Тавсия қиламиз

Abu Dardo

Мақолалар access_time30-ноябрь 2017, 12:12

Abu Dardo        Abu Dardo roziyallohu anhuning…

КУФР ВА ШИРК ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ

Мақолалар access_time22-феврал 2020, 16:59

Биринчидан, кофирлик диндаги зарур нарсалардан бирини инкор қилиш билан…

Бу гуноҳ кичикми ёки каттами?

Мақолалар access_time5-феврал 2018, 18:34

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: Ҳакимул…

ҒИЙБАТ  ГАП-СЎЗ   ИҒВО

access_time6-декабр 2020, 12:21 visibility1094

      Эй биродарим, билиб қўйки, Аллоҳ, ўзининг Қуръонида ғийбатнинг ёмонлиги ҳақида кескин айтиб, ғийбат қилганни ўликнинг этини еганга ўхшатгандир.

— Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир! Бир-бирингизнинг айбларингизни кавлаштирманг ва айримларингиз ҳам айримларни ғийбат  қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарларининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бунданда ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. (Ҳужурот сураси, 12-оят.)

Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буюрадиларки:

— Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли, иффати ва номуси бошқа мусулмон учун ҳаромдир. 

— Ғийбатдан сақланинг! Ғийбат зинодан ҳам ёмондир. Зеро, киши зино қилиб, охири тавба қилса, Аллоҳ афв этиши мумкин. Ҳолбуки, ғийбат қилганни тўғридан-тўғри кечириши қийин.

Фақат ғийбат қилинган киши кечиргандан кейингина афв этиши мумкин. 

Дерларки:

 — Ғийбат қилган киши майдонга бир тўп қўйиб, ўнгу сўлни замбарак ўқидан совурган кимсага ўхшайди. Ғийбат қилганда, унинг қилган гўзал амаллари ўнгга-сўлга совурилган бўлади. Ким мусулмон биродарининг номига доғ тушириш мақсадида уни ғийбат билан қийнаса, қиёмат куни Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида турғизади. Қилган ғийбати қайтиб олинмагунча у ўша жойдадир.

 — Ғийбат биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир. Бу ҳадис кўп қамровлидир. Кишининг жисмоний камчилигини, зоти, хатти-ҳаракатлари, сўзи, диний ва дунёвий жиҳатлари, ҳатто либоси ва уловининг қусурини айтмоқ, уни кавлаштирмоқ демакдир. Дастлабки соф мусулмонларнинг баъзи бирлари биров тўғрисида «Кийими қисқа ё кийими узун!» тарзида айтилган сўзни ҳам ғийбат деб ҳисоблаганлар. Шундай бўлгач, нега энди кишини хафа қиладиган сўз айтилганда, бу ғийбат бўлмасин?!

 Бир кун пакана бир хотин баъзи бир масалаларни сўрамоқчи бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни йўқлаб келади. Билолмай қийналиб юрган нарсаларини билиб олиб, чиқиб кетгандан кейин, ҳазрати Ойша:

— Мунча ҳам пакана хотин экан! — деб қолади. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): 

— Ғийбат қилдинг, эй Ойша! — дейдилар. Ғийбатдан сақланинг! Чунки унда уч офат бор: 

1. Ғийбатчининг дуоси қабул қилинмайди. 

2. Қилган хайрли ишлари қабул этилмайди. 

3. Ғийбатчининг устида гуноҳлар бирлашади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳамима (гап ташувчилик)нинг ёмонлиги ҳақида шундай буюрганлар: 

— Қиёмат куни инсонларнинг энг ярамаси иккиюзламачиларидир. Иккиюзламачилар бу ерга келиб бошқача сўзлайди, унга бориб бошқача гапиради. Ким дунёда шундай иккиюзламачи бўлса, қиёмат куни унинг оловдан икки тили бўлади. 

— Унга бориб бир турли, бунга келиб бошқа турли гапириб, бузғунчилик қилганлар жаннатга кирмайди. 

Ҳикоя қиладилар:

— Абуллайс Бухорий ҳажга кетаётганда чўнтагига иккита пулни ғамлаб олади ва ўзига-ўзи шундай шарт қўяди: 

— Агар Маккага кетаётганимда ёки у ердан келаётганимда бировни ғийбат қилсам, шу икки

пулни садақа қиламан. 

— Маккага бориб келади, лекин икки пули чўнтагида қолади. Сўраганларга шу жавобни беради:

— Юз марта зино қилганимдан бир марта ғийбат қилганимнинг гуноҳи ёмонроқдир!

Абу Ҳафс Кабир (Абу Ҳафс Кабир — дастлабки ислом фақиҳларидан.) ҳам бу мавзуда шундай деган эди:

— Бировни иғво қилишнинг гуноҳи бир рамазон рўзасини тутмасликнинг гуноҳидан ёмонроқдир.

Ва илова қилади:

— Ким бир фиқҳ олимини иғво қилса, қиёмат куни пешонасида «Бу, Аллоҳнинг раҳматидан умид узувчидир!» деб ёзилган ҳолда келади.

Анас ибн Молик ривоят қилади:

— Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билдирдиларки:

— Меърож кечаси бир тўда инсонларни кўрдим, тирноқлари билан юзларини тимдалардилар ва ифлос нарсалар еярдилар. Жаброилдан: «Булар ким?» — деб сўрадим.

Дедики: «Булар дунёда инсонларнинг гўштини еганлар, ғийбат қилганлардир!»

Абу Ҳурайра дейдики:

 — Сизларнинг баъзи бирларингиз мусулмон биродарингизнинг кўзига тушган бир чўпни қўрадию, ўзининг кўзидаги ходани кўрмайди (яъни бошқаларнинг арзимаган майда-чуйда камчиликларини титкилайди, топади ва иғво қилади, лекин ўзининг ундан каттароқ хато ва камчиликларини кўрмайди).

Ривоят қиладиларки:

— Салмон Форсий кўпинча ҳазрати Абу Бакр ва Умар билан сафарда бўларди ва уларга егулик ҳозирлар эди. Бир пайт бир ерда қўнишди. Лекин ейдиган ҳеч вақолари йўқ эди. ҳазрати Абу Бакр билан Умар Пайғамбар(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ёнида егулик бир нарсаси бўлса олиб келиш учун Салмонни жўнатдилар. Лекин у ерда ҳам егулик бўлмагани учун Салмон қўли бўш қайтди. Шунда ҳазрати Абу Бакр билан Усмон: 

— Агар Салмон сув олишга қудуққа борса, қудуқнинг суви ҳам қурийди! — дедилар. 

 Шунда Пайғамбаримиз(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ушбу мазмундаги оят нозил бўлган эди:

 —Айримларингиз ҳам айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана, ёмон кўрдингизми?!

Абу Ҳурайра накл этади:

— Аллоҳ Расули дедиларки:

 — Ким дунёда мусулмон биродарининг гўштини еса (ғийбат қилса), Қиёмат куни у кишининг эти унга тақдим этилади ва «Е буни ўлик ҳолида, чунки сен уни дунёда тириклигида егандинг!» — дейилади.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буларни ўқигандан сўнг мана бу оятни ўқиди:

 —Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?

(Мужоҳид - тўла исми Мужоҳид ибн Жабрдир. У тобеинларни кўрган, уларнинг саҳобалар ҳақидаги ҳадисларини ёзиб олган, уларнинг ҳаётини кузатган ҳадисчилардандир (вафоти ҳижрий 103 йил))

Жобир ибн Абдуллоҳ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонида қилинган ҳар қандай ғийбат ҳидидан сезилганлигини айтади.

Бу у замонда ғийбат оз бўлгани учундир. Ҳолбуки, бизнинг замонамизда ғийбат кўпайган, бурунлар ғийбат билан тўлган ва ҳидини фарқлаб бўлмайди. Бу ҳол, кўнчилар бозорига кирган одамнинг ҳолига ўхшайди: ифлос ҳиднинг ўткирлигидан у ерда бир дақиқа ҳам туриб бўлмайди. Ҳолбуки, кўнчилар у ерда бемалол овқатланишади, ебичишади, лекин асло жирканишмайди. Бу жирканч ҳид уларнинг бурнини безовта қилмайди. Чунки ёмон ҳид бурунларига яхшигина тўлиб бўлган. Мана, бизнинг кунларимизда ғийбат масаласи шундайдир.

Аллоҳ огоҳлантирди:

— Барча бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай. (Ҳумаза сураси, 1-оят.)

Бир дафъа Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай буюргандилар:

— Ғийбатдан сақланинг! Чунки ғийбат зинодан ҳам ёмондир.

Саҳобалардан бири сўради:

 — Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат зинодан қандай қилиб ёмонроқ бўлсин?

Расул (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жавоб бердилар:

 — Зино қилган киши тавба қилади, ортиқ бу ишни такрорламаса, Аллоҳ тавбасини қабул этиб, афв этиши мумкин. Ҳолбуки, ғийбат қилганни ғийбат қилинган киши кечирмагунча Аллоҳ ҳам уни афв этмайди.

Ғийбат қилган одам ғийбати туфайли ғийбат қилинган одамга қарамдир. Авваламбор, Аллоҳнинг ҳақидан қутулиш учун тавба қилиши, кейин яна ғийбат қилинган кишининг ҳақидан ҳам қутулиш учун ундан розилик тилаши вожибдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай огоҳлантирадилар:

 — Ким мусулмон биродарини иғво қилса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг юзини орқасига ўгириб қўяди.

Ғийбат қилган кишининг зиммасига тушган юк шундан иборатки, у ғийбат қилган даврасидан туриб кетмасдан бурун ва қилинган иғво иғво,  қилинганнинг қулоғига етмасдан бурун тавба-истиғфор қилсин, чунки қилинган ғийбат, ғийбат қилинганнинг қулоғига бормасдан аввал тавбас-истиғфор қилинса, афв этилади! Лекин, қилинган ғийбат, ғийбат қилинганнинг қулоғига етиб боргандан кейин афв этилмайди, фақат иғво қилинган киши билан розилашгандагина афв этилади. Айни тарзда, уйли-жойли хотин билан зино қилган киши хотиннинг эридан розилик сўраши лозим. Унинг розилигини олмасдан тавба қилган билан афв ололмайди.

Намоз, закот, рўза ва ҳаж сингари ибодатлар эса тавба қилиш билан кишининг устидан олиб ташланмайди. Вақтида адо этилмаган бу хилдаги ибодатлар қазосини адо этиш билан кишининг зиммасидаги қарзи узилган бўлади. Ҳар нарсанинг тўғрисини энг яхши шаклда ёлғиз Аллоҳ билади.

Абу Ҳомид Ғаззолий. “Мукошафат-ул қулуб”дан.

mehrob.uz

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР