Тавсия қиламиз

2017 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори

Янгиликлар access_time26-май 2017, 14:44

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2017 йилги закот, фитр…

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло муваффақиятсизлик бериб ҳам бандани азиз қилади

Мақолалар access_time13-феврал, 16:03

Куни кеча бир шогирдимиз: «Мен Росулуллоҳ алайҳиссаломни тушимда кўришга…

Мўътабар ОНА...

Долзарб мавзу access_time5-апрел 2017, 18:03

- Болакай уйига келиб онасига:  "Бу хатни мактабдаги ўқитувчим…

ДУОНИНГ МАВЗУСИ ФАҚАТ ДУНЁ НЕЪМАТЛАРИ ЭМАС

access_time16-май, 18:28 visibility248

ДУОНИНГ МАВЗУСИ ФАҚАТ ДУНЁ НЕЪМАТЛАРИ ЭМАС

 

  Дуода дунёвий ҳаётимиз билан боғлиқ нарсаларни сўраймизми ёки дунёдан кечиб фақат охират талабида бўламизми? Албатта, Аллоҳнинг холис бандалари учун ҳар иккисида ҳам хайр бор. Маълумки, дунё ҳаёти мутлақо якун топадиган жуда қисқа ҳаётдир. Лекин ундаги ҳар бир неъмат кишининг Аллоҳга яқинлашиши ва шукр қилиши учун сабаб бўла олиши мумкин. Ундаги баъзи неъматларга қараб жаннат ва ундаги неъматлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин. Ундаги осмон, ер, қуёш, ой, юлдуз каби санаб саноғига етиб бўлмайдиган бошқа неъматлар эса Аллоҳнинг биру борлиги, ҳар нарсага қодирлигини тафаккур қилишга чақиради. Қуёшнинг ботиши, куннинг тун билан ўрин алмашиши, юлдузларнинг пайдо бўлиши, яна тонг отиши, қуёш чиқиши каби кўзимиз ўрганиб қолган ҳодисаларда эса оламнинг ягона бошқарувчиси борлиги, Ундан бошқа ҳеч нарсанинг боқий эмаслигини исботлайди. Албатта, тафаккур қилувчилар буларнинг барини кўрганда Аллоҳни поклаб ёд этадилар, Унинг чексиз қудрати олдида бош эгадилар. Бу эса Аллоҳга маънавий яқинликни тақозо этади. Шу сабабли Аллоҳ Қуръонда мўминларга ҳам дунё, ҳам охират учун дуо қилиш кераклигини билдирган. Фақат дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳларига алданиб қолишдан қайтаради.

Аллоҳ таоло Ўз китобида эса шундай марҳамат қилган:

"…Одамлардан баъзилари: Роббимиз бизга бу дунёда бергин", дейдир ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари: "Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин", дейдир. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир" (Бақара сураси, 200-202-оятлар).

  Албатта, ҳар бир одам ўз дунёқараши, эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб дуо қилади. Кимни нима қизиқтирса, нима билан машғул бўлса, нимага кўп вақт ажратса қилган дуоси ҳам асосан ўшалар билан боғлиқ бўлади. Аллоҳ розилигини мақсад қилган мўминнинг истаги У Зотнинг амрларни бажариш бўлиб, дуоси ҳам шу билан боғлиқ бўлади. Бундайлар ўз дуоларида Аллоҳдан Ўзини рози қиладиган солиҳ амалларни қилишга муваффақ этадиган имконият, куч ва қувват ва бу йўлда собит туришни сўрайдилар.

  Аллоҳ истаса кишининг дунё билан боғлиқ дуолари қабул бўлади, аммо аввал айтганимиздек унинг оқибати хайрли бўлмаслиги мумкин. Пул, мол-дунё учун дуо қиладилар. Лекин у эътиқоди суст одамни гуноҳга етаклайдиган, тўғри йўлдан чиқишига сабаб бўладиган восита бўлиши ҳам мумкин. Дунё ҳаётининг жозибадор, жалб қилувчи эканлиги ҳақида Қуръонда шундай дейилган:

"Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор!" (Оли Имрон, 14-оят).

  Дунёвий истак ва хоҳишларнинг юзага чиқишида албатта яхшилик ҳам бўлади. Аллоҳдан мулк истаб ниятига етган ҳамда ундан Аллоҳ йўлида савобли ва хайрли амаллар қилаётган кишилар орамизда йўқ эмас. Дунёвий истакларнинг ҳаммаси ҳам ёмонликка етаклайвермайди.

Бу дунёни ғанимат билиб, моддий, жисмоний, маънавий имкониятларидан имкон қадар кўп фойдаланиб Аллоҳ розилигини кўзлаган кимсалар учун дунёвий неъматлар Аллоҳнинг лутфидир. Аллоҳнинг неъматларидан баҳраманд бўлган ҳолда У Зотга қарши борадиган, мутакаббирлик қиладиган кимсалар учун эса бу неъматлар ҳалокатдан ортиқ нарса эмас. Шундай инсонлар бўлганки уларнинг дунёвий исталари охиратлари учун ҳам манфаат берган. Албатта бу муборак бандалар Аллоҳнинг Пайғамбарларидир. Улар бу дунёнинг ўткинчи матоҳларини фақат Аллоҳ розилигини мақсад қилиб сўрашган. Чунки уларнинг истакларининг бари Аллоҳ розилигини топишга қаратилган. Ҳеч бир Пайғамбар номим сақланиб қолсин деб Аллоҳдан зурриёт сўрамаган. Фарзандни фақат ўзларидан кейинги иймон келтирган зотлар учун йўлбошчи бўлишини истаб сўрашган. Қуръони каримда баён этилган Анбиёлар қиссасига эътибор қаратсак улар ўзларидан кейин қоладиган зурриёдларини фақат Аллоҳ розилигини кўзлаган ҳолда талаб қилишган. Қуръонда Закариё алайҳиссаломнинг Аллоҳдан фарзанд исташлари баён қилинган. Ундан келиб чиқадиган мазмунга кўра Имроннинг хотини, Биби Марямнинг оналари ҳомиладорлик вақтида холис ният билан қоринларидаги фарзандни ибодатхона хизмати учун назр қилади. Вақти-соати етиб Биби Марям дунёга келади. Аллоҳ уни жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстиради ва Закариё алайҳиссаломни унга кафил қилади. Закариё алайҳиссалом қачон Марямнинг олдига кирсалар, унинг ҳузурида ризқ кўрар эдилар. Бу ҳолатдан хайрон бўлган Закариё алайҳиссалом Марямдан: "Сенга бу қаердан келди?", деб сўрайдилар. Марям эса, "Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур", деб жавоб қилган. Буни кўриб туриб бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонади ва Аллоҳга рағбат ва қўрқув билан қуйидагича дуо қилади:

"Роббим, Ўз ҳузурингдан покиза фарзанд ато эт. Албатта, Сен дуо-илтижоларимни эшитувчисан" (Оли Имрон,38-оят).

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломнинг дуоларини қабул қилиб, қариган чоғида унга Яҳё алайҳиссаломни ҳадя этган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

"Бас, Биз уни (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар" (Анбиё сураси, 90-оят).

Сулаймон алайҳиссалом қиссасида ҳам мўминлар учун ибрат бор. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга гижинглаб турган учқур отларни кўрсатади. Ул зот отларни завқ билан томоша қилиб қуёш ботганини ҳам сезмай қоладилар. Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳнинг зикридан чалғитган бу отларни қурбонлик қилиб сўйиб юборадилар. Аммо бу отларни кўрган Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз ўғиллари бўлишини орзу қиладилар.

  Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларига назар солсак, Унда ҳам Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса мақсад қилинмаганлиги яққол кўринади. "Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан. Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳимли Зотсан" (Бақара сураси, 127-128-оятлар).

  Фақат дунё неъматларини истаб дуо қилиш мўминга хос эмас. Мўминларнинг асл юрти охиратдир. Шундай экан асл юртини унутиб дуоларини фақат ўткинчи ҳаётга боғлаш жоиз эмас. Аллоҳдан ҳам дунё, ҳам охирати учун яхшилик сўралиши лозим.

 

“Қуръонга кўра дуо” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР