Тавсия қиламиз

ҚУРБОНЛИККА ОИД ҲУКМЛАР

Мақолалар access_time29-июль, 12:51

  Қурбонлик қилиш Имоми Aъзам ва Имом Муҳаммадга кўра, вожиб, Имом…

ИЛМ ЎРГАТИШ ШАРАФЛИ ВАЗИФАДИР

Мақолалар access_time1-октябрь 2017, 10:24

Маълумки, Ҳазрати Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло барча фаришталарни таъзим…

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЖАРОҲАТЛАНДИЛАР.

Мақолалар access_time29-август 2019, 10:17

     Ухуд жангида Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вассаломнинг…

ДУОЛАРНИНГ ТАЪСИРЛАРИНИ ИНКОР ЭТУВЧИЛАРГА РАДДИЯЛАР

access_time3-июль, 18:30 visibility368

ДУОЛАРНИНГ ТАЪСИРЛАРИНИ ИНКОР ЭТУВЧИЛАРГА РАДДИЯЛАР

  Дуоларнинг таъсирларини инкор этувчилар келтиришган юқоридаги ва ундан бошқа далилларига батафсил жавоблар берилган. “Талхису шарҳи ақидатит- Таҳовий” китобида қуйидагича жавоб келган: “Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур” маъносидаги оятда баён қилинганидек, ҳақиқатда инсон ўз сайи-ҳаракати ва яхши феъл-атвори билан дўстлар орттиради, уйланиб бола-чақали бўлади, инсонларга меҳр-муҳаббат кўрсатади ва кўплаб яхши ишларни амалга оширади. Шунга кўра инсонлар уни яхшилик билан эслаб, унга Аллоҳ таолодан раҳмат сўраб дуо қилсалар, тоат-ибодатларнинг савобларини унга ҳадя қилсалар, буларнинг барчаси бировнинг эмас, аслида, ўз сайи-ҳаракатининг натижаси бўлади.

  Иккинчи далил бўлган “Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир”, маъносидаги оят ҳам юқоридаги каби оят бўлиб, ҳар бир киши ўзининг қилган яхши ишининг самарасини кўради, қилган маъсиятига кўра жазоланади, каби маъноларни ифодалайди. (Яъни “ҳар ким экканини ўради”, дейилгани каби)”.

Шунингдек, дуо қилишнинг фойдаси бўлмаганида, мағфират сўрашга буйруқ бўлмасди. Қуръони каримда эса мағфират сўрашга буюрилган:

فَٱعۡلَمۡ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا ٱللَّهُ وَٱسۡتَغۡفِرۡ لِذَنۢبِكَ وَلِلۡمُؤۡمِنِينَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتِۗ

“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!”. (Муҳаммад сураси, 19-оят).

Шунингдек, вафот этиб кетган кишилар ҳақига қилинган дуоларда манфаат бўлмаганида, уларни эслаб дуо қилганлар Қуръони каримда мадҳ этилмасди:

وَٱلَّذِينَ جَآءُو مِنۢ بَعۡدِهِمۡ يَقُولُونَ رَبَّنَا ٱغۡفِرۡ لَنَا وَلِإِخۡوَٰنِنَا ٱلَّذِينَ سَبَقُونَا بِٱلۡإِيمَٰنِ وَلَا تَجۡعَلۡ فِي قُلُوبِنَا غِلّٗا لِّلَّذِينَ ءَامَنُواْ رَبَّنَآ إِنَّكَ رَءُوفٞ رَّحِيمٌ١٠

 

“Улардан кейин (дунёга) келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга (нисбатан) қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй, Роббимиз, албатта, Сен шафқатли меҳрибонсан”, – дерлар”. (Ҳашр сураси, 10-оят).

  Шунингдек, вафот этганларга жаноза намозини ўқиш тириклар зиммасига вожиб қилинган. Жаноза намозида эса сано ва саловот айтиш билан биргаликда “Эй Аллоҳим, бизларнинг тирикларимизни ҳам, ўликларимизни ҳам мағфират қилгин”, маъносидаги дуо ўқилади.

  Мазкур далилларнинг барчасида дуоларнинг таъсири борлиги кўриниб турибди. Шунинг учун инсон вафотидан кейин ҳам ўз ҳақига хайрли дуолар қилинишига сабаб бўладиган яхши амалларни қилиши лозим.

  Дуо қилиш бандага фойда келтирадиган ва ундан зарарларни даф қиладиган энг кучли сабаблардан экани Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ٱدۡعُونِيٓ أَسۡتَجِبۡ لَكُمۡۚ إِنَّ ٱلَّذِينَ يَسۡتَكۡبِرُونَ عَنۡ عِبَادَتِي سَيَدۡخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ٦٠

“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар”. (Ғофир сураси, 60-оят).

  Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига дуо қилишга даъват этган ва Ўз фазлу марҳамати билан қилган дуоларини албатта ижобат этишга кафолат берган”, - деган. Ояти кариманинг давомидаги “ибодатдан кибр қилганлар” эса Аллоҳ таолога дуо қилишдан такаббурлик қилган кимсалар дея тафсир қилинган. Ҳадиси шарифларда дуонинг қазони қайтаришга сабаб қилиб қўйилгани баён этилган:

  Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қазони фақатгина дуо қайтаради, умрни фақатгина яхшилик зиёда қилади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда дуонинг бажариладиган ишларга боғлаб қўйилган қазони қайтариш сабабларидан экани баён қилинган. Зеро, Аллоҳ таоло амалга ошадиган барча нарсаларга азалий сабабларни тайин қилиб қўйган. Солиҳ амаллар саодатга эришиш учун азалий сабаблар бўлса, ёмон амаллар бадбахт бўлиш учун азалий сабаблардир. Шунингдек, яхшилик, гўзал хулқли бўлиш, қариндошлик алоқаларини узмаслик каби амаллар ҳам азалий сабаблар қаторига киради. Ана шундай азалий сабаблар юзага чиқарилган пайтда ўша сабабга боғланган ишлар ҳам юзага чиқади.

 

“Эътиқод дурдоналари” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР