Тавсия қиламиз

АЛАМ ҲАЁТНИ ЗУЛМАТГА АЙЛАНТИРАДИ

Мақолалар access_time12-сентябр 2017, 14:54

 Ҳаётда, истаса-истамаса эр-хотин уришиб туради. Лекин уришганда бир-бирингизни…

«ОНАСИ ТЎЙГА КЕТСА...»

Мақолалар access_time6-сентябр 2017, 16:01

Яратганга беадад шукурлар бўлсин, замонамиз тинч, юртимиз фаровон, дас¬турхонлар…

Хушмуомала бўлайлик!   

Мақолалар access_time2-август 2017, 13:42

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга хушмуомала бўлишни буюрган. Ким бўлишидан…

ҲАЙВОНЛАР НИМАДАН ЯРАТИЛГАН

access_time16-феврал, 12:38 visibility572

  Аллоҳ таоло барча тирик мавжудотларни ҳайвонларни ҳам, ўсимликларни ҳам сувдан яратган. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:
“Аллоҳ барча жониворни сувдан яратди. Улардан қорни билан (судралиб) юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари ҳам, тўрт (оёқ)да юрадиганлари ҳам бордир. Аллоҳ Узи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир!”.
(Нур сураси, 45-оят).

  Ушбу оятда ҳайвонотларнинг барча турларининг асли сув экани баён қилинган. Аммо ушбу сувдан қайси сув ирода қилингани ҳақида икки хил машҳур тафсир бор:

1. Бошқа мавжудотлардан олдин яратилган сув;
2. Нутфа. “Нутфа” луғатда “озгина сув” маъносини англатади.

  Истилоҳда эркаклардан ажралиб чиқадиган уруғ “нутфа” дейилади. Бу уруғ озгина сувга ўхшагани учун “нутфа” деб номланган. Демак баъзи уламолар наздида оятдаги "сув"дан нутфа ирода қилинган ҳисобланади.
  Сувни биринчи маънода тафсир қилган уламолар қуйидагиларни айтганлар: Аллоҳ таоло дастлаб сувни яратган, сўнгра сувнинг баъзисини шамол ва нур қилган ва ундан фаришталарни яратган, баъзисини олов қилган ва ундан жинларни яратган, баъзисини эса тупроқ қилган ва ундан Одамни яратган. Ҳайвонлар ва ўсимликлардан иборат бўлган барча тирик мавжудотларни сувдан яратганига қуйидаги оят ҳам далолат қилади:

“Ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни (кўрмадиларми?)”.
(Анбиё сураси, 30-оят).

  Ушбу тафсирга кўра, баъзи уламоларнинг: “Барча ҳайвонлар дастлаб денгизларда яратилган. Сўнгра уларнинг баъзилари қуруқликка чиққан ва замонлар ўтиши натижасида қуруқлик табиатига мослаша борган”, деган қарашлари мос келади.

  Сувни иккинчи маънода тафсир қилган уламолар қуйидагиларни айтганлар: Аллоҳ таоло барча халойиқни эркакдан аёлга ўтадиган "сув” дан яратган. Ер юзидаги ҳайвонларнинг асосий қисми ушбу “сув” сабабли дунёга келгани эътиборидан оятда “барча жониворни сувдан яратди” дейилган. Аслида, бундан фарқли жиҳатда яратилганлари ҳам бор.

Масалан, Исо алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломнинг Марямнинг ёқасига пуфлаган нафасидан яратилган, меваларнинг қуртлари эса меваларнинг ўзларидан яратилади, деганлар.

  Демак, ер юзидаги илонлар сингари қорни билан судралиб юрадиганлари ҳам, инсонлар ва қушлар сингари икки оёқда юрадиганлари хам чорва ҳайвонлари сингари тўрт оёқда юрадиганлари ҳам ва булардан бошқа кўплаб оёқда юрадиган хилма-хил ҳашаротлар ҳам аслида битта сувдан яратилган. Аллоҳ таоло уларни турли суратларда, хилма-хил сифатлар билан пайдо қилган.
  Шунга кўра, уламолар бу оят икки хил маънога далолат қилади деганлар:

1. Бу оятда Аллоҳ таолонинг илми ва қудрати чексиз экани баён қилинган. Чунки мазкур хилма-хил ҳайвонларнинг хусусиятлари ўзларининг аслий сифатлари эмас, балки оддий сувдан ақллар ҳайратда қоладиган ана шундай нарсаларни пайдо қилган Зотнинг илми ва қудрати чексизлиги намоёнидир;

2. Бу оятда башариятнинг ожизлиги баён қилинган. Яъни бутун башариятнинг энг оқиллари Яратувчининг барча жониворларни қандай қилиб сувдан яратганини билиш учун жамлансалар ҳам, уни асло идрок қила олмайдилар. Чунки бу яратишда аслида сувнинг ҳам, яратилган нарсалардаги унсурларнинг ҳам бирор аҳамияти йўқ, балки буларнинг барчаси Буюк яратувчининг иродасидир. Агар у зот хоҳлаганида, уларни сувдан эмас, бошқа бирор нарсадан яратиши ҳам ёки ҳеч бир нарсасиз яратиши ҳар мумкин эди.


Абдулқодир АБДУР РАҲИМ.
"Динимиз аҳкомлари" китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР