан ҳосил бўлади.

Зарралар бир ядро атрофида доимий бир хил шаклда айланиб турувчи жуда ҳам майда заррачалардан ташкил топган. Унинг атрофида электронлар жамланган бўлиб, барчаси биргаликда тебраниб туради ва ўша жойда электромагнит ҳосил бўлади.

Шунингдек, бош миямиздаги фикрлаш жараёни содир бўлишидаги сир, унда бош мия ҳужайраларининг ўта нозик дастури мавжудлигидадир. Бу дастур орқали ҳужайралар жуда ҳам муҳим вазифани бажарадилар. Агар ушбу дастурнинг ишлаш жараёнига зарар етадиган бўлса, баъзи тана аъзоларига шикастланиб, ундаги мувозанат йўқолади.

Шундай экан, тана аъзоларини тузатиш учун, ҳужайралардаги мувозанатни тиклаш лозим. Дарҳақиқат, олимлар тана ҳужайраларига ёруғлик тўлқинлари, товуш тўлқинлари каби турли тебранишлар таъсир кўрсатишини аниқлашди.

Товушнинг ўзи нима? Товуш механик энергиянинг материя бўйлаб тўлқинлар ёрдамида тарқалишидир. Товуш частота, тўлқин узунлиги, давр, амплитуда ва тезлик билан ҳарактерланади.

Кундалик турмушда товуш атамасини ҳавода тарқалувчи ва одам эшита оладиган тўлқинларга нисбатан қўлланилади. Бироқ физикада товуш деб ҳар қандай материяда тарқалувчи меҳаник тўлқинларга айтилади.

Товушлар ҳавода 1 сонияда тақрибан 340 метргача етадиган тезликка эга тўлқинлар ёки тебранишлардан иборат. Ҳар бир товуш ўзига хос частотага эга бўлиб, инсон учун эшитиладиган ҳудудда 1 сонияда 20 дан, 20000 тагача тебранади.

Тўлқинлар ҳавода тарқалиб, қулоққа етиб боради ва у орқали электрон ишорага айланиб, ичкарига ўтади. Унга бош мия ичида ҳужайралар жавоб қайтаради. Сўнгра товуш бошмиянинг бошқа ҳудудларига, хусусан, олд томонга кўчади ва барча қисмлар ўзаро биргаликда ишораларга жавоб бера бошлайди. Шу тарзда бош мия ишораларни таҳлил қилиб, уларга жавоб бериш учун тана аъзоларига буйруқ беради. Айнан мана шу ўринда товушнинг ҳужайраларга таъсири ва товуш билан муолажа қилиш мумкинлиги ҳақидаги тушунча пайдо бўлади.

Ўтган аср охирларида Вашингтон Университети олимлари аниқлашича, бош миянинг ҳар бир ҳужайралари маълумотларни қабул қилиш билангина чекланмайди. Балки у кичик компютер тизими каби ишлаб, маълумотларни қабул қилади ва доимий керакли буйруқларни бериб туради.

Маълум бўлишича, бош миямизда триллиондан зиёд ҳужайралар мавжуд. Бу ҳужайралар бир-бири билан ўзаро мустаҳкам боғланган тўхтовсиз ва бехато ишлайдиган комьпютер жиҳози йиғиндисига ўхшайди. Тадқиқотчилар “ҳужайралар - табиат яратган мўъжизалардан биридир” дейишади.

Лекин биз бу мўъжизани бутун борлиқни йўқдан бор қилгувчи Аллоҳ таоло яратган дея эътиқод қиламиз. Тасаввур қилинг, агар комьпютер қуввати тугаса, қандай ишлаши мумкин? Алатта, тана ҳужайралари учун қувват ва уни сақлашлик Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлади. Зеро, қалблар зангласа, уни Қуръон тиловати ва Аллоҳ таолонинг зикригина жилоллантиради.

Вашингтон Университети тадқиқотчиси доктор Эллен Ковей айтади; “Биз дастлабки тадқиқотда бош мия бир комьпютер каби ишлайди деб ўйлагандик. Аслида бош миядаги ҳар бир ҳужайра ўз атрофидаги тебранишлар, хусусан, товуш таъсир қиладиган алоҳида кичиккина комьютерчалар вазифасини бажаради”.

 

Шунинг учун, инсон тана аъзоларининг ҳар бирига тегишли махсус ҳужайралар ўз чегараси доирасида тебраниб туради. Бир-бирига боғлиқ бўлган уйғун ҳолатдаги тизимни ташкил қилади ва унга ҳар қандай товуш ўз таъсирини кўрсатади.

Демак, тана аъзоларининг бири касалланишига ушбу аъзога тегишли ҳужайраларнинг тебраниш йўлидаги ўзгариш сабаб бўлади. Бир аъзонинг касалланиши эса бутун танага таъсир ўтказиб, унинг меъёрий фаолиятини издан чиқаради.

Баъзи товушлар ҳужайраларга таъсир ўтказиб, тананинг касалланишига сабаб бўляптими, албатта, яна баъзи товушлар танага ижобий таъсир этиб, касалликларга шифо бўлади. Буни замонамиз олимлари илмий йўл билан тасдиқлаб, товуш билан муолажа қилиш сифатида қўллайдилар.

Товуш билан муолажа қилиш тарихи. Франциялик тадқиқотчи, шифокор Алфред Томатис эллик йил давомида инсон сезги аъзоларини ўрганиши натижасида эшитиш инсонда энг муҳим аҳамиятга эга эканини аниқлади. Унинг қайд этишича, қулоқ инсон аъзоларини ва нерв системасини тўла бошқариб туради. Унинг ишини ҳужайралар тартибга солиб туради. Қулоқ нерв системаси барча тана аъзолар билан боғлиқ. Шунинг учун, барча товушлар тана мувозанати ўзгаришига сабаб бўлади. Қулоқ юрак, ўпка, жигар, ошқозон ва ичаклар каби барча ички аъзолар билан боғланган. Товуш тўлқинлари бу аъзоларга ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, эшитиш тана мувозанатида муҳим аҳамиятга эга. Агар эшитиш тизимига зарар етса, тана аъзолари мувозанати бузилади. Уни муҳофаза қилиш тана ҳужайраларига ижобий таъсир кўрсатувчи товушни тинглаш билан бўлади. Шунда тана мувозанати тикланиб, меъёрига келади ва соғаяди.

1960 йили швецариялик олим Ҳанс Женни товуш турли моддаларга таъсир кўрсатиши ва уларнинг асл шаклига қайтара олиши мумкинлигини аниқлади. Унинг айтишича, шундай ўзига хос товушлар борки, улар тана ҳужайраларининг ҳар бирига таъсир кўрсатади ва унинг ичидаги моддалар тартибини тиклайди.

1974 йили тадқиқотчи олимлар Фабьен Маман ва Жоел Штернҳеймер ноёб кашфиёт қилишди. Улар тана аъзоларининг ҳар бир қисмида ўзига хос тарзда физика қонунларига бўйсунувчи тебраниш тартиби мавжудлигини аниқладилар.

Бир неча йиллардан кейин Фабьен Маман бошқа бир тадқиқотчи Гримал билан биргаликда товуш барча ҳужайраларга хусусан, саратон ҳужайраларига таъсир қилишини аниқладилар. Уларнинг таъкидлашича, товушлар таъсири бир-биридан фарқ қилади. Ажабланарлиси, инсон ўзининг товуши тана ҳужайраларига кўпроқ таъсирга эга экан!!

Яна бир тадқиқотда олимлар бемор бармоғидан бир томчи қон олишди. Беморга қон олдида баланд овозда турли (нағма)сўзларни айттиришди ва махсус фотокамера орқали уни кузатиб туришди. Натижада, бемор овозига ҳамоҳанг тарзда қондаги электромагнит майдони ўзгариб, қон ҳужайраларидан эгасига тебраниш билан жавоб сингналлари қайтди.

Олимлар айтишича, товуш частотаси бактерия ва вирусларга ҳам таъсир қилади. Шунинг учун, улар ҳозирда бактерияларни товуш частотаси орқали зарарлантириш ҳақида изланишлар ориб боришмоқда.

Хулоса шу бўладики, турли оҳанг ва овозлар тана ҳужайраларига таъсир қилиб, уларнинг кўпайиши ва тетиклашишига сабаб бўлади. Муҳим натижа шуки, инсон товуши тана ҳужайраларига кучли таъсир қилувчи тенгсиз ва ягона воситадир.

Инсон товуши ўзига хос тарзда руҳий резонансни кўтаради ва шифо топишда кучли восита бўлиб ҳисобланади.

Тадқиқотчи, олим Фабьеннинг аниқлашича, товушлар соғлом ҳужайраларни жонлантириб, саратон ҳужайраларини осон йўқ қилади. Инсон товушларни тинглаганда унинг қон айланиш системаси орқали тананинг барча аъзоларидаги ҳужайралар тебранади.

Лекин товушларнинг таъсири фақатгина тана ҳужайраларига таъсир қилиш билан чекланиб қолмайди. Балки, у атрофимиздаги барча нарсаларга таъсир ўтказади. Буни япониялик олим Масару Эмото сув устида олиб борган тажрибаси билан исботлаб берди. Яъни, у сув олдида товуш тўлқинларини ҳосил қилгач, сувнинг таркибида катта ўзгариш содир бўлди.

Эмото айтади: “Сувга турли ахборотлар билан таъсир кўрсатиб, музлатиб ундаги кристалларни суратга тушурардик. Ижобий мазмундаги сўзларга сув ҳамиша чиройли кристаллар ҳосил қилиш билан жавоб қайтарар, гўё ўз шодон туйғуларини япроқларини очаётган гулғунча шаклли чиройли кристалларда намоён этарди. Аксинча салбий мазмунли сўзларни “тинглаганда” сув умуман кристал ҳосил қилмасди.

Сувга “бахт” сўзини айтганимизда, қирралари текис чиройли бриллиантга ўхшаш кристал пайдо бўлди. “Бахтсизлик” сўзини айтилса, сув қанча “уринмасин” шакллана олмади. Сўзнинг ёмон мазмуни сувнинг қувватини сўриб қўйди. Шу тариқа бир чашмадан олинган сувга қарама-қарши мазмунли “ яхши-ёмон”, “ёқади-ёқмайди”, “куч-заифлик”, “фаришта-шайтон”, “тинчлик-уруш” сўзлари билан таъсир кўрсатилди. Музлаган сув эзгу сўзларгагина кристалга айланиб, жавоб қайтарди. Қизиғи шундаки, сувга турли тилларда гапирилганда шаклан бир хил бўлмасада, чиройли кристаллар ҳосил қилди. Сув сўз тузилишига эмас, унинг моҳиятига кўра ижобий ёки салбий аҳамиятини “тушуниб” кристаллар ҳосил қиларди”.

Демак, сувга юқорида кўриб чиққанимиздек, товуш таъсир қилдими, албатта, инсонга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Чунки, янги туғилган чақалоқнинг танаси 80 фоиз, улғайгач 70 фоиз сувдан иборат бўлади.

Инсоннинг товуши иммунитетнинг ошиши ва бир неча касалликларга, ҳаттоки, саратонга ҳам шифо бўлишини кўплаб олимлар тасдиқлаганлар.

Замонамиз олимларининг таъкидлашича, баъзи хавфли касалликларни фақат товуш орқали даволаш мумкин. Чунки, барча вирус ва бактериялар турли тўлқинлар орқали тарқалади.

Вирусларга товушлар ҳар хил таъсир қилади. Баъзи товушлар вирусларнинг ривожланишига сабаб бўлса, баъзиси бутунлай йўқ қилиши мумкин.Тадқиқотчилар вируслар кўпайиши олдини олиш мақсадида турли товуш тўлқинлари устида тажрибалар ўтказмоқдалар. Лекин биз айтамизки, Аллоҳ таолонинг Каломини тиловат қилиш ва тинглаш вирусларга қарши курашишда энг катта самарали таъсирга эгадир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятлари шифо эканини таъкидлаб ўтган.

Ғарблик доктор Анди Вейл, доктор Жош, доктор Уиллиям Тиллис, доктор Роберт О. Беккер, доктор Альфред Томатис, Гербер Осман ва бошқа тадқиқотчилар товуш тўлқинлари орқали келажакда сурункали ва бедаво касалликларни ҳам даволаш мумкинлигини ишонч билан айтмоқдалар. Ҳозирги пайтда муҳандислар товуш орқали сувни музлатишни амалга оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Астрономлар ҳам фазони айнан товуш тўлқинлари орқали ўрганадилар.

Юқорида айтилганидек, олимлар товушлар тери ҳужайраларига таъсир кўрсатишини таъкидламоқдалар. Чунки, тери ҳужайралари маълумотларни сақлаб қолиш хусусиятига эга. Шунинг учун, биз Қуръонни кўп ўқиб, тинглашимиз лозим. Шунда баданимиз ҳам Аллоҳнинг Каломи билан таъсирланади ва Қиёмат кунида бизларнинг фойдамизга гувоҳлик беради.

Калифорния университети кимё фани мутахасиси, тадқиқотчи Жим Гимзевский айтади: “Юрак ҳужайраларидан товуш тўлқинлари чиқиб туради. Уни махсус, ўта нозик жиҳозлар билангина билиш мумкин. Худди шундай ҳар бир тирик ҳужайра ўзидан товуш тўлқинларини таратиб туради”.

Олимлар юракка товуш тўлқинлари таъсир этиб туради дея кўп такрорлайдилар. Дарҳақиқат, биз буни эътироф этамиз ва юракка энг катта таъсир қилувчи – Аллоҳ таолонинг Китобидаги оятлар дея таъкидлаймиз. Ҳар бир мўъмин киши доимо маълум вақтни таъйин қилиб, Қуръон оятларни тиловат қилиши ёки тинглаши керак.

Аллоҳ таоло айтади:

﴿الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ﴾

"Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)" (Раъд сураси, 27-оят).

Қуръони Каримдан йироқ кишининг қалби, юраги қандай ҳолатда бўлиши мумкин? Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай деган:

﴿فَوَيْلٌ لِلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ مِنْ ذِكْرِ اللَّهِ أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ﴾

"Бас, қалблари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар" (Зумар сураси, 22-оят).

Ҳозирда тиббиёт мутахассислари беморларга қўлланаётган кимёвий моддалардан иборат дори-дармонлар маълум бир аъзодаги касалликдан тезда тузалишга ёрдам бериши билан бирга бошқа аъзоларга салбий таъсир ўтказишини тан олмоқдалар. Унинг олдини олиш мақсадида самарали, зарарсиз йўлларни ахтариб, товуш билан даволаш энг мақбул восита эканини эътироф этмоқдалар.

Олимлар нанотехнологиялар ва ўта нозик асбоблар билан ҳужайралар “иш жараёни”ни ўрганиб, уларнинг доимий тебраниб туришини қайта-қайта такрорламоқдалар. Хусусан, нерв ҳужайралари ҳам доимий тебраниб туради. Унга товуш ёки магнит тўлқинлари таъсир ўтказади.

Барча тана аъзолари, ҳатто, бош мия ва юрак ҳужайралари ишини фаоллаштиришда Қуръон оятларининг ҳар бири катта таъсирга эга. Бу борада баъзи оятларнигина “шифо оятлари” дея ажратилмайди. Зеро, Қуръоннинг барча оятлари дардларга шифо бўлади.

Қуръон тиловати қулоққа етиб, бош мия ҳужайраларига урилади ва уларнинг магнит майдонига таъсир қилиб, ундаги тебранишни табиий, мўътадил ҳолатга келтиради.

Барча нарсаларни мукаммал низом узра яратган Зот Аллоҳ таоло айтади:

﴿فطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا لَا تَبْدِيلَ لِخَلْقِ اللَّهِ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ﴾

"Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар" (Рум сураси, 30-оят).

Олимлар тиббий тадқиқотларида аниқлашларича, инсон туғилганда унинг бош миясида ростгўйлик, яхшиликни севиш, хатолар ва ёмонликлардан қочиш каби гўзал хислатлар табиий дастурланган бўлади.

Олимлар махсус кузатув жиҳозлари орқали инсон сўзлаган пайтда унинг бош миясидаги ўзгаришларни ўрганишди. Тадқиқот жараёнида аниқланишича, инсон тўғри сўзлаган пайтда унинг бош миясида ҳеч қандай қувват сарфланмайди. Лекин ёлғон гапирганда катта куч йўқотилади!

Агар инсон ёмонликларни ўйласа, яхши амал билан машғул бўлган ҳолатга қараганда, унинг бош миясида катта миқдорда қон айланиши кузатилади. Сабаби, ёмон ўй-фикрлар ўйланса, бош мия катта куч сарфлайди. Чунки, Аллоҳ таоло бош мияни соғлом фитрат узра “дастурлаган”.

Инсон эшитган маълумотлари ва айтган сўзлари ўзининг бош миясига катта таъсир кўрсатади. Муҳим кашфиётлар ва ёлғонлар инсоннинг (носия)пешонаси юқорисида “ривожланади”. Қуръони Карим тиловати инсоннинг айнан ушбу аъзосига қаттиқ таъсир қилади. Чунки, бу аъзо бошқарувга ва қарорларни қабул қилишга масъулдир.

Демак, хатолар, ёлғон, барча ёмон ишлар бош мия ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатиб, унинг табиий низомини бузади. Вақт ўтиши билан бу ҳолат руҳий ва жисмоний касалликларга олиб келади. Ҳужайраларни “озиқлантириш” ва асл ҳолига қайтариш эса Қуръони Карим тиловати билан бўлади.

 

Муҳаммад Зариф Дадамирзаев

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР