Тавсия қиламиз

ЎЛИМ, ЖАНОЗА, ТАЪЗИЯ ОДОБЛАРИ

Долзарб мавзу access_time22-март 2017, 20:56

Ўлим тирик жонзотнинг албатта йўлиқиши мукаррар бўлган улкан ҳақиқатдир.…

Тафаккур_вақти

Мақолалар access_time9-октябрь 2018, 11:37

Кичик бир сичқон катта туянинг тизгинидан маҳкам ушлаган ҳолда, мағрурланиб…

Солиҳ амаллар зое бўлмайди

Мақолалар access_time1-июль 2018, 18:28

Карами кенг Парвардигоримиз холис ният билан қилган ҳеч бир садақотимизни…

ҚАЗО НАМОЗЛАРИНИ ЎҚИШ

access_time4-июнь, 13:14 visibility421

ҚАЗО НАМОЗЛАРИНИ ЎҚИШ

 

  Беш фарз ва витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда тартибга риоя қилиш фарздир. Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса, ёҳуд олтитадан зиёда бўлса, бундан мустасно.

  Амр ила фарз вожиб бўлган нарсанинг айни ўзини вақтида бажариш “адо” дейилади.

  Фарз ва вожиб нарсани вақтидан кейин бажариш “қазо” дейилади.

  Дин ва ақлнинг тақозосига биноан, мусулмон банда намозни ўз вақтида адо этиши лозимдир. Намозни узрсиз вақтида адо этмаслик катта гуноҳдир. Бу гуноҳни қазони ўқиш билан ювиб бўлмайди, балки тава ҳам қилиш керак.

  Ким намозни шаръий узр ила кечга қолдирса, гуноҳ эмас. Бундай шаръий узрнинг бири душман хавфи бўлса, бошқаси доянинг туғилаётган боланинг ҳалок бўлишидан қўрқишидар.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ уруши куни намозни орқага сурганлар.

Ибн масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Хандақ куни мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўрт намоздан машғул қилишди. Ҳаттоки кечанинг Аллоҳ хоҳлаганичаси ўтди. Бас, у зот Билолга амр қилдилар. У азон айтди. Кейин иқома айтди, шунда пешинни ўқидилар. Кейин яна иқома айтди, асрни ўқидилар. Кейин яна иқома айтди, шомни ўқидилар. Кейин яна иқома айтди, шомни ўқидилар. Кейин яна иқома айтди, хуфтонни ўқидилар”.

Имом Термизий, Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.

  Ухлаб қолиб ёки унутиб намозни ўтказиб юборган одам гуноҳкор бўлмайди.

 

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламганамоздан ухлаб қолишларини зикр қилишди. Шунда у зот:

  “Ухлаб қолиш камчилик эмас. Камчилик уйғоқликда бўлади. Агар бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин”, дедилар”.

Имом Насоий ва Термизий ривоят қилишган.

  Банда ўз зиммасидаги амални адо ёки қазо қилмагунича мазкур амал унинг зиммасидан тушмай, қарз бўлиб тураверади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

  “Эй Аллоҳнинг расули, онам вафот этди, унинг зиммасида бир ой рўзаси бор эди, унинг номидан қазосини тутайинми?” деди. У зот: “Ҳа. Аллоҳнинг қарзи тўланишга ҳақлироқдир”, дедилар”.

Имом Бухорий ривоят қилган.

  Кимга намоз қарз бўлса-ю уни вақтида адо этмаса, қазосини ўқиши лозим бўлади. У намозни қасддан тарк қилиш ила гуноҳкор бўлади, аммо қазосини ўқиш лозимдир.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намозни унутса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир.”, дедилар. “...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт”. 

Бешовлари ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

"Агар бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: "...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт", деган", дейилган.

  Унутган ва ухлаб қолган одам намознинг қазосини ўқиши лозим бўлгандан кейин, қасддан қолдирган одамга уни қазо қилиш, албатта, лозиму лобуд бўлади.

  Ҳайз ёки нифос кўрган аёлдан намоз соқит бўлади. У қазосини ўқимайди. Шунингдек, асли кофир ёки жинни бўлган одам ҳам намознинг қазосини ўқимайди. Беш вақт намоз вақтидан кўпроқ муддат ҳушидан кетиб ётган одам ҳам қазосини ўқимайди. Муртад яна Исломга қайтса, муртадлик вақтидаги намозни қазо қилдмайди.

  Ҳаётлик вақтида имо билан ҳам намоз ўқишдан ожиз бўлган одам каффорот беришни васият бериши лозим эмас.

  Шунингдек, сафар ёки хасталик туфайли рўза тута олмаган одам тузалмасдан ёки сафардан қайтмасдан ўлиб қолса ҳам, фидя беришни васият қилиши шарт эмас. Аммо мазкур васиятни қилиш мустаҳабдир.

  Ким узрсиз, ҳатто имо билан ўқишга қодир бўла туриб, олти намоздан зиёдни қолдирган бўлса, каффорот беришни  васият қилиши лозимдир. Рамазонда узрсиз рўза тутмаган одам ҳам шунга ўхшашдир.

  Уларнинг фидяси ва каффороти қолдирган меросининг учдан биридан берилади. Ўлганнинг валийси фидяни ўз ҳисобидан берса бўлади.

  Фидя ва каффоротнинг миқдори бир кунлик намоз учун ярим соъ буғдой (1087,5 гр) ёки унинг қиймати. Бир кунлик рўза учун ҳам шунча бўлади.

  Киши ўзи ҳаётлик чоғида ўқимаган намозининг каффоротини тўлаши мумкин эмас. Аммо рўзаникини, унинг қазосини бажаришга кўзи етмаса, беради.

  Меросхўрлар ўлган шахснинг қазо намозларини ўқиб қўйиши мумкин эмас. Чунки намоз шахсий баданий ибодатдир.

  Қазо ҳудди адодек бўлади. Сафарда қазо қилган бўлса, қазосини ҳазарда ўқиса ҳам, икки ракъат ўқийди. Ҳазарда қазо қилан тўрт ракъатли намознинг қазосини сафарда ўқиса, тўрт ракъат ўқийди.

  Қазони дарҳол ўташ керак. Тирикчилик ва ҳожат учун узр қабул. Қазони жамоат бўлиб ўқиш мумкин. Бомдоднинг фарзга тобеъ суннатидан бошқа суннатлар қазо қилинмайди.

  Беш фарз ва витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда тартибга риоя қилиш фарздир.

  Хандақ куни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлари юқоридаги ҳадисда зикр қилинди.

  Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса, ёҳуд олтитадан зиёда бўлса, бундан мустасно.

  Тартибга риоя қилиш уч сабаб ила соқит бўлади.

1. Вақтли намознинг ўтиб кетиш хавфи.

2. Қазоларинг олтитадан кўп бўлиши.

3. Адо пайтида қазони унутиб қўйиш.

  Агар қазо намозлар ададини билиб бўлмайдиган даражада кўп бўлиб кетса, зиммасидагини адо қилганига кўнгли тўлгунча қазони ўқийди. Ўзига осон бўлиши учун аввалги ўқимаган намозини тайин қилиб олиб, ўшанга қараб ўқийверади.

  Бошқа намолар қатори, қазо намозини ҳам қуёш чиқаётганида, қиёмда турганида ва ботаётганида ўқиб бўлмайди.

  Аммо бомдод ва асрдан кейин нафл ўқиш мумкин бўлмаса ҳам, қазо ўқиш мумкин.

 

“Кифоя, 1-жуз” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР