Тавсия қиламиз

БИЛАСИЗМИ: РЎЗАНИНГ ШАРТЛАРИ  ?

Биласизми access_time30-май 2017, 19:32

Рўза тўғри бўлиши учун уч хил шарт мавжуд бўлиши лозим.    Биринчи…

Моҳир табиб қандай бўлиши керак?

Мақолалар access_time2-июль 2018, 11:39

Ислом динида ҳар бир инсон ўз саломатлигини сақлаши вожиб ҳисобланади. Худди…

Ҳалол касб – барака калити

Мақолалар access_time5-декабр 2019, 11:41

     «Барака» сўзининг истилоҳий маъноси эгасига…

РАСУЛУЛЛОҲ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)НИНГ ШАКЛУ ШАМОЙИЛЛАРИ ва (саловат)

access_time24-октябрь, 13:00 visibility1889

Ташқи кўринишлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломга ўхшайдилар. Узоқдан қараганда ғоят келишган ва кўркам, яқиндан эса ғоят гўзал ва ёқимли, ҳайбатли, виқорли ва салобатли.

Ҳуснлари: хушрўй, кўркам юзли, ойдек, балки ойдан ҳам чиройли, порлаб турган қуёшдек, гўё қуёш у кишининг юзларида юргандек.

Бўйлари: узун-новча ҳам, паст-пакана ҳам эмас, балки ўрта бўйдан бир оз баландроқ.

Қадди-қоматлари, гавдалари: келишган, ўртача, хушбичим, мўътадил ва чиройли.

Елкалари: кенг.

Ранглари: тиниқ рангли, ўта оппоқ ҳам, ўта буғдойранг ҳам эмас, балки оқ-қизилга мойил буғдойранг.

Юзлари: ўртача-юм-юмалоқ ҳам эмас, чўзинчоқ ҳам эмас, бир оз юмалоққа мойил, бироқ гўштдор эмас.

Чеҳралари: нурли, жиддий ва табассумли. Қовоқ солувчи эмас. Хурсанд бўлсалар, юзлари янада ёришиб кетар, юзларидан нур ёғилар эди. Ғазаблансалар, гўё яноқларига анор сиқиб қўйилгандек, юзлари қизариб кетар эди.

Кўзлари: катта, сурма тортилгандек чиройли, кўз қорачиқлари тим қора, оқи тиниқ оқ, баъзан оқида бироз қизиллик пайдо бўлар эди.

Қошлари: ингичка ва ёйсимон, бир-бирига туташмаган.

Киприклари: узун.

Пешоналари: кенг ва очиқ.

Ёноқлари: текис, на озғин ва на сергўшт.

Бурунлари: нозик ва ўртачадан сал узунроқ, бироз баланд ва қирралик.

Қовоқлари: четлари эгикроқ.

Бошлари: ўртачадан каттароқ.

Оғизлари: Мўътадил, ўртачадан кенг (араблар бундай сифатни мақташади, буни фасоҳату балоғатга йўйишади).

Тишлари: Маржондек ялтироқ ва чиройли, гапирган пайтларида тишлари орасидан нур таралаётгандек бўларди.

Бўйинлари: ўртачадан салгина узун.

Баданлари: кўкраклари ўртасидан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган эди. Кўкрак ва қоринларида бошқа жунлари бўлмаган, аммо елка ва билакларида бир оз бўлган.

Кўкраклари: кенг.

Қоринлари: кўкраклари билан бир текис.

Ҳидлари: мушку анбардан ҳам хушбўйроқ, ҳатто бир йўлдан юриб ўтган бўлсалар, кейин шу йўлдан юрган одам хушбўй ҳидларидан у зотнинг бу ердан ўтганларини билиб олган.

Сочлари: қалин, тўлқинсимон, яъни жингалак ҳам, силлиқ ҳам эмас, балки жингалаклик ва силлиқлик ўртасида бўлиб, қулоғлари ўртасига, баъзан юмшоғига ва баъзан пастига тушиб турган. Сочларининг ранги қоп-қора бўлиб, ўзларига ярашган, бошларининг ўртасидан фарқ очиб, тараб юрганлар. Умрларининг охирида икки чаккаларидаги сочларига бироз оқ тушган.

Соқоллари: бир кафт, яъни бир сиқимдан узунроқ, қалин ва қора. Умрларининг охирида пастки лаблари остидаги соқолларида озгина оқ толалар пайдо бўлган, аммо соч-соқолларидаги оқ туклар сони йигирматага ҳам бормаган.

Қўллари: юмшоқ-мулойим, кафтлари тўла, гўштдор, у зот билан қўл бериб кўришган одамнинг кафти тўлар эди. Бармоқлари мўътадил ҳолда узун.

Билаклари: узун ва залворли.

Оёқлари: оёқ кафтлари ўртача, болдирлари залворли.

Юришлари: залворли, саловатли, худди қияликдан тушиб кетаётгандек тикка зарб билан, шаҳдам, кенг қадам ташлаб, енгил, илдам ва бемалол, хотиржам юрардилар.

Бўйин суяклари: йўғон, бақувват.

Терлари: маржондек.

Уйқулари: кўзлари ухласа ҳам, қалблари ухламасди.

Хуллас, у зотдек инсонни ҳеч ким аввал ҳам, кейин ҳам кўрмаган!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

 إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّ يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا

 «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг» (Аҳзоб, 56). Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишининг маъноси, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади. Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари, у зоти бобаракот ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир. Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан. Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб, дуо қилиб туришар экан.

Пайғамбаримиз ﷺ га БИР ДОНА саловат айтишнинг фазилати ҳадисларда:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга саловот айтишни кўпайтиринглар, чунки у гувоҳликка ўтадиган кундир, малоикалар ҳам гувоҳлик берурлар. Агар бирор кимса менга саловат айтса, уни менга кўрсатилади, ҳаттоки ундан фориғ бўлгунига қадар”, дедилар. (Ибн Ҳузайма Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга саловот (айтишни) ни кўпайтиринглар, чунки сизларни менга йўллаган саловотларингиз ўз гуноҳларингиз учун мағфират бўлур. Менга эса даража ва василани талаб қилинглар. Бас албатта менинг василам, Роббимнинг ҳузурида, сизлар учун шафоат бўлур”, дедилар. (Ибн Асокир Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривояти.)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга айтилган саловот сиротда нурдир. Ким менга жума куни саксон марта саловот айтса, саксон йиллик гуноҳи кечирилади”, дедилар. (Ал-Аздий Зуафода фақат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор банда менга саловот айтар экан, фаришталар ҳам унга саловот айтишади. Гарчи у оз бўлсин, ҳоҳ кўп бўлсин”, дедилар. (Ҳоким , Ибн Ҳузайма ва Зиёларнинг Омир бин Робийъа розияллоҳу анҳудан ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен кимни ҳузурида зикр қилинсам , бас менга саловот айтсин! Бас ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн бор саловот айтади”, дедилар. (Насоий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган) .

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга саловот айтинглар, чунки менга йўллаган саловотингиз, ўзингиз учун закотдир (яни покликдир)”, дедилар. (Ибн Мурдавайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган) .

Саловатлар

* Соллаллоҳу ъалайка йа Расулуллоҳ.
* Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммад.

* Аллоҳумма солли ва саллим ъала набиййина Муҳаммад.
* Аллоҳумма солли ва саллим ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала аалиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

 

Манбалар асосида Васлиддин Ризаев тайёрлади.

Mehrob.uz матбуот хизмати

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР