Тавсия қиламиз

#БИЛАСИЗМИ: Нима учун Қyръон ўқиймиз?

Мақолалар access_time25-май 2017, 14:10

  Нима учун Қyръон ўқиймиз? 1. Биз Аллоҳнинг амрига бўйсуниш учун Қyръон…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Янгиликлар access_time20-июнь 2017, 20:05

Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги олижаноб фазилатларни,…

Олиймақом таваккулчи

Мақолалар access_time25-июнь 2019, 13:43

 Ҳижрий ўттиз иккинчи сана.     Қудратли Ислом давлатининг…

МЎЪМИН МЎЪМИНЛАРГА ОЗОРСИЗ

access_time12-июль, 17:08 visibility782

МЎЪМИН МЎЪМИНЛАРГА ОЗОРСИЗ

“Қўлидан ва тилидан мусулмонларга зарар етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Инсонларнинг мол ва жонларини ишониб топширадиган киши ҳақиқий мўъминдир”.

  Бу ҳадиси шарифда Ислом асосларининг баъзи бир ҳақиқатларига ишора қилинмоқда. Аниқроғи, мўъмин-мусулмонга хос яна бир сифат билдирилмоқда. Зеро, бугунги тасаввуримизга кўра намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, закот берадиган ва ҳажга ҳам бориб келган кишини мукаммал мусулмон деб биламиз. Ҳолбуки, мусулмон киши мазкур амалларни бажариш билангина комиллик касб этиб қолмайди. Балки Қуръони каримда жуда кўп такрорланган “Аману ва аъмилус солиҳат – Иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилувчилар” ояти каримаси ва пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитларини чинакам англаб, уларга амал қилиш билан комиллик касб этиши мумкин. Юқоридаги ҳадисда эса мўъминни камолот сари етакловчи сифатларидан яна биттаси баён этилмоқда. Демак, бир инсон ҳақида унинг намозига, рўзасига қарабгина хулоса чиқарилмас экан.

  Ҳақиқий мўъмин-мусулмон ўз биродаригагина эмас, ҳатто ўзга диндаги шахсларга ҳам жабр ва хиёнат қилмайди, кези келганда, уларга иззат-икром кўрсатади. Табиийки, бу амаллар ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин, инсон ўзини имкон қадар гўзал хулқларга кўниктира бориши лозим. Вақти келиб, бу одатлар унинг учун табиий ҳолатга айланиб қолади. Ана шунда у мусулмонларнинг энг мумтоз ва бахтиёрларидан саналиб, жаннатдагидай ҳаёт кечиради. Юнус алайҳиссалом айтганларидай, балиқ қорни ҳам унга сарой бўлади.

  Мўъмин-мусулмонларнинг кимгадир азият беришдан сақланишлари асли Исломиятдандир.

  Ислом, мусулмонлик - улуғ мақом ва шарафли ҳолдир. Чунки Ислом билан шарафланган киши охиратдаги аҳли жаннатнинг ҳолига эришади. Яъни Аллоҳнинг буйруқларига бўйинсуниб, исёнларни тарк этиб, бошқаларга зиён-заҳмат етказишдан тийилади. Мусулмонларга бирор кишидан азият етмаса, албатта комиллар қаторидан жой олиши муқаррардир. Ҳолбуки, тилнинг жабри қўлнинг жабридан қаттиқдир. Тилни тиймоқ, бу – хоинлик, туҳмат, ёлғон, ғийбат, чақимчилик, истеҳзо, бировни масхара қилиш, ёлғон қасам ичишдан тийилиш, азон айтилаётганда, масжидларда, Қуръони карим ўқилаётганда, иқомат ва хутба вақтида, ҳожатхонада, жимоъ пайтида сўзлашмоқ ва суҳбатлашмоқдан тийилиш, Қуръони каримни ўз раъйига кўра тафсир қилмоқ, омонат сўз ва сирларни фош қилмоқ, гуноҳкорларни ҳимоя қилмоқ, биродарининг узрини қабул этмаслик, мўъминларни қўрқитмоқ ва шунга ўхшаш тил воситасида бажариладиган беҳуда ва ёмон амаллардан ўзини сақлашдир. Қуръон тафсирларида тил ва қўл билан жафо етказиш у ёқда турсин, кўз ва қош билан инсонга етказиладиган азиятнинг ҳам тил ва қўл жафосидан қолишмаслиги баён этилган.

  Инсоннинг табиати уч жойда маълум бўлади: сафарда, овқатланиш пайтида, пул ва молга тегишли олди-бердиларда. Чунончи, ҳаж сафарида инсон машаққатларга, йўл қийинчиликларига йўлиқади. Оғир пайтларда инсон ҳамроҳига қандай муомала қилади? Фақат ўзининг ғамини ейдими ёки бошқаларга ҳам ёрдам берадими? Ана шу масалаларда ҳақиқий мўъминнинг камолоти намоён бўлади. Агар бир чеккада ўтириб, қодир бўлса-да, ҳеч кимга ёрдам бермаса, аксинча, ўзгалардан ёрдам сўраса, ундай одамга афсуслар бўлсин. Бу ҳол ҳам танбаллик, ҳам иймон заифлигига далолатдир.

  Танаввул пайтида ҳам фақат қорнини ўйлашлик иймондаги нуқсоннинг аломатидир. Савдо-сотиқда ҳам шундай. Биринчи навбатда ўз манфаатини ўйлайдиган инсонлар ҳеч қачон комил мусулмон бўлолмайдилар. Дунёга ҳирс қўйган, худбин, мухолиф, мағрур, мутакаббир, зиқна, дарғазаб, риёкор, шуҳратпараст инсонлар ҳам шу жумладандирлар.

  Тасаввуфда мазкур иллатлардан халос бўлишга ва гўзал хулқларни эгаллашга йўлланмалар бор. Масалан, риёзат чекиб Аллоҳни доимий зикр этиш орқали энг қабиҳ инсонлар ҳам энг солиҳ мўъминларга айланганликлари айни ҳақиқатдир. Кераксиз ётган бир темирни олиб, оловга қўйсангиз, чўғдай қизариб, юмшайди, кейин уни муайян шаклга солиб, ўзингизга керакли асбоб ясаб олишингиз мумкин.

  Шунингдек, комил мусулмонларнинг қаторига қўшилган бадхулқ одамларга ҳам беихтиёр фозилларнинг фазилати юқади. Шунинг учун улуғларимиз авлодларига доимо уламо, ҳукамо ва фақиҳлар мажлисларида қатнашишни, улардан файз олишни ва ҳеч қачон улардан айри бўлмасликни насиҳат қилганлар. Зеро, улар таомни хуштаъм қиладиган зираворга ёки ўз вақтида ёққан баракотли ёмғирга ўхшайдилар. Қуруқ, жонсиз ерларга ёмғир ёққач, у ерлар кўкариб, яшнаганидай, ўлган, жонсиз қалблар ҳам олиму фозиллар даврасида қайта жонланади. Парвардигор барчамизни ҳидоят ва камолотга сабаб бўлувчи олим ва ҳакимлар мажлисларидан айирмасин!

 

“Мўминнинг сифатлари” китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР