Тавсия қиламиз

ОҚ БЎЛИШ ЖАЗОСИ... (ибратли ҳикоя)

Долзарб мавзу access_time10-март 2017, 18:24

Бир кекса аёл ўғли ва келини билан бир ҳовлида яшар эди. Бир куни ўғил ишдан…

РЎЗАНИНГ ТУРЛАРИ 

Мақолалар access_time24-март, 19:33

РЎЗАНИНГ ТУРЛАРИ  I.  Лозим рўза.    Лозим рўза иккига:…

Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг.

Мақолалар access_time19-апрел 2018, 10:45

Кимнидир ишга олиш, бир инсонга иш бериб, ҳалол ризқ топишига имкон бериш…

УНУТИШГА ҚАРШИ МУОЛАЖА

access_time1-июль, 12:54 visibility419

– Аллоҳ таолога қайтиш. Аллоҳ таолонинг Ўзидан унутишни бартараф қилишини астойдил сўраш, Қуръони Каримни қалбига жо этишини сўраб дуо қилиш лозим. Аллоҳ таоло:

«Қачонки унутсанг, Роббингни зикр қил ва: «Шоядки, Роббим мени бундан яқинроқ яхшиликка ҳидоят қилса», дегин», дейди (Каҳф сураси, 24-оят).

Суннатда ҳофизани кучайтиришга қаратилган хос намоз ва дуо ҳам зикр қилинган. Қуйидаги ҳадис ўта ғариб ва заиф саналса-да, зикр қилинган дуода жуда буюк маънолар бор.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб:

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Қуръон дилимдан чиқиб кетмоқда. Уни уддалай олмаяпман», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳасан! Сенга ўрганган нарсангни дилингга ўрнаштириб қўядиган калималарни ўргатиб қўяйми? Аллоҳ улар билан ўзингга манфаат беради ва сен ўргатганларга ҳам манфаат беради», дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули! Менга ўргатинг», деди.

У зот шундай дедилар: «Жума кечаси кечанинг охирги учдан бирида туришга қодир бўлсанг, бу гувоҳ бўлинадиган соатдир. Унда дуо ижобат бўлади. Биродарим Яъқуб ўз ўғилларига «Сизлар учун Роббимдан мағфират сўрайман», деган. У Буни жумъа кечаси келишини(кўзлаб) айтган. Агар қодир бўлмасанг, унинг ўртасида тур. Агар бунга ҳам қодир бўлмасанг, аввалида тур. Тўрт ракъат намоз ўқи. Биринчи ракъатда Фотиҳа билан Ёсин сурасини ўқи. Иккинчи ракъатда Фотиҳа билан «Ҳаа миим» – Духон сурасини ўқи. Учинчи ракъатда Фотиҳа билан «Алиф-лаам-миим, танзийлу…» – Сажда сурасини ўқи. Тўртинчи ракъатда Фотиҳа билан муфассалдаги «Таборак» сурасини ўқи. Ташаҳҳуддан фориғ бўлганингда Аллоҳга ҳамд айт ва Аллоҳга гўзал сано айт. Менга гўзал салавот айт. Бошқа набийларга ҳам. Мўминлар ва мўминалар ҳамда сендан олдин иймон билан ўтган биродарларинг учун мағфират сўра. Ана шулардан сўнг «Аллоҳим! Менга раҳм қил, мени боқий қолдирганингча маъсиятларни тоабад тарк этай. Менга раҳм қил, ўзим учун фойдасиз бўлган нарсаларга уринмай. Мени Сени мендан рози қиладиган яхши назар ила ризқлантиргин. Аллоҳим! Эй осмонлару ернинг ихтирочиси! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй Аллоҳ! Эй Раҳмон! Жалолинг ила, Юзингнинг нури ила сўрайман! Қалбимга Китобингни Ўзинг менга ўргатганингдек ёд олишни барқарор қилгин! Уни Сени мендан рози қиладиган тарзда тиловат қилиш ила мени ризқлантиргин.

Аллоҳим! Эй осмонлару ернинг ихтирочиси! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй Аллоҳ! Эй Раҳмон! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайман! Китобинг ила кўзимни мунаввар қил. У билан тилимни равон эт. У билан қалбимни очгин, кўксимни кенг қилгин. Баданимни унга ишлатгин. Ҳақда менга Сендан ўзга ёрдам бера олмас. Уни Сендан ўзга бера олмас. Аллоҳдан бошқада куч ҳам, қувват ҳам йўқ», дегин.

Эй Абу Ҳасан! Буни уч ёки беш, ёки етти жума қилгин. Аллоҳнинг изни ила сенга ижобат қилади. Мени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бу ҳеч бир мўминни четлаб ўтмаган».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади:

«Аллоҳга қасамки, беш ёки етти (жума) ўтиши билан Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига худди аввалгига ўхшаш мажлисда келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Авваллари тўрт оят ёки шу атрофда ёд олар эдим. Қачон уларни ўқийман десам, ёдимдан чиқиб қолар эди. Бугун эса қирқ ва шу атрофда ёд олмоқдаман. Қачон уларни ўқисам, худди Аллоҳнинг Китоби кўзим олдида тургандек бўлади. Ҳадисни ҳам эшитар эдим. Агар қайтармоқчи бўлсам, ёдимга келмас эди. Бугун ҳадисларни эшитаман, агар уларни айтиб берсам, бир ҳарфини ҳам қолдирмайман», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Каъбанинг Роббига қасамки, мўминсан, эй Абу Ҳасан!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 

– Каттаю кичик гуноҳни тарк этиш, чин қалбдан тавба қилиш. Комил иймон билан гуноҳ бир қалбда жам бўлмайди. Гуноҳ қалбни Қуръони Каримдан тўсади. Ёдлаган бўлса ҳам, Қуръон ундан қочади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръондан аввал иймонни беради.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Амрдан келтирган ривоятда шундай дейилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен Қуръон ўқияпман-у, уни қалбимда сақлаб қола олмаяпман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбингдан иймон қочибди. Бандага Қуръондан аввал иймон берилади», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак Абдулазиз ибн Абу Довуддан ривоят қилади: «Заҳҳок ибн Музоҳимнинг: «Аллоҳ таоло: «Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир», деган (Шууро сураси, 30-оят). Қуръонни унутиш эса мусибатларнинг каттасидир», деяётганини эшитдим».

– Бардавом такрор, доимий тиловатда юриш. Юқоридаги ҳадисда зикр қилинганидек, акс ҳолда қочоқ туядан ҳам тез қочиб кетади.

– Ёдлаганларини намозларда зам қилиб ўқиш. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳиби агар уни кечаю кундуз намозида ўқиса, ёдида тутиб туради. Намозида ўқимаса, унутади», дедилар.

– Истиғфорни кўпайтириш. Истиғфорни кўпайтириш гуноҳларни кетказиб, қалбни очади.

– Саноқ. Саноқ сабоқни яхши ёдлаш билан бирга, ёдланганларнинг унутилмаслигига ёрдам беради.

  Бир устоз талабасига дарсни юз марта такрорлашни буюрар экан. Бир куни талаба такрорни бошлаб, ўн мартадаёқ ёдлаб олибди. Бироқ устозининг амрига биноан, яна ўқийверибди. У овозинибаралла қўйиб ўқиётган экан. Шу пайт девор ортидан қўшни кампир уни чақириб: «Ҳой эси паст! Дарсингни мен ёдлаб бўлдим, сен ўқишдан тўхтамаяпсан, ҳали ҳам ёдлай олмадингми?» деб қолибди. У: «Нима қилай энди? Устозим саксон марта қайтаришни буюрган. Ҳақиқатда ёдлаб олган бўлсангиз, ўқиб беринг-чи?!» дебди. Кампир тушмагур дарсни ёддан тўлиқ ўқиб берибди. Бир ҳафтадан кейин йигит кампирни чақириб: «Хола, бир ҳафта олдин ёдлаб берганингиз анави дарсни яна бир ёддан ўқиб беринг-чи?!» деб қолибди. Кампир эса: «Қанақа дарс? У эсимда қоларканми?» дебди. Шунда йигит: «Аммо мен унутганим йўқ, чунки кўп такрор қилган эдим», деган экан.

 

«Келинг, Қуръон ёдлаймиз» китобидан.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР