Тавсия қиламиз

ҚУРБОНЛИК ВА ТАШРИҚ КУНЛАРИ ҲОЖИНИНГ УМРА ҚИЛИШИ

Мақолалар access_time30-август 2017, 14:46

 Ҳожига арафа кунидан зул-ҳижжанинг ўн учинчи кунигача умра қилиш жоиз…

Ҳалол луқма

Мақолалар access_time17-июль 2017, 15:02

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ шундай деган эканлар:   «Падари…

Ҳадис шарҳи

Мақолалар access_time19-август, 14:37

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу…

ТАҲОРАТ ДУОЛАРИ

access_time27-октябрь, 12:41 visibility2061

"Таҳорат боби" 

- Таҳорат бошланиб, икки қўл ювилаётганда қайси дуо ўқилади?

Ушбу дуо ўқилади: «Aлҳамду лиллаҳиллази жаъалал маа таҳуран вал ислама нуран».

Маъноси: «Сувни ҳам, Ислом динини ҳам поклик манбаи қилиб яратган Aллоҳга ҳамд бўлсин».

Оғиз чайилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма таҳҳир накҳати ва асқини мин ҳавзи набийика».

Маъноси: «Илоҳим, оғзимни пок қил, Пайғамбар ичган «Ҳавзи кавсар» сувидан ичишни насиб эт».

Бурунга сув тортилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма ариҳни роиҳатал жаннати ва ла туриҳни роиҳатан-нари».

Маъноси: «Илоҳим, жаннат ҳидидан баҳраманд эт, дўзах исидан нари тут».

Юз ювилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма баййиз важҳи би нурика явма табяззу вужуҳу улаика ва ла тусаввид важҳи явма тасвадду вужуҳу аъдоик».

Маъноси: «Илоҳим, севимли бандаларинг юзлари пок ҳолатда турувчи куни менинг юзимни ҳам ёруғ қил. Гуноҳкорлар юзи қора бўлгувчи кундан асрагил”.

Ўнг қўл ювилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма аътини китаби биямини ва ҳосибни ҳисабан ясирон».

Маъноси: «Илоҳим, қиёмат куни амалларим ёзилган дафтарни ўнг тарафимдан бериб, ҳисобимни енгиллатгин».

Чап қўл ювилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма ла туътини китаби бишимали ва ла мин варои зоҳри ва ла туҳосибни ҳисабан шадидан».

Маъноси: «Илоҳим, амаллар ёзилган дафтарни чапимдан ҳам, ортимдан ҳам бермагил, қаттиқ ҳисоб-китоб қилмагил».

Бошга масҳ тортилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма ғашшини бироҳматика ва анзил ъалайя мин барокатика».

Маъноси: «Илоҳим, Ўз раҳматинг билан бошимни силагин, устимга баракотларингни ёғдиргин».

Қулоққа масҳ тортилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма ижъални миналлазина ястамиъунал қовла фаяттабиъуна аҳсанаҳу».

Маъноси: «Илоҳим, мени яхши сўзларга тобеъ қилгил ва эргаштиргил».

Бўйинга масҳ тортилганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма аътиқ рақобати минаннари ваҳфазни минассалосили вал ағлали».

Маъноси: «Илоҳим, мени дўзах азобидан асрагил ва занжирларда судрамагил».

Ўнг оёқ ювилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма саббит қодамайя ъалас сироти явма тазиллу фиҳил ақдаму».

Маъноси: «Илоҳим, қиёматда – оёқлар тойгувчи кунда оёқларимни тойдирмагил».

Чап оёқ ювилаётганда ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма ижъал саъйи машкурон ва занби мағфурон».

Маъноси: «Илоҳим, қилган ишларимни савоб йўлига бургил ва гуноҳларимни авф этгил».

Таҳорат якунида ушбу дуо ўқилади: «Aллоҳумма ижъални минат-таввобинал мутатоҳҳирина важъални мин ъибодикас-солиҳиналлазина ла ховфун алайҳим ва ла ҳум яхзанун».

Маъноси: «Илоҳим, мени Ўз тарафингга юзланувчи покиза инсонлар сафига сол, қиёмат куни яхши бандаларинг қаторида қўллагил, азоблардан асрагил».

***

Таҳоратдаги макруҳ амаллар

 

- Таҳоратда қайси амаллар макруҳдир?

- Улар саккизтадир:

1. Сувни кўп ишлатиб, исроф қилмоқ.

2. Бурунни ўнг қўл билан ювмоқ.

3. Ювилаётган аъзоларни уч мартадан кўп ёки кам ювмоқ.

4. Бошга икки марта масҳ тормоқ.

5. Юзга сувни қаттиқ чапламоқ.

6. Таҳорат қилганда бошқа кишини ишга солмоқ.

7. Таҳорат чоғи дунёвий сўзларни сўзламоқ.

8. Таҳорат чоғи сувга туфламоқ, унга бурунни қоқмоқ.

***

Таҳоратни бузувчи амаллар

- Нималар таҳоратни бузади?

- Уларнинг сони ўн биттадир:

1. Орқа авратдан ел келиши.

2. Нажас чиқиши.

3. Бадандан қон, йиринг ёки сариқ сув оқиши.

4. Бурун ёки тишнинг қонаши.

5. Касаллиги сабабли кўздан қон ё йиринг ёш келиши.

6. Қон қусиш.

7. Оғиз тўлдириб таом қусиш.

8. Ётиб ёки суяниб ухлаш.

9. Девона бўлиш ёки ҳушдан кетиш.

10. Намоз чоғи овоз чиқариб кулиш.

11. Ер-хотин қўшилиши.

 ***

Таҳоратсиз киши

- Таҳоратсиз киши Қуръони каримни ёки Aллоҳ таоло сўзлари ёзилган қоғозни ушлаши жоизми?

- Йўқ, аммо муқовасини ушлаши мумкин.

- Таҳоратсиз киши Қуръони карим оятларини ўзича ўқиши мумкинми?

- Мумкин, лекин таяммум билан ўқиш ундан яхшироқдир.

- Таҳоратсиз кишининг масжидга кириши, қабристонни зиёрат этиши мумкинми?

- Мумкин.

***

Маҳси ёки этикка масҳ тортиш

 

- Етик ёки маҳси кийган киши таҳорат чоғи оёғини ювиши лозимми?

- Йўқ. Масҳ тортилса, кифоя. Aммо маҳси ёки этик таҳорат билан кийилган бўлмоғи лозим.

- Масҳ қандай тортилади?

- Икки қўл панжалари яхшилаб сувланиб, бармоқ тарафдан тўпиққача уч марта бармоқ тортилади. Маҳси ёки этик юзи ҳам уч бармоқ кенглигида тозаланади.

- Таҳорат билан кийилган маҳси ёки этикка неча кун масҳ тортилади?

- Сафарда бўлмаган киши 24 соат, уч кундан ортиқ сафарда бўладиган киши 72 соат давомида масҳ тортиши мумкин.

- Бу муддат маҳси кийилган пайтдан ҳисобланадими?

- Йўқ, биринчи таҳорат бузилган пайтдан бошланади.

- Маҳси ёки этикдан бошқа яна нималарга масҳ тортиш жоиз?

- Кигизли этикка, қўнжли ковушга, маҳси устидан кийилган ковушга.

- Мабодо маҳси ёки этик йиртилган бўлса-чи?

- Улар жамланганда уч бармоқ катталигидан катта бўлса жоиз эмас, кам бўлса жоиз.

- Йиртиқлар кичик-кичик, икки-учта бўлса-чи?

- Улар жамланганда уч бармоқ катталигидан катта бўлса, янгидан таҳорат қилинади.

- Aгар тешиклари тўпиқнинг юқорисида бўлса-чи?

- Масҳ тортилади.

- Маҳсига қачон масҳ тортиб бўлмайди?

- Маҳси ўз хизматини бажара олмайдиган ва товон қўнжининг юқорисига чиқиб кетган бўлса.

- Aгар таҳорат кетмасдан маҳсилар алмаштирилса, яъни ечилиб бир оз муддатдан сўнг кийилса, таҳорат бузилиб, оёқ ювиладими?

- Йўқ.

 

Aҳмад Ҳодий Мақсудий “Ибодати исломия”дан

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР