Тавсия қиламиз

“БИР БОЛАГА ЕТТИ МАҲАЛЛА ҲАМ ОТА...

Мақолалар access_time20-июль 2017, 18:29

“БИР БОЛАГА ЕТТИ МАҲАЛЛА ҲАМ ОТА, ҲАМ ОНА” ДЕГАН МАҚОЛНИНГ ҲАҚИҚИЙ…

Расуллик мартабаси набийлик мартабасидан баланд ҳисобланади.  

Мақолалар access_time15-май 2017, 12:50

«Пайғамбар» сўзи форсий тилдан олинган бўлиб, пайғом етказувчи,…

Ҳикматнинг фойдалари

Мақолалар access_time29-июль 2017, 12:40

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Ҳикмат нашр қилинадиган ва раҳмат…

Иймонингизда собит туринг, ваҳима қилманг

access_time22-июль, 18:33 visibility996

Коронавирус ҳақида гап-сўз кўпайган сари унинг ваҳимаси ҳам ортиб бормоқда. Эрталаб уйқудан турар экансиз, хаёлингизда «Бугун нима гап экан?» деган ташвишли фикр, яна ҳам очиқроқ айтсак, «Бугун қанча ўлим бўлди экан?» деган ваҳима айланяпти.

Бу шум хаёл сизни кун бўйи тарк этмайди. Тўғрироғи, уни унутишингизга йўл қўйишмайди. Ҳаммаёқда совуқ хабарлар, ТВ, радио, нашрлар ва ижтимоий тармоқлар ҳам асосан шу ҳақдаги хабарларга тўлиб-тошган.

Оила даврасида, дастурхон бошидаги суҳбат ҳам фақат шу Ковид-19 ҳақида. Таомни ҳам коронавирус билан бирга еяпмиз. Уйқуга ётаётганда ҳам бутун ўй-фикримиз шу ҳақда. Бу «машҳури олам» ҳатто тушларимизга ҳам кириб чиқяпти.

Бизга нима бўлди ўзи?!

Кўзларимизда қўрқув, юрагимизда ҳадик. Айниқса таниш-билишларингиздан, ошна-оғайниларингиздан бирортаси шу дарддан вафот этгани ҳақида хабар эшитиб қолсангиз, бутун вужудингиз сесканиб кетади. Чунки мана, тўрт ой бўлибдики, эртадан кечгача энг кўп зикр қилинаётган нарса ўша Ковид-19.

Аммо аслида қандай бўлиши керак эди?

Мусулмон одамнинг фикри-зикри нима билан банд бўлиши керак эди?

Эрталабдан кечгача «коронавирус» деяверган билан бирон фойда борми ўзи?!

Аслида бунинг ўрнига тинмасдан «Аллоҳ» дейишимиз керак эмасмиди? Тинмай истиғфор айтишимиз керак эмасдими? Ягона тўғри йўл, ягона тўғри чора, ҳақиқий манфаа мана шунда эмасмиди?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта салавот айтган мўмин банданинг ўнта гуноҳи кечирилишини, ҳар қандай мушкули бўлса, ечилишини билар эдик-ку!

Наҳотки шу ваҳималар асносида бу буюк ҳақиқатларн унутган бўлсак?

Зарарли, ваҳимали хабарлар етмагандек, телевидение орқали шу касалликдан қийналиб ётган беморларнинг аҳволи кўрсатилмоқда. Гўё шу нарса кўрсатилса, одамларда лоқайдлик кетиб, ҳушёр тортар эмиш. Бундан қандай фойда борлигини билмадиму, аммо зарари борлиги аниқлигини мутахассислар жуда яхши билишади.

Энди сиз масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор беринг. Ҳар куни нечта одам касалланиб, нечта одам ўлгани айтиб турилаётган статистикада нима учун ёш, гўдак болалар йўқ? Нима учун болаларда бу касалликка чалиниш ҳолатлари кам?

Чунки ёш болалар бу ваҳимали хабарларни ўқимайдилар, тушунмайдилар, ўша ваҳиманинг таъсирига тушмайдилар.

Яхшилаб ўйлаб кўрайлик, эҳтимол бизни айнан ўша ваҳима касал қилаётгандир?!

Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳ буюк саҳоба Абу Амр Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Эй Аллоҳнинг Расули, менга Исломда шундай калимани ўргатингки, у ҳақда Сиздан бошқа ҳеч кимдан сўрамайин», дедим. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга иймон келтирдим», дегин-да, сўнг шунда мустақим (собит) бўлгин».

Дарҳақиқат, истиқомат – содиқ иймон учун энг зарурий самарадир. Истиқоматнинг ҳақиқати эса банданинг Аллоҳ унга берган фитратини сақламоғи, иймонининг нурини маъсияту шаҳватлар билан тўсиб қўймаслигидир. Худди шунингдек, иймонимиз нурини турли воқеа-ҳодисалар чангида ҳам қолдирмаслигимиз зарурдир.

Биз Аллоҳга иймон келтирганимизда қазои қадарнинг, тақдирнинг яхши-ёмони ҳам Аллоҳдан эканини эътироф қилганмиз. Хўш, нима учун энди бу синовлар олдида таслим бўлишимиз керак экан? Ҳар бир яхшилик ҳам, мусибат ҳам қазои қадардан эканини унутиб қўйдикми?

Асло йўқ!

Азизлар, кўнглингизни тўқ қилинг, иймонингизда собит туринг. Аллоҳдан беизн тикон ҳам кирмайди ахир. Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа ҳар қандай дарднинг давосини берган. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Агар осмон ерга қулаб тушса ҳам, Аллоҳ таоло тақводор бандаларига бу ҳолатдан қутулиш йўлларини кўрсатади», деганлар.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга нажот йўлини очиб қўяди» (Талоқ сураси, 2-оят).

Иймонда собит туриш – айни тақводорликдир. Уламоларимиз юрт бошига келган балонинг кўплаб ҳикматлари бўлишини айтганлар. Худди шунингдек, бу вирус балоси сизу бизни қириб юбориш учун келмади, асло ундай деб ўйламанг. Аксинча, бу бало сизу бизни тирилтириш учун, ғафлат уйқусидан уйғотиш учун, яхши томонга ўзгартириш учун келди.

Келинг, сўзимизни амалий бир муолажа билан якунласак.

Асримизнинг муҳаддис олимларидан шайх Абдуллоҳ Ҳарарий роҳматуллоҳи алайҳ шундай деган эканлар:

«Ҳижрий 535 санада вафот этган буюк олим, имом, муҳаддис Абулҳасан Розин ибн Муовия ал-Абдарий ал-Сарақситий ал-Андалусий ал-Моликий Маккаи Мукаррамада моликий мазҳабининг имомларидан эдилар. Бу зот имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларини, имом Абу Ийсо Термизий, Абу Довуд Сижистоний ва Абу Абдураҳмон Насоийларнинг «Сунан»ларини, имом Моликнинг «Муватто» асари билан жамлаб, бир яхлит китоб қилиб, уни «Тажридус-сиҳоҳ» деб номлаганлар.

Мазкур муҳаддис Розин ал-Абдарий ўзининг «Жомеъ»сида шундай ёзадилар:

«Бемор бўлган киши тоза сувга Фотиҳа сурасини етти марта, оятул-Курсийни етти марта, Фалақ ва Наас сураларини («муаввизатайн»ни) етмиш бир мартадан ўқиб, дам солсин. Сўнг ўқилган сувни уч кун эрталаб оч қоринга ичсин, Аллоҳ таоло унга ҳар қандай балодан офият беради».

Азиз биродарим! Касаллик Аллоҳнинг иродаси билангина юқиши мумкин бўлганидек, унинг шифоси ҳам фақат У Зотнинг иродаси билан бўлади.

Шу боис, аввал қалбдан ихлос қилиб, сабабларни жойига қўйиб, сўнгра Аллоҳга таваккул қилайлик, яъни бу дарднинг шифосини фақат Аллоҳдангина кутайлик.

Азизлар, ваҳима қилмайлик, иймонимизда мустаҳкам бўлайлик. Иншааллоҳ, бу кунлар тезда тарихга айланажак. Сизда эса бу кунлардан фақат ширин хотиралар қолсин. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР