Тавсия қиламиз

ҲАЛОЛ КАСБ КИШИНИ ЎЗГАЛАРГА МУҲТОЖЛИКДАН САҚЛАЙДИ

Мақолалар access_time2-декабр 2019, 14:42

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи…

БУЛАРНИ БИЛИШИМИЗ ЛОЗИМ!

Мақолалар access_time18-июль 2019, 12:19

ЁМОН БЎЛМАЙДИ... Супургини тик қилиб қўйса, қиблага қаратса; Меҳмон кетгандан…

АЛЛОҲ ТАОЛО ДУОЛАРНИ ИЖОБАТ ҚИЛУР

Мақолалар access_time25-октябрь 2018, 13:20

     «Роббингиз: Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман...…

Ҳаё иймондандир

access_time11-феврал, 15:30 visibility303

“Ҳаё” сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда “Ҳаё айбдан ва ёмонлашдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир”. Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар: Журжоний: “Ҳаё нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳозир бўлиб, уни тарк қилишдир” деган.

Ризоуддин ибн Фахруддин “Аҳли аёл” китобида ёзади: “Одам боласининг баҳоси, қадру ҳурмати ахлоқига қараб билинур. Гўзал ахлоқли кимсалар энг мўътабар бўлиб, ахлоқсизлар эса халқ қошида қадрсиз бўлурлар. Одам боласининг ёш чоғида ўрганган одоби қабрига қадар бирга йўлдош бўлиб борадур. Шунинг учун гўзал ахлоқни ёш вақтида ўргатиш керак. Гўзал ахлоқ ҳар бир киши учун ҳам зарур, бироқ қизлар учун кўпроқ зарурдир. Аҳлоқсиз қизлар халқ орасида яхши исм чиқара олмаслар, эътиборлари ҳам бўлмас. Гўзал хулқларнинг онаси ҳаё ила иффатдир. Бир қизда агар ҳаё ила иффат бўлса, унда барча яхши хулқлар жам бўлади”.

 

عن ابن عمر رضي الله عنه  أن رسول الله صلى الله عليه وسلم: مر على رجل من الأنصار وهو يعظ أخاه في الحياء، فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم: دعه، فإن الحياء من الإيمان، متفق عليه.

Абдуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорий бир киши олдидан ўтаётгандилар, у ансорий биродарига уялишдан қайтариб насиҳат қилиб турган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Буни ўз ҳолига қўйгин. Чунки ҳаё иймондандир”, дeдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). 

Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий “Ҳаёнинг ҳақиқати шуки, у бир хулқ бўлиб, гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк қилишга боисдир” деган.
Муновий: “Ҳаё икки хил бўлади: Биринчиси – Нафсоний. У барча нафсларда халқ қилинган бўлади. Мисоли шуки “Авратни очишдан одамлар ҳузурида ҳаё қилиш” кабилар. Иккинчиси: Иймоний. У “Мусулмоннинг Аллоҳ таолодан қўрқиб ҳаром ишлардан тийилишидир” деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар жуда кўп. Жумладан:

عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم: الإيمان بضع وسبعون شعبة، أفضلها قول لا إله إلا الله، وأدناها إماطة الأذى عن الطريق، والحياء شعبة من الإيمان، متفق عليه.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” демоқлик ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шуъбасидир, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). 

Ҳаё иймоннинг энг чиройли кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: الحياء من الإيمان والإيمان في الجنة، والبذاء من الجفاء والجفاء في النار .رواه الترمذي.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир, жафо дўзахдадир”- дедилар”. (Имом Термизий ривояти). 

Ҳаёга бундан кўра улуғ васф бўлмаса керак. Карамли ахлоқлар дини бўлган ислом ҳаёни жаннатга киритадиган нарса даражасига кўтаргандир. Исломда ҳаёли бўлиш шунчалар юқори кўтарилган. Бас, барчаларимиз ва барча мусулмонлар ҳаёли бўлсинлар. Абдул Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сенда Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган икки хислат бор”-дедилар. “Иккиси нимадан иборат?”-дедим. “Ҳалимлик ва ҳаё”-дедилар.

Уламоларимиз ҳақиқий ҳаёни эҳсон билан қиёс қиладилар. Эҳсон нима? Ҳадиси шарифларда келтирилганидек, эҳсон Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Ҳаё ҳам айнан шунинг ўзи, дейдилар. Намозда рўбарў бўлаётган эканмиз, Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қила олишимиз керак. Шунда мукаммал ҳаё рўёбга чиққан бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, айримларимиз мана шу ҳаёдан маҳруммиз. Бундан ғафлатдамиз. Асосий катта шох бўлган намозга эътибор берамизу, лекин мана шу шохнинг асл меваси бўлмиш ҳаёга эътибор бермаймиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи саллам саҳобаи киромларга ҳаёнинг нима эканлигини тушунтириб: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилмоқлик билан ҳаё қилинглар” дедилар. Саҳобаи киромлар: “Алҳамдулиллаҳ, ё Расулаллоҳ, биз Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қиламиз”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар айтаётган ҳаё ҳақиқий ҳаё эмас. Балки ҳақиқий ҳаё бош ва бошга тегишли бўлган барча аъзоларни Аллоҳ манъ этган нарсалардан сақламоқдир. Қорин ва қорин бўшлиғига тегишли бўлган барча аъзоларни Аллоҳ манъ этган ишлардан сақламоқ ва ўлимни эслашу, ўлимдан кейинги азобу уқубатни унутмаслик. Кимки мана шу ишларни амалга ошира олса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилибди” дедилар.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаёларини зарбулмасал қилиб келтирар эканлар: “Усмон розияллоҳу анҳу шу даражада ҳаёли эдиларки, уйларининг ичкарисига кириб, эшикни бир неча марта қулфлаб олиб, чўмилмоқчи бўлсалар, кийимларини ечгани ҳаё қилар эдилар”, дейдилар. Аллоҳдан ҳаё қилишликнинг ҳақиқий кўриниши, бир инсон жамоат жойида қандоқ ҳаёлик бўлса, ёлғиз қолганда ҳам худди шундай ҳаёли бўлиши кераклигидир.

Ҳар бир инсоннинг фитратида Аллоҳ таоло ҳаёни бор қилиб яратади. Аммо шуни ривожлантириш, уни шариатнинг қолипига мувофиқлаштириш ўша инсоннинг ўзига қолган иш бўлар экан. Бу эса у инсоннинг касби билан ҳосил бўлади. Агар ушбу ҳаё ўз ҳолига ташлаб қўйилса, у шариатдан ташқари ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло барчамизни ҳаёли бандаларидан қилсин.

 

 

Жиззах вилояти, Зомин тумани “Қора-тепа” жоме масжиди

имом-хатиби Неъматуллоҳ ҳожи Исаев

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР