Тавсия қиламиз

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УММАТГА ШАФҚАТЛАРИ

Мақолалар access_time7-декабр 2019, 11:21

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:        “Батаҳқиқ,…

ҚАЛБИ ҚАТТИҚ САВДОГАР

Мақолалар access_time5-август 2017, 12:27

Қалбининг қаттиқлиги билан машҳур бўлган савдогар бор эди. У ҳар йили бир…

Тарози ҳалоллик меъзони.

Мақолалар access_time22-май 2018, 18:47

  Қадимдан шарқ бозорлари, хусусан юртимиз бозорлари ўзининг файзу-таровати…

ШАРИАТ, ФИҚҲ ВА ҚОНУН. ( 1- мақола. )

access_time2-июль, 17:22 visibility637

Бундан 7-8 йил олдин - Дубайда яшаган пайтларим эди. Бир ўзбекистонлик йигит менга ижарада яшайдиган уйининг эгаси билан ўртасида бўлаётган муаммодан шикоят қилиб қолди.

Гап шундаки, ўша йили Дубай EXPO 2020 ўтказиш ҳуқуқини ютиб олганди. Бунинг ортидан бир неча ҳафта ичида ижара нархлари ошиб кетди. Танишим яшайдиган уй 25 минг дирҳам атрофида эди, эслашимча, уйнинг эгаси шартномани янгилаш арафасида нархни 35 минг дирҳамга оширишга қарор қилибди. “Агар шуни тўлашга рози бўлмасанг, контрактни янгиламай, сени чиқариб юбораман” дебди. Табиийки, ижара нархидаги бундай катта ўзгариш танишимга оғир келибди. У мендан “сен ҳуқуқшуносликка ўқигансан, шуларнинг қонунларини бир кўриб чиқолмайсанми” дея ёрдам сўради.

Ўша кечаси уйга келиб Дубайнинг ижара тўғрисидаги қонунини PDF шаклида қидириб топдим. Майдалаб кечаси билан ўрганиб чиқдим.

Тўғриси, Дубайда ижарачига берилган ҳуқуқлар ва унинг қонуний ҳимояси мени жуда ҳайрон қолдирди...

Ўзим талабалик давримда Тошкентда 8 йилдан зиёд ижарада туриб, Ўзбекистондаги қонунсизликдан кўп озор чеккандим, бу қонун мен учун янги олам бўлди. (Шундан бери Дубай ва унинг асли бўлган Европа қонун ҳужжатларини доимий ўқиб-ўрганадиган бўлдим, 7-8 йил давомида АҚШ, Британия, Франция, Италия ва бошқаларнинг юзлаб қонунларини ўқиб чиқдим).

Эртаси куни танишимга қўнғироқ қилиб, уй эгасининг офисига бирга боришимизни айтдим. У албатта рози бўлди.

Офисга етиб келганимизда уй эгаси бизни совуқлик ва бироз таажжуб билан қабул қилди. “Қароримни айтдим, нега келдинг?” деган мазмунда бир нарса деди.

Мен сўз бошладим:

- Сизнинг давлатингиз қонунини ҳурмат қиламиз, сиз ҳам ҳурмат қиласиз деб ўйлаймиз. Қонуннинг фалон бандида айтган эканки, сиз уй ижараси нархини хоҳлаганча ошира олмас экансиз. Балки ҳар бир маҳалла (area) ўша маҳалла неча фоизгача нархларни ошириши мумкинлигини эълон қиларкан, шунча фоизгагина оширишингиз мумкин экан. Мен квартирангиз жойлашган маҳалла учун меъёрларни кўриб чиқдим. Унга кўра, Сиз фақат 10%гача оширишингиз мумкин экан. Шартномада кўрсатилган сумма 25 000 дирҳам, демак, янги нарх 27 500 дан ошиши мумкин эмас.

Уй эгаси бир ҳинд ёрдамчисини чақирди. Мен айтган гап тасдиқлангач, танишимга қараб:

- Унда уйни бўшат, ўзимга керак, деди.

Мен жавоб қайтардим:

- Яна ушбу қонунда айтганки, сиз уйни икки ҳолатда бўшатиб, ижарачини чиқариб юборишингиз - ижара шартномасини янгиламай, бир томонлама бекор қилишингиз мумкин экан: 1. У уйда ўзингиз ёки яқинингиз турмоқчи бўлса. 2. Уйни сотишни режалаштирган бўлсангиз. Агар шу иккаласидан бирига қарор қилган бўлсангиз, кейинги 1 йил давомида бу уйни бошқа одамга ижарага беришга ҳаққингиз бўлмас экан. Агар 1 йил ичида ижарага берсангиз, биз маҳкамага шикоят қилиб, сиздан зарарни ундириб олсак бўларкан...

Хуллас, шу тарзда давом этдик. Уй эгаси нима деса қонун билан юзига уравердим. У танишимга гапирар, мен жавоб қайтарардим. Ўзи хоҳлаганча нархни ошира олмаслигини тушуниб, муроса қилгиси келиб қолди, ялингандек қилиб, ҳеч бўлмаса 30 минг қилайлик деди танишимга. Танишимнинг юзида қувонч ва розилик аломатлари кўринди. Мен дарров “Йўқ, бунга ҳаққингиз йўқ” дедим. У менга қарамай, танишимга: “Бу чиқиб турсин, иккаламиз келишиб оламиз, биз ака-укамиз” деб бидирлади. Танишим эригандек бўлди. Менга қараб, майли, чиқиб тура қол, деди. Рози бўлма, чораси йўқ, дедим-да, ташқарига чиқдим. У бир оздан кейин хурсанд чиқиб келди. 30 000 га келишдик деди. Мен қилган ишини хато ҳисобласам-да, ўзи рози бўлса, бўпти-да, дедим. У менга нархни 5000 га тушириб берганим учун кўп раҳматлар айтди, хайрлашдик.

Йиллар ўтиб Аллоҳнинг фазли билан шаърий илмлар олишга киришдим. Ўзимга мутахассислик сифатида фиқҳ йўналишини танладим.

Бугун фиқҳ китобларидан бирини ўқирканман, шу воқеани эсладим. Гап шундаки, аксар фиқҳ китобларида, жумладан, аҳли суннанинг 4 мўтабар мазҳабида ижара шартномаси муддати тугагач, уни янгилашда олдинги ижарачи билан шартнома қилиш қилмаслик ва янги муддат учун ижара нархини белгилаш уй эгаси (ижарага берувчи)нинг мутлоқ ихтиёрида бўлади. Шунга кўра, уй эгаси ижарачидан шартнома муддати тугагач, уйини ташлаб чиқиб кетишини талаб қилишга ва бошқа ижарачи топишга ёки нархни хоҳлаганча оширишга ҳақли. Сабаби, уй унинг мулки, демак, у ўз мулки устида истаганча тасарруф қилишга ҳақли.

Саудияда биз бунга кўп гувоҳ бўлганмиз. Уй эгаси йил охирида “янги нарх бунча” дейди, ёки “уйни бўшат” дейди. Ижарачи учун рози бўлишдан бошқа чора қолмайди.

Фуқаҳолар китобларида уй эгаси ижарачининг уйдан фойдаланишини назорат қилиши тартиблари ҳам аниқ баён қилинмаган. Масалан, уй эгаси уйни келиб текширишга ҳақлими? Бу қандай тартибда бўлади?

Ўзбекистонда ижарада яшайдиганлар буни яхши биладилар. Агар уй эгаси одамгарчилиги йўқ шахс бўлса, хоҳлаганда уйга бостириб келаверади. Эшикни тақиллатиб, мен тозаликни текширмоқчиман, деб турса, Ўзбекистон қонунларида ижарачининг шахсий ҳаётини ҳимоя қиладиган аниқ нормалар борлигини билмайман. Мабодо бўлса ҳам, ишламаслиги эса аниқ.

Дубайнинг мазкур қонуни ва баъзи Европа қонунларида бу ҳолат жуда яхши тартибга солинган. Унга кўра, уй эгаси ўзи хоҳлаганда ижарага берилган уйга келиб текширув ўтказа олмайди. Агар бундай текширувга эҳтиёж бор деган асосли гумонлари бўлса, буни Ижара муносабатларини назорат қилувчи махсус Трибуналга мурожаат қилиш орқали ўша ташкилот одамлари розилиги ва иштирокида ижарачини олдиндан огоҳлантиргачгина қила олади.

Тўғри, фуқаҳолар ижтиҳодини ҳимоя қилиб, уй эгаси ўз мулкидан хоҳлаганча фойдаланиши керак-да, дейиш мумкин. Лекин воқеъликда бунинг тартибга солинмаслиги нархларнинг истаганча ошишига, ижарачиларнинг ҳимоя қилинмаслигига олиб келаётгани фасод кўпайган, молиявий ва ижтимоий муносабатлар мураккаблашган замонимизда ушбу фиқҳий масалаларни янгича назар билан қайта кўриб чиқиш керакмикан деган саволни пайдо қилади.

Ёки меҳнат шартномалари билан боғлиқ муаммоларни эсланг. Баъзи араб мамлакатларида энг кам иш ҳақи белгиланмаган. Ёки белгиланса-да, хусусий ширкатларнинг хорижда тузган (!) меҳнат шартномаларига бу белгилаш таъсир ўтказмайди. (Масалан, Дубайда энг кам иш ҳақи белгиланган, дейлик. Қурилишда ишлайдиган қора ишчиларга ундан камроқ тўлашмоқчи бўлса, Ҳиндистонда ширкат очишади, ишчини у ерда ёллаб, у ерда шартнома тузиб, кейин Дубайга жўнатишади. Дубайдаги EMAAR каби катта ширкатлар гўёки у ишчи билан эмас, уни ёллаган Ҳиндистондаги ширкат билан шартнома тузган бўлиб олади. Шундай қилиб ишчи Дубайнинг эмас, Ҳиндистоннинг меҳнат шартномаси объекти бўлади.)

Оқибатда, ўша давлатларда бангал, ҳинд миллатига оид кишилар, ҳатто мусулмонлар жуда кам пул олиб, жуда оғир меҳнат қилишлари, қулдек, балки ҳайвондек ҳаёт кечиришлари кўпчиликка маълум. Мен буни Дубайда ўз кўзим билан кўрганман.

Мен бир неча муҳаддис ва фақиҳ устозлардан ушбу масалани сўраганимда, улар: меҳнат шартномаси иккала томоннинг розилиги билан бўлса, қандай эвазга бўлса ҳам саҳиҳ бўлаверади, албатта инсоф қилиб, кўпроқ бериши яхши, лекин рози бўлса, оз бўлсаям зулм эмас, энг кам иш ҳақи фиқҳимизда йўқ, деганлар.

Энди шу нуқтада ўқувчи билиши жуда муҳим бўлган нарса - шариат билан фиқҳнинг фарқидир.

Содда қилиб ифодаласам, шариат бу Аллоҳ росули соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қилгани ҳақ диндин. Фиқҳ эса ислом олимларининг ўша динни ўрганиш ва татбиқ қилишдаги ижтиҳодлари самараси.

Шу маънода шариат доимо ҳақ бўлади. Бироқ фиқҳ хато бўлиши ҳам мумкин. Ёки бир замон учун тўғри бўлиб, бошқа замонларда баъзи янгиланишларга муҳтож бўлиши оддий ва одатий ҳол. Шунинг учун замон ўзгаришларига қараб фуқаҳолар ижтиҳодлари ўзгариб турган. Баъзи даврларда янги турдаги молиявий муносабатлар пайдо бўлган ва фуқаҳолар уни қабул қилганлар. Масалан, байъул вафо деб номланадиган молиявий муносабат(ақд) V ҳижрий асрда Бухорода пайдо бўлгани айтилади. Кейинроқ фуқаҳолар бу ақдни саҳиҳ деб қабул қилганлар ва китобларда унинг шартларини шариат асосида (!) белгилаб берганлар.

Албатта бу гапимизни жоҳил ёки золим кишилар чала тушуниб олиб, демак, фиқҳ дин эмас экан, дейишлари асло тўғри бўлмайди.

Аллоҳ Таоло бандаларини олимлардан сўрашга ва уларга итоат этишга буюрди. Тиббиёт табибнинг асосли гапидан иборат бўлганидек, дин Қуръон ва Cуннат ҳамда бу иккисига асосланган ва уларни татбиқ этувчи мўтабар мужтаҳид уламолар ижтиҳодларидан иборат. Бинобарин, мужтаҳидларнинг барчалари фатволарига қарши чиқан, шубҳасиз, динга қарши чиққан бўлади.

Шу билан бирга билишимиз керакки, ўша мужтаҳидлар ўз ижтиҳодларида юқорида зикр қилганим ижара ва меҳнат муносабатларидаги муаммоларга ўхшаш масалаларни ўз даврларида адолат ва яхшилик тамойиллари асосида ислоҳ қилиш билан бизга намуналар ва усуллар - умумий қоидаларни белгилаб берганлар.

Шулардан бири, масалан, тасъир масаласи. Баъзи фуқаҳолар айтганларки, бозорда сотувчилар ўзаро келишиб, нархни сунъий оширсалар ёки монополия қилсалар ва шунга ўхшаш жамиятга зарари тегадиган нарх билан боғлиқ адолатсизликларга йўл очсалар, мусулмон раҳбар ўша фасодни тўхтатиш учун тасъир қилиши - яъни бир нархни айтиб, шундан оширмаслик(ёки туширмаслик)ни қонун ўлароқ белгилаб қўйиши мумкин.

Бинобарин, Дубай қонунидаги ижара нархини қанчадандир оширмаслик мана шу тасъир масаласига асосан шариатга мувофиқ деб топилиши мумкин, адолатга яқинроқ бўлиши мумкин. Агар адолатли мусулмон раҳбар бўлса, ўз даври фақиҳлари кўрсатмаларига асосан жамиятни ислоҳ қилиш учун мана шундай қарор қабул қилиши, қадимги уламоларнинг ижара бобидаги фатволарига зид бўлсада, уларнинг бошқа боблардаги фатволарига мувофиқ бўлиши, энг муҳими, шариатнинг адолат меёрларига муносиброқ бўлиши мумкин валлоҳу аълам.

Ҳудди шу каби, адолатсиз меҳнат шартномалари ҳам қадимги фуқаҳоларнинг “изтирорда (зарурат ҳолатида) қолган одамнинг маҳсулотини ўта арзонга сотиб олиш жоиз эмаслиги” ва бошқа масалалардаги фатволарига асосан тартибга солиниши мумкин. Зеро, ўша ишчи ўз диёридаги оғир аҳвол, очлик ва изтирордангина бу оғир меҳнат ва арзимас ойликка “рози бўлмоқда”.

Бундай масалаларда замонамиз уламоларидан Шайх Абу Зуҳра, шайх Мустафо Зарқо, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, шайх Ваҳбат Зуҳайлий, шайх Тақий Усмоний ва бошқа кўплаб олимларнинг китобларини кўрсангиз, мен юқорида айтганим каби фикрларни топасиз. Мен уларнинг китобларидан ўқиб - ўрганганларимни шахсий тажрибамда кўрганим мисоллар билан ёзяпман.

Яна бир эътиборга молик нуқта, Исломда 1400 йил олдин белгиланган меъёрларни Ғарб бир-икки аср олдингина ўрната олди.

Шу ҳолатда ҳам ислом фиқҳи Ғарб ҳуқуқ меъёрларидан анча кучлироқ.

Мен кейинги мақолаларимда иккаласини таққослаб, бунга баъзи мисоллар келтираман, иншааллоҳ.

Биргина мисол, имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасаннинг “Асл” китоби 50 тача китобдан иборат. Ҳозирги замонавий нашри 12 том қилиб чоп этилган. Бу китоб 1300 йилча олдин ёзилган. Ҳеч бир умматда, ҳеч бир халқда 1300 йил олдин бунчалик мукаммал ва катта қонун ҳужжати бўлган эмас! Ва бу ушбу имомнинг бизгача мутавотир санад билан етиб келган 5 китобидан бири холос.

Бироқ бизнинг замонамизда фиқҳга ва шариатга жуда калта қарайдиган, уни фақат қўл кесиш, тўшбўрон, дарралаш, 4 хотинга уйланиш деб тушунадиган омилар ҳамда янги - янги масалалар қолиб, фуқаҳолар минглаб йиллар олдин ижтиҳод қилиб, ҳал қилиб кетган масалаларни кўтариб юрадиган ихтилофпараст кишилар кўпайиши динни бошқалар кўз олдида обрўсизлантирмоқда, одамларни мукаммал ва гўзал диндан узоқлаштирмоқда, илм толибларини янги пайдо бўлаётган масалалардан чалғитмоқда.

Унутмаслик керакки, янги - янги молиявий ва ижтимоий муносабатлар юзага чиқиб, жамият кун ва соат сайин ўзгариб бораётган экан, уммат кўпроқ фуқаҳолар ва фиқҳий конференция ва уюшмаларга муҳтож бўлиб қолаверади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Макка, Жидда, Кувайт, Қатар, Қоҳира, Карачи бошқа ерлардаги халқаро ислом академиялари ва уламолар йиғилишлари - кофенециялари кўплаб муаммоларнинг ечилишида катта хизмат қилмоқда. Бироқ замон бундай суръатда ривожланаверар экан, уммат кўпроқ ва кўпроқ фуқаҳоларга муҳтож бўлаверади. Шундай экан, Аллоҳнинг шариатини мукаммал ўрганишга қаттиқ бел боғлаб, астойдил киришайлик. Нечта фарзандингиз бўлса, энг ақлли, заковатлисини танлаб, ўшанисини шаръий илмларга “бағишланг”. Ҳар бир диндорнинг уйидан энг камида битта фақиҳ чиқсин. Шундагина уммат Аллоҳнинг буюк шариатини энг муносиб тарзда татбиқ қила оладиган мукаммал ҳолатга қайта олади иншааллоҳ.

Қуйида ўша салкам 1300 йил олдин ёзилган “Асл” китобининг суратини қўйдим.

Аллоҳ юқорида исмлари зикр қилинган уламолардан рози бўлсин! Биздан ва зурриётларимиздан раббоний олимлар чиқарсин!

Маҳмуд Усмон,

Мадина ислом университети талабаси

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР