Тавсия қиламиз

Хушмуомала бўлайлик! 

Мақолалар access_time1-январ 2018, 16:21

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга хушмуомала бўлишни буюрган. Ким бўлишидан…

Ҳаммаси яхши бўлади!

Мақолалар access_time25-ноябрь 2019, 12:55

Ҳаракатдан тўхтаманг! Бир куни бир эшак қудуқга тушиб кетди ва одамларни…

БИЛИШ НЕЪМАТИ

Мақолалар access_time23-январ 2018, 11:45

"Билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга (нисбатан) фазли буюкдир"…

ЗАМОНАМИЗДА ФАҚИҲНИНГ ВАЗИФАСИ

access_time14-май, 10:10 visibility254

Тўрт мазҳаб имомлари мутлоқ мужтаҳидлар бўлганлар. Ўз даврининг энг кучли фуқаҳолари мана шу имомлар бўлган. Уларнинг ҳар бир фатвосига далилларни ҳам, улар билан ўша ижтиҳодларида қавли бир бўлган саҳоба, тобеий ва уларга эргашган солиҳлардандан ўнлаб – юзлабини ҳам китобларидан топасиз. 

Улар қатъиётларда, маъноси ва собитлигида шубҳа бўлмаган оят-ҳадислар бор масалаларда ўзаро ихтилоф қилмаганлар. Хилофлари фақат ижтиҳодий масалаларда бўлган. 

Сўнгра минг уч юз – минг икки юз йил давомида юз минглаб муҳаддис ва фуқаҳо олимлар уларнинг ижтиҳодларига эргашганлар. Шу мазҳаблар асосида юз минглаб китоблар ёзганлар. 

Шу билан тўрт фиқҳий мадраса шаклланган. Бу мазҳабларни ҳеч ким инкор қилмаган, ҳеч ким уларнинг борлиги салбий нарса деб қарамаган. Асрлар давомида барча олимлар ўзларини мана шу тўрт мазҳабдан бирига нисбат бериб, улардан бирига усулу фуруъда эргашган. 

Энди талаба бошқа диёрларда ўқиганда аксар олимлар “ўз диёрингдаги мазҳабни ўрган” дейди. Баъзи толиблар ундай қилмай, фақат бошқа мазҳабни ўрганади. Ёки умуман бирор мазҳабни ўрганиб ўтирмайди, бирор мазҳабга эргашмай, мазҳабларни йўқотиш керак ёки уларнинг ўрнига шу асрда яшаган олимларга эргашиш керак деган шахслар қўлида илм олади. Кейин диёрига қайтгач, одамларга умуман бошқа мазҳаблар ёки тўрт мазҳабнинг ҳеч бирида айтилмаган фатволар билан фатво бера бошлайди. Оқибатда одамлар бошқа ишлар қолиб, мана шу ихтилофлар муҳокамасига ўралашиб юраверадилар. 

Агар уларга раддия берилса, бу ижтиҳодий масала, кенг бўлиш керак, ҳамма мазҳаб эгалари ҳам мужтаҳидлар, мен муқаллидман, дейди. Нега унда шу диёрда тарқалган мазҳаб билан фатво бериб қўя қолмайсиз, ўзингиз ҳаммаси ҳам мужтаҳид деяпсиз, ўзингиз муқаллидман деяпсиз. Келинг, шундоқ ҳам дин заифлашган, асли намоз ўқийдиганлар жуда кам бўлган замонда одамларнинг сафини бўлмай, улар асрлар давомида эргашиб келаётган мазҳаби билан фатво беринг, десангиз кўнмайди. 

Ҳанафий мазҳаби уламолари ёзган фиқҳ ва ҳадис китобларининг бизгача етиб келганларини жамласангиз, бир неча ўн минг томдан ошиб кетса керак. Уларнинг мингдан бирини кўриб чиқмаган, фақат кичик мухтасарлар даражасида юрган одамлар шу мазҳаб билан пассив – агрессив усулда курашиб умматга нима манфаат келтирмоқчилар? 

Одатда икки одам ўтириб олиб, бири имом Абу Ҳанифанинг далиллари заиф деса, иккинчиси йўқ сенинг далилларинг заиф дейди. Иккаласиям мужтаҳидмасман деб турибди. Нима кераги бор унда мужтаҳид имомлардан хато қидиришнинг? 

Менинг дадам кучли дейдиган болалар каби талашиб ўтиришнинг?

Аслида бизнинг асрда фақиҳ одам минг йил олдинги имомларнинг қавлларидан хато топиш билан ўзининг ва бошқаларнинг вақтларини исроф қилмаслиги керак. Ундан кўра минглаб янги масалалар бор, ана, ўшалар билан шуғулланиш керак. 

Масалан, машинани ижарага оласиз, охирида сизга қолиб кетиши шарти билан. Шу жоизми? Бўлса, нима шартлар билан? 

Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) фаолияти қандай тартибга солинади? Агар МЧЖ пули тугаса, бироқ эгасининг пули бўлса, МЧЖ етказган зарарни пулдор эгаси қоплаб берадими йўқми? 

Масалан, хорижий ширкат билан шартнома тузиб, банк орқали пул ўтказишга келишдингиз. Шу келишув шартлари сиз учун вожиб бўладими? 

Масалан, крипто–пулингиз учун закот тўланадими? Бу пуллар билан савдо қайси шартлар асосида ҳалол бўлади?

Масалан, қандай турдаги суғурталар ҳалол бўлади? 

Масалан, энг кам ойлик иш ҳақи исломда белгиланиши керакми? Қандай қилиб ислом юртларида ишчиларга нисбатан адолатсизликлар олдини олсак бўлади? 

Масалан, хусусий нодавлат исломий арбитражлар талоқ, хулуъ масалаларини кўриб чиқишда давлатнинг ношаръий судларидан ҳақлироқ бўлиши керакми? 

Умуман, бундай арбитраж маҳкамалар фаолиятини қандай тартибга соламиз? 

Ва ҳоказо масалалар тиқилиб ётибди. Бир ҳанбалий китобини очиб, ундаги шофеийга берилган раддияларни таржима қилиб ўтирсам, кейин шофеий даъватчи раддияларимга шофеий китобида берилган жавоб раддияларни таржима қилиб ўтирса, иккала томоннинг мухлислари чапак чалиб, ҳамма бизни шайхулислом, шунча ҳадислар биларкан, деб ўйлайвериши мумкин, бироқ бундан на менга ва на бошқага фойда йўқ. Фақат ҳамманинг вақтини олганимиз, умматни бўлганимиз қолади. 

Фойдали ишларга вақт сарфласак-чи, яхшилар! 

Аллоҳ барчамизни ҳидоят қилсин!

Маҳмуд Усмон

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР