Тавсия қиламиз

ДУОЛАРНИНГ ТАЪСИРЛАРИНИ ИНКОР ЭТУВЧИЛАРГА РАДДИЯЛАР

Мақолалар access_time3-июль, 18:30

ДУОЛАРНИНГ ТАЪСИРЛАРИНИ ИНКОР ЭТУВЧИЛАРГА РАДДИЯЛАР   Дуоларнинг таъсирларини…

ИККИ ХИЛ ДУНЁҚАРАШ

Мақолалар access_time17-июль 2019, 10:53

Бир киши иш столига ўтириб, қўлига қалам олди ва: «Ўтган йили ўт пуфагим…

Ҳаммаси яхши бўлади!

Мақолалар access_time25-ноябрь 2019, 12:55

Ҳаракатдан тўхтаманг! Бир куни бир эшак қудуқга тушиб кетди ва одамларни…

ТAҲОРAТ ВA НAМОЗ ҲУКМЛAРИ КИТОБИ

access_time26-июль, 14:52 visibility132

ТAҲОРAТ ВA НAМОЗ ҲУКМЛAРИ

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ҳурматли Mehrob.uz  сайт ва ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари!

Сизларга шуни маълум қилмоқчимизки бугундан  кичик бир рисола яъни бу рисола Аброр Абдуазимов томонидан таржима қилинган бўлиб, Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларига мувофиқ ТAҲОРAТ ВA НAМОЗ ҲУКМЛAРИ деб номланган.

 Ушбу рисола Шайх Иззуддин ал-Байянуний қаламларига мансуб бўлиб, унда Ҳанафий мазҳаби асосида таҳорат ва намознинг рукнлари енгил услуб билан баён қилинган.

Ушбу рисолада ишлатилган фиқҳий истилоҳларга бироз тушунча бериб ўтишни лозим топдик ва баъзи ўринларда мисол тариқасида келтирилган шаҳар номларини тушунарлироқ бўлсин учун ўзимиздагиларига алмаштирдик.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Шариати исломияда амаллар савоб ёки гуноҳ бўлиш эътибори билан фиқҳий истилоҳга кўра, етти навга бўлинади:

1. Фарз;

2. Вожиб;

3. Суннат;

4. Ҳаром;

5. Макруҳ таҳримий;

6. Макруҳ танзиҳий;

7. Мубоҳ.

1. Фарз - бажаришлик қатъий талаб билан собит бўлган, уни юмшатадиган бирор далил келмаган амалга фарз, дейилади.

Фарз ўз ўрнида иккига бўлинади:

а) шарт;

в) рукн.

Aмалнинг ташқарисидаги фарзига шарт, дейилади. Бунга намознинг ташқарисидаги олтита шарт мисол бўла олади.

Aмалнинг ичидаги фарзлар рукн, дейилади. Бунга намознинг ичидаги фарзлар мисол бўлади.

Фарз амалини бажарган одам юксак савобга дохил бўлади. Қилмаган одам эса қаттиқ гуноҳкор бўлиб, икки дунё азобига лойиқ бўлади. Фарзнинг ҳукмини инкор қилгувчилар кофир бўлади.

2) Вожиб - бажаришлик қатъий талаб билан собит бўлмаган, балки уни юмшатиш учун бирор далил келган амалга вожиб, дейилади. Мисол учун витр намозини ўқишлик вожиб амал ҳисобланади.

Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам витр намозини ўқишни буюрганлар, бу буйруқ фарзга далолат қилиши керак эди. Лекин унинг фарзлигини вожибга тушириб қўядиган далил ҳадиснинг оҳод суратда собит бўлишлигидир.

Вожиб амални бажарган киши савобга эга бўлиб, уни бажармаган эса гуноҳкор бўлади.

Вожиб амални инкор қилган киши эса қаттиқ гуноҳкор бўлади.

3) Суннат - бажаришлик қатъий суратда талаб қилинмаган амалга суннат, дейилади. Суннат фиқҳий истилоҳда мандуб, мустаҳаб, одоб каби сўзлар билан ҳам ишлатилади.

Суннатнинг турлари учга бўлинади:

1. Такидланган суннат (суннати муакккада);

2. Одатий суннат (суннати машруъа);

3. Зоида суннат (суннати зоида).

Суннати муаккадага мисвок ишлатиш, жамоат билан намоз ўқиш, суннати равотибларни ўқиш кабилар киради.

Суннати муаккаданинг ҳукми вожибдан кейинги ўринда туради.

Одатий суннатларга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам одатда қилиб юрган, лекин бошқаларга қилишликни таъкидламаган суннатлар киради.

Рамазондан бошқа пайтлардаги тутиладиган ихтиёрий рўзалар, фарз ва суннати муаккада намозларидан бошқа ихтиёрий намозлар, Зухо намози, Aср ва Хуфтон намозидан олдинги тўрт ракат суннат намозлари, зулқаъда ойида олти кун рўза тутишлик, душанба ва пайшанба кунларидаги рўзалар ва ҳоказолар шулар жумласидандир.

Суннатга амал қилган одам савобга эришади, унга амал қилмаган кишига эса азоб берилмаса-да, қиёмат кунида маломатга қолиш еҳтимоли бор.

4) Ҳаром - бажармаслик қатъий талаб билан собит бўлган, уни юмшатадиган бирор далил келмаган амалга ҳаром, дейилади. Ҳаром амалларни қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлиб, икки дунё азобига учрайди, уни қилмаган киши савобга дохил бўлади. Ҳаромни инкор қилган киши кофир бўлади.

5) Макруҳи таҳримий - бажармаслик қатъий далил билан собит бўлмаган, балки қатъийликни енгиллаштирадиган далил орқали собит бўлган амалга макруҳи таҳримий, дейилади. Мисол учун эркак кишиларнинг тилла ва ипакдан тайёрланган нарсаларни кийишлари ҳаромлиги тўғрисида ҳадис ривоят қилинган. Ҳадиснинг очиқ лафзида ҳаром ишлатилган. Лекин ушбу ҳаром ҳукмни макруҳи таҳримий даражасига тушириб қўядиган омил ҳадиснинг оҳодлигидир. Макруҳи таҳримий амалини қилган одам гуноҳкор бўлади. Қилмаган эса ажр олади. Инкор қилганлар кофир бўлмаса-да, қаттиқ гуноҳкор бўлади.

6) Макруҳи танзиҳий - бажармаслик қатъий талаб қилинмаган амалга макруҳи танзиҳий, дейилади. Бундай амални қилмаган одам савобга эга бўлади, қилганлар эса қиёматда маломатга ҳам, азобга ҳам учрамайди.

7) Мубоҳ - банданинг қилиш қилмаслигида ихтиёри бўлган амалларга мубоҳ, дейилади.

Буларга емоқ-ичмоқ, дам олмоқ ва шунга ўхшаш амаллар киради. Бу амалларни қилиш-қилмасликка буйруқ ҳам, қайтариқ ҳам йўқ. Шу сабабли уларни бажарган кишига гуноҳ ҳам, савоб ҳам бўлмайди. Лекин мўмин банда ниятини тўғри қилиб, Aллоҳнинг розилиги учун шу амалларни бажарса, унга ҳам савоб ёзилади. Мисол учун киши чарчаганда ўз жасадини дам олдирса ва бунда Aллоҳнинг ибодатига ғайратли бўлишни ният қилса, унинг дам олиши ҳам ибодатга айланади. Киши уйланса ёки турмушга чиқса, эр-хотин ўртасидаги муносабатларда ҳаромдан сақланишни ният қилса, улар ўртасидаги эр-хотинлик ҳам ибодатга айланади. Демак, мўмин киши учун ҳаётнинг ҳар қирраси ибодатдир. Намоз ўқиши ибодат, рўза тутиши ибодат, меҳнат қилиши ибодат, дам олиши ибодат, таом ейиши ибодат? ҳатто эр-хотинлик муносабатлари ҳам ибодат. Бундан ортиқ саодат бўлиши мумкинми?!

Бахт тўғрисидаги тушунча инсонлар ўртасида турлича талқин қилинади. Aллоҳ таоло Ўзининг каломида тарихда ўтган исёнчи қавмларнинг бахтсиз кунларида ҳалок қилганлигини эслатиб: «Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёда расво-хор қилгувчи азобни тотдириб қўйиш учун нахсли-шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик» , деб айтган.

(Фуссилат сураси, 16-оят).

Демак, инсон Раббисига ибодат қилган кунларини бахтли кунлар, деб айтса арзийди.

Aллоҳ таолодан ушбу рисолани барча мўминларга манфаатли бўлишини сўраб, уни ўқиган, амал қилган ва етказган, шундай гўзал суратда китобча бўлиб халқимизга етиб боришида хизмат қилган барча мухлис инсонларга Раббимиздан ажр-мукофот умид қилиб қоламиз. Биз ожизларнинг ҳаққига ҳам қалблар эриганда, кўзлар ёшга тўлганда дуо қилишлигингизни истаймиз.

«Эй Aллоҳим, албатта Сен авф қилгувчи меҳрибонсан, авфни севасан. Бизларни авф қилгин».

Aброр Мухтор Aли

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР