Тавсия қиламиз

Ҳанафий мазҳабининг юртимизда тарқалишига сабабчи бўлган олим Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий (767-832)

Мақолалар access_time10-июль, 22:29

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ асос солган ҳанафийлик мазҳаби VIII асрнинг…

Ким гуноҳ ишни кам қилади

Мақолалар access_time17-август 2019, 16:36

Сўради: Устоз, айтинг-чи, донишмандликнинг ибтидост нимаю интиҳоси нима?…

ЭНГ МУҲИМИ

Мақолалар access_time17-апрел, 18:45

Исломнинг энг муҳим фарзларидан бири рўза тутиладиган рамазон ойи диний…

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ МЎЪЖИЗАЛАРИ

access_time2-июль, 18:44 visibility270

        Оламлар Робби Аллоҳга чексиз ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга битмас-туганмас дуруду саловатлар бўлсин. Аллоҳ таоло яратган жамики инсонларнинг энг буюги, энг комили, энг гўзали, ҳар бир ишда тадбирли ва адолатли, юмшоқ феълли, хуш суратли ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Билмак керакким, ҳар бир ўзини мусулмонман деб ҳисоблайдиган хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин тўрт нарсанинг тарихини билмоғи лозим:

1.  Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини.

2.  Қуръони Карим тарихини.

3.  Дину Ислом тарихини.

4.  Каъбатуллоҳ тарихини.

Бугун сиз билан сўз юритадиган ва мулоҳаза қиладиган мавзуйимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ҳақида бўлади.

         Аслини олганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг бизга юборган энг катта мўъжизаси ва раҳмати эдилар. Билгинки, йўллар турлича ва сенинг бошингга келган ҳар бир нарсани йўлдошдан эмас, йўлдан бил. Зеро, йўлчи сенсан, қайси йўлга бориш эса сенинг қўлингда. Аслини олганда йўл биттадир, фақатгина унга бўлган қарашлар турлича. Ҳақиқий йўлдош билан, унинг ишқи бирла юрилган йўл эса, албатта, унинг раҳмат эшигига олиб боради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васаллам мана шу йўлда собитқадам ва ишқ бирла Ҳақнинг раҳмат эшигидан кира олганлардан эдилар. Ул мукаррам зотнинг дунёга келишларининг ўзи бир мўъжиза эди. Ва туғилажак соатларида ҳам турли мўъжизалар кузатилган. То улғайгунларига қадар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турли воқеалар ва мўъжизалар рўй берди. Албатта буларнинг барчаси Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг инояти билан содир бўлган. Пайғамбарлик мақомини олганларидан сўнг эса Аллоҳ таолонинг ҳақ дини бўлмиш Ислом динига инсонларни даъват қилар эканлар, кўп қаршиликларга дуч келдилар. Ва бу йўлда мушриклар ва кофирлар томонидан ҳақ динга нисбатан ишончсизлик, ишонишлари учун эса исбот талаб қилинди. Мўъжизалар эса шундан, айни шундан бошланди.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди. Агар улар (Қурайш кофирлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига далолат қиладиган) бирон оят‐мўъжиза кўрсалар (ҳам у Пайғамбарга иймон келтириш ўрнига) юз ўгирурлар ва: «(Бу) ҳар доимги сеҳр-ку!» дерлар. Улар (Пайғамбарни) ёлғончи қилдилар ва ҳавойи нафсларига эргашдилар. Ҳар бир иш (ўз) жойини топгувчидир (яъни, гарчи кофирлар юз ўгирсалар-да, бу ҳақ дин Ер юзида қарор топур)» («Қамар» сураси, 1–3-оятлар).

Қурайш раисларидан Валид ибн Муғийра, Абу Жаҳл, Ос ибн Воил ва бошқалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб шундай дедилар:

- Эй Муҳаммад, агар сен бизга мўъжиза кўрсатадиган бўлсанг, иймон келтирамиз. Сен Аллоҳ юборган пайғамбар бўлсанг, осмондаги ойга ишора қил, у иккига бўлинсин. Ўшанда сенинг сўзингга ишонамиз.

Шу кеча ой ўн тўрт кунлик бўлиб, айни тўлишган вақти эди. Улар талабига биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойга бармоқ кўтариб ишорат қилдилар. Аллоҳ амри билан тўлин ой иккига бўлинди. Бир бўлаги ўз ўрнида қолиб, иккинчи бўлаги Жароа тоғининг тўғрисига келиб турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Мана, кўринглар Аллоҳнинг қудратини! – деб нидо қилдилар. Аммо кофирлар шундай улуғ мўъжизани кўриб ҳам иймон келтиришмади. Балки:

- Муҳаммад бизни сеҳр қилди, кўз бойлади,дейишди.

Шу пайт улардан бир киши туриб:

- Атрофдан келган йўловчилардан сўраб кўрайлик, бизни сеҳр қилган бўлса ҳам узоқдагиларга сеҳр қила олмагай,деди.

Ҳар томондан келувчи кишилардан сўрашганида: «Шу тунда ушбу соатда биз фалон жойда эдик. Ой икки бўлакка ажралганини кўрдик», деб ҳаммалари гувоҳлик беришди. Макка мушриклари бу билан ҳам тавфиқ топмадилар. Аммо мўминларнинг иймоний қуввати яна ҳам зиёда бўлди. Бахтсиз кишиларга шундоқ улуғ неъматдан заррача баҳра етмади. Бу мўъжиза ҳижратдан беш йил илгари Макка шаҳрида бўлган эди. Икки парча бўлиб ёрилган ой шу ҳолида, бир икки соатча туриб, сўнгра қўшилди. Мана шу пайтда «(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва Ой ҳам бўлинди...» ояти нозил бўлди. Бу оят мазмунидан маълум бўладики, Ой ёрилиши қиёмат аломати экан. Бу мўъжизага шубҳа қилмоқ мусулмон кишига лойиқ эмас. Чунки бу мўъжизанинг ҳақлиги юқоридаги оят билан ҳам билан собит бўлган.

Мўъжизаларидан яна бири дарахтлар тилга кириб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом беришидир. Бу ишга юзга яқин саҳоба гувоҳ бўлишган.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ғазот сафарига чиқдик. Йўлда бир аъробийни кўриб: «Қаёққа кетяпсан?», деб сўрадилар. «Уйимга боряпман», деди у. «Яхшилик топмоққа қандайсан?», деб сўрадилар. У розилик билдирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мени Аллоҳ таоло бутун ер юзига пайғамбар қилиб юборди, яхшиликка етганинг шудир». Аъробий айтди: «Мен сенинг пайғамбарлигингни қайдан биламан? Сўзинг ростлигига ким гувоҳлик бера олур?» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сой ичида кўриниб турган дарахтга қараб: «Ана шу дарахт менинг пайғамбарлигимга гувоҳлик берур. Унинг олдига бориб: «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақиряпти», дегил, келиб гувоҳлик берсин», дедилар.

 

Аъробий бориб, дарахтга шу сўзни айтди. Дарахт олди, орқаси, икки ёнига эгилиб, қимирлади. Ер ёрилиб томирларини судраганича тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: «Ассалому алайка, ё Расулуллоҳ», деб салом берди. Аъробий айтди: «Дарахтга буюринг, яна ўз ўрнига қайтсин». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюргач, илдизларини чувалантирганича қайтиб бориб, жойига ўрнашди. Бу улуғ мўъжизани кўргач, аъробий дарҳол иймон келтирди. Сўнгра: «Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг, сизга сажда қилурман», деди. Шунда Расулуллоҳ: «Махлуққа сажда қилмоқ жоиз эмас. Агар мумкин бўлганида, хотинларни эрларига сажда қилишга буюрган бўлар эдим», дедилар. «Бўлмаса, рухсат беринг, қўл-оёқларингизни ўпайин», деди. Ўпишга рухсат қилдилар.

 

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка кўчаларининг биридан келаётиб Рукона деган бир кишига йўлиқиб қолдилар. У Қурайш йигитлари ичида энг атоқли баҳодирлардан эди. Унга: «Эй Рукона, Аллоҳдан қўрқ, мен Аллоҳнинг пайғамбариман, иймон келтириб, мусулмон бўл», дедилар. У: «Эй Муҳаммад, пайғамбарлигингга бир аломат кўрсатсанг, иймон келтирар эдим. Далил ҳужжатсиз қандай мусулмон бўлурман?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наридаги бир туп дарахтга қараб: «Аллоҳнинг изни билан олдимга кел», дедилар. Шу заҳоти дарахт тенг ўртасидан ёрилиб, иккига ажралди. Ярми турган жойида қолди, қолган ярми ерни ёрганича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб, салом берди. Буни кўриб лол қолгач, у: «Эй Муҳаммад, энг улуғ ишни кўрсатдинг, унга буюргил, яна ўз жойига борсин», деди. «Агар буюрсам, ўз жойига бориб қўшилса, иймон келтирурмисан?», дедилар Набий. «Албатта, иймон келтирурман», деб ваъда берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюргач, Аллоҳнинг қудрати билан дарахтнинг ярми олдинги ярмига ёпишиб, асл ҳолига келди. Аммо Рукона шундоқ улуғ қудратни кўриб туриб, ҳам иймон келтирмади.

Имом Бухорий, Имом Термизий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар билан бирга Уҳуд тоғининг устига чиққанларида тоғ титрай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уҳуд, тўхта. Сенинг устингдаги кишилардан бири Аллоҳнинг пайғамбари, иккинчиси унинг Сиддиқ акбари, қолган иккови шаҳиддир», дейишлари билан тоғ титрашдан тўхтади. Бу воқеада уч мўъжиза бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғ тепасига чиқишларида унинг титраб кетиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини эшитиб, дарҳол тўхташи. Учинчи мўъжиза эса кейин бўладиган воқеадан хабар беришларидир. Ҳақиқитан ҳам, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон икковлари шаҳид бўлишди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна бир мўъжизалари бармоқлари орасидан сув чиққани ва унинг кўпайганидир. Бу ғаройиб воқеани Анас, Жобир ҳамда Ибн Масъуд каби кўпгина саҳобалар ривоят қилишган.

Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳни аср намозига озгина вақт қолганда учратдим. Одамлар таҳорат олиш учун сув тополмай зир югуриб юришарди. Пайғамбар алайҳиссалом таҳорат олинадиган бир идишга қўлларини тиққан эдилар, бармоқлари орасидан сув отилиб чиқа бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу сувдан таҳоратга олишга буюрдилар. Одамлар бирин-кетин келиб, идишларини тўлдира бошлашди. Идишдан таҳорат олган одамлар сони уч юзтадан ошиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳаракатлари ва дуолари билан озиқ-овқатнинг барокатли бўлиб кетгани ҳам у кишининг мўъжизаларидандир.

Абу Талҳа розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анфас разияллоҳу анҳу қўлтиғига қисиб келган бир неча арпа нон билан етмишдан ортиқ кишини тўйдирганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нонларни майда ушатиб, Аллоҳ рози бўладиган дуоларни ўқиб, дам солганлар.

Хандақ ғазотида Расулуллоҳ уч килога яқин арпа ва битта улоқчанинг гўшти билан минг одамга етадиган овқат тайёрлатганлар. Жобирнинг айтишича, ўша куни одамлар тўйиб кетганидан овқат ортиб қолган, ҳатто ортган хамирдан нон ҳам ёпишган. Пайғамбар алайҳиссалом хамир билан қозонга дам солишлари туфайли беадад барака кирган.

Бу пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг курсатган мўъжизаларидан бир нечтасигина холос. Аслида бу муборак зотнинг қилган ва бизга ўргатиб кетган нарсалари ва бизга ўрнак бўладиган феъллари ҳам бир мўъжизадир. Хушхулқ бўлишлик, ҳалол ризқ топиш, ҳаромдан йироқда бўлиш, аҳли аёл ва фарзанд тарбиясидаги масалалар, Пайғамбаримиздан нени ўрнак оладиган бўлсак, буларнинг барчаси у муборак зотнинг бизга қолдирган мўъжизаси эди десак хато қилмаган бўламиз. Буларнинг барчасига амал қилишимиз, ҳаётимизга татбиқ қилишимиз эса албатта Аллоҳ таолонинг раҳмат эшигига борадиган йўлда эканлигимиздан далолат беради. Азиз диндошим, йўл биттадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган, юқорида зикр қилинган мўъжизалар эса Ҳақдан келганн ҳақ йўлга бошловчи ҳақ мўъжизалардир.

Тафаккур қилинг...

Mehrob.uz матбуот хизмати.

 

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР