Тавсия қиламиз

ҲАР БИР ЛАХЗА БАХТДИР!

Мақолалар access_time22-июль 2019, 12:13

Қачон толеим куларкин? Бу савол барчамизда бўлиши табиий. Савол шу даражада…

БАЛАНД БЎЛМАГАН ОВОЗ, ТАНҲО ВА ҚАЛБАН ДУО ҚИЛИШ

Мақолалар access_time23-сентябр, 19:51

Ҳаётингиздаги энг қийин ва машаққатли онларда, Аллоҳга дуо қилиш эҳтиёжи…

“МИРЗА ЮСУФ” ЖОМЕ МАСЖИДИДА ҲАШАР ЎТКАЗИЛДИ

Масжид access_time22-май 2017, 17:19

МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИ АРАФАСИ “МИРЗА ЮСУФ” (БОДОМЗОР) ЖОМЕ МАСЖИДИДА…

Илмда машҳур бўлганлари каби тақвода ва саховатда ҳам машҳур бўлишган оналаримиз

access_time6-октябрь, 14:42 visibility492

    Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига бир аёл келиб, масала сўради. «Эй Абу Абдуллоҳ (бу у зотнинг кунялари), мен ип йигираман, ҳунарим шу. Кечаси кўчамиздан султоннинг одамлари аъёнлари билан катта карвон бўлиб ўтиб қолишди. Карвоннинг бошидан охиригача аскарлар машъалалар кўтариб олишган, йўлни ёритиб ўтишди. Уйимизнинг ёнидан ўтишаётганда ўша машъаланинг ёруғи анча вақтгача ҳовлимизга тушиб туради. Саволим шуки, мен ўша машъаланинг ёруғида ипимни йигириб олсам жоизми?» деб сўради. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал буни эшитиб, йиғлаб юбордилар. Сўнг «Ўзингиз ким бўласиз?» деб сўрадилар. Мақсадлари бундай дақиқ саволни бераётган аёл қайси хонадоннинг аёли, кимнинг қизи эканлигига қизиқдилар. Аёл «Мен Бишр Хофийнинг синглисиман», деб жавоб берди. Имом Аҳмад «Бу қандай гўзал хонадонки, бу қадар содиқ тақводорларни етказиб берса! Қизим, ўша машъаланинг ёруғида ип йигириш сенга мумкин эмас, сен бундан парҳез қилгин, қизим», деб жавоб бердилар.

Бишр Хофий ҳижрий учинчи асрда яшаб ўтган бўлиб, табаъа тобеъинлардан бўлганлар, тасаввуфнинг энг йирик намояндаларидан, пири муршидларидан бўлганлар, оталари Туркманистоннинг Марв шаҳридан бўлганлар, ўзлари Бағдодда туғилганлар. Абдуллоҳ ибн Муборакка шогирд бўлганлар, Фузайл ибн Иёздан таъсирланганлар. Исмлари Бишр бўлган, Хофий эса кунялари бўлиб, «ялангоёқ» деганидир. Бу зот бир умр ялангоёқ юрган эканлар, шунчалик тавозели, хокисор бўлганлар, оёқларига кавуш киймаганлар. Айтадиларки, Бишр Хофийнинг учта синглиси бор эди, учаласи ҳам тақводор, парҳезкор бўлган. Улар айнан ўша тақвоси билан машҳур бўлган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан бу саволни сўраган аёл ўша уч опа-сингилнинг бири экан.

Қарангки, бу савол сўралган пайтда Бишр Хофий зиндонда эди. Бундай зотлар доим хуш кўрилмаган, ҳамма замонларда ҳам хуш кўрилмайди. Зеро, охиратни устун қўйган одамларни дунё сиғдирмайди, ҳазм қила олмайди, дунё уларни тушуна олмайди. Шунинг учун Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни ҳам сиғдиришмаган, охири ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу у кишига узоқроқ юртга кўчиб кетишни тавсия қилганлар. Бунинг сабаби шуки, Абу Зарр Ғиффорий одамларни орасида юриб, саҳобаларни уришиб, ҳамма билан жанжал чиқарар эканлар, чунки у киши ўта тақводор одам бўлганлар, охиратнинг ғамини ер эдилар, бу дунёни ҳеч менсимас эдилар, дунёга озгина хирс қўйган одамларнинг ҳам кўзини очирмас эдилар. Ҳазрати Усмон ибн Авфон халифа бўлсалар ҳам, «Дунёга қул бўлиб кетяпсиз, эй Усмон» деб, у кишининг ҳам баъзи ишларини танқид қилаверардилар. Охири «Сиз яхшиси холироқ жойга бориб, узлат қила қолинг, одамлар сизни тушуниша олмаяпти» деб, у зотни чеккароқ жойга кўчириб юборганлар.

Бишр Хофий ҳам худди шундай инсон бўлган эканлар.

Биродарлар, «ал-вараъ», яъни парҳезкорлик, тақводорлик уч даражада бўлар экан:

1-даража: ҳаромдан сақланиш.

2-даража: шубҳалардан сақланиш.

3-даража: макруҳларга тушиб қолишдан қўрқиб, баъзи мубоҳ нарсаларни ҳам тарк қилиш.

Вараънинг учинчи даражаси деганда ўзи мубоҳ ишни қилишнинг гуноҳи йўқ, лекин шу мубоҳни қилаверсам, макруҳга яқин бўлиб қоламан деб, ўша мубоҳдан ҳам воз кечиш назарда тутилади.

Тарихимизда бундай аёллар жуда бўлган, уларнинг мисолини кўплаб келтириш мумкин. Биргина Хадича онамиз розияллоҳу анҳонинг саховатлари борасида шундай ривоят бор: «Бир куни эшик тақиллаб қолди, қарашса, бир кампир келибди. Пайғамбар алайҳиссалом ўрниларидан сакраб туриб, «Марҳабо, онажон!» деб хушомад қиляптилар. Хадича онамиз четроқдан қараб, кузатиб турибдилар. Кейин билсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёшлигида эмизган оналари Ҳалимаи Саъдия меҳмон бўлиб келган эканлар. Ёшлари ўтиб, кексайиб, кампир бўлиб қолган эканлар, ўғилларини зиёрат қилишга келган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом хурсанд бўлганларидан бу мўътабар онани ўтирғизишга жой топа олмай қолдилар, оналарини иззат-икром қилиб, ридоларини ечиб, тагларига тўшаб бердилар, ниҳоятда ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар. «Аҳволларингиз қандай, онажон?» деб сўрасалар, Ҳалимаи Саъдия ёмғир ёғмаяпти, қурғоқчилик келди, ҳосиллар йўқ, тирикчиликдан қийналяпмиз деган маънода шикоят қилдилар. Ана шунда Хадича онамиз розияллоҳу анҳо Ҳалимаи Саъдия қайтиб кетаётган пайтда қирқта қўй ва бир туя берган эканлар. Туянинг устига эгар-жабдуқлар, матолар бериб, бу туяда қўйларга сув ташийсиз деган эканлар. Нима учун Хадича онамиз бундай қилганлар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қилиш учун. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қилиш учун. Машааллоҳ, бу буюк аёл у зотнинг йўлларига ўзларини ана шундай фидо қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хурсанд қиламан деб, у зотнинг эмизган оналарига шунчалик иззат-икром кўрсатяптилар. 

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР