Тавсия қиламиз

САХОВАТ

Мақолалар access_time22-март 2018, 13:58

САХОВАТ  Аллоҳ  жон  бағишлаганларга  юз  минглаб…

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УММАТГА ШАФҚАТЛАРИ

Мақолалар access_time27-июль 2017, 19:52

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:  "Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан…

Вақт уч кундан иборат:

Мақолалар access_time7-октябрь 2018, 10:42

1. Қайғу-алам унут бўлиб ўзидан ҳеч нарса қолмаган - Кеча 2. Шу лаҳза сен…

ЁШИ УЛУҒЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ

access_time1-июнь, 13:28 visibility316

Барчага маълумки, бугун ер юзида жуда кўп халқлар, миллатлар ва элатлар дунёнинг турли бурчакларида ҳаёт кечирмоқда. Ҳар бир халқ ва миллатнинг ўзига хос урф – одатлари, маънавий қиёфаси ва даврлар оша шаклланган қадриятлари бўлади. Уларнинг ҳар бири мазкур халқлар эътиқод қиладиган динга асосланган бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Бошқача қилиб айтганда, урф – одат ва қадриятлар диндан андоза олади ва шаклланади.

Бугун ўзбек халқи ҳам, миллат ва мустақил давлат сифатида бутун дунёга танилмоқда. Миллий урф – одатларимиз, халқимизга хос қадриятлар ва илмий меросимиз билан қизиқувчилар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Лекин минг афсуски, ёшлар орасида ана шундай, ўзгалар ҳавас қиладиган миллий қадриятларимизни оёқ ости қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Сўзни мухтасар қилиб бир мисол келтирайлик. Агар жамоат транспорт воситаларига чиқсангиз, ярим ёлонғоч, ажнабийча кийиниб олган нусхаларнинг катта ёшдаги нуроний отахон ва онахонларнинг олдида уялмай нетмай ўриндиқда ўтирганига кўзингиз тушади. Ҳа, оммавий маданият таъсири остига тушиб қолган  бу каби ёшлардан бошқа яна нима ҳам кутиш мумкин. 

Хўш динимиз таълимотларида ёши катта кишиларни ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш, керак бўлса уларга туриб жой бериш ҳақида нималар дейилган. Ҳозир шу ҳақда тўхталсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Мужодала” сурасида қуйидагича марҳамат қилади. “Эй, мўминлар, қачонки, сизларга (суҳбатларда): “жой берингиз”, - дейилса, дарҳол жой берингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (хоҳлаган ерингиздан) жой берур. Яна, қачонки, “турингиз” дейилса, дарҳол туринглар...[1].

Бу ояти кариманинг тушиш сабаби ҳақида Муқотил ибн Ҳайён бундай ривоят қилади:

“Бу оят жума куни тушган. Пайғамбар алайҳиссалом ўша куни суффада, тор жойда ўтирган эдилар. Бадр уруши қатнашчиларини иззат – икром қилиш у кишининг одатларидан эди. Бадр уруши иштирокчиларидан бир гуруҳи мажлисга кеч қолиб келдилар. Пайғамбар  алайҳиссалом қаршиларига келиб “Ассалому алайкум айюҳан Набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом алик олдилар. Улар ўтирганларга ҳам салом бердилар. Ўтирганлар ҳам алик олдилар. Келганлар жой берилишини кутиб тик туриб қолдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларнинг нимага туриб қолганларини билдилар. Лекин уларга жой берилмади. Бу эса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга оғир ботди. Шунда у зоти бобаракот атрофларида ўтирган, Бадр урушида қатнашмаган кишиларга “ҳой фалончи, фалончи” деб бирма – бир ўринларидан турғизиб, аҳли Бадрни ўтқиздилар. Бу эса, ўрнидан турғизилганларга оғир ботди. Пайғамбар алайҳиссалом буни уларнинг юзларидан сездилар.

Мунофиқлар бу ҳолатдан усталик билан фойдаланиб, “Пайғамбаримиз кишилар орасида адолат ўрнатади, деб юрар эдинглар – ку?! Аллоҳга қасам, анавиларга ҳеч адолат қилмади. Бир хил одамлар ўз Набийларини яхши кўриб унга яқинлашувди, уларни турғизиб юбориб, ўринларига ўзгаларни ўтқизди”, дейишга ўтдилар. Шу онда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ўз биродарига жой берган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, дедилар. Шундан сўнг одамлар ўринларидан шошилиб тура бошладилар ва биродарларига жой бўшатдилар[2].

Юқоридаги фикримизнинг тасдиқини мазкур оятнинг тафсирида ҳам  учратишимиз мумкин. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Бадр урушида иштирок этган асҳобларини ўзгаларидан устун қўйиб, оломон ичида улар учун жой ҳозирлаб берганлари билан танишдик. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бундай қилишларига сабаб, эҳтимол Бадр урушида қўлга киритилган ғалаба мусулмонлар учун ғоят улкан муваффақият келтирганидадир.

 Юртимизда кексаларга хоссатан уруш фахрийларига кўрсатилаётган ҳурмат – эҳтиром ва эътибор намуналарида ҳам, ҳадиси шарифда келган ҳодисалар гўё воқеъликда ўз аксини топгандек бўлади. Бугунги тинч ва осуда ҳаётимизда улуғ ватан урушида шаҳид бўлиб кетган ота – боболаримизнинг ҳам ҳиссалари борлиги айни ҳақиқатдир. Агар улар уруш майдонларида жон олиб, жон бериб курашмаганларида эҳтимол ҳозирги кунлар фақат хаёлдан иборат бўлармиди.

Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътибор қаратиб ўтсак. Ҳозирда дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия сабабли карантин эълон қилиниб аҳоли ўртасида касалликнинг кенг ёйилиб кетишининг олди олинмоқда. Муҳтарам юртбошимиз бошчилигидаги барча раҳбар ходимлар бу борада кечани кеча, кундузни кундуз демасдан тиним билмай бу синовли кунлардан катта талофатларсиз чиқиб олиш учун ҳаракат қилмоқдалар. Шунинг учун юртимиздаги ҳар бир фуқаро ўзида масъулият юкини ҳис қилган ҳолда раҳбарларга ва катталаримизга итоат қилиб, белгиланган тартиб қоидаларга сўзсиз амал қилиши лозим. Зеро бу нафақат давлатнинг балки диннинг ҳам талабидир.  

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ўша, кексаларнинг ҳурматини ўз жойига қўймаётган, уларга одобсизлик қилаётган ёшлар ҳам, қариганларида ёшликда қилганлари ўзларига қайтишини унутмасинлар. Зеро, улар бизнинг дунёга келишимиз ва униб – ўсишимизга сабабчидирлар. Бинобарин, кексаларга меҳр кўрсатиш, уларни ардоқлаш чин мусулмонлик белгисидир. Ахир, пайғамбар алайҳиссалом ҳам, “катталаримизни ҳурмат, кичикларимизга раҳм қилмаганлар биздан эмас” демаганмилар?!

Шунингдек, бугунги синовли кунларда карантин қоидаларига амал қилиш ўрнига ўзбошимчалик билан белгиланган тартиб қоидаларни бузаётган фуқаролар нафақат ўзларини балки оила аъзолари ва яқинларини ҳам таҳлика остида қолдираётганини ёдларидан чиқармасинлар. Яратган барчаларимизни ўзаро меҳр – муҳаббат ва ҳурматдан айирмасин. Аллоҳ таоло барчамизни бедаво дард ва касалликлардан Ўзи паноҳида сақласин. Беморчилик етган мўмин мусулмон биродарларимизга шифои комил ато қилсин. 

Исаев Неъматуллоҳ ҳожи,
Жиззах вилояти, Даштобод шаҳри "Қора тепа" жоме масжиди имом хатиби.


[1] А.Мансуров. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент ислом университети нашриёти. Т.,2001, 543-бет.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол. Олтинчи жуз. “Шарқ” нашриёт – матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Т., 2008,84-85 бет.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР