Тавсия қиламиз

ТAҲОРAТ ВA НAМОЗ ҲУКМЛAРИ КИТОБИ

Мақолалар access_time26-июль 2020, 14:52

ТAҲОРAТ ВA НAМОЗ ҲУКМЛAРИ Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!…

АМАНИНИ ҚУРЪОН КАРИМ БИЛАН ЮВИБ КАФАНЛАНГЛАР ВА ДАФН ЭТИНГЛАР

Мақолалар access_time17-декабр 2017, 12:54

АМАНИНИ ҚУРЪОН КАРИМ БИЛАН ЮВИБ КАФАНЛАНГЛАР ВА ДАФН ЭТИНГЛАР   У «Қуръони…

Илм – икки дунё саодати

Мақолалар access_time17-ноябрь 2018, 12:51

Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мўъмин-мусулмон зиммасидаги буюк фарздир. …

Тавба сураси 35 - оят

access_time20-феврал, 09:24 visibility1518

35. Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур.

Бу икки оятдаги олтин ва кумуш, яьни, молу дунё тўплаш ҳақидаги маьнолар кўпчиликни чўчитиб қўйган. Ҳатто саҳобаи киромлар ўртасида ҳам турли саволлар туғилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтириш берганлар.

Имом Абу Довуд Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Олтин ва кумушни хазина қилиб тўплайдиганлар» ояти нозил бўлганда мусулмонларга оғир келди. «Биздан бирор киши ҳам ўзидан кейинги фарзандига молу мулк қолдирмас экан-да», дейишди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Мен сизларни бу кўнгилсизликлардан чиқараман», дедилар-да, юриб кетдилар. У киши Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Саҳобларингизга бу оят катта нарса кўринди-ку», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ закотни беҳудага эмас, балки молларингизни поклаш учун фарз қилган. Меросни эса, фақат орқангиздан қоладиган мол учун фарз қилган», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳу акбар», дея такбир айтиб юбордилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Сенга эр киши учун энг яхши хазина нималигини айтайми? Аҳли солиҳ хотинки, унга назар солса, хурсанд қилади, бир иш буюрса, итоат этади. Ундан эри ғоиб бўлса, муҳофаза қилади», дедилар.

Шу ва шунга ўхшаш ҳадисларга суянган ҳолда оятдаги аламли азобга сабабчи «хазина» закоти берилмаган молу дунё, деган хулосага келинади. Дарҳақиқат, закотни бермай мол тўплаганлар аламли азобга дучор бўладилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закотни адо қилмаган ҳар бир одамга қиёмат куни ўтдан тамға қилиниб ёнбошига, пешонасига ва орқасига босилади. У куннинг миқдори эллик минг йилга тенг бўлади, то одамлар орасида ҳукм чиқариб бўлгунча, тамға босилаверади. Сўнгра ё жаннатга, ё дўзахга йўли кўрсатилади», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзидан кейин хазина қолдирса, қиёмат куни унга икки қора нуқтаси бор, кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг орқасидан қувлаб юради. Ундан:

«Сен нимасан ўзи?» деб сўраса:

«Мен ўзингдан кейин қолдириб кетган хазинангман», дейди. Сўнгра яна орқасидан қувиб боради. У қўлини тутади. Илон қўлини тишлаб ютади ва жасаднинг қолганини ҳам юта бошлайди», деганлар.

Аввал айтганимиздек, юқоридаги етти оятда аҳли китоблар, яҳудий ва насоролар билан Ислом давлатининг муносабати ҳақидаги ниҳоий ҳукмлар баён қилинди.

Бундан олдин мушриклар ҳақидаги ниҳоий ҳукмлар айтилган эди. Мушрикларга тегишли ҳукмлар унча кўп тортишувларга сабаб бўлмайди. Чунки бу ҳукмлар, асосан, Арабистон ярим оролига хос бўлиб, сабаблари юқорида баён этилди. Улар ҳаммаси Исломни қабул қилдилар.

Аммо аҳли китобларга оид гап-сўзлар, тортишувлар жуда кўп. Шунинг учун бу мавзуни бир оз шарҳлашга тўғри келади. Худди мушриклар ҳақидаги ниҳоий ҳукмга ўхшаб, аҳли китоблар ҳақидаги ниҳоий ҳукм ҳам бирданига нозил бўлгани йўқ. Бу оятлар тушгунга қадар анчагина гап-сўзлар, муомалалар ва воқеалар бўлиб ўтган. Ана ўша асосида охирги қарор сифатида ушбу оятлар нозил бўлган.

Маьлумки, Маккаи Мукаррамада аҳли китоблар кўп эмас эди. Варақа ибн Навфалга ўхшаш баьзи бир шахслар турли сабабларга кўра аҳли китоблар билан алоқада бўлиб, уларнинг динини қабул қилган бўлиши мумкин. Улар Исломга ва мусулмонларга яхши муносабатда бўлганлар. Айримлари Исломга кирганлар ҳам. Кейинчалик Мадинаи Мунавварада ҳам баьзи яҳудийлар Исломга кирдилар. Қурьони Каримда бунга ўхшаш аҳли китобларни мадҳ этувчи ояти карималар бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин аҳли китоблар билан алоқалар кучайди. Бунга, аввало, Мадинаи Мунавварада яшаб турган яҳудийлар сабабчи бўлдилар. Улардан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуга ўхшаш Аллоҳ ҳидоят берганлари мусулмон бўлиб, ажрларини икки ҳисса олиш бахтига муяссар бўлдилар. Лекин асосий гуруҳ биринчи кунданоқ Исломга ашаддий душманлик қила бошладилар. Улар мусулмонлар ўртасида фитна чиқаришга уринишдан ҳеч ҳам тўхтамадилар. Ислом дини, Қурьони Карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида турли иғво-бўҳтонлар тарқатишда бир лаҳза ҳам сустлашмадилар. Биринчи кундан бошлаб Қурьони Карим оятлари уларнинг хатоларини очиқ айтиб, ўзларини ўнглашга чақирса ҳам, кўнмадилар. Мунофиқликни ҳам худди шу яҳудийлар келтириб чиқардилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул исмли яҳудий эканлиги ҳаммага маьлум. Яҳудийлар қибла Байтул Мақдисдан Маккага–Каьбага ўзгарганда ҳам катта иғвогарлик сафарбарлигини ўтказдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли аёллари Оиша онамизни зинода айблаб, ёлғондан иғво тарқатганлар ҳам ўшалар. Мушрикларни тўплаб мусулмонларга қарши урушга гиж-гижлаганлар ҳам ўшалар. Охири бориб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар улар билан сулҳ тузишди. Тинчлик-омонликдан бир-бирини ҳурмат қилиб яшашга келишилди. Аммо яҳудийлар бу сулҳга ҳам хиёнат қилдилар. Оқибатда Бани Қайниқоь, Бани Назийр ва Бани Қурайза номли яҳудий қабилалари билан урушишга мажбур бўлинди. Яҳудийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун суиқасд ҳам уюштирдилар. Фақат Аллоҳнинг иноятигина у зотни сақлаб қолди. Улардан бир кампир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўшти берди. Хайбарда яҳудийлар билан мусулмонлар ўртасида катта жанг бўлди. Аммо яҳудийларнинг Исломга, мусулмонларга қарши душманлигининг чегараси кўринмас эди. Шунинг учун уларга нисбатан биз ўрганаётган оятлардаги ниҳоий ҳукмлар чиқарилди.

Аҳли китобларнинг яна бир тоифаси бўлмиш насороларга келадиган бўлсак, биринчи даврларда улар билан яхши алоқалар бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан заифҳолларига насроний подшоҳ Нажоший юрти Ҳабашистонга боришни, у ерда зулм кўрмасликларини айтганлар. Қурьони Каримда насоролар бошқаларга қараганда мусулмонларга яқинроқ эканликларини тасдиқловчи оятлар бор. Айни чоқда, худди яҳудийлар каби, насороларга ҳам уларнинг кофир эканликларини эслатадиган, хатоларини ўзларига баён қиладиган оятлар ҳам мавжуд. Маккаи Мукаррамага ҳам, Мадинаи Мунавварага ҳам баьзи насроний гуруҳлар келиб, Қурьони Карим тинглашгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли саволлар беришгани, кўнгли таскин топганлари Исломни қабул қилганлари маьлум ва машҳур. Баьзилари одоб доирасида тортишув ҳам олиб борганлар. Форс давлати билан насроний Рум давлати урушиб енгилганида, мусулмонлар аҳли китоб румликлар мағлубиятидан қаттиқ хафа бўлишган. Қурьони Каримда Рум сураси нозил бўлиб, унда тезда румликлар форслар устидан ғалаба қозониши хабари берилган эди.

Лекин Арабистон ярим оролида Ислом давлати пайдо бўлганини эшитган румликлар ўзларининг форслар билан давом этиб келаётган душманликларини унутдилар. Улар зудлик билан мусулмонларга қарши аскар тўплай бошладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Басрадаги рум ҳокимига юборган элчилари ал-Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни ўлдирдилар. Одатда элчига ўлим йўқ эди. Аммо насоролар ҳамма амал этадиган қоидага амал қилмай, мусулмонларнинг элчисини ўлдирдилар. Бу ишни уруш чиқариш учун қилишган эди. Элчини ўлдириб қўйиб, яна аскар тўплашни давом эттирдилар. Румликлар ўзлари юз минг аксар йиғдилар. Уларнинг Шомдаги иттифоқдошлари ва насроний араб қабилалари ҳам юз минг аскар тўпладилар. Шу икки юз минг аскар билан мусулмонларни йўқ қилиб ташлаш қасдида эдилар. Саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул-Ула ойида улар мусулмонларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган уч мингга яқин аскари билан Муьта урушида тўқнашдилар.

Сўнгра Табук жанги бўлди. У жанг тўғрисида ушбу Тавба сурасида батафсил баён қилинади. Кўриниб турибдики, насоролар Ислом ва мусулмонлар учун жиддий хавфга айланган эдилар. Шунинг учун уларга нисбатан бу оятларда чиқарилган ҳукмлар ҳеч ғариб эмас. Бу воқеьликдан келиб чиққан ҳукмдир. Энди унга аввал зикр қилиб ўтилган еттита мафкуравий, ақидавий ва амалий хатарларни қўшсак, бу ҳукм айни адолат экани равшан бўлади.

Бу ҳукмларнинг адолатли эканлигини тарих ҳам тасдиқлади. Қурьони Каримнинг: «Токи уларнинг миллатларига эргашмагунингча яҳудий ва насоролар сендан зинҳор рози бўлмайдилар», деган ояти бежиз эмас эди. Ҳозирги лаҳзагача Исломга ва мусулмонларга нима ёмонлик етган бўлса, ҳаммасида яҳудийларнинг қўли бор. Буни янада яхшироқ билишни истаганлар тарих китобларига мурожаат қилсалар, яхши бўлади. Насороларнинг ҳам Исломга, мусулмонларга қарши олиб борган душманликлари фақатгина машҳур салб урушларидан иборат эмаслигини кўпчилик яхши билади. Шу маьнода тарихга бир назар солинса, ушбу оятларни Аллоҳ нима учун нозил этганининг ҳикмати яхшироқ тушуниб олинади.

Бир қарашда муросасиз кўринган, аммо аслида адолатли ҳукмларнинг содир бўлиш ҳикматларини, оятларнинг ўзида айтиб ўтилган етти сабаби ва тарихий воқеьлигини ўрганиб чиқдик. Энди ҳукмнинг ўзини ўрганишга, аниқроғи, бу ҳукмнинг жавҳарини тушунишга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло биз ўрганаётган оятларда мусулмонлар жамоасининг аҳли китобларга–яҳудий ва насороларга муомаласи қандай бўлишини белгилаб бермоқда. Мусулмон давлатида яшаётган иймонли-Исломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда ҳуррият ҳукм суришидан масьулдирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари шу масьулиятни тўлиқ тушунган ва ўшанинг тақозоси билан ҳаракат қилганлар. Улар масьулиятни адо этиш учун жиҳодга чиққанлар. Саҳобаларнинг жиҳодларини ва кейинги авлоднинг уни давом эттиришини кўпчилик турлича тушунади, турлича баҳолайди.

Душманлар буни босқинчилик ҳаракати, бошқа юртларни босиб олиш, бойликларини ўзлаштириш, халқларни қул қилиш, дея баҳолайдилар. Ўлкамизнинг ҳақиқий босқинчилари бўлмиш кофирлар бу ҳаракатни «Араб истилоси» деб номлаганлар. Уларнинг айтишича, араблар бостириб келиб ҳаммаёқни ўзлариники қилиб олганлар. Кишиларни мажбуран Исломга киритганлар. Исломни қабул қилмаганларни ўлдирганлар ёки катта солиқ солганлар.

Ўзини Исломга дўст санаганлар ва кўпчилик мусулмонлар бу зулмкор баҳодан Исломни гўё «ҳимоя» қиладилар: Исломда жиҳод фақат ватанни ҳимоя қилиш учун жорий қилинган; Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги ҳамма урушлар фақат мудофаа учун бўлган; Қурьони Каримдаги оятлар ҳам худди шу маьнога далолат қилади, дейдилар.

Лекин бу икки тоифанинг даьволарини бир оз ўйлаб муноқаша қилинса, ҳамма нарса равшан бўлади.

Исломий фатҳларни «Араб истилоси» дейиш нотўғри эканлигини душманларнинг ўзлари ҳам билади, аммо Исломга қарши нимадир ўйлаб чиқариш керак бўлган. Натижада шу ибора ўйлаб топилган. Чунки фотиҳ мужоҳидлар ичида араб эмаслар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга борсалар, динга даьват қилиш учун, адолат ўрнатиш учун борганлар. Ўша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука бўлиб яшаб қолганлар. (Душманлар «катта солиқ» деб номлаган «жизя» тўғрисида кейинроқ гаплашамиз.) Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг молу мулкини талаб олиб кетмаган. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаган. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг номаьқул муомаласига мутлақо ўхшаган эмас. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор қайд этганлар. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даьват» китобида бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган кўпгина ҳужжатли далиллар келтирилади.

Шуниндек, «ҳимоячи»ларнинг гапларига ҳам ўзига яраша эьтирозлар чиқади. Масалан, агар Исломда жиҳод фақат мудофаа учун жорий қилинган бўлса, нима сабабдан саҳобалар Арабистон ярим оролидан чиқиб бошқа юртларга бордилар, у ерларда шаҳид бўлдилар, деган савол берилса, улар жавоб беришдан қийналиб қолишади.

Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саьд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди. Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай анча вақт овора бўлишди. Чунки Саьд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасидан топдилар. Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканлигини билдиришди. Саьд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиь исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: «Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар. Робиь розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: «Кетдик», деди. Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдурвоқи кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саьд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга:

«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди. Саьд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар. Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таьзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиь розияллоҳу анҳу эса, уларнинг бу кулгули ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай кулиб ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди. Аммо у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Робиь розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Робиь розияллоҳу анҳу:

«Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таьзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», деди. Форсларнинг каттаси таржимонга:

«Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди. Робиь розияллоҳу анҳу бу савол жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди. У:

«Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.

Ҳа, мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажариш учун борганлар. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлиши учун курашганлар. Ер юзида фақат Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини истаганлар. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўрмаганлар. Ҳар ким хоҳлаган динини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин, деб ҳаракат қилганлар. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйсалар, олдин ерли аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб борганлар. Чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дини Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ динга тарғиб қила туриб, мусулмон бўл–саломат бўласан ёки динингда қолмоқчи бўлсанг, жизя бер; унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади, дейишган.

Мусулмон фотиҳлар: «Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни динимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Биз фақат бошқаларни Исломга даьват қиламиз, ким хоҳласа, мўмин бўлсин, хоҳламаса, кофирлигича қолсин. Ўзининг иши. Фақат бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даьват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Бу ҳақиқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даьватга йўл бермаса, бошқаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», дейдилар. Мусулмонларга уруш қилганларга қарши уруш қилинади, холос. Уруш пайтида Исломий қоида бўйича қари кишилар, ёш болалар, аёллар ва ибодатхоналарга тегиш мумкин эмас. Шунингдек, қурол кўтариб чиқмаганлар ҳам тинч қоладилар. Агар Аллоҳ нусрат бериб мусулмонлар ғолиб келсалар, душманни қуролсизлантириб, уларнинг Ислом соясида тинч-омон яшашлари жорий қилинади. Урушмасдан дастлабки даьватдаёқ ўз динида қолиб, жизя беришни ихтиёр этганлар ҳам мусулмонлар билан бирга тинч-омон яшайверадилар.

Жизя одамларни қийнаш учун жорий қилинган солиқ эмас. У ҳар бир бошга мажбурий ҳам эмас, балки қодир кишилардан маьлум миқдорда олинадиган тўловдир. Биринчидан, жизя Аллоҳнинг динига даьват қилишнинг йўлини тўсмаслик, қарши турмаслик аломати сифатида берилади.

Иккинчидан, жизя берган шахсни мусулмонлар ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қиладилар. Унинг ўзи, молу мулки ва оила аьзоларининг ҳимоясини ўз зиммаларига оладилар. Жизя тўлаган киши ҳарбий хизматдан ва бошқа сафарбарликлардан озод қилинади.

Учинчидан, жизя тўлаган киши мусулмонлар тақдим этадиган оммавий-ижтимоий таьминотлардан фойда олади. Улар қурган кўприк, йўл, бозор ва бошқа нарсалардан фойдаланади. Қариганда, кексалик нафақаси олади.

Тўртинчидан, жизя олгандан сўнг мусулмонлар юқорида зикр этилган ишларни бажара олмасалар, жизяни қайтариб эгасига топширадилар.

Умуман, жизя масаласига тузукроқ назар солинса, уни ҳар ким ўзи учун бериши аён бўлади. Худди шу маьнода мусулмонлар ҳам Байтул молга закот-ушур ва бошқа йўллар билан ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Исломдаги жизянинг адолатини янада яхши тушуниш учун уни танқид қилиб, адолатсиз деганлардан бирининг муомаласига назар солайлик.

Коммунистлар ўз фойдаларини кўзлаб, кишиларни алдаш учун баьзи диний ташкилотлар тузган эдилар. Бу ташкилотларда фақат улар ихтиёр қилган кишилар ишлашига қарамасдан, ўша ташкилотларга ҳам, уларда ишловчиларга ҳам мисли кўрилмаган оғир солиқлар солинар эди. Баьзи бир маиший хизматлар учун диний ташкилот ва ходимлар томонидан тўланадиган ҳақ ҳам бошқалар тўлайдиган тўловлардан ортиқча эди. Бунинг устига, улар диний ишда ишлаган ватандошларга ҳар қандай нафақа беришдан, жумладан қарилик нафақаси беришдан мутлақо бош тортар эдилар.

Хулоса қилиб айтилганда, Худога ишонган одам коммунистларга ҳақ тўлаб ишониши керак эди. Шу ҳолларига уларнинг бошқаларни танқид қилишларига ҳайронсан.

Демак, аҳли китобларга таклиф иккита: Ислом ёки жизя бериш. Мусулмон бўлсалар, биродар бўлиб яшайверадилар. Жизя берсалар, уларнинг ҳимояси, тинчлик-омонлиги ва диний эркинлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Урушни хоҳлаганлари уруш ҳам қилаверадилар. Мусулмонлар ўзлари эришган бахт-саодатга бошқалар эришишини ҳам истайдилар. Ана шу истак йўлидаги тўсиқларга, куфр, зулм ва туғёнларга қарши курашадилар.

Жиҳод ва унинг аҳамияти баёнидан кейин жиҳоднинг йўлини тўсадиган нарсаларни йўқ қилиш ва унинг қоидалари ҳақидаги оятлар келади.

Румликлар мусулмонлар билан урушиш учун аскар тўплашади. Мусулмонлар уларга қарши жиҳод эьлон этганида, оммавий сафарбарликлари йўлида бир тўсиққа дуч келишади. Бу сафарбарликнинг ҳаром ойлардан, яьни, уруш қилиш ҳаром бўлган ойлардан бири Ражаб ойига тўғри келиб қолган эди. Мусулмонларнинг Ражаб ойида эьлон қилган оммавий сафарбарликлари, урушга отланишлари душманларнинг танқид ва таьналарига сабаб бўлди. Улар қадимдан ҳамма амал қилиб келаётган ҳукмларга мусулмонлар амал қилмай, уруш ҳаром қилинган Ражаб ойида урушга чиқмоқдалар, деб жар солдилар. Келаси ояти каримада бу масалага аниқлик киритилади:

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР